ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3412 Академия наук Республики Узбекистан 13/05/2019 28/05/2019 43

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-3412

Мустақиллик йилларида юртимиз ҳудудида қадимги даврлардан бошлаб тараққий этган шаҳарлар, қишлоқлар ва маданиятларнинг бой ўтмишини археологик жиҳатдан тадқиқ этиш ва тарихий жараёнларни ҳолис тиклаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Жумладан, Самарқанднинг 2750 йиллиги, Қаршининг 2700 йиллиги, Шаҳрисабзнинг 2500 йиллиги, Хиванинг 2500 йиллиги, Тошкентнинг 2200 йиллиги ва қатор қадимий шаҳарларнинг шаклланиш саналари аниқланди ва ЮНЕСКО иштирокида халқаро миқёсда кенг нишонланди. Ўзбекистон ҳудуди қадимги Тош давридан ўзлаштирилганлиги, мамлакатимизнинг илк шаҳарсозлик ва давлатчилик шаклланган марказлардан бири бўлганлиги, тарихимиз ва маданиятимиз чуқур илдизларга эга эканлиги илмий жиҳатдан асосланди.

Сўнгги йилларда жамиятимизда юз бераётган жадал ислоҳотлар археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш, йирик археологик ёдгорликларда кенг кўламли тадқиқотларни олиб бориш, теран тарихимиз ва бой маданиятимизни халқимизга ва жаҳон ҳамжамиятига тарғиб қилишни тақозо этмоқда. Бу борада археологик жиҳатдан очилган қадимий меъморчилик намуналарини очиқ осмон остидаги музейларга айлантириш орқали ички ва ташқи туризм ташриф объектларига айлантириш талаб этилмоқда.

Маданий меросимизнинг йирик қисми саналган кўп сонли археологик мерос объектлари ва уларнинг теграларида, хусусан, нафақат мамлакатимиз, балки бутун кишилик ўтмишида ғоят ноёб ҳисобланган Ўзбекистоннинг қадимий обидаларида комплекс археологик тадқиқотлар олиб бориш, археологик тадқиқотларни мувофиқлаштириш, қўлга киритилган топилмаларни илмий жиҳатдан тиклаш ва асраш йўли билан туристик объектлар ташкил қилиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада қатор вазифалар турганини таъкидлаш керак.

Республика ҳудудида олиб борилаётган археологик тадқиқотларни замон талаблари асосида йўлга қўйиш, археологик қазишмаларни кенг кўламда ташкил этиш, ёшларни археологик қазишмалар ва тадқиқотлар билан таништириш жараёнини кенгайтириш ҳамда очилган қадимий ноёб меъморчилик намуналарини очиқ осмон остидаги музейлар шаклидаги туризм ташриф объектига айлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Маданият вазирлиги ва илмий ҳамжамиятининг:

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Миллий археология марказини (кейинги ўринларда – Миллий марказ деб аталади);

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти негизида Миллий марказининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган Самарқанд филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар Миллий марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республика ҳудудида жойлашган археологик ёдгорликларни табиий фанларнинг замонавий услубларини кенг қўллаган ҳолда ўрганиш ва бу борадаги ишларни илмий жихатдан йўналтириш;

инновацион технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда комплекс археологик экспедициялар ташкил этиш;

археологик қазишмалар бўйича етук илмий кадрларни тайёрлаш;

археологик ёдгорликларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантиришнинг илмий асосини тайёрлаш;

археологик тадқиқотларда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, хорижий мамлакатларнинг археология йўналишида фаолият олиб бораётган тадқиқотчи олимлар билан қўшма археологик экспедицияларни тизимли ташкил қилиш;

археологик ёдгорликлардан топилган қазилма бойликларини давлат тасарруфига ўтказиш чораларни кўриш;

археологик тадқиқот натижаларини кенг оммага етказиш мақсадида мунтазам илмий ва оммабоп китобларни нашр қилишни йўлга қўйиш;

археологик тадқиқотларга оид ҳалқаро тадбирларни мамлакатимизда ташкил этиш ва хорижда археология бўйича ўтказиладиган илмий-амалий тадбирларда иштирок этиш.

