ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3246 Государственная инспекция по надзору за качеством образования при Кабинете Министров Республики Узбекистан 25/04/2019 10/05/2019 13

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-3246

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш

чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикасида таълим хизматлари кўрсатиш бўйича нодавлат секторнинг салмоғини кенгайтириш борасида тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб юритилади) ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ жараёнларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда “UZINFOCOM давлат ахборот хизматларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор” масъулияти чекланган жамияти билан биргаликда уч ой муддатда нодавлат таълим ташкилотлари, уларнинг таълим олувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли ахборотни ўз ичига оладиган нодавлат таълим ташкилотларининг марказлаштирилган маълумотлар базасини (кейинги ўринларда маълумотлар базаси деб юритилади) яратсин ва амалиётга жорий этсин.

3. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб:

таълим билан боғлиқ йўналиш бўйича фаолиятга лицензия бериш учун мажбурий лицензиявий талаб нодавлат таълим ташкилоти, унинг таълим олувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли ахборотни маълумотлар базасига киритишдир;

нодавлат таълим ташкилоти лицензиясини тўхтатиш ёки бекор қилиш учун маълумотлар базасида нодавлат таълим ташкилоти, унинг таълим олувчилари, педагоглари ва таълим-тарбия жараёни тўғрисидаги ишончли ахборотнинг йўқлиги асос бўлади;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланклари нодавлат таълим ташкилотлари битирувчиларига маълумотлар базасига киритилган ахборот асосида берилади;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланкларини расмийлаштириб берганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим жорий этилади;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланкларини расмийлаштириб берганлик учун ундириладиган йиғимлардан тушадиган маблағ Давлат инспекциясининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади;

б) 2020 йил 1 январдан бошлаб лицензия асосида фаолият кўрсатаётган нодавлат таълим ташкилотлари томонидан кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжат фақат давлат талаблари асосида таълим олган битирувчиларга берилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирлик

ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 декабргача асосий лавозимлар ва касб-ҳунарлар бўйича кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Қуйидагилар:

кадрларни қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисидаги дипломнинг давлат намунаси 1-иловага мувофиқ;

кадрлар малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида сертификатнинг давлат намунаси 2-иловага мувофиқ;

Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларни бериш тартиби ҳақидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси Давлат инспекциясининг буюртмасига мувофиқ ҳар йили кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланклари белгиланган тартибда тайёрланишини таъминласин.

Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатлар бланкларини тайёрлаш ҳамда расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар Давлат инспекциясининг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплансин.

7. Давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги:

а) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва уларнинг ҳудудий органлари билан биргаликда:

ишчи гуруҳлар ташкил этган ҳолда республика ҳудудидаги нодавлат таълим ташкилотларининг фаолиятини тизимли равишда ўрганиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатишни ташкил этсин;

лицензия олмасдан фаолият юритаётган нодавлат таълим ташкилотларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўрсин;

б) лицензиясининг амал қилиши тўхтатилган, лицензияси тугатилган ва бекор қилинган нодавлат таълим ташкилотлари тўғрисидаги маълумотларнинг ўз расмий веб-сайтларида ҳар ойда жойлаштириб борилишини таъминласин;

в) икки ой муддатда нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия талаблари ва шартларини қайта кўриб чиқсин ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

8. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги Давлат инспекцияси билан биргаликда икки ой муддатда:

лицензия асосида таълим хизматлари кўрсатиш, нодавлат таълим ташкилотлари томонидан таълим фаолиятининг давлат таълим стандартлари ва давлат талабларига мувофиқ олиб борилиши юзасидан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва мавжуд имкониятларни оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилишига доир махсус медиа-режа ишлаб чиқиш;

нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги янгиликларга бағишланган телекўрсатувлар, видероликлар ва радиоэшиттиришлар тайёрлаш ҳамда уларнинг мунтазам равишда намойиш этилишини ташкил этиш чораларини кўрсин.

9. Давлат инспекцияси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдуҳакимов ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи У.Н. Ташкенбаев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” ___________ даги

____-сон қарорига

1-илова

Кадрларни қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисидаги дипломнинг давлат намунаси

Ўзбекистон Республикасининг

Давлат герби

O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI

Qayta tayyorlash bo‘yicha nodavlat ta’lim olganlik to‘g‘risida

DIPLOM

QT № 0000000

_____________________________________________________________________________________

(bitiruvchining familiyasi, ismi va otasining ismi)

20____ yil ______ _______________________dan 20____ yil ______ ______________________gacha

__________________________________________________________________________________ da

(nodavlat ta’lim tashkilotining nomi)

_____________ soatga mo‘ljallangan ______________________________________________________

(kurs hajmi)

_____________________________________________________________________________________

(qayta tayyorlash kursining nomi)

qayta tayyorlash kursini tamomlab, ________________________________________________________

_____________________________________________________________________________________

(bitiruv ishining mavzusi)

mavzusidagi bitiruv ishini muvaffaqiyatli himoya qildi.

