ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3397 Министерство занятости и трудовых отношений Республики Узбекистан 17/05/2019 26/05/2019 0

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежида ўқувчиларнинг билимини баҳолаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-3397

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг

БУЙРУҒИ

 

 

Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежида ўқувчиларнинг билимини баҳолаш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 31 декабрдаги
1066-сон
қарорига мувофиқ буюраман:

1. Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежида ўқувчиларнинг билимини баҳолаш тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан кучга киради.

 

 

 

 

Вазир                                                                        Ш.Кудбиев

 

 

 

 

 

Тошкент ш.,

2019 йил “___” _________,

___-сон

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг
2019 йил _________ даги

___-сон буйруғига
ИЛОВА

 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежи ўқувчиларининг билимини баҳолаш тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ва фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 20 августдаги ПҚ-3913-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 31 декабрдаги 1066-сон қарорига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Тошкент ходимларни бошқариш ва меҳнатни муҳофаза қилиш коллежида (кейинги ўринларда коллеж деб юритилади) ўқувчиларнинг билим савияси, кўникма ва малакаларини баҳолашнинг рейтинг тизимини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

Жорий назорат – ўқувчининг фан мавзуси бўйича билимларни ўзлаштириш даражасини аниқлаш ва баҳолаш усули. Жорий назорат фаннинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, ўқитувчининг топшириқлари асосида
баҳс-мунозарага киришиш, оғзаки ёки ёзма баён этиш, муҳокама қилиш, тест ўтказиш, баҳс-мунозара, кичик гуруҳларда ишлаш, мустақил ишлар тайёрлаш (тақдимотлар), уй вазифаларини текшириш ва шу каби бошқа шаклларда ўтказилиши мумкин;

Жорий назорат семинар ва амалий машғулот шаклларида ўтказилади.

Оралиқ назорат – семестр давомида ўқув дастурининг тегишли (фаннинг бир неча мавзуларини ўз ичига олган) бўлими тугаллангандан кейин ўқувчининг билим ва ўзлаштириш даражасини аниқлаш ва баҳолаш усули. Оралиқ назоратнинг сони (бир семестрда икки мартадан кўп ўтказилмаслиги лозим), шакли (ёзма, оғзаки, тест ва ҳоказо) ҳамда ўтказиш вақти давомийлиги ўқув фанига ажратилган умумий соатлар ҳажмидан келиб чиққан ҳолда фан кафедралари  қарори билан белгиланади.

 Якуний назорат – семестр якунида фан дастури доирасида ўқувчининг назарий билим ва амалий кўникмаларни тўлиқ ўзлаштирганлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичи ҳисобланади. Якуний назорат саволлари назарий саволлар, муаммоли вазият (казус)лар ва иш ҳужжатларини тузиш каби топшириқлардан ташкил топади. Якуний назорат саволлари кафедранинг фан бўйича масъул ўқитувчиси томонидан ишлаб чиқилади.

Якуний назорат асосан таянч тушунча ва ибораларга асосланган “Ёзма иш” шаклида ўтказилади.

2. Коллеж ўқувчилари (кейинги ўринларда ўқувчилар деб юритилади) билимини баҳолаш рейтинг тизими орқали амалга оширилади. Рейтинг тизимининг мақсади – ўқувчиларнинг назарий ва амалий билимларни ўзлаштиришининг ҳақиқий даражасини аниқлашдан иборат.

3.Ўқувчиларнинг билими, кўникмаси ва малакаларини баҳолашнинг рейтинг тизимини асосий вазифалари:

- ўқувчиларда таълимнинг миллий стандартларига мувофиқ тегишли билим, кўникма ва малакалари савиясини шаклланганлиги даражасини назорат қилиш;

- назарий ва амалий билими, кўникма ва малакаларини тўғри баҳолаш ва рағбатлантириш орқали янги билимларни мустақил равишда эгаллаш ва уларни қўллаш, ахборот-кутубхона манбаларидан самарали фойдаланиш кўникмаларини ривожлантириш;

- ўқувчиларнинг билими, кўникма ва малака даражаларини таққослаш ва таълим жараёнида ўзаро мусобақа муҳитини яратиш;

- ўқувчиларни ҳар бир фан, предмет ва амалиёт турлари бўйича ўзлаштириш даражаларини аниқлаш ва белгиланган муддатларда ўзлаштирилишини ташкил этиш ва таҳлил қилиш;

- мустақил ва ижодий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш, иш фаолиятига доир ҳужжатлар лойиҳаларини тузиш, фикрларини ёзма ва оғзаки, жумладан, хорижий тилда равон баён этиш;

- ўқувчилар билимини холис ва адолатли баҳолаш ҳамда унинг натижаларини ўз вақтида маълум қилиш;

- давлатнинг ижтимоий ва сиёсий ривожланиши, мамлакат иқтисодиётини барқарорлаштириш ва модернизациялаш соҳасида эгаллаган билимини тўғри баҳолашдан иборат.

