ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3269 Министерство внутренних дел Республики Узбекистан 07/05/2019 13/12/2019 9
Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Реабилитация ва мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-3269

ЛОЙИҲА

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

 

Реабилитация ва мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2018 йил 8 августдаги ПФ–5505-сон Фармонига мувофиқ ҳамда мастлик ҳолатида бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор килади:

1. Реабилитация ва мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш _____________________ зиммасига юклатилсин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

              Бош вазири                                                 А. Арипов

 

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил “ ___ ” ________ даги ___-сон қарорига

ИЛОВА

 

 

Реабилитация ва мастлик ҳолатида бўлган шахсларга
тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари тўғрисида

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом Реабилитация ва мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари (бундан буён матнда реабилитация пунктлари деб юритилади) фаолиятини тартибга солади.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

мастлик ҳолати - алкоголь ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддалар таъсири остида мустақил равишда ҳаракатланиш ёки адашмай йўл топиш қобилиятини йўқотиш;

реабилитация пунктлари – мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган наркологик, руҳий, шунингдек умумий соматик даволаш-профилактика муассасаларининг ихтисослаштирилган бўлинмалари.

3. Реабилитация пунктлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, шунингдек ушбу Низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларга амал қилади.

4. Реабилитация пунктлари республиканинг ҳар бир туман (шаҳар)ларида ташкил этилади, айрим ҳолларда эса туманлараро пунктлар кўринишида ташкил этилиши мумкин.

5. Реабилитация пунктларига бевосита раҳбарлик улар ташкил қилинган бўлимлар мудирлари томонидан амалга оширилади.

6. Реабилитация пунктларига ташкилий раҳбарлик ва улар фаолиятини назорат қилиш тегишли даволаш-профилактика муассасасининг бош шифокори томонидан амалга оширилади.

7. Тиббий хизматни ташкил қилишда услубий ёрдам ҳудудий наркологик диспансер томонидан амалга оширилади.

8. Реабилитация пунктларига олиб келинган мастлик ҳолатида бўлган шахслар, ишлатилган тиббий дори-дармонлар, шунингдек тиббий ҳужжатлар ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрнатилган тартиб асосида амалга оширилади.

2-боб. Реабилитация пунктларининг асосий

вазифалари ва функциялари

9. Қуйидагилар Реабилитация пунктларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

мастлик ҳолатида бўлган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш;

мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш;

мастлик ҳолатида бўлган шахсларни яшаш жойларига юбориш.

10. Реабилитация пунктлари ўз зиммасига юкланган асосий вазифаларига мувофиқ, қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) мастлик ҳолатида бўлган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш бўйича:

мастлик ҳолатида бўлган шахсларни кеча-кундуз қабул қилиш
ва рўйхатга олиш;

мастлик ҳолатида бўлган шахсларни шахсий кўрикдан ўтказиш;

реабилитация пунктига қабул қилинган шахслар учун реабилитация пунктига жойлаштирилганлиги тўғрисида қариндошларига хабар бериш ҳуқуқини бериш;

реабилитация пунктига қабул қилинган шахсларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш ва соғлиғига зиён етмайдиган шароитларда сақлаш;

б) мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича:

реабилитация пунктига олиб келинган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

реабилитация пунктига олиб келинган шахсларда яққол оғир хасталиклар аниқланган тақдирда уларни даволаш-профилактика муассасасига юбориш;

реабилитация пунктига олиб келинган шахснинг вояга етмаганлиги аниқланган тақдирда уни тегишли даволаш-профилактика муассасасига юбориш;

мастлик ҳолатида бўлган шахсларни ҳушёр ҳолатга келтириш ҳамда уларга тиббий ёрдам кўрсатиш;

в) мастлик ҳолатида бўлган шахсларни яшаш жойларига юбориш.

мастлик ҳолатида бўлган шахс ҳушёр ҳолатга келганидан сўнг уни реабилитация пунктидан чиқариб юбориш;

мастлик ҳолатида бўлган шахсни реабилитация пунктидан чиқариб юбориш вақтида ундан олиб қўйилган нарсаларни қайтариш.

3-боб. Реабилитация пунктлари тиббиёт ходимларининг
ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

11. Реабилитация пунктлари тиббиёт ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ўз хизмат мажбуриятларини бажаришлари учун тегишли шарт-шароитларни яратиш, шунингдек пунктни зарурий асбоб-анжомлар ва қурилмалар билан жиҳозланишини таъминлаш;

малака даражаси, ишининг спецификаси, оғирлиги, ҳажми ва сифатига, шунингдек фаолиятининг юқори натижаларига мувофиқ меҳнатини рағбатлантириш;

Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган кафолатлар ва имтиёзлардан фойдаланиш.