3. Қуйидагилар:

Яҳё Ғуломов номидаги Миллий археология марказининг тузилмаси
1-иловага мувофиқ;

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ҳамда Тўрақўрғон туманининг туристик салоҳиятини ошириш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президентига, заруратга кўра, Миллий марказнинг тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган чекланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Миллий марказ давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва давлат тилидаги ўз номи тасвирланган муҳрга ва ғазна ҳисобрақамларига эга бўлади;

Миллий марказ ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;

Миллий марказ бино ва иншоотларини сақлаш хамда ходимлар (илмий ходимлардан ташқари) меҳнатига ҳақ тўлаш харажатларини базавий молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танловлар натижалари бўйича ажратиладиган грантлар, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий ташкилотлар грантлари, хўжалик фаолиятидан келадиган тушумлар, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.

Белгилаб қўйилсинки, Миллий марказнинг дастлабки фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ харажатлар, шу жумладан Миллий марказнинг бино ва иншоотларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебеллар, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари) ҳамда транспорт воситаларини харид қилиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий муассасалар объектларини сотишдан тушадиган бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Фанлар академияси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Миллий марказни жойлаштириш учун бино ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

Миллий марказга бино ажратилгунга қадар Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси, 81 манзилида вақтинчалик бепул жойлаштирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Яҳё Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институтнинг Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳри, академик В. Абдуллаев кўчаси, 3-уйда жойлашган бино ва унга туташ ҳудуд Миллий марказнинг Самарқанд филиалини жойлаштириш учун Миллий марказга оператив бошқариш ҳуқуқи билан топширилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ўрнатилган тартибда Миллий марказни тезкор интернет ва бошқа телекоммуникация воситалари билан жиҳозлаш чораларини кўрсин.

7. Миллий марказга 2 та, шу жумладан 1 та бириктирилган ва 1 та махсус автотранспорт воситасига лимит белгилансин.

8. 2019 йилнинг 1 июнидан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментидан олинган “очиқ варақа” ва “рухсатнома” олган археологлар томонидан республикада олиб борилаётган барча археологик тадқиқот натижаларининг ҳисоботлари ҳар йили 1 апрелга қадар Миллий марказга тақдим этилади;

Миллий марказ тақдим этилган ҳисоботлар асосида “Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар тўплами” номли нашрни чиқариб боради.

9. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси икки ой муддатда:

Маданият вазирлиги ва манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда республика ҳудудидаги археологик ёдгорликларни илмий асосда тадқиқ этишни ва тарғиб қилишни мувофиқлаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Миллий марказ уставини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш чорасини кўрсин.

10. Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг қуйидаги таклифлари маъқуллансин:

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини ва унинг дирекциясини амалдаги молиялаштириш механизмини сақлаган ҳолда Миллий марказ тасарруфига ўтказиш, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 16 октябрдаги 831-сонли қарорининг 7-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш ҳамда мажмуани сақлаш харажатлари учун Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида махсус ҳисоб рақамини очиш;

республика ҳудудида археологик қазилма ва қидирув ишларини янгича кўринишда давом эттириш мақсадида тажриба сифатида Ахсикент ёдгорлигида мунтазам тадқиқотларни амалга ошириш, археологик жиҳатдан очилган меъморчилик қолдиқларини очиқ осмон остидаги музейларга айлантиришнинг илмий асосини тайёрлаш мақсадида Миллий марказ қошида “Ахсикент комплекс археологик экспедицияси”ни ташкил этиш;

ёшларни Ахсикент тарихи билан кенг таништириш ҳамда очилган ноёб қадимий меъморчилик намуналарини очиқ осмон остидаги музейлар шаклидаги туризм объектига айлантириш ва кейинчалик юқоридаги тажрибани Афросиёб, Қадимги Термиз, Қанқа, Оқчахонқалъа, Пойкент каби бошқа археологик ёдгорликларда ҳам амалга ошириш;

2021 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Ахсикент ёдгорлиги асосида кенг халқ оммасига тарих билимини тарғиб этиш ҳамда туризмни ривожлантириш мақсадида “Ўтмишга саёҳат” ҳалқаро тарихий-маданий фестивални ўтказиш;

олий таълим муассасаларининг “Тарих” ва “Археология” таълим йўналиши ва мутахассислигида таҳсил олаётган бакалавр ва магистр даражасидаги талабаларни Ахсикент ёдгорлигида яратилган очиқ осмон остидаги музейларда ҳамда келгусида бошқа йирик археологик объектларда дала амалиётларини мунтазам равишда ташкил этиш;

Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг тарихга бўлган қизиқишини уйғотиш мақсадида Ахсикент ёдгорлигига синфдан ташқари мунтазам экскурсиялар уюштириш ва шу асосда “Ёш қадимшунослар” клубини ташкил этиш.

