ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
314 Министерство внутренних дел Республики Узбекистан 23/08/2018 07/09/2018 62
Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилишни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида
ID-314

Алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш жойларида ҳамда умумий овқатланиш объектларида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек алкоголли маҳсулотларнинг чакана савдоси устидан назоратни янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Белгилансинки:

савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида соат 21:00 дан 09:00 га қадар алкоголли маҳсулотларни сотишга йўл қўйилмайди;

алкоголли маҳсулотларни қуйиб савдо қилиш фақат умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномаси асосида амалга оширилади;

кўнгилочар савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида хизмат кўрсатиш соат 23:00 дан бошлаб тўхтатилади.

Мазкур банднинг иккинчи ва тўртинчи хатбошиларида назарда тутилган чекловлар қуйидаги савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарига нисбатан татбиқ этилмайди:

республика ҳудудида ўрнатилган тартибда фаолият юритаётган меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситалари таркибида ташкил этилган;

махсус туризм зоналарида (эркин туризм зоналари, кичик туризм зоналари, туризм зоналари ва туризм кластерлари) фаолият юритувчи;

“Tourist friendly” тизими орқали сертификатланган.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда:

савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарида алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш қоидаларига риоя қилиниши устидан назоратни кучайтирсин;

уч ой муддатда алкоголли маҳсулотлар савдо қилинадиган савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарини техник қўриқлаш воситалари, ёнғиндан дарак берувчи, қўриқлаш сигнализациялари ва видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш ҳамда ўрнатилган тартибда ички ишлар органларининг техник қўриқлаш пунктларига улаш чораларини кўрсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари алкоголли маҳсулотларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикасига қаратилган тарғибот-ташвиқот тадбирларини кучайтирсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда:

тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда тунги клуб кўринишидаги кўнгилочар савдо объектларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш, уларнинг ёнғинга қарши ва санитария ҳолатларини, шунингдек ушбу объектларда шаклланаётган маънавий-ижтимоий муҳитни ўрганиб чиқсин ва натижалари бўйича қонунда белгиланган чораларни кўрсин;

савдо объектлари ва умумий овқатланиш корхоналарига берилган алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқини берадиган рухсат гувоҳномалари мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта расмийлаштириш чораларини кўрсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш ____________________________ зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

Общие комментарии