4. Ўқув бўлими коллежнинг ўқув жараёнини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, ўқувчиларнинг рейтинг натижалари мониторингини шакллантиришга масъул ҳисобланади.

Барча назорат турларининг саволлари тегишли кафедраларнинг махсус фан ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқилади ва кафедра йиғилишларида муҳокама қилиниб баёнлаштирилади ҳамда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари томонидан тасдиқланади.

2-боб. Ўқувчилар билимини назорат қилиш турлари

5. Ўқувчиларнинг билим савияси ва ўзлаштириш даражасини Давлат таълим стандартларига мувофиқлигини таъминлаш учун коллежда жорий, оралиқ ва якуний назорат турлари ўтказилади.

Коллежнинг ўқувчиси ҳар бир назорат турини топшириши шарт.

6. Фан бўйича назорат турлари ва шакллари ҳамда баҳолаш мезонлари тўғрисидаги маълумотлар ўқитувчи томонидан ўқувчиларга эълон қилинади.

Оралиқ ва якуний назорат ўтказиш муддатлари ҳақидаги маълумотлар Ўқув бўлими ҳамда таълим йўналиши бўйича бўлим мудирлари томонидан ўқувчилар эътиборига етказилиши таъминланади.

3-боб. Жорий назоратни ўтказиш

7. Жорий назорат ўқувчининг фан мавзулари бўйича ўзлаштириш даражасини мунтазам равишда аниқлаш ва баҳолаш усули ҳисобланади. Жорий назорат фан мавзуси доирасида ўзлаштирган билимларини оғзаки ва ёзма баён этиш, ўқитувчининг топшириқлари асосида баҳс-мунозарага киришиш, иш жараёнига доир ҳужжатларни муҳокама қилиш, муаммоли вазиятларни ҳал этиш, жамоада ишлаш, мустақил ишлар тайёрлаш (тақдимотлар) ва бошқаларни баҳолашга қаратилади.

8. Фаннинг мазмунидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларнинг ҳар бир фан мавзулар блоки бўйича ўзлаштириши дарс давомида баҳолаб борилади.

Жорий назорат назарий, семинар ҳамда амалий машғулот шаклларида ўтказилади.

9. Жорий назорат асосида баҳолаш ўқувчини фанлар бўйича кундалик ўзлаштириш даражасини аниқлаш учун муҳим омил ҳисобланади.

4-боб. Оралиқ назоратни ўтказиш

10. Оралиқ назорат ўқувчи томонидан фан дастурининг ўзлаштириш даражаси, ўқувчининг адабиётлар, мутахассисликка оид ҳужжатлар билан ишлаш, таълим йўналиши иш фаолиятига доир ҳужжатларни тузиш бўйича амалий кўникмалари, муаммоли вазиятларни ҳал этиш, ўз фикрларини изчил ва аниқ баён қилиш қобилиятини баҳолашга қаратилган.

Семестр мобайнида 24 соатдан кам бўлган фанлардан оралиқ назорат ўтказилмайди, семестр давомида ўқувчининг билим ва амалий кўникма даражасини аниқлаш ва баҳолаш мақсадида 10 ҳафталик ўқув жараёнида бир марта, 20 ҳафталик ўқув жараёнида икки маротаба оралиқ назорат ўтказилади.

Фан мазмунидан келиб чиқиб, бир семестрда ўқитиладиган бир-бирига боғлиқ мавзулар блокларга ажратилади. Фаннинг ҳар бир мавзулар блоки ўқитиладиган охирги куни ўқитувчи блокли оралиқ назоратни якунлайди. Оралиқ назоратнинг шакли ва ўтказиш вақти давомийлиги коллеж ўқув бўлими ҳамда фан кафедралари билан келишилиб белгиланади.

11. Оралиқ назорат саволлари кафедранинг тегишли фан бўйича масъул ўқитувчиси томонидан тузилади. Саволлар ўқувчиларнинг фан дастури доирасида ўзлаштирган билимларини ифода этиш, муаммоли вазиятлар бўйича мунозарага киришиш, ҳуқуқий манбалар асосида ўз позициясини асослаш ва иш фаолиятига доир ҳужжатларни тузиш кўникмалари шаклланганлигини аниқлашга қаратилган бўлиши лозим.