Ахсикент ёдгорлигининг яқинида тарихий муҳофаза ҳудудидан ташқари майдонда “Ўтмишга саёҳат” ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш, археологик топилмаларни намойиш этиш ҳамда “Ёш қадимшунослар” клубини жойлаштириш учун уч қисмдан иборат туристик мажмуа қуриш;

11. Қуйидагилар:

“Ахсикент” археология мероси объектини (кейинги ўринларда объект деб аталади) лозим даражада муҳофаза қилиш, консервация қилиш ва асраб-авайлашни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Наманган вилояти ҳокимлигига;

республика ва хорижда объектга оид сақланаётган манбаларни тадқиқ этиш, улар ҳақида батафсил маълумотлар базасини яратиш ва мунтазам янгилаб бориш, халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш, матбаа маҳсулотларини тайёрлаш, оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш Миллий марказга;

сайёҳлар, илмий тадқиқотчилар ва бошқа ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, тарихий кўринишни сақлаган ҳолда объектнинг муҳофаза этиладиган ҳудудидан ташқарида замонавий дам олиш масканларини ташкил этиш ва объектнинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан бошқа зарур чора-тадбирларни кўриш вазифалари Наманган вилояти ҳокимлигига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси бир ойлик муддатда хорижий тажриба ҳамда экспертлар таклифларини Наманган вилояти ҳокимлигига киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва Фанлар академияси билан ҳамкорликда “Ахсикент” археология меросини туристик маршрутга киритилиши ҳамда туристлар орасида кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси икки ой муддатда:

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Археологик дала тадқиқотларини (қазишмаларни) олиб бориш тартибини тасдиқлаш тўғрисида низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж.Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.С.Сайфуллаев, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Б.С.Юлдашев ва Наманган вилояти ҳокими Х.Х.Бозаров зиммасига юклансин.

 

 

             Ўзбекистон Республикаси  Бош вазири                                                              А.Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил  “___” _________ даги
____-сон қарорига

1-ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Яҳё Ғуломов номидаги Миллий археология маркази тузилмаси

 

                                                                                          Вазирлар Маҳкамасининг

                                                                                          2019 йил “___” _______даги ___-сон қарорига
                                                                                          2-ИЛОВА

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Ахсикент” археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ҳамда Тўрақўрғон туманининг туристик салоҳиятини ошириш бўйича

“ЙЎЛ ХАРИТАСИ”

Т/р

Чора-тадбирлар

Ижро муддати

Молиялаштириш манбаи

Ижро учун масъуллар

1.

“Ахсикент” археология объектида археологик тадқиқотлар ва консервация ишларини давом эттириш.

2019-2020 йиллар,

алоҳида режа асосида

Маданий мерос объектларини асрашга доир ишларни амалга ошириш учун бюджет маблағлари доирасида, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча даромадлари

Маданият вазирлиги,

Фанлар академияси,

Наманган вилояти ҳокимлиги

2.

“Ахсикент” археология объектига тааллуқли бўлган тарихий-маданий, илмий ва оммабоп маълумотларни жамлаш, таҳрир қилиш ва тарғибот ишларида фойдаланиш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига тақдим этиш.

2019 йил
июнь

Ижрочилар маблағлари

Фанлар академияси,

Маданият вазирлиги

 

3.

“Ахсикент” археология объектига ташриф буюрувчилар учун автомобиль тўхташ жойи, савдо ва бошқа шохобчаларни ташкил этиш.

2019 йил
август

Наманган вилояти маҳаллий бюджети маблағлари

Наманган вилояти ҳокимлиги, манфаатдор вазирликлар
ва идоралар

4.

“Ахсикент” археология объектини туристлар ташриф буюрадиган масканга айлантириш чораларини кўриш.

Мунтазам

Ижрочилар маблағлари

Туризмни ривожлантириш

давлат қўмитаси,

Маданият вазирлиги,

Наманган вилояти ҳокимлиги

6.

