ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3426 Министерство занятости и трудовых отношений Республики Узбекистан 17/05/2019 29/05/2019 0

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежида ўқувчилар томонидан ўқув, ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-3426

Ўзбекистон Республикаси

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг БУЙРУҒИ

Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежида ўқувчилар томонидан ўқув, ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 31 декабрдаги

1066-сон қарорига мувофиқ буюраман:

1. Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежида ўқувчилар томонидан ўқув, ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиётини ўташ тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан кучга киради.

Вазир Ш.Кудбиев

Тошкент ш.,

2019 йил “___” _________,

___-сон

Ўзбекистон Республикаси

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг

2019 йил “____” _____ даги

___-сон буйруғига

ИЛОВА

Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежида ўқувчилар томонидан ўқув, ишлаб чиқариш ва малакавий амалиётни ўташ тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 20 августдаги

ПҚ-3913-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил

31 декабрдаги 1066-сон қарорига мувофиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежида (кейинги ўринларда коллеж деб юритилади) ўқувчилари (кейинги ўринларда ўқувчилар деб юритилади) томонидан ўқув, ишлаб чиқариш ва диплом олди амалиётини ташкил этиш ва ўташ тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:

қабул қилувчи ташкилот – ўқувчилар томонидан амалиёт ўтиладиган Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги Бандликка кўмаклашиш марказлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари ҳамда бошқа ташкилотлар ва муассасалар;

амалиёт – назарий таълим бериш жараёнида ўқувчилар томонидан олинган билимларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш, олинадиган мутахассислик бўйича зарур лаёқатга, кўникмаларга ва амалий иш тажрибасига эга бўлиш учун ўтказиладиган ўқув жараёнининг таркибий бир қисми;

ўқув амалиёти – коллежнинг ўқувчилари томонидан келажакдаги касбий фаолият ҳақида бошланғич маълумотларни олиш ва эгалланган назарий билимларни мустаҳкамлаш, танланган мутахассислик бўйича амалий касб лаёқати ва кўникмаларини эгаллаш мақсадида коллежда ўқув жараёни давомида ўтиладиган амалиёт тури;

ишлаб чиқариш амалиёти – коллежнинг ўқувчилари томонидан

биринчи ўқув йили тугагач, амалиёт ўташ базаларида (Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги Бандликка кўмаклашиш марказлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари ҳамда бошқа ташкилотлар ва муассасалар.) келажакдаги касбий фаолияти ҳақида аниқ маълумотларни олиш ва эгалланган назарий билимларни мустаҳкамлаш, танланган мутахассислик бўйича амалий касб лаёқати ва кўникмаларини эгаллаш мақсадида ўтиладиган амалиёт тури;

малакавий амалиёт – коллежнинг битирувчи курс ўқувчиларини ўқитишнинг якунловчи босқичи ҳисобланади ва уларнинг бошланғич касб тажрибасига ҳамда малакага эга бўлиши, ўқувчиларнинг мустақил равишдаги меҳнат фаолиятига касб бўйича тайёрлигини текшириш, махсус фанларни ўрганишда олинган билимларни мустаҳкамлаш, чуқурлаштириш, тизимлаштириш мақсадида ўтказиладиган амалиёт тури;

коллеждан амалиёт раҳбари – ўқув юкламаси ҳажмига амалиёт соатлари киритилган коллеж ўқитувчиси;

қабул қилувчи ташкилотдан амалиёт раҳбари – ўқувчиларни амалий кўникмаларга ўргатиш масъулияти юкланган қабул қилувчи муассаса – ташкилот ходими;

амалиётни ўташ дастури – ўқув режаларини ҳисобга олган ҳолда коллеж томонидан ишлаб чиқиладиган ва иш берувчи ташкилотлар билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган дастур.

2. Амалиётни ўташ муддати ва жойи амалиётни ўташ дастури ва ўқув режалари билан назарий тайёргарлик ҳамда танланган мутахассисликни инобатга олган ҳолда белгиланади.

3. Амалиёт узлуксиз ҳамда назарий билимлар билан навбатланиш йўли орқали амалга оширилиши мумкин. Амалиётнинг барча турлари ўқув жараёни графигида назарда тутилган муддатларда ўтказилади.

4. Ўқув амалиёти ўқувчиларнинг мутахассислик фанларини чуқур ўзлаштиришлари, танлаган мутахассисликлари бўйича дастлабки малака ва кўникмаларни эгаллашлари учун ўқув режада кўрсатилиб, ўқиш билан бир вақтда узвий ташкил этилиши мумкин.

