ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
3008 Министерство народного образования Республики Узбекистан 03/04/2019 18/04/2019 1

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида
ID-3008

Мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, маънавий-ахлоқий, жисмонан етук, ватанпарвар, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқатли ёшларни вояга етказиш, уларни амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг фаол ва жонкуяр иштирокчисига айлантиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларининг ушбу жараёндаги иштироки, шунингдек жисмоний ва руҳий соғлом шахсни тарбиялаш, болаларда меҳнатсеварлик ва комил инсон бўлишга интилиш туйғусини шакллантиришдаги фаолияти янада такомиллаштиришни талаб этади.

Вояга етмаганларни ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштиришда уларнинг ижтимоий ҳолати, шахсий хислатлари, содир этган қилмишининг хавфлилик даражасининг тўлиқ ва тўғри баҳоланишини таъминлаш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидаги бугунги ҳолат ўқув жараёнини сифатли давлат таълим стандартлари асосида ташкил этиш, ўқитувчи, тарбиячи, психолог ва бошқа ходимларнинг тарбияланувчиларга таълим бериш, уларга касб-ҳунар ўргатиш борасидаги кўникма ва малакаларини оширишни тақозо этади.

Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, алоҳида шароитларда тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида, шунингдек 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Бахт шаҳридаги ўғил болалар махсус коллежи, Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи, Самарқанд шаҳридаги 64-сонли ўғил болалар мактаб-интернати ва Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар мактаб-интернатини тугатиш ва уларнинг негизида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси ҳамда Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасасини (кейинги ўринларда – Республика ўқув-тарбия муассасалари) ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Белгилансинки:

а) Республика ўқув-тарбия муассасаларига қуйидагилар:

ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўлиқ англаб етишга қодир бўлмаган вояга етмаганлар;

айблилиги тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб жиноий жавобгарликдан озод қилинган, материаллар вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун топширилган вояга етмаганлар;

Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тариқасидаги мажбурлов чораси қўлланилган ҳолда жиноий жазодан озод қилинган вояга етмаганлар;

якка тартибдаги профилактика иши олиб борилаётганлиги, ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларининг (кейинги ўринларда – Марказ) хулосаси асосида васий ва ҳомий тайинланган, жойлаштиришнинг бошқа шакллари қўлланилган, бироқ ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир қилишни давом эттирган вояга етмаганлар суд қарори асосида жойлаштирилади;

б) жиноят содир этмаган, қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаганлар уларнинг хулқ-атвори, психологик портрети, ёши, иқтидори, қобилияти, қизиқишлари ва бошқа омилларни инобатга олган ҳолда туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида иловадаги вазирлик ва идоралар тасