ID | Разработчик | Дата размещения | Дата завершения | Кол-во коммент. |
---|---|---|---|---|
3506 | Министерство народного образования Республики Узбекистан | 18/05/2019 | 02/06/2019 | 8 |
Обсуждение завершено
Мамлакатимиз келажаги бўлмиш ўқувчи ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол авлод сифатида вояга етказиш, уларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш ва ривожлантириш, жаҳон андозаларига мос билим олишлари, қобилият ва иқтидорини рўёбга чиқариш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда.
Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида баён этилган мақсадларга эришиш учун илғор мамлакатлар тажрибасига ва бугунги даврнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда сифатли таълим олиш имкониятларини яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш зарурати пайдо бўлмоқда. Ушбу мақсадларга эришиш учун умумтаълим муассасаларининг нафақат моддий-техника базасини замонавий андозаларга кўра мустаҳкамлаш, балки шаффоф ва юқори таълим сифат даражасини таъминловчи мезонларни ва таълим бериш натижалари кўрсаткичларини қамраб олувчи янги назорат тизимини жорий этиш талаб этилмоқда.
Шу билан биргаликда, халқ таълими муассасалари инфратузилмасининг бугунги кун талаблари даражасида шаклланмаганлиги ҳамда улар фаолиятида қатор тизимли муаммолар ва камчиликларнинг мавжудлиги, бу каби камчиликларни тезкор ва сифатли бартараф этиш механизми яхши ривожланмаганлиги ушбу соҳадаги ислоҳотларнинг изчил олиб борилишига салбий таъсир кўрсатмоқда, хусусан:
Биринчидан, халқ таълими муассасалари фаолиятини назорат қилишда таълим сифати даражасини аниқловчи кўрсаткичлардан фойдаланилмаслиги қуйидаги салбий ҳолатлар кузатилишига сабаб бўлмоқда:
тизимда бошқарув шаффофлигининг таъминланмай қолаётганлиги;
умумтаълим муассасалари фаолиятининг чуқур таҳлил қилинмаётганлиги;
умумтаълим муассасаларига оид мавжуд вазият ўрганилаётганда фақатгина статистик маълумотларни тўплаш билан чегараланиб қолинаётганлиги ва жойлардаги ҳаққоний ҳолатни аниқлашда мураккабликларнинг юзага келаётганлиги;
бошқарувнинг ортиқча бюрократлашуви ва унинг сарф-харажатлари ортганлиги;
халқ таълими тизимида бошқарув вертикалини амалга ошириш механизмининг ривожланмасдан қолганлиги ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ролининг пасайиб кетганлиги;
ўқув жараёнида турли шаклдаги коррупция элементларига барҳам бериш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқишга тўсқинликлар пайдо бўлаётганлиги.
Иккинчидан, умумтаълим муассасаларининг қурилиш лойиҳаларига, уларни ўқув жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлашнинг ягона техник талаблар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида олиб борилмаётганлиги:
қишлоқ ва шаҳар мактабларининг моддий-техника базаси тафовути катталашиши ва болаларнинг таълим олиши учун номутаносиб
шарт-шароитлар яратилишида;
умумтаълим муассасаларининг қурилиши, реконструкция қилиниши ва мукаммал таъмирланишида марказлашган ва маҳаллий бюджет маблағларидан самарали фойдаланишда;
таълим муассасаларининг халқаро стандартларга жавоб берадиган ўқув жиҳозлари ва анжомларининг ишлаб чиқарилишини тизимли ташкил этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг самарали механизмларини тадбиқ қилишда тўсиқ бўлиб келмоқда.