12. Фанлар бўйича тайёрланган оралиқ назорат саволлари кафедранинг тегишли фан ўқитувчилари билан муҳокама қилиниб, кафедра мажлиси баённомаси билан тасдиқланиши шарт.

13. Оралиқ назорат натижалари ўқитувчи томонидан ўқув журналига қайд этиш орқали расмийлаштирилади ҳамда ўқувчилар эътиборига етказилади. Қўйилган баҳолар бўйича ўқувчи норози бўлган тақдирда директорнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари рухсати билан қайта топшириш амалга оширилади.

14. Оралиқ назорат бўйича ўзининг умумий рейтинг баҳосини кўтаришни хоҳлаган ўқувчига кейинги блокли оралиқ назорат ўтказилгунга қадар топшириш учун муддат берилади. Қайта топширишнинг аниқ муддатлари тегишли кафедра томонидан белгиланади.

Ёзма иш шаклида ўтказилган оралиқ назорат аудиторияда мустақил равишда ўқувчи томонидан ёзилади ва тегишли фан бўйича ўқитувчига топширилади. Топширилган ёзма ишни алмаштириш ёки қўшимча ёзма иш топшириш тақиқланади. Топширилган ёзма иш ўқувчига қайтарилмайди.

Ёзма иш варақлари тегишли фан бўйича ўқитувчи имзоси билан тасдиқланиши лозим.

Ўқувчи учун оралиқ назоратни бошқа шахс ёзиб бериш ҳолати аниқланганда, шунингдек текшириш вақтида икки ёки ундан ортиқ ёзма ишлар мазмунининг учдан икки қисми ўхшашлиги ўқувчиларнинг кўчирганлиги ҳолатига асос бўлади ва уларга ноль балл қўйилади.

5-боб. Якуний назоратни ўтказиш

15. Якуний назорат фан дастури доирасида ўқувчининг назарий билим ва амалий кўникмаларни тўлиқ ўзлаштирганлик даражасини баҳолашнинг якуний босқичи ҳисобланиб, ҳар бир семестр тугалланишидан олдин ўтказилади.

Якуний назорат ўқувчининг фан дастурида назарда тутилган мавзулар доирасида қисқа вақт мобайнида назарий саволларга ўз фикрини билдириш, муаммоли вазиятларга ечим топиш, шунингдек иш фаолиятига доир ҳужжатлар билан ишлаш ва уларни тузиш қобилиятини аниқлашга қаратилган.

16. Агар Педагогик кенгаш қарорида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, ўқув режада белгиланган фанлар бўйича якуний назорат семестр якунида аудиторияда ёзма шаклда аудитория кузатувчиси назорати остида ўтказилади.

Якуний назорат саволлари назарий саволлар, муаммоли вазиятлар ва иш фаолиятига доир ҳужжатларни тузиш каби топшириқлардан ташкил топади. Якуний назорат саволлари кафедранинг фан бўйича масъул ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқилади.

17. Кафедра мудири фанлар бўйича якуний назорат саволларини сифатли тайёрланишини таъминлайди ва кафедра йиғилишида муҳокама қилиниб тасдиқлайди.

18. Якуний назоратни ўтказишда аудитория кузатувчиси сифатида иштирок этадиган ўқитувчилар рўйхати коллеж директори томонидан тасдиқланади.

Аудитория кузатувчиларининг тасдиқланган рўйхати бўлим ва кафедра мудирлари эътиборига етказилади.

19. Аудитория кузатувчиси якуний назоратни ўтказишда:

- жадвалда белгиланган вақтда аудиторияда бўлиши шарт;

-ўқувчиларга якуний назорат давомида фойдаланиш таъқиқланган барча предметларни кузатувчига ўз ихтиёрлари билан топширишларини таклиф этиш;

-якуний назорат ўтказилаётган тўлиқ вақт давомида уни ўтказиш тартибига лозим даражада риоя қилинишини таъминлаш;

-зарур бўлганда ўқувчиларга қайд этилган ноаниқликлар, техник хатолар ёки топшириқни бажаришга қўйиладиган талаблар ҳақида маълумот бериш;

-якуний назорат ўтказиш қоидаларини бузган ўқувчиларни тегишли далолатнома тузган ҳолда якуний назоратдан четлаштириш.

20. Якуний назорат 80 дақиқа мобайнида ўтказилади. Якуний назоратга ажратилган вақт фаннинг умумий соати ҳажмидан, фан якунидаги охирги дарс машғулотида ўтказилади.

