ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3091 Центр профессионального образования 10/04/2019 25/04/2019 15

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
Касб-ҳунар таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида
ID-3091

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

Касб-ҳунар таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, меҳнат бозорининг талабларига мос юқори малакали кадрлар тайёрлаш сиёсатини давом эттириш, таълим сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш, бу соҳада инновацион илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш орқали таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Республикада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан иқтисодиёт тармоқларига киритилаётган инновацион технологик жараёнлар, тадбиркорлик, кичик бизнесни қўллаб-қувватлашнинг янгича ёндашувлари натижасида яратилаётган янги технологик иш ўринлари ўрта бўғин кадрларини тайёрловчи янги турдаги касб-ҳунар таълими муассасалари тармоғини шакллантиришни тақозо этади.

Ўзбекистон Республикасида касб-ҳунар таълимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, узлуксиз касбий таълим тизимини реал иқтисодиётнинг барча тармоқларига татбиқ этиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 январдаги

ПФ-5313-сонли Фармони билан ташкил этилган Касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштиришни мувофиқлаштириш Республика комиссияси томонидан қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари, яъни:

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурлари асосида тадбиркорлик соҳаси, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, ҳамда маҳаллий меҳнат бозори эҳтиёжларига асосан кадрлар тайёрлайдиган «Кўп тармоқли» касб-ҳунар коллежлари рўйхати 1-иловага мувофиқ;

иқтисодиёт тармоқларини комплекс ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳалар асосида яратиладиган янги иш ўринларини малакали мутахассислар билан бутлашга йўналтирилган вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар  тасарруфида фаолият кўрсатадиган «Идоравий» касб-ҳунар коллежлари рўйхати 2-иловага мувофиқ;

олий таълим тизими билан интеграциялашган «Олий мактаб» кўринишида фаолият кўрсатадиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари рўйхати 3-иловага мувофиқ;

олий таълим муассасалари фаолиятини кенгайтириш, қувватларини ошириш, истиқболда республикамиз ҳудудларида хорижий олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларини ташкил этиш мақсадида фойдаланиладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати 4-иловага мувофиқ;

умумий ўрта таълим мактаблари сифатида фойдаланиладиган касб-ҳунар коллежлари рўйхати 5-иловага мувофиқ;

бино ва иншоотлари вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларга берилган касб-ҳунар коллежларининг фаолияти тугатилган деб ҳисобланиб, уларнинг махсус устахоналари ва жиҳозларининг ҳаракати рўйхати 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими маркази (кейинги ўринларда Касб-ҳунар таълими маркази деб юритилади), манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда касб-ҳунар таълим муассасаларининг ётоқхоналари, жиҳозлари, ўқув адабиётларидан самарали фойдаланиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

3. Белгилансинки:

а) «Кўп тармоқли» касб-ҳунар коллежлари:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тасарруфида фаолият кўрсатади.

бошланғич касб-ҳунар таълими даражасида кундузги ва кечки таълим шаклларида кадрлар тайёрлайди, бунда тадбиркорлик, шу жумладан, кичик бизнес, томорқа бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун билим, малака, кўникма бериш устувор вазифа ҳисобланади;

жорий сақлаш, жорий фаолиятини амалга ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш харажатлари ўқувчиларнинг тўлов-контракт асосида тушадиган маблағлари ҳамда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланади;

кадрлар тайёрлаш касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблик даражасидан келиб чиққан ҳолда 1 йилгача бўлган муддатда амалга оширилади;

якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган битирувчиларга давлат намунасидаги диплом ва тегишли касблар бўйича белгиланган тартибда разрядлар берилади;

директорлари тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади;

ўқувчилар қабул қилиш кўрсаткичлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан шакллантирилади ва Касб-ҳунар таълими маркази томонидан тасдиқланади.

б) «Идоравий» касб-ҳунар коллежлари:

вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, кластерлар ва йирик корхоналар тасарруфида фаолият кўрсатади;

ўрта касб-ҳунар таълими даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалар ва йирик корхоналарнинг ўз эҳтиёжлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг буюртмалари асосида шакллантирилган буюртмалар портфели бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;

вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, кластерлар, йирик корхоналар ва бошқа иш берувчиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва ўқувчиларнинг тўлов-контракт асосида тушадиган маблағлари ҳисобидан фаолият юритади;

кадрлар тайёрлаш касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда амалга оширилади;

якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган битирувчиларга давлат намунасидаги диплом ва тегишли касблар бўйича белгиланган тартибда разрядлар берилади;

тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, кластерлар, йирик корхоналар раҳбарлари томонидан коллеж директорлари лавозимга тайинланади ва озод этилади;

тайёрлов йўналишлари, ўқувчилар қабул қилиш кўрсаткичлари вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, кластерлар, йирик корхоналар томонидан Касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

в) “Олий мактаблар”:

идоравий мансублиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа вазирликлар ҳамда идоралар тасарруфида фаолият кўрсатади;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даражасида кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида кадрлар тайёрлайди, бунда мутахассисликлар олий таълим тизими мутахассисликлари билан интеграциялашган таълим дастурлари амалиётга жорий этилади;