5. Ишлаб чиқариш амалиёти биринчи курс якунида амалиёт ўташ жойларида ўтказилади.

6. Малакавий амалиёт ўқувчининг тайёргарлик даражасига қўйиладиган талабларга мувофиқ, ўқувчи томонидан касбий фаолиятни эгаллашнинг узлуксиз ва изчил жараёнини таъминлашга қаратилган.

Малакавий амалиёти коллежнинг битирувчи курс ўқувчилари учун 4-семестр давомида ўтказилади.

Амалиёт ўташ жойи этиб, ўқувчилар учун коллеж томонидан тегишли ташкилотлар билан тузилган ҳамкорлик шартномасига ёки танланган мутахассислик бўйича ташкилотларнинг келишув хатларига мувофиқ ўқувчининг келгусида ишга жойлашиши мумкин бўлган корхона, муассаса ва ташкилотлардан бири танланади.

7. Амалиётни ўташдан озод қилишга йўл қўйилмайди.

8. Амалиёт ўташ якунлангач, ўқувчи томонидан амалиёт ўташ тўғрисида ҳисобот тайёрланади ва топширилади.

Ҳисоботда ўқувчи томонидан бажарилган иш, ўрганилган билимни қўллаш амалиёти, шунингдек олинган билим ва кўникмалар акс эттирилади ҳамда унга амалиёт ўтаган ташкилот раҳбарининг тавсифномаси илова қилинади. Ҳисобот ўқувчи томонидан имзоланади ҳамда қабул қилувчи ташкилотдаги амалиёт раҳбари имзоси ва муҳри билан тасдиқланади.

9. Ҳисоботнинг титул варағида ўқувчининг амалиёт ўташ жойи, муддати, унинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда амалиёт раҳбарининг фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилади.

10. Амалиёт ўташнинг нормал кунлик давомийлиги олти соатни ташкил этади.

2-боб. Амалиётни ўташнинг босқичлари

11. Амалиёт уч босқичга бўлинади:

  • тайёрлов;
  • асосий;
  • амалиёт бўйича имтиҳон.

12. Тайёрлов босқичида ўқув режага асосан амалиёт ўташнинг биринчи кунида коллеж ва қабул қилувчи ташкилотдан бириктирилган амалиёт раҳбарлари томонидан йиғилиш ўтказилади. Йиғилишда ўқувчилар амалиётни ўташ дастури билан танишади, унинг мақсад ва вазифаларига тааллуқли кўрсатмалар, уларни бажариш бўйича қўлланмаларни олади, амалиёт ўташ ва амалиёт ўташ тўғрисида ҳисобот тузиши, бажарган ишлари бўйича ҳисобот топшириши ҳақида хабардор қилинади.

Амалиётни ўташнинг бошланишида ўқувчилар қабул қилувчи ташкилотнинг тузилиши, фаолият йўналишлари, ўзига хослиги ўрганилади ҳамда коллеж ва қабул қилувчи ташкилотдан бириктирилган амалиёт раҳбари билан биргаликда амалиётни ўташ учун ўқувчига коллеж томонидан амалиётга қабул қилган ташкилотлар билан келишилган ҳолда тайёрланган “Ишлаб чиқариш амалиёти” ва “Малакавий амалиёт” ўқув Дастури тақдим қилади.

13. Амалиёт ўташнинг асосий босқичида ўқувчилар бевосита қабул қилувчи ташкилотда амалиётни ўташ дастурини бажариш режа-жадвалида кўрсатиб ўтилган ишларни бажаради.

14. Амалиёт бўйича имтиҳон амалиётнинг якуний босқичи ҳисобланиб, унда ўқувчилар томонидан амалиётни ўташ жараёнида бажарилган ишларнинг натижалари таҳлил қилинади ва баҳоланади. Амалиёт бўйича имтиҳон коллежнинг тегишли фан кафедраларида тузилган комиссиялар томонидан коллежда ўтказилиб, тегишли кафедра баённомаси ва имтиҳон қайдномалари билан расмийлаштирилади.

14. Амалиёт бўйича имтиҳон қуйидаги баҳолаш мезонларига асосан амалга оширилади:

амалиётда эгалланган назарий билимлар ва амалий кўникмалар даражаси;

ўқувчи томонидан амалиёт давомида тўпланган материалларнинг тузилиши, даражаси ва сифати ҳамда уни ўташ давомида ўрганилган масалаларнинг ёритиб берилиши.

3-боб. Амалиётни ўташда ўқувчига қўйиладиган талаблар

15. Ўқувчи:

амалиёт бўйича услубий ва кўрсатма материаллар билан танишиши ва коллеж амалиёт раҳбари бошчилигида йўл-йўриқдан ўтиши;

амалиётни ташкил этиш ва ўташни назорат қилиш бўйича тадбирларда иштирок этиши;

амалиётни ўташ дастурида назарда тутилган барча топшириқларни белгиланган муддатларда, тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажариши;

коллеждан бириктирилган амалиёт раҳбарининг талаби билан кўриб чиқиш учун амалиёт ўташ тўғрисидаги ҳисоботини тақдим қилиши;

кейинги ўқув ва амалий фаолиятда фойдаланилиши мумкин бўлган материаллар тўпламини юритиши;

ички меҳнат тартиб қоидалари ва қабул қилувчи ташкилот ходимлари фаолиятининг тартибини белгиловчи ҳужжатларга риоя қилиши шарт.

16. Амалиёт тугаганидан кейин ўқувчи амалиёт бўйича имтиҳонни ўтказиш кунига қадар коллеждаги амалиёт раҳбарига амалиёт ўтагани тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

17. Ўқувчи амалиёт раҳбарига барча ҳужжатларни тақдим этганидан сўнг коллежнинг тегишли кафедрасида амалиёт бўйича имтиҳон топширишга мажбур.

4-боб. Амалиётни ташкиллаштириш шартлари

18. Амалиётни ташкил этиш ўқувчиларнинг амалиётни ўташ дастурлари билан белгиланади. Амалиётни барча босқичларда ташкил этиш ўқувчилар томонидан касбий фаолиятни эгаллашда узлуксизлик ва изчилликни таъминлашга йўналтирилиши лозим.

19. Ўқитувчининг амалиётдаги ўқув юкламаси ўқув режасида кўрсатилган амалиёт учун ажратилган соатлар (ҳафталар)дан ва амалиётлар туридан келиб чиқиб аниқланади.

20. Амалиётни ташкил этиш учун, қоида тариқасида, амалиёт бошланишидан бир ой олдин коллеж директори томонидан буйруқ қабул қилинади. Буйруқда амалиётлар тури, муддати ва уни ўташ жойи, моддий таъминоти, коллеж амалиёт раҳбарлари таркиби ва жўнатилаётган ўқувчилар рўйхати кўрсатилади.

21. Коллеж директори амалиётга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда фаолият хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилишини ҳамда ўқувчиларни ўз вақтида амалиёт ўташ жойларига тақсимланишини таъминлайди.

22. Коллеж директори амалиёт ўташ якунлари бўйича ўқувчи томонидан тақдим этиладиган ҳисобот шаклини тасдиқлайди ва ўқувчиларга ҳавола этади.

23. Амалиётни тайёрлаш, таъминлаш ва ўташни мувофиқлаштиришни коллежнинг амалиёт ишларига масъул директор ўринбосари амалга оширади.

24. Коллеждаги амалиёт раҳбари:

Амалиётни бошлаётган ўқувчиларни зарур йўл-йўриқлар билан таништиради;

ўқувчиларнинг амалиёт ўташ жойига етиб келишини назорат қилади;

қабул қилувчи ташкилот раҳбари ва қабул қилувчи ташкилотдан бириктирилган амалиёт раҳбари билан алоқалар ўрнатади ҳамда у билан бирга ишнинг ҳажми ва таркибини белгилайди;

ўқувчиларга амалиётни ўташ дастурини бажариш бўйича услубий ёрдам кўрсатади;

амалиётни ўташ жойида ўқувчиларни тақсимлашда иштирок этади;

амалиёт муддатлари ва амалиёт дастурининг режа жадвалига риоя қилиниши, шунингдек, унинг бажарилиши назоратини амалга оширади (ўқувчиларни амалиёт ўташ жойларига кўришга бориш йўли билан);

амалиёт бўйича имтиҳонда иштирок этади.

25. Ўқувчи томонидан амалиёт бошқа вилоятларда ўтилаётганда ҳамда коллеждан амалиёт раҳбарини тайинлашнинг имкони бўлмаган ҳолларда, амалиётни назорат қилиш учун тегишли вилоятдаги Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги Бандликка кўмаклашиш марказлари, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармалари ҳамда бошқа ташкилотлар ва муассасалар раҳбари билан келишиб жойлардан амалиёт раҳбари тайинланади.