12. Реабилитация пунктлари тиббиёт ходимларининг мажбурияти:

ўз ишини бажаришда тиббий этика ва деонтологияга амал қилиш;

ўзининг малакаси (квалификацияси), лавозим йўриқномалари
ва мажбуриятларига мувофиқ тиббий ёрдам кўрсатиш;

врачлик сирига амал қилиш;

касбий билим ва маҳоратини ошириб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибдаги дори-дармонларни тайинлаш ва қўллаш.

Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари тиббиёт ходимлари қонунларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлишлари ҳамда мажбуриятларни бажаришлари мумкин.

4-боб. Реабилитация пунктига мастлик ҳолатида бўлган шахсларни
қабул қилиш ва сақлаш

13. Реабилитация пунктига кўчалар, майдонлар, истироҳат боғлари, вокзаллар, аэропортлар ва бошқа жамоат жойларида мастлик ҳолатида бўлган шахслар олиб борилади. Шу билан бир қаторда, реабилитация пунктига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига кўра мастлик ҳолатида бўлган шахслар ҳам олиб борилади.

14. Реабилитация пунктига мастлик ҳолатида бўлган шахсларни олиб бориш ички  ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилади.

15. Реабилитация пунктига мастлик ҳолатида бўлган шахсларни олиб боришда ички ишлар органлари ходимлари уларнинг соғлиғига зиён етказиш ҳолатларининг олдини олиши, ёнида бўлган буюмлар, ҳужжатлар ва қимматбаҳо нарсаларнинг бут бўлишини таъминлайди.

16. Мастлик ҳолатида бўлган ва тиббий ёрдамга муҳтож ҳолатдаги жиноятни содир этишда гумонланаётган шахслар реабилитация пунктига олиб борилиб, тиббий ёрдам кўрсатиш давомида ички ишлар органлари ходимлари томонидан қўриқловга олинадилар.

17. Беҳуш, руҳий касалликка чалинган, тан жароҳати олган, ёки ҳаёти ва соғлиғига тахдид солаётган бошқа ҳолатларда бўлган шахслар аниқланган тақдирда, ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушбу шахслар аниқланган жойга тез тиббий ёрдам бригадаси чақиртирилади.

Ушбу ҳолатдаги шахслар ҳаёти ва соғлиғи сақланиши таъминланган ҳолда тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан Реабилитация пунктига етказилади.

18. Реабилитация пунктига олиб келинган шахслар шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки уни олиб келган ички ишлар органлари ходимларининг оғзаки мурожаатига кўра махсус журналга қайд этилади.

19. Реабилитация пунктига олиб келинган шахсларнинг кийим-боши ва бошқа буюмлари тиббиёт ходимлари томонидан ички ишлар оганлари ходимлари ва холислар иштирокида тиббий ва шахсий кўрикдан ўтказилади.

20. Шахсий кўрикдан ўтказиш даврида буюмлар, ҳужжатлар ва қимматбаҳо нарсалар олиб қўйилиб, алоҳида жиҳозланган жойда сақланади. Олиб келинган шахсни реабилитация пунктидан чиқариб юбориш вақтида олиб қўйилган нарсалар қайтарилади.

21. Реабилитация пунктига олиб келинган шахсларнинг ёнидан тақиқланган буюм ва предметлар (қурол-яроғ, гиёҳванд моддалар ва бошқалар) аниқланган тақдирда, дарҳол ички ишлар органларига хабар берилади ва тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг ушбу шахслар ва предметлар тегишли чоралар кўриш учун ҳудудий ички ишлар органларига топширилади.

22. Реабилитация пунктига олиб келинган шахслар ушбу пунктларнинг палаталарига жойлаштирилади. Бунда эркаклар аёллардан алоҳида жойлаштирилади.

23. Реабилитация пунктининг тиббиёт ходими ва ички ишлар органи ходими ёрдамида олиб келинган шахсни қариндошларига хабар бериш мақсадида уларни топиш чораларини кўради.

24. Реабилитация пункти тиббиёт ходими томонидан олиб келинган шахсга тиббий ёрдам кўрсатилиб, тўлиқ ҳушёр ҳолатга келтирилганидан сўнг, такрорий равишда уни тиббий кўрикдан ўтказилади ва чиқариб юбориш тўғрисида хулоса чиқарилади ёки бошқа тегишли даволаш-профилактика муассасасига ўтказиш юзасидан қарор қабул қилинади.

25. Реабилитация пунктида 12 соатгача муддат сақланганида баённома, 12 соатдан кўп вақт сақланганида касаллик тарихи расмийлаштирилади.

26. Реабилитация пунктига олиб келинган шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талаблари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган маиший шароитлар яратилади.

27. Мастлик ҳолатида бўлган шахслар сақланадиган хоналар иситиш тизимига, шунингдек, табиий ва сунъий ёруғликка эга бўлиши керак. Хоналарнинг деразалари сунъий вентиляция тизими мавжудлигидан қатъи назар тоза ҳаво киришини таъминлаши лозим.

28. Реабилитация пунктида бир кишига тўғри келадиган яшаш майдонининг нормаси тўрт квадрат метрдан кам бўлмаслиги лозим.