бино ва иншоотларининг коммунал хизмат ва жорий таъмирлаш харажатларининг манбаси этиб - давлат бюджети, фаолиятини молиялаштиришнинг асосий манбалари этиб - вазирлик, идоралар, йирик иш берувчи буюртмачиларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва ўқувчиларнинг тўлов-контракт асосида тушадиган маблағлари ҳисобланади;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даражасида кадрлар тайёрлаш камида 2 йил муддатда амалга оширилади;

якуний давлат аттестациясини муваффақиятли топширган битирувчиларга давлат намунасидаги диплом ва тегишли касблар бўйича белгиланган тартибда разрядлар берилади;

идоравий мансублиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа вазирликлар ҳамда идоралар томонидан олий мактаблар директорлари лавозимга тайинланади ва озод этилади;

ўқувчиларни қабул қилиш кўрсаткичлари вазирлик ва идоралар томонидан Касб-ҳунар таълими маркази билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

4. Давлат буюртмалари асосида ўрта бўғин мутахассислари тайёрланадиган касб-ҳунар коллежлари (мутахассисликлар ва касблар бўйича) Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

5. Бошланғич, ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даражасида кадрлар тайёрлайдиган таълим муассасаларда идоравий мансублигидан қатъий назар методик раҳбарлик қилиш ҳамда касб-ҳунар таълими соҳасида давлат сиёсатини юритиш вазифаси Касб-ҳунар таълими марказига юклансин.

6. Касб-ҳунар таълими муассасаларига ўзларига белгиланган асосий таълим даражаларидан қуйи поғонадаги касб-ҳунар таълим даражалари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилсин.

7.  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, тасарруфида касб-ҳунар таълим муассасалари бўлган вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар:

бир ой муддатда янгидан ташкил этилаётган касб-ҳунар таълими муассасаларида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тайёрлов йўналишларини белгилаш, ўқувчилар қабул кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, касбга йўналтириш ишларини амалга ошириш, амалиёт базаларини ташкил этиш, раҳбар ва педагог кадрлар билан бутлаш, битирувчилар бандлигини таъминлаш, моддий техник базани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш каби вазифаларни ўз ичига қамраб олган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва амалга оширишга киришсин;

2019/2020 ўқув йили бошлангунга қадар Касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда касб-ҳунар коллежларидаги мавжуд устахона жиҳозлари ва техник имкониятларидан келиб чиқиб, бюджетдан ташқари маблағлар ишлаб топиш бўйича ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйсин;

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, хизматларни лицензиялашни амалга оширувчи тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда уч ой муддатда касб-ҳунар коллежларида ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сертификатлаштириш ва хизмат кўрсатиш турларини лицензиялашни белгиланган тартибда ҳал этсин;

уч ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда касб-ҳунар таълим муассасаларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматлардан олинган соф даромадни моддий базасини ривожлантириш, педагог кадрлар ва ўқувчиларни рағбатлантиришни ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

2019 йил 1 июнга қадар бошланғич, ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим даражалари талаб этиладиган касблар ва лавозимларга қўйиладиган малака талабларини Касб-ҳунар таълими марказига тақдим этсин;

касб-ҳунар таълими муассасаларида давлат-хусусий шерикчилик асосида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича тадбиркорлик субъектларини кенг жалб этиш ва уларни рағбатлантириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифларни киритиб борсин;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги билан биргаликда касб-ҳунар таълим муассасаларини таълим хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ асосий фаолиятига қўшимча равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат берган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банкларига касб-ҳунар коллежларига ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, қўшимча жиҳозлар, ускуналар, техникалар ва хом ашёлар харид қилиш учун ўрнатилган тартибда имтиёзли кредитлар бериш тавсия этилсин.

9. Касб-ҳунар таълими маркази:

2019 йилнинг 1 июнига қадар касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартини ривожланган хорижий давлатларнинг касбий таълим бўйича тажрибасини ўрганиш асосида қайта ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;

2019/2020 ўқув йили бошлангунга қадар касб-ҳунар таълими муассасаларида тайёрланадиган касблар ва мутахассисликлар бўйича илғор хорижий давлатларнинг тажрибалар асосида ўқув режа ва дастурларини ишлаб чиқиш ва таълим жараёнига жорий этиш чораларини кўрсин;

таълим жараёнида инновацион таълим технологиялари қўллаш, ўқув-методик таъминотни амалга ошириш бўйича педагог кадрлар билан доимий ҳаракатдаги семинар-тренингларни ташкил этсин;

идоравий мансублигидан қатъий назар касб-ҳунар таълими муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг янги тизими бўйича ўрнатилган даврийликда ташкил этсин;

янги тоифадаги касб-ҳунар таълими муассасаларида хорижий фуқароларни ўқитишга жалб қилиш мақсадида касбга йўналтириш ишларини тизимли равишда олиб борсин;

2019 йилнинг 1 августига қадар касб-ҳунар таълим муассасаларини ўқув-методик адабиётлар билан босқичма-босқич таъминлаш ҳамда чоп этишни молиялаштириш тартиби бўйича таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда касб-ҳунар таълими муассасалари педагог ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини соддалаштириш, ортиқча қоғозбозлик ва ҳисоботларни камайтириш ҳамда ташкил этилаётган олий мактаблар тоифасидаги таълим муассасалар педагог ходимларининг иш ҳақи миқдорларини олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иш ҳақлари миқдорларига тенглаштириш, шунингдек касб-ҳунар таълим муассасалари педагог ходимлари иш ҳақларини белгилаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

10. Касб-ҳунар таълим маркази Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда мазкур қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

Общие комментарии

3518