ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3696 Министерство народного образования Республики Узбекистан 31/05/2019 15/06/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Бухоро вилояти Қоракўл туманида “Халқаро математика мактаби”ни ташкил этиш тўғрисида
ID-3696

Мамлакатимизда истиқболли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улғайиб келаётган ёш авлодни илмга кенг жалб қилиш ва интеллектуал салоҳиятини ошириш, математика фани учун бўлғуси кадрлар тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш, шунингдек, халқаро майдонда мамлакатимизнинг нуфузини янада юксалтириш учун иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрларни тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Бухоро вилояти ҳокимлигининг Қоракўл туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига “Халқаро математика мактаби” (кейинги ўринларда Халқаро мактаб деб аталади) мақомини бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Халқаро мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда аниқ ва табиий фанлар ҳамда чет тилларининг чуқур ўқитилишини ташкил этиш;

ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш;

ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил тадқиқотчилик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш;

юқори касб маҳоратига эга бўлган маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш;

иқтидор ва истеъдодни аниқлаш ҳамда камол топтириш бўйича ўқувчиларни республика ва халқаро фан олимпиадалари, танловлар ва бошқа тадбирларда қатнашишга тайёрлаш;

республикадаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабларига умумий методик ёрдам кўрсатиш.

3. Бухоро вилояти Қоракўл тумани Улуғбек кўчаси 5-уйда жойлашган Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Халқаро мактабга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул берилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Қоракўл саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотлари, моддий-техник воситалари, ўқув ускуналари ва бошқа мулклари билан бирга қабул қилиб олишини таъминласин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

2019-2020 ўқув йилидан Халқаро мактабнинг 7-синфига 90 нафар ўқувчи қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига халқаро мактабнинг моддий-техника базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади;

хорижий мамлакатлардан математика фанига қизиқувчи иқтидорли ўқувчиларни шартнома асосида таълим олишларига имконият яратилади;

Халқаро мактабда ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари ва ўқитиш методикасини сингдириш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилишга рухсат берилади;

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Халқаро мактаб директори, ўринбосарлари ва ўқитувчиларга бюджет маблағлари ҳисобидан 100 фоиз қўшимча устама ҳақ тўланади.

6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда Халқаро мактабга олий таълим муассасаларини тамомлаган иқтидорли педагог-кадрларни жалб этишни таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

Молия вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги билан биргаликда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ушбу Халқаро мактабнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ётоқхона, ошхона, кутубхона, фаоллар зали ва ўқув-лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер техникаси, ўқув-методик мажмуалар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга иқтидорли ўқувчиларни ижодий танлов асосида саралаб олиш мақсадида математика ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказсин;

икки ой муддатда Халқаро мактабнинг устави тасдиқланишини ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига Халқаро мактаб биносини мукаммал таъмирлаш, 400 ўринли ётоқхона ва 150 ўринли меҳмонхона биносини қурилиши ҳамда жиҳозлаш  ишларини қўшимча равишда киритилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг 2020 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурига қўшимча равишда киритиладиган халқаро мактаб биноси, ётоқхона ва меҳмонхона қурилиш ишлари ҳамда жиҳозлаш (жумладан, ҳар ўқувчи учун компьютер техникаси ажратиш) ишларини молиялаштириш учун республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан белгиланган тартибда маблағлар ажратилишини таъминласин.

11. Халқаро мактабнинг бино ва иншоотларини қуриш ва таъмирлаш бўйича:

Бухоро вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси – буюртмачи этиб белгилансин;

бош лойиҳа ва бош пудратчи ташкилоти белгиланган тартибда тендер (танлов) савдолари натижасида аниқлансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Халқаро мактабнинг бино ва иншоотларини қуриш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларини ваколатли органлар экспертизасидан ўтказилишини ҳамда шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилиши устидан назоратини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида “Таълим” соҳасига ажратилган маблағлар доирасида Халқаро мактабнинг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини кенг кўламда ёритишни ташкил этсин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров, А.А. Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов ва Бухоро вилояти ҳокими Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.

Общие комментарии

706