Nodavlat ta’lim tashkiloti rahbari: __________ _________________________________

(imzo) (familiyasi, ismi va otasining ismi)

Ro‘yxatdan o‘tkazish raqami: ____________________

Berilgan sanasi: ____________________

(kun, oy, yil)

QR – kod

Кадрларни қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисидаги дипломнинг тавсифи

Кадрларни қайта тайёрлаш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисидаги диплом А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун – қора рангда, расмлар тасвири учун – яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун – оч ҳаво рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 22 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 25 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида “O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI. Qayta tayyorlash bo‘yicha nodavlat ta’lim olganlik to‘g‘risida” сўзлари босилади. Диплом икки лотин ҳарфи – QТ ва етти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч ҳаво ранг фонда босиб чиқарилади.

Диплом:

босиб чиқаришнинг икки усули – офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” ___________ даги

____-сон қарорига

2-илова

Кадрлар малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида сертификатнинг давлат намунаси

Ўзбекистон Республикасининг

Давлат герби

O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI

Malaka oshirish bo‘yicha nodavlat ta’lim olganlik to‘g‘risida

SERTIFIKAT

MO № 0000000

_____________________________________________________________________________________

(bitiruvchining familiyasi, ismi va otasining ismi)

20____ yil ______ _______________________dan 20____ yil ______ ______________________gacha

__________________________________________________________________________________ da

(nodavlat ta’lim tashkilotining nomi)

_____________ soatga mo‘ljallangan ______________________________________________________

(kurs hajmi)

_____________________________________________________________________________________

(malaka oshirish kursining nomi)

malaka oshirish kursini tamomlab, ________________________________________________________

_____________________________________________________________________________________

(bitiruv ishining mavzusi)

mavzusidagi bitiruv ishini muvaffaqiyatli himoya qildi.

Nodavlat ta’lim tashkiloti rahbari: __________ _________________________________

(imzo) (familiyasi, ismi va otasining ismi)

Ro‘yxatdan o‘tkazish raqami: ____________________

Berilgan sanasi: ____________________

(kun, oy, yil)

QR – kod

Кадрлар малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисидаги сертификатнинг тавсифи

Кадрлар малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисидаги сертификат А4 форматли оқ қоғозда офсет усулида беш хил рангдан фойдаланган ҳолда: матн учун – қора рангда, расмлар тасвири учун – яшил, кўк, қизил рангларда, фон учун – оч яшил рангда босиб чиқарилади.

Варақнинг чап қисмида четидан 10 мм чекинган ҳолда эни 22 мм бўлган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган тасма жойлаштирилади. Тасманинг юқори қисмида диаметри 25 мм бўлган Давлат герби, паст қисмида эса 35 мм ўлчамли иккита квадрат қўшилишидан ҳосил бўлган саккиз қиррали юлдуз, юлдузнинг ўртасида муҳр учун 25 мм диаметрли оқ айлана жойлашган.

Варақнинг қолган қисмида юқорида лотин ёзуви билан давлат тилида “O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI. Malaka oshirish bo‘yicha nodavlat ta’lim olganlik to‘g‘risida SERTIFIKAT” сўзлари босилади. Сертификат икки лотин ҳарфи – MO ва етти рақамли сондан иборат тартиб рақами билан таъминланган. Барча матн нақшли растрдан иборат оч яшил ранг фонда босиб чиқарилади.

Сертификат:

босиб чиқаришнинг икки усули – офсет ва юқори усули;

ёруғлик воситасида нусха кўчиришни қийинлаштириш учун очиқ ранглар;

нақшли растр;

ҳар хил рангли растрлардан фойдаланиш йўли билан турли рангларни ташкил этиш;

махсус қоғозлар;

ўзгарадиган рақамлардан иборат тартиб рақами қўлланган ҳолда олтита ҳимояга эга.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил “___” ___________ даги

____-сон қарорига

3-илова

Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларни бериш тартиби ҳақидаги

НИЗОМ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжатларни (кейинги ўринларда нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар деб юритилади) битирувчиларга бериш тартибини белгилайди.

2. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар кадрларни қайта тайёрлаш тўғрисидаги диплом ва кадрлар малакасини ошириш тўғрисидаги сертификатдан иборат бўлиб, таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш ва касбий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқини беради.

3. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланклари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб юритилади) ёзма буюртмасига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги “Давлат белгиси” давлат ишлаб чиқариш бирлашмаси томонидан муҳофазаланган қоғозда чоп этилади.

2-боб. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланкларини Давлат инспекциясидан олиш, расмийлаштириш ва битирувчиларга топшириш

4. Нодавлат таълим ташкилотлари томонидан кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича курс ташкил этилганда таълим олувчилари тўғрисидаги ахборотни Давлат инспекциясининг нодавлат таълим ташкилотларининг марказлаштирилган маълумотлар базасига (кейинги ўринларда маълумотлар базаси деб юритилади) жойлаштиради.

5. Нодавлат таълим ташкилотлари кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича курс тамом бўлишидан кўпи билан ўн кун олдин нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланкларини олиш Давлат инспекциясига ёзма равишда хат билан мурожаат қилади.

Хатга нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг ҳар бир бланки учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов қоғозлар ёки тўлов топшириқномалари илова қилинади.

6. Нодавлат таълим ташкилотларининг хати беш иш кунида ўрганиб чиқилади ва маълумотлар базасига киритилган ахборотда кўрсатилган таълим олувчилар сонига мутаносиб равишда нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланклари берилади.

Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланклари олиш учун хат берилгунга қадар нодавлат таълим ташкилоти таълим олувчилари сафидан четлатилганлар бўлса, уларни четлаштириш тўғрисидаги буйруқларидан нусхалар тақдим этилади. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланкларини бериш таълим олувчилар сафидан четлатилганлар инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.

7. Давлат инспекцияси томонидан маълумотлар базасига нодавлат таълим ташкилотларига берилган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланкларининг серияси ва рақами тўғрисидаги маълумот киритиб борилади.

8. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланклари нодавлат таълим ташкилоти вакилига мазкур ташкилот томонидан тасдиқланган ишончнома асосида берилади.

Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланкларининг қабул қилиб олинганлиги тўғрисида далолатнома тузилади.

9. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланклари ип ўтказиб тикилган, муҳр билан тасдиқланган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланкларини тарқатиш дафтарида ҳисобга олинади ва пўлат шкафда сақланади.

10. Нодавлат таълим ташкилотлари томонидан нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланклари битирувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида тўлдирилади.

Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар қора туш билан ўзбек тилида (лотин алифбосига асосланган ҳарфларда) ёки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда босма ҳарфларда чиройли ва аниқ қилиб тўлдирилади.

11. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар нодавлат таълим ташкилоти раҳбарининг имзоси ҳамда нодавлат таълим ташкилотининг муҳри билан тасдиқланади. Муҳр аниқ ва ўқилиши осон бўладиган ҳолда туширилади, муҳри бўлмаган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжат ҳақиқий ҳисобланмайди.

Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг тўғри тўлдирилиши бўйича жавобгарлик шахсан таълим муассасаси раҳбарига юкланади.

12. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тўлдириш жараёнида хатоликларга йўл қўйилган тақдирда, бузилган бланкалар топширилган ҳолда Давлат инспекциясидан янги бланкалар қайта хат бериш йўли билан олинади. Бузилган бланкалар тўғрисида нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланкларини тарқатиш дафтарида қайд этилади.

Бузилган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланкларининг серияси ва рақамлари қирқиб олинади ва бу ҳақда тузилган далолатномага илова қилинган ҳолда сақланади.

13. Бузилган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бланклари Давлат инспекциясида камида уч кишидан иборат таркибда тузилган комиссия томонидан йўқ қилинади. Бузилган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар тўғрисидаги далолатнома комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва Давлат инспекцияси бошлиғи томонидан тасдиқланади.

14. Битирувчиларга берилгунга қадар тўлдирилган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар, уларни ҳисобга олиш ва тарқатиш дафтари, нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатларни олиш ва беришга асос бўладиган барча ҳужжатлар нодавлат таълим ташкилоти раҳбарида сақланади. Нодавлат таълим ташкилоти раҳбари ўзгарган тақдирда, барча ҳужжатлар далолатнома асосида янги раҳбарга топширилади.

15. Битирувчига нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар нодавлат таълим ташкилоти педагогик кенгаши қарори асосида қабул қилинган нодавлат таълим ташкилоти раҳбарининг буйруғига асосан берилади.

16. Ҳар бир битирувчи нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатни бевосита нодавлат таълим ташкилотидан олади.