“Ахсикент” археология объектига олиб чиқувчи йўлни пиёдалар учун мослаштириш ҳамда хавфсизлик чораларини кўриш.

2019-2020 йиллар

Наманган вилояти маҳаллий бюджети маблағлари

Наманган вилояти ҳокимлиги, манфаатдор вазирликлар
ва идоралар

7.

“Ахсикент” археология объектида томоша қилиш нуқтасини барпо этиш ва унда соябон ҳамда атроф муҳитни кузатиш учун махсус бинокль ўрнатилишини таъминлаш.

2019 йил август

Ижрочилар маблағлари

Наманган вилояти ҳокимлиги, манфаатдор вазирликлар
ва идоралар

8.

“Ахсикент” археология объектида ташриф буюрувчилар учун дам олиш масканларини ташкил этиш.

2019-2020 йиллар

Ижрочилар маблағлари

Наманган вилояти ҳокимлиги, манфаатдор вазирликлар
ва идоралар

9.

“Ахсикент” археология объектини маҳаллий ва хорижий туристлар ўртасида кенг тарғиб қилиш учун оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш, Интернет ва босма нашрларда мақолалар чоп этиш, ташкилотчилар томонидан тақдим этиладиган мавзуга оид видео материалларни “Дунё бўйлаб” телеканалида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида намойиш этилишини таъминлаш.

Объект фойдаланишга топширилгандан сўнг доимий равишда

Ижрочилар маблағлари

Туризмни ривожлантириш

давлат қўмитаси,

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси,

Ўзбекистон Миллий
ахборот агентлиги

10.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманига ташриф буюрадиган маҳаллий ва хорижий туристлар учун қўшимча ташриф буюриш мумкин бўлган манзилларни аниқлаш ва туристлар ташрифи учун мослаштириш, жумладан, ёшларда ватанпарварлик ҳиссини юксалтириш, тарихий маданият билан таништириш мақсадида “Ахсикент” археология объектига таълим муассасалари ўқувчи ва талабалари саёҳатини ташкил этиш.

Мунтазам

-

Наманган вилояти ҳокимлиги, Халқ таълими вазирлиги, манфаатдор вазирликлар
ва идоралар

11.

2020 йилдан бошлаб ҳар йили дастлаб тажриба сифатида Ахсикентда, кейинчалик бошқа ҳудудлардаги ёдгорликларни кенг оммага тарғиб этиш ҳамда туризмни ривожлантириш мақсадида “Ўтмишга саёҳат” номли ҳалқаро тарихий-маданий фестивални ўтказиш.

Мунтазам

Вилоятлар маҳаллий бюджетининг қўшимча даромадлари

Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш

давлат қўмитаси,

Фанлар академияси, вилоятлар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар
ва идоралар

12.

Наманган вилояти халқ таълими муассасалари ўқувчиларининг ўтмишга бўлган қизиқишини уйғотиш мақсадида Ахсикент ёдгорлигига синфдан ташқари мунтазам экскурсиялар уюштириш ва шу асосда “Ёш қадимшунослар” клубини ташкил этиш.

График асосида мунтазам

Халқ таълими вазирлиги,

Фанлар академияси, манфаатдор вазирликлар
ва идоралар

13.

Олий ўқув юртларининг тарих ва археология йўналишида таҳсил олаётган бакалавр ва магистр даражасидаги талабаларини Ахсикент ёдгорлигида яратилган очиқ осмон остидаги музейда, келгусида бошқа йирик археологик объектларда дала амалиётларини мунтазам равишда ташкил этиш чораларини кўриш.

График асосида мунтазам

Таълим муассасаларининг мазкур мақсадлар учун кўзда тутилган маблағлари

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,

Фанлар академияси,

манфаатдор вазирликлар
ва идоралар

14.

Замонавий ахборот технологияларини кенг жорий қилган ҳолда археология мероси объектларининг электрон ҳамда босма каталогларини яратиб бориш.

График асосида мунтазам

Маданий мерос объектларини асрашга доир ишларни амалга ошириш учун бюджет маблағлари доирасида

Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш

давлат қўмитаси,

Фанлар академияси, вилоятлар ҳокимликлари

 

Общие комментарии

929