26. Қабул қилувчи ташкилот раҳбари:

коллеж билан амалиётни ўташ ҳақида шартномалар тузади;

қабул қилувчи ташкилотда амалиётни ташкил этиш тўғрисида буйруқлар чиқаради;

малакали ва тажрибали мутахассислар орасидан қабул қилувчи ташкилотда амалиёт ўташ учун масъул шахсларни тайинлайди, шунингдек, уларнинг орасидан амалиёт ўташни ташкил этиш ва назорат қилиш учун ишчи гуруҳ тузади;

амалиётни ўташ дастурига мувофиқ амалиёт ўташ учун шароитлар яратади.

27. Қабул қилувчи ташкилотдан амалиёт раҳбари:

ўқувчиларга меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, шунингдек қабул қилувчи ташкилотнинг ички тартиб қоидалари ва иш режимининг хусусиятлари бўйича тушунтириш ўтказади;

қабул қилувчи ташкилотнинг бўлимлари бўйича ўқувчиларни тақсимлайди, унинг тузилиши, фаолият йўналишлари ва ўзига хос хусусиятлари билан таништиради;

ўқувчиларни амалиётни ўташ дастурига тааллуқли материаллардан фойдаланиш имкониятини таъминлайди;

ўқувчилар томонидан амалиётни ўташ дастурининг бажарилиши учун зарур шароитлар яратади;

ўқувчиларга ишлаб чиқариш масалалари бўйича маслаҳатлар беради;

бажарилаётган иш устидан доимий назоратни амалга оширади;

ўқувчи иш кунининг белгиланган давомийлигига риоя этилишини ҳамда иш вақтидан самарали фойдаланишини таъминлайди;

ўқувчи томонидан амалиёт натижалари бўйича тайёрланган ҳисоботни тасдиқлайди;

зарур ҳолларда, коллеждаги амалиёт раҳбарини ўқувчи томонидан амалиёт ўташ дастури бажарилмаётганлиги ҳамда барча меҳнат интизоми бузилиш ҳолатлари ҳақида хабардор қилади;

коллеждан белгиланган амалиёт раҳбари билан ўқувчи ўтаётган амалиёт бўйича доимий алоқада бўлади.

Қабул қилувчи ташкилотдан амалиёт раҳбарига ўқувчига амалиёт ўташ дастури билан боғлиқ бўлмаган вазифаларни бажариш топшириғини бериш таъқиқланади.

28. Амалиёт коллеж билан қабул қилувчи ташкилот ўртасида амалиёт ўташ учун жой ажратиш мажбуриятини назарда тутувчи шартнома асосида амалга оширилади.

Шартнома  шартнома предметини, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, амалиётни ташкил этиш тартибини, амал қилиш муддатини, уни бекор қилиш асосларини, шунингдек тарафларнинг жавобгарлигини белгилаб берувчи ҳужжат ҳисобланади.

29. Амалиёт бошланиши вақтидан бошлаб ўқувчиларга қабул қилувчи ташкилотда амалда бўлган меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги ва ички меҳнат тартиб-қоидалари ҳамда бошқа ҳужжатлар тегишлича татбиқ қилинади.

30. Амалиёт якуни бўйича имтиҳон баҳоси ўқувчилар умумий ўзлаштириш даражаси ҳисобига киритилиб, жамланма қайдномада акс эттирилади ва тегишлича ўқув журналига расмийлаштирилади.

31. Амалиёт якунлари бўйича қониқарсиз баҳо олиниши ўқувчини академик қарздор сифатида тегишли ўқув курсида қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Узрли сабабларсиз амалиётга келмаслик ўқув интизомини бузиш сифатида ўқувчини белгиланган тартибда коллеж ўқувчилари сафидан четлаштирилишига асос бўлади.

5-боб. Якуний қоидалар

32. Амалиёт раҳбарларининг коллеж жойлашган жойдан амалиётни ўташ жойигача бориш билан боғлиқ бўлган хизмат сафарлари харажатлари, шу жумладан, яшаш ва суткалик харажатлар, ўрнатилган тартибда коллежнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланади.

33. Ушбу Низомда кўзда тутилмаган, бироқ амалиётни ўтказиш билан боғлиқ мумкин бўлган муаммолар ва низолар амалиёт жараёнида иштирок этаётган томонларнинг ўзаро келишувига биноан Ўзбекистон Республикаси амалдаги қонунчилигига кўра ҳал қилинади.

34. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган.

Касб–ҳунар таълими маркази

директори М.Холмухамедов

Тошкент ш.,

2019 йил “____” _______

Общие комментарии

108