ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3318 Хокимият Бухарской области 07/05/2019 (not set) 0
Постановление Президента Республика Узбекистан
Бухоро шаҳрида “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказини барпо қилишга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида
ID-3318

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

Бухоро шаҳрида “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик
ва турар жойлар марказини барпо қилишга доир ташкилий
чора-тадбирлар тўғрисида

Бухоро шаҳрининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш ва ободонлаштириш, унинг хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, шунингдек шаҳарнинг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, замонавий бизнес, молиявий ва туристик инфратузилмаларнинг жадал ривожланишини таъминлаш ҳамда сервис хизматлари турлари ва сифатини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг:

Бухоро шаҳрининг Ҳ.Т.Бухорий, Зулфия, Қ.Муртазоев, И.Мўминов ва Саноатчилар кўчаларига туташ ҳудудларда самарасиз фойдаланилаётган объектлар, бино ва иншоотлар эгаллаган жами 83 гектар майдонда “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик ва турар жойлар марказини (кейинги ўринларда “Bukhara City” мажмуаси деб аталади) барпо қилиш;

Бухоро шаҳар ҳокимлиги ҳузурида “Bukhara City” мажмуаси ҳудудида объектлар қурилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун давлат унитар корхонаси шаклидаги “Bukhara City” ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Бухоро шаҳрида “Bukhara City” мажмуасини барпо қилиш жараёнида зарур тадбирларни ташкиллаштириш ва инвестицион таклиф лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят Кенгаши таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар:

а) Кенгаш (У.Барноев)нинг асосий вазифалари этиб:

“Bukhara City” мажмуасини барпо қилиш жараёнини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш, шунингдек, алоҳида ҳуқуқий ва иқтисодий режимга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

Дирекция фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқиш, танлаш ва уларни “Bukhara City” мажмуаси ҳудудида амалга ошириш учун жойлаштириш бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш;

муҳандислик-коммуникация ҳамда транспорт инфратузилмасини қуриш бўйича лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш;

“Bukhara City” мажмуасини барпо этиш бўйича юзага келадиган масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш;

Дирекциянинг Низоми ва харажатлар сметасини тасдиқлаш белгилансин.

Кенгаш фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ барча масалалар Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан ҳал этилади.

б) Дирекциянинг асосий вазифалари этиб:

“Bukhara City” мажмуаси ҳудудида буюртмачи вазифасини бажариш, объектлар қурилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

“Bukhara City” мажмуасини батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқишни ташкил этишда етакчи маҳаллий ва хорижий лойиҳа ташкилотларини жалб этиш;

қурилишга салоҳиятли маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, интернет тармоғида “Bukhara City” мажмуасини қуриш ва унинг фаолияти бўйича тақдимот тадбирларини ва кенг реклама кампаниясини олиб бориш ишларини ташкил этиш;

лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан инвесторлар билан музокаралар олиб бориш, инвестицияларнинг энг кам миқдорларини белгилаган ҳолда “Bukhara City” мажмуаси лотлари бўйича инвестицион буюртманомалар қабул қилиш, лойиҳа таклифлари бўйича танловлар ўтказиш, инвестиция киритиш тўғрисида инвесторлар билан битимлар тузиш, шунингдек, қурилиш учун инвесторга ер участкаси бериш тўғрисида вилоят ҳокими (Кенгаш)га таклифлар киритиш;

“Bukhara City” мажмуаси ҳудудида инвесторлар томонидан реализация қилинадиган лойиҳаларнинг амалга оширилиши мониторингини юритиш;

“Bukhara City” мажмуаси ҳудудида объектлар қурилишини лойиҳалаштиришда лойиҳа ташкилотлари томонидан энергияни тежайдиган замонавий технологиялар жорий этилиши ҳамда юқори технологик материаллар ва буюмлардан самарали фойдаланишни назорат қилиш;

лойиҳалар бўйича қабул қилинган мажбуриятлар инвесторлар томонидан бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда “Bukhara City” мажмуаси ҳудудида ер участкаси ажратиш ва инвестиция киритиш тўғрисидаги битимларни муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисида вилоят ҳокими (Кенгаш)га таклиф киритиш белгилансин.

