ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3077 Министерство инновационного развития Республики Узбекистан 09/04/2019 24/04/2019 1

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Бизнес-акселератор ўқув-амалий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида
ID-3077

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ
 ҚАРОРИ

 

Бизнес-акселератор ўқув-амалий маркази фаолиятини
ташкил этиш тўғрисида

          Ёшларни иш билан таъминлаш, уларда муҳандислик кўникмаларини шакллантириш ва инновацион фаолиятга бўлган қизиқишини уйғотиш, шунингдек, ҳудуднинг ижтимоий ҳолатини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

          1. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Сирдарё вилоят ҳокимлигининг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази қошида давлат муассасаси шаклидаги мактабгача ёшдаги болалар инновацион технопаркини ўз ичига олган “Бизнес-акселератор” ўқув-амалий марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

          2. Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

          юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда бозор иқтисодиёти тамойилларига мос келувчи ўқув курсларини ташкил этиш;

          мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун Болалар инновацион технопаркини ташкил қилиш ва фаолиятини таъминлаш;

          Сирдарё вилоятида кичик ишлаб чиқариш тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга кўмаклашиш ва маркетинг соҳасида билим бериш;

          ёшларда тадбиркорликка бўлган қизиқишни уйғотиш, бизнесни юритиш қоидаларини ўргатиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш бўйича амалий кўникмаларни шакллантириш;

          қулай муҳитда ёш тадбиркорларнинг бизнесини йўлга қўйиш орқали қўшимча иш ўринларини яратишга кўмаклашиш;

          замонавий ахборот ва инновацион педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда ўқитишни ташкил этиш;

          ўқув курсларини тамомлаган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун инвесторларни топишга кўмаклашиш;

          замонавий билимлар асосида ўсиб келаётган ёш авлодда футуристик дунё қарашни шакллантириш.

          3. Марказни жойлаштириш ва фаолиятини ташкил этиш учун Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳри, Ўзбекистон кўчаси, 86-уйда жойлашган Педагогика коллежига қарашли бўлган 1- ва 2-сон талабалар ётоқхонаси бинолари (кейинги ўринларда – объект) Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий Марказга оператив бошқарув ҳуқуқи билан бепул берилсин.

          4. Марказ фаолиятини молиялаштириш манбаси сифатида қуйидагилар белгилансин:

          хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятидан тушадиган маблағлар;

          халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар ва кредитлар;

          жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг хайрия маблағлари;

          қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

          5. Тижорат банклари Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ўқув курсларини тамомлаган ёшлар учун технологик ускуналар ҳамда жиҳозлар сотиб олиш ва ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилишлари учун кредит ажратилишини таъминласин.

          6. Марказ 2 ҳафта муддатда объектни қайта таъмирлаш бўйича асосланган ҳисоб-китобларни Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Капитал қурилиш бошқармасига таъмирлаш билан боғлиқ ишларни ташкил қилиш учун тақдим этсин.

          7. Марказ биносини капитал таъмирлаш ва унинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш билан боғлиқ харажатлар қуйидаги манбалар ҳисобидан қопланади:

          ажратилган бинони капитал таъмирлаш харажатлари Сирдарё вилояти ҳокимлигининг бюджетдан ташқари ва хомийлар маблағлари ҳисобидан;

          марказни зарурий моддий техник база билан, шунингдек мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларига мўлжалланган болалар инновацион технопарки  учун зарур жиҳозлар ва робототехника тўпламлари билан таъминлаш Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан.

          8. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий марказига бир дона енгил хизмат автомашинаси учун лимит ажратилсин.

          9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Сирдарё вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда:

          Марказ Уставини ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини, шунингдек, унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини;

          Марказни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширсин.

          10. Мазкур Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдураҳмонов ва Сирдарё вилояти хокими Ғ.Ғ. Мирзаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг
                   Бош вазири                                                                                                                                  А. Арипов

Общие комментарии

708