29. Реабилитация пунктида тегишли ички ишлар органлари, даволаш-профилактика муассасалари ходимлари билан алоқани йўлга қўйиш ҳамда олиб келинган шахсларнинг қариндошларига хабар бериш учун телефон аппарати ўрнатилади.

5-боб. Мастлик ҳолатида бўлган шахсларга
тиббий ёрдам кўрсатиш

30. Реабилитация пунктига олиб келинган мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, ушбу пунктларнинг врачлари ва тиббиёт ходими томонидан амалга оширилади.

31. Реабилитация пунктига олиб келинган шахслар ушбу пунктнинг врачи томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади.

32. Тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари реабилитация пункти врачи томонидан тузиладиган баённомада қайд этилади ва ушбу баённома қатъий ҳисобот ҳужжати ҳисобланади.

33. Тиббий кўрикдан ўтказиш вақтида олиб келинган шахсда яққол оғир хасталиклар аниқланиб, реанимацион тадбирлар амалга оширилиши талаб этилган тақдирда, реабилитация пункти врачи уни тегишли даволаш-профилактика муассасасига юбориш зарурлиги тўғрисида қарор чиқаради.

34. Реабилитация пунктига ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган шахслар олиб келинган тақдирда, тиббий кўрикдан ўтказиш баённомасида уларнинг алоҳида белгилари (чандиқлар, татуировкалар, туғма ҳоллари ва бошқалар) батафсил кўрсатиб ўтилиши лозим. Зарур ҳолларда, ушбу шахслар тўғрисидаги маълумотлар ички ишлар органлари ходимлари томонидан текширилади.

35. Реабилитация пунктига олиб келинган шахснинг вояга етмаганлиги аниқланган тақдирда, тиббий ёрдам кўрсатиш пункти врачи уни тегишли даволаш-профилактика муассасасига юбориш зарурлиги тўғрисида қарор чиқаради.

36. Тиббий ёрдам кўрсатиш ҳажми Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган стандартларга ҳамда олиб келинган шахснинг ҳолатига мувофиқ амалга оширилади.

37. Мастлик ҳолатида бўлган шахслар томонидан агрессив ҳатти-ҳаракатлар содир этилган тақдирда, тиббиёт ходимлари мурожаатига кўра, ички ишлар органлари ходимлари ушбу шахслар томонидан қонунбузарлик ҳаракатлари содир этилишининг олдини олиш мақсадида “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ жисмоний куч, махсус восита ва ўқотар қуролни қўллаш чораларни кўради.

38. Йил давомида икки маротаба реабилитация пунктига олиб келинган шахслар ички ишлар органлари ва наркологик муассасаларнинг профилактик ҳисобига олинади.

6-боб. Мастлик ҳолатида бўлган шахсларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

39. Реабилитация пунктига олиб келинган шахсларнинг ҳуқуқлари:

шахсий хавфсизлиги таъминланган ва соғлиғига зиён етмайдиган шароитларда сақланиш, тегишли тиббий ёрдамни олиш;

ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш;

реабилитация пунктига олиб келинганлиги тўғрисида қариндошлари ёки бошқа шахсларга хабар бериш;

моддий-маиший шарт-шароитлар ва қонунларда тақиқланмаган предмет ва буюмлардан фойдаланиш.

реабилитация пунктига олиб келинган шахслар қонунларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.

40. Реабилитация пунктига олиб келинган шахсларнинг мажбуриятлари:

реабилитация пунктининг кун тартибига амал қилиш;

тиббиёт ва ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажариш, уларнинг хизмат вазифаларини бажаришларига тўсқинлик кўрсатмаслик;

санитария-гигиена қоидалари ва меъёрлари талабларига амал қилиш;

ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш;

реабилитация пункти мулкига зиён етказмаслик;

бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини поймол қилувчи, шунингдек ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаёти ва соғлиғига тағдид солувчи  ҳаракатларни содир этмаслик.

реабилитация пунктига олиб келинган шахслар қонунларга мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажарадилар.

7-боб. Реабилитация пунктига олиб келинган

шахсларни чиқариб юбориш тартиби

41. Реабилитация пунктига олиб келинган шахсга тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳушёр ҳолатга келганидан сўнг тиббиёт ходимининг хулосага кўра шахс Реабилитация пунктидан чиқариб юборилади.

42. Реабилитация пунктига олиб келинган шахсни чиқариб юбориш сутканинг тунги вақтида, хусусан соат 23.00 дан 06.00 га қадар қариндошлари ёки бошқа шахслар кузатуви остида амалга оширилади.

43. Чиқариб юбориш давомида олиб келинган шахсга баённома ёки касаллик варақасига тилхат олиш йўли билан олиб қўйилган буюмлари, ҳужжатлари ва қимматбаҳо нарсалари қайтариб берилади.

8-боб. Якунловчи қоидалар

44. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Общие комментарии

576