Якуний назорат иши ўқувчи томонидан мустақил равишда ёзилиши шарт.

Ўқувчи учун якуний назоратни бошқа шахс ёзиб бериш ҳолати аниқланганда, шунингдек текшириш вақтида икки ёки ундан ортиқ ёзма ишлар мазмунининг учдан икки қисми ўхшашлиги ўқувчиларнинг кўчирганлиги ҳолатига асос бўлади ва уларга ноль балл қўйилади.

21. Якуний назорат ўтказиш жараёнида ўқувчиларнинг аудиториядан чиқиши, бир-бири билан гаплашиши, бошқа ўқувчиларга ўз ёзма иш варақаларини бериши, ўзи билан дарсликлар, ўқув-услубий қўлланмалар, луғатлар, маълумотномалар ва бошқа адабиётлар, конспектлар, электрон ва қоғоз шаклдаги шпаргалкалар, калькуляторлар, алоқа воситалари (шу жумладан мобил алоқа воситаси), аудио, фото ва видео-ёзув қурилмалари ва бошқаларни олиб кириши ва улардан фойдаланиши таъқиқланади. Шахсий буюмлар аудиториядаги алоҳида столга қўйилиши керак.

Фаннинг хусусиятидан келиб чиқиб, тегишли фан бўйича масъул ўқитувчи томонидан якуний назорат ўтказишда калькулятордан фойдаланишга нисбатан истиснолар белгиланиши мумкин.

Юқорида кўрсатилган талабларни бузган ўқувчилар якуний назорат ишини топширишдан четлаштирилади ва қайта тошириш учун Ўқув бўлими рухсати билан қўйилади.

22. Якуний назорат учун ажратилган вақт тугаганидан сўнг, ўқувчи ўз ёзма ишини аудитория кузатувчисига топширади. Якуний назорат мобайнида ёзилган ёзма ишлар сони аудитория кузатувчиси томонидан қайта саналади, ёзма иш варақлари унинг имзоси билан тасдиқланади ва якуний назоратда қатнашган ўқувчилар сонига мутаносиб равишда Ўқув бўлимига топширилади.

23. Якуний назорат ишлари кафедранинг тегишли фан ўқитувчилари томонидан текширилиб баҳоланади.

Якуний назорат баҳолари ўқув журналига семестр якунини аниқлаш учун қўйилади.

6-боб. Назорат ишларини текшириш

24. Ёзма ишларни текшириш муддатлари Ўқув бўлими томонидан белгиланади ва фанлар бўйича барча назорат турлари натижалари (жорий, оралиқ ва якуний) жамланган ҳолда рейтинг қайдномасига (R-семестр) киритилади ҳамда ўқувчиларга эълон қилинади.

25. Ёзма ишлар кафедранинг тегишли фан ўқитувчилари томонидан текширилади.

Ёзма ишларни текшириш муддатларини бузган ўқитувчиларга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилади.

26. Ўқитувчи томонидан оралиқ ва якуний назорат ёзма ишининг биринчи варағи устига балл қўйилади. Балл аниқ ифодаланган шаклда ўқитувчининг имзоси билан тасдиқланган ҳолда қўйилиши керак.

Ўқитувчи томонидан ҳар бир текширилган ёзма ишга тақриз берилади ҳамда унда ёзма иш мазмунининг ижобий жиҳатлари ва йўл қўйилган хатоликлар акс эттирилиши лозим.

27. Оралиқ ва якуний назорат ёзма ишларнинг айримлари тегишли сўровга кўра ёки баҳодан норози бўлган ҳолларда қайта текширилиши мумкин.

Қайта текшириш натижасида тегишли назорат ишига қўйилган баҳо асоссиз юқори ёки паст қўйилган бўлса, баҳо ўзгартирилиши мумкин.

28. Барча назорат турларининг натижалари (жорий, оралиқ ва якуний) жамланма рейтинг қайдномалари фан ўқитувчиси томонидан расмийлаштирилиб, кафедра мудири имзоси билан Ўқув бўлимига топширилади.

Ўқувчи якуний назоратга қўйилган баҳодан норози бўлса, ўз иши билан танишгандан сўнг, Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари номига қайта топшириш учун ариза билан мурожаат қилади. Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарининг рухсат йўлланмасига асосан тегишли кафедрада мудири бошчилигида тузилган комиссияга якуний назоратини қайта топширади.

Ўқувчи якуний назоратни қайта топширганда рейтинг баҳосини пасайтиришга йўл қўйилмайди.

29. Текширилган ёзма ишлар олти ой мобайнида сақланади. Муддати ўтган ишлар йўқ қилинади.

