ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3278 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 30/04/2019 15/05/2019 13

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-3278

Лойиҳа

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

“Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” 2019 йил 17 январдаги ПФ-5635-сон Фармонида белгиланган вазифаларга ҳамда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2012 йил 31 майдаги ПҚ–1765-сон қарорига асосан Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

 

                                                     Ўзбекистон Республикасининг
                                                                     Бош вазири                                                                                                                           А. Арипов

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “___” апрелдаги ____ -сон қарорига
1-илова

 

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2012 йил 31 майдаги ПҚ–1765-сон қарорига асосан муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом олий ҳарбий таълим муассасалари, Ўзбекистон Республикасидаги хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек, нодавлат олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги ушбу Низомда назарда тутилмаган барча ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом асосида амалга оширилади.

3. Олий таълим муассасаларига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб юритилади) томонидан кириш имтиҳонлари натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.

 

2-боб. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган фуқаролар учун алоҳида қабул квоталарини ажратиш

 

4. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган фуқаролар учун республика олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари доирасида алоҳида қабул квоталари (кейинги ўринларда алоҳида квота деб аталади) ажратилади.

Алоҳида квота ҳар бир олий таълим муассасасининг бакалавриатига (ҳар бир таълим шакли бўйича) ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларининг беш фоизи миқдорида белгиланади.

Мазкур алоҳида квоталарнинг олий таълим муассасалари (таълим шакллари) кесимидаги тақсимоти ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисидаги тегишли қарори қабул қилинганидан сўнг икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) томонидан тасдиқланади.

Бунда, ажратилган алоҳида квоталарнинг давлат гранти ва тўлов-шартнома асосидаги тақсимоти муайян олий таълим муассасаси бўйича тасдиқланган давлат буюртмаси параметрларидаги давлат гранти ва тўлов-шартнома квоталари кўрсаткичлари улушига мувофиқ (мос) равишда белгиланади.

 

3-боб. Талабаликка қабул қилиш

 

5. Кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган абитуриентлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, ажратилган алоҳида квоталар доирасида талабаликка тавсия этилади.

6. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисм қўмондонлигининг тавсияномасига эга бўлган фуқаролар улар учун ажратилган алоҳида квоталар доирасида, танлаган биринчи олий таълим муассасаси бўйича танловда иштирок этади.

Ушбу танловда қатнашиб, ўқишга тавсия этилмаган абитуриентлар ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтиш жараёнида танлаган таълим йўналишиларида умумий тартибда тўплаган баллари билан танловларда иштирок этади.

 

4-боб. Якунловчи қоидалар

 

7. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

8. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “___” апрелдаги ____ -сон қарорига
2-илова

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг
ўз кучини йўқотган деб ҳисобланаётган қарорлари

РЎЙХАТИ

 

            1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” 2012 йил 11 июлдаги 205-сон қарори.

            2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига кириш тест синовларига тайёргарлик жараёни оптималлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” 2016 йил 16 июндаги 209-сон қарорига илованинг 2-банди.

            3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган абитуриентларни қабул қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” 2017 йил 6 апрелдаги 186-сон қарорига илованинг 1-банди.

            4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” 2018 йил 3 апрелдаги 261-сон қарорига 3-илованинг 1-банди.

Общие комментарии

2058