Учинчидан, халқ таълими муассасаларида инфратузилма ва моддий-техник базани ривожлантириш борасида қатор тизимли муаммолар ва камчиликларнинг узоқ йиллардан бери йиғилиб қолганлиги бир қанча салбий оқибатларни намоён этмоқда, хусусан:
мактабларда ўн бир йиллик мажбурий таълим тизимига ўтилганлиги сабабли 2018-2019 ўқув йилида умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони 736 минг нафарга кўпайиб, ҳозирги кунда 5,8 млн. нафарни ташкил этгани ҳолда республикадаги 2 500 дан ортиқ мактабларда ўқувчилар қувватига нисбатан 1,5 навбатдан юқори бўлган шароитда таълим олишга мажбур бўлмоқда;
ҳозирги кунда 2 200 дан ортиқ мактабларда ичимлик суви ташиб келтирилади, 2 000 дан ортиқ мактабда спорт зали, 3 000 дан ортиқ мактабда ошхонаси мавжуд эмас, 3 000 дан ортиқ мактаблар атрофи тўлиқ ўралмаган, 1 500 дан ортиқ мактаблар ностандарт печлар орқали иситилади, 6 900 дан ортиқ мактаб биноларида ички, 1500 дан ортиқ мактабларда ташқи канализация тизими ва 8 100 дан ортиқ мактабларда ички ҳожатхона мавжуд эмас.
мактабларда ўқувчиларнинг маънавий оламини бойитиш, уларнинг ўқишга бўлган иштиёқини ошириш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш учун шарт-шароитлар мавжуд эмас;
ҳозирги кунда умумтаълим муассасаларининг жиҳозланганлик ҳолати 72 фоизни, жиҳозларга бўлган эҳтиёж 28 фоизни ташкил этса, мавжуд жиҳозларнинг 50 фоизи бугунги кунга келиб, маънавий жиҳатдан эскирган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538-сон, “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 29 апрелдаги ПФ-5712-сон Фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида:
мактабнинг жамият тараққиётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, сифатли таълим хизматлари кўрсатиш шароитини республика миқёсида тенг жорий этиш;
жойлашган жойидан қатъий назар, қишлоқ ва шаҳар мактабларининг моддий базаси ҳамда таъминланиш даражасидаги тафовутларни босқичма-бочқич камайтириб бориш асосида ўқувчиларнинг таълим олишлари учун тенг шарт-шароитлар яратиш;
умумтаълим муассасаларининг энг юқори замонавий талабларга мос келадиган ўқув-моддий базаси билан таъминлаш стандартларини шакллантириш;
замонавий лойиҳалар асосида қуриш, уларни замонавий ўқув жиҳозлари ва анжомлари билан таъминлашнинг норматив-ҳуқуқий асослари ва техник талабларини такомиллаштириш.
2020-2022 йилларда амалга оширилиши мўлжалланган “Замонавий мактаб” давлат дастури 1-иловага;
умумтаълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш бўйича 2020-2022 йилларга мўлжалланган манзилли дастури 2-иловага;
2020-2022 йилларда халқ таълими муассасаларининг мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва ўқитишнинг техник воситалари билан таъминлаш дастурининг асосий параметрлари 3-иловага;
2020-2022 йилларда қўлбола печлари билан иситиладиган умумтаълим муассасаларини замонавий иситиш тизими билан таъминлаш дастурининг асосий параметрлари 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари;
маҳаллий бюджет маблағлари;
хорижий молиявий институтлар имтиёзли кредитлари ва грантлари;
Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси;
жисмоний ва юридик шахсларининг ҳомийлик хайриялари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
2020 йилдан бошлаб, давлат умумтаълим муассасаларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари тасдиқланган “Замонавий мактаб” намунавий лойиҳаси ва жиҳозлаш меъёрлари талаблари асосида амалга оширилади;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари марказлашган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш-таъмирлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишига масъулдирлар;
маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан умумтаълим муассасаларини замонавий мебель ва ўқув лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш ишларини белгиланган жиҳозлаш меъёрлари амалга оширилади.
халқ таълими муассасаларидаги таъмирталаб иситиш қозонларини алмаштиришда, уларнинг яроқсиз иситиш тизимлари ҳам тўлиқ янгиланади. Бунда иситиш қозонлари ва тизимларини ўрнатиш ва реконструкция қилиш алоҳида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиққан ҳолда амалга оширилади;
Давлат дастурлари доирасида умумтаълим объектларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга оширишда ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга тадбиқ этиш учун қўшимча хоналар (фаоллар зали, спорт зали, кутубхона, компьютер, технология хоналари ва ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари) қурилиши ёки мавжудлари таъмирланиши ва тўлиқ жиҳозланиши инобатга олинади.