7-боб. Баҳолаш тартиби ва мезонлари

30.Ўқувчининг ҳар бир фан бўйича ўзлаштириш даражаси уларнинг билим, малака ва кўникмаларини баҳолашнинг рейтинг тизими асосида баҳоларда акс эттирилади.

31. Ўқувчининг семестр мобайнидаги ҳар бир фан бўйича ўзлаштириши 5 баллик тизим асосида (“5”, “4”, “3”, “2”) усулида бутун сонлар билан баҳоланади.

32. Ўқувчиларнинг якуний рейтинг баҳоларини аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

 

R семестр = ЖН+ОН+ЯН

3

Семестр якунидаги баҳо ўқувчиларнинг рейтинг дафтарчасига қўйилади. Ўқувчиларнинг амалиёт ва якуний давлат аттестацияси бўйича ўзлаштириши “5” баллик тизимда баҳоланади. Агар фан бир неча семестр давомида ўтилган бўлса, ўқувчи дипломининг иловаси ёки академик маълумотнома тузилаётган вақтда рейтинглар йиғиндиси ҳисобга олинади.

33. Ҳар бир назорат тури умумий максимал бали “5” баллдан келиб чиққан ҳолда баҳоланади.

Ўқувчининг фанни ўзлаштириши бўйича барча назорат турлари юзасидан баҳолаш қуйидаги намунавий мезонлар асосида амалга оширилади:

а) ўқувчининг билим даражаси “5” баҳо олиш учун:

мустақил ва ижодий фикрлаши, қарор қабул қилиши ҳамда мушоҳада юритиши, фикрларини равон баён этиши, назарий билимини амалда қўллай олиши, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушуниши, билиши, семинар ва амалий машғулотларда ижодий ва фаол қатнашиши ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга бўлиши лозим;

б) ўқувчининг билим даражаси “4” баҳо олиш учун:

мустақил фикрлаши, ўз фикрларини баён этиши, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушуниши, билиши, назарий билимини амалда қўллай олиши, семинар ва амалий машғулотларда ижодий ва фаол қатнашиши ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга бўлиши лозим;

в) ўқувчининг билим даражаси  “3” баҳо олиш учун:

олган билимини амалда қўллай олиши, фаннинг (мавзунинг) моҳиятини тушуниши, билиши ҳамда фан (мавзу) бўйича тасаввурга эга бўлиши лозим;

г) ўқувчининг билим даражаси “2” га баҳоланади:

фан дастурини ўзлаштирмаса, фан (мавзу)нинг моҳиятини тушунмаса ҳамда фан (мавзу) бўйича аниқ тасаввурга эга бўлмаса, фанни (мавзуни) билмаса.

8-боб. Назорат ва қайта топширишларни ўтказиш муддатлари.

34. Ўқувчи семестр мобайнида тегишли фаннинг жорий, оралиқ ва якуний назоратидан “2” (қониқарсиз) баҳо олганида ёки амалиётни ўтамаган (амалиёт имтиҳонидан ўтмаган) ҳолатларда академик қарздор ҳисобланади.

35. Ўқувчининг фанлар бўйича академик қарздорлиги мавжуд эмаслиги кейинги семестр (курс)га ўтиши учун асос бўлади.

36. Ўқув машғулотларида ҳужжат билан тасдиқланган узрли сабаблар (бетоблиги, бахтсиз ҳодиса ва бошқалар) туфайли иштирок этмаган ва оралиқ ва якуний назорат турларини белгиланган муддатда топширмаган академик қарздор ўқувчига ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари қайта ўзлаштириш учун икки ҳафта муддатда назорат турларини топширишга рухсат беради. Қайта топшириш натижалари бўйича рухсатнома жамланма рейтинг қайдномасига (R-семестр) илова қилинади ва ўқув бўлимига топширилиши шарт.

Шу муддат давомида фанни ўзлаштира олмаган ўқувчи бўлим бошлиғининг тавсиясига кўра, белгиланган тартибда Педагогик кенгаш қарорига асосан коллеж директорининг буйруғи билан курсда қолдирилади.

37. Ўқув йилининг якуни бўйича рейтинг назорати натижаларига кўра ўқувчиларни белгиланган тартибда кейинги курсга ўтказиш ёки Давлат аттестациясини топширишга рухсат бериш тўғрисида директорнинг буйруғи расмийлаштирилади.

9-боб. Якуний қоида

38. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган.

 

 

Касб–ҳунар таълими маркази

директори                                                       М.Холмухамедов

 

 

Тошкент ш.,

2019 йил “____” _______

 

Общие комментарии

219