Битирувчилар нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатни олгани ҳақида нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатларни ҳисобга олиш ва таълим олувчиларга топширишни қайд қилиш дафтарига имзо қўяди.

17. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатларни ҳисобга олиш ва битирувчиларга топширишни қайд қилиш дафтарида хатоликка йўл қўйилса, ушбу хатолар тегишли изоҳлар билан тузатилади. Дафтардаги барча ёзувлар нодавлат таълим ташкилоти раҳбари имзоси ҳамда ташкилот муҳри билан тасдиқланади.

Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатларни ҳисобга олиш ва битирувчиларга топширишни қайд қилиш дафтари Давлат инспекцияси томонидан текширувдан ўтказилади.

18. Айрим сабабларга кўра вақтида берилмаган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар битирувчиларга берилгунга қадар тўлдирилган ҳолда нодавлат таълим ташкилотида 75 йил сақланади ҳамда йўқ қилинади.

Берилмай қолган тўлдирилган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бўйича далолатнома тузилиб, уларнинг рақами ва мазкур ҳужжатларни олмаган битирувчиларнинг исми ва фамилияси кўрсатилади.

19. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар битирувчиларга топширилган кундан бошлаб ўн иш куни ичида тўлдирилмаган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар Давлат инспекциясига қайтарилиши шарт. Тўлдирилмаган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатларни нодавлат таълим ташкилотларида сақлаш қатъиян тақиқланади.

20. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг тўлдирилмаган бланклари йўқолган ҳолларда нодавлат таълим ташкилоти раҳбари бу ҳақда дарҳол Давлат инспекциясига хабар қилади, бунда йўқолган ҳужжатнинг серияси ва рақами кўрсатилиб, йўқолиш юз берган вазиятлар аниқ баён қилинади.

Давлат инспекцияси бошлиғининг йўқолган бланкларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида буйруғи дарҳол қабул қилинади ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинади, бу ҳақда маълумотлар базасига маълумот жойлаштирилади.

21. Нодавлат таълим ташкилотлари раҳбарлари Давлат инспекциясига битирувчиларга топширилган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар бўйича ҳар чоракда ҳисобот бериб борадилар.

3-боб. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар дубликатини бериш

22. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлари йўқолган, яроқсиз ҳолга келган ёки битирувчининг фамилияси ўзгарган ҳолларда ҳужжат дубликати берилади.

23. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжати йўқолган, яроқсиз ҳолга келган ёки фамилияси ўзгарган битирувчилар нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатни берган нодавлат таълим ташкилотига ёзма ариза билан мурожаат қиладилар. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжат йўқолган бўлса, аризага ҳужжат йўқолганлиги тўғрисида газетада чоп этилган эълон илова қилинади (эълонда йўқолган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг берилган йили, серияси ва рақами кўрсатилиши шарт).

24. Дубликат бериш масаласи нодавлат таълим ташкилотининг педагогик кенгашига кўриб чиқилади. Педагогик кенгашнинг дубликат бериш тўғрисида қарори асосида нодавлат таълим ташкилоти раҳбарининг буйруғи қабул қилинади.

25. Нодавлат таълим ташкилоти раҳбарининг дубликат бериш тўғрисидаги буйруғи асосида маълумотлар базасига маълумот киритилади ҳамда дубликат олиш учун Давлат инспекциясига хат билан мурожаат қилинади.

Хатга нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг ҳар бир бланки учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов қоғози ёки тўлов топшириқномаси илова қилинади.

26. Давлат инспекцияси томонидан нодавлат таълим ташкилотининг хати келиб тушган пайтдан бошлаб уч иш куни ичида нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжат бланки берилади.

27. Нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжат дубликати нодавлат таълим ташкилоти томонидан мазкур Низомнинг 3-бобида кўрсатилган қоидаларга асосан тўлдирилади ва юқориги ўнг бурчагига қора туш билан ёки ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда “дубликат” сўзи ёзиб қўйилади.

Дубликат нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатларни ҳисобга олиш ва тарқатиш дафтарида қайд этилади ҳамда битирувчи томонидан дубликат олганлик тўғрисида имзо қўйилади ва сана кўрсатилади.

28. Йўқолган, яроқсиз ҳолга келган ва битирувчининг фамилияси ўзгарганлиги сабабли бекор қилинган нодавлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар Далват инспекцияси томонидан маълумотлар базасига киритилади.

4-боб. Якунловчи қоида

29. Нодавлат таълим ташкилоти тугатилган ҳолларда дубликат маълумотлар базасига киритилган маълумотлар ҳамда битирувчининг аризаси асосида Давлат инспекцияси томонидан берилади.

Общие комментарии

745