4. “Bukhara City” мажмуасининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, унинг ҳудудида объектларни қуриш ишлари инвесторларнинг маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг маблағлари, грантлар, кредитлар, республика бюджети ва маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Лойиҳалар ташаббускорларига “Bukhara City” мажмуаси ҳудудида объектлар қуриш учун ер участкалари Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссияси томонидан ажратилади.

5. Дирекция Бухоро шаҳри И.Мўминов кўчаси 2-уй манзилига жойлаштирилсин.

Дирекция билан биргаликда “Bukhara Сity” мажмуасининг бош режаси лойиҳа менеджери сифатида, Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик принциплари асосида тузиладиган келишувларга мувофиқ Туркиянинг “Studio Vertebra” компанияси ва қурилиш соҳаси ривожланган давлатларнинг лойиҳалаш компаниялари жалб қилинсин.

“Bukhara Сity” мажмуасини барпо қилиш лойиҳасини ишлаб чиқишда унинг ҳудудида Бухоро тарихи музейи, илм-маркази, халқаро конференция ва форумлар ўтказиш учун “Экспомарказ”, кинотеатр, театр, кутубхона, бизнес маркази, меҳмонхоналар, банклар, офислар, савдо-маиший шахобчалар, спорт-соғломлаштириш объектлари, турар-жой бинолари ва бошқа замонавий объектларни жойлаштиришга эътибор қаратилсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

“Bukhara Сity” мажмуаси ҳудудидаги давлат мулки объектларини бузиб сотишдан тушадиган маблағлар истисно тариқасида Дирекция ҳисобига ўтказилади ва кейинчалик мазкур ҳудуддаги объектларни бузиш бўйича хусусий мулк эгаларига етказилган зарар ва компенсация тўловларини тўлашга йўналтирилади.

Дирекция фаолияти харажатлари, жумладан ер участкалари ва бошқа мол-мулкларни тасарруф этиш, уй-жойлар, нотурар жой бино ва иншоотлари бузилиши сабабли хусусий мулк эгаларига етказилган зарарлар, ер ишларини бажариш, бино ва иншоотлардаги муҳандислик ва транспорт коммуникацияларини қуриш, умумий фойдаланишдаги ҳудудларни ободонлаштириш, реклама ва тарғибот тадбирларини ташкил қилиш, тақдимотлар ўтказиш, шунингдек, маҳаллий, хорижий консалтинг ва архитектура компаниялари хизматлари учун харажатлар, инвесторларга берилган ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи ҳисобига тушадиган тўловлар, ҳомийлик маблағлари, кредитлар, мажмуа ҳудудида жойлашган давлат мулкини сотишдан тушган маблағлар, республика бюджети, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобидан қопланади.

7. Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлиги (Тўхтаев), Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри (Абдуллаев), Бухоро вилояти ҳокимлиги (Барноев) билан биргаликда бир ой муддатда белгиланган тартибда “Bukhara Сity” мажмуасини барпо қилиш бўйича ажратиладиган ер участкаси чегараларини аниқ белгиласин ва ушбу ҳудудда топографик тасвирга олиш ишларини амалга оширсин.

8. Бухоро вилояти ҳокимлиги (Барноев):

а) Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси (Абдуллаев), Давлат Солиқ қўмитаси (Мусаев), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Ҳайдаров) билан биргаликда ўн кун муддатда, “Bukhara Сity” мажмуаси ҳудудида мулкчилик шаклидан қатъий назар бузиладиган ва бошқа жойга кўчириладиган объектлар ва бино-иншоотларни хатловдан ўтказсин ҳамда мулк ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлари асосида аниқ рўйхатини шакллантирсин;

“Bukhara Сity” мажмуаси жойлаштириладиган ҳудудда ўтказилган хатлов натижалари бўйича бузилиши ва бошқа жойга кўчирилиши кутилаётган объектлар, бино-иншоотларнинг мулкдорларини расмий огоҳлантирган ҳолда уларни бузиш ишларига зарур пудратчи ва қурилиш ташкилотларини жалб қилиш чораларини кўриш ҳамда жорий йилнинг 1 сентябргача босқичма-босқич “Bukhara Сity” мажмуаси қурилиш майдони тайёрлашни;

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (Ҳайдаров), Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлиги (Тўхтаев) билан биргаликда икки ҳафта муддатда “Bukhara Сity” мажмуаси ҳудудида хусусий мулк эгаларига тегишли бўлган объектларни бузиш (кўчириш) билан боғлиқ зарарлар ва компенсация тўловларини ҳисоблаш бўйича махсус комиссия ташкил қилсин.

Бунда, мазкур ҳудуддаги хусусий мулк эгаларига компенсация ва зарарларни қоплаш масаласи Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида” 2006 йил 29 майдаги 97-сон ҳамда “Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармалар маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил
26 декабрдаги 1047-сон қарорларига мувофиқ амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.

б) Молия вазирлиги (Қўчқоров), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Ходжаев), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Ҳайдаров), республика тижорат банклари билан биргаликда объектлари, бино-иншоотлари бузиладиган (кўчириладиган) хусусий мулк эгалари талабларига кўра, белгиланган тартибда уларга молиявий маблағлар ва имтиёзли кредитлар бериш, ер участкаси (заруратга кўра, келишилган ҳолда қўшимча ер участкаси) ёки бўш бино ва иношоотлар ажратиш орқали қоплаб берилишини;

“Ўздонмаҳсулот” АК (Пулатов) билан келишилган ҳолда “Bukhara Сity” мажмуаси ҳудудида бузилишга тушган “Бухородонмаҳсулотлари” АЖга қарашли объектларни кўчириш ва қуриш учун Бухоро шаҳридаги собиқ 985-сон “Бухоро ишлар бошқармаси” АЖга қарашли ҳудуддан 6,4 гектар ер участкаси ҳамда мавжуд бино ва иншоотларни “Бухородонмаҳсулотлари” АЖга ажратишни таъминласин.

Бунда, “Бухородонмаҳсулотлари” АЖга қарашли объектлар ва бино-иншоотларни бошқа жойга кўчириш муддати қисқалигини эътиборга олиб, истисно тариқасида бино ва иншоотларни бузиш, қуриш ҳамда ускуна ва жиҳозларни сотиб олишни тендер (танловлар) ўтказмаган ҳолда тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилишига рухсат берилсин.

9. Махфий.

10. Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Солиев), Сув хўжалиги вазирлиги (Ҳамроев), Автомобиль йўллари қўмитаси (Абдувалиев), Энергетика вазирлиги (Султонов), “Ўзтрансгаз” АЖ (Эшмуратов), Бухоро вилояти ҳокимлиги (Барноев), Дирекция билан биргаликда “Bukhara Сity” мажмуаси ҳудудида зарур инфратузилма, электр энергияси, табиий газ, автомобиль йўллари, ирригация тармоқлари, ичимлик суви ва оқава таъминоти масалаларини ўрнатилган тартибда тўлиқ ҳал этсин. Бунда, мавжуд коммуникация воситаларидан унумли фойдаланиш таъминлансин.

11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва савдо вазирлиги (Умурзаков), Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов), Савдо-саноат палатаси (Икрамов), Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (Аккулов), Республика тижорат банклари раҳбарлари, Бухоро вилояти ҳокимлиги (Барноев) билан ҳамкорликда:

“Bukhara Сity” мажмуаси ҳудудида барпо этиладиган лойиҳаларга салоҳиятли хорижий ва маҳаллий инвесторлар жалб этилишини;

“Bukhara Сity” мажмуаси ҳудудида барпо этиладиган халқаро конференция ва форумлар ўтказиш учун “Экспомарказ”, шунингдек спорт-соғломлаштириш объектлари ва бошқа ижтимоий соҳа инфратузилмаларини 2019 йил ва келгуси йиллар инвестиция дастурларига киритилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика ҳудудларида “Business city” замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 2 августдаги ПҚ-3895–сон қарори билан берилган имтиёзларнинг амал қилиши “Bukhara Сity” мажмуаси барпо этилишда ҳам татбиқ этилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (Камилов) томонидан Бухоро вилояти ҳокимлиги буюртмасига мувофиқ “Bukhara Сity” мажмуасини барпо этиш лойиҳаси доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга консуллик йиғимлари ва бошқа йиғимлар ундирмасдан кириш визаларини тезкор расмийлаштирилиши таъминлансин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (Бобожонов) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Кудбиев) Дирекция буюртмасига мувофиқ “Bukhara Сity” мажмуасини барпо этиш лойиҳаси доирасида жалб қилинадиган хорижий мутахассисларга давлат божи тўламасдан кўп марталик визалар расмийлаштирилиши, берилиши ва кўп марталик визаларнинг узайтирилишини, шунингдек, уларнинг вақтинча рўйхатдан ўтказилиши, турган жойи бўйича ҳисобга олинишини ҳамда вақтинча рўйхатга олиш ва ҳисобга олиш узайтирилишини таъминласин.

15. Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Кудбиев) Дирекция буюртмасига мувофиқ “Bukhara Сity” мажмуасини барпо этиш лойиҳаларини амалга оширишда қатнашувчи юқори малакали хорижий мутахассислар Ўзбекистон Республикасига жалб этилишига рухсатномалар берилишини (узайтирилишини), шунингдек, кўрсатиб ўтилган хорижий фуқароларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (узайтирилишини) таъминласин.

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бухоро вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил
11 октябрдаги ПҚ-3965-сонли қарори 1-илова Бухоро вилоятида давлат мулкининг ва давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи жамиятларнинг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва объектлари негизида ташкил этилаётган кичик саноат зоналарининг рўйхати 4-бандидаги учинчи хатбоши чиқариб ташлансин.

17. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири А.Ж. Раматов, Бухоро вилояти ҳокими Ў.И. Барноев зиммаси юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти

 

Ш.Мирзиёев

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2019 йил “___” майдаги ПҚ-_____–сон қарорига илова

 

Бухоро шаҳрида “Bukhara City” мажмуасини барпо қилиш жараёнида зарур тадбирларни ташкиллаштириш ва инвестицион таклиф лойиҳаларини кўриб чиқиш бўйича вилоят Кенгаши

ТАРКИБИ

 

Ў.Барноев

Бухоро вилояти ҳокими, Кенгаш раиси

Н.Ҳамдамов

Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари,
Кенгаш раисининг ўринбосари

Б.Шахриёров

Бухоро вилояти ҳокимининг ўринбосари,
Кенгаш раисининг ўринбосари

Д.Ҳаётов

Бухоро вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи

Б.Адилов

Бухоро вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи

Ш.Алиев

Бухоро вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи

Т.Очилов

Бухоро вилоят адлия бошқармаси бошлиғи

И.Жўраев

Бухоро вилоят иқтисодиёт ва саноат бош бошқармаси бошлиғи

Ш.Ашуров

Бухоро вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи

Д.Салимов

Бухоро вилоят божхона бошқармаси бошлиғи

Ш.Астанов

Бухоро вилоят марказий банк бош бошқармаси бошлиғи

Р.Рахматов

Бухоро вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи

Ф.Ходжаев

Бухоро вилояти туризмни ривожлантириш департаменти директори

Н.Кенжаев

Бухоро вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси бошлиғи

Ў.Ҳамроев

Давлат активларини бошқариш агентлиги  Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи

Б.Тошев

“Қурилишлойиҳа” МЧЖ директори

Лавозимига кўра

“Bukhara City” мажмуаси ҳудудида объектларни қуриш
ва улардан фойдаланиш дирекцияси директори

М.Ғайбуллаев

Бухоро вилояти ҳокимлиги аппарати котибият мудири

 

Изоҳ: Заруратга кўра, кенгаш таркибига бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам жалб қилинади. Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимга янги тайинланган ёхуд зиммасига тегишли вазифаларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.

 

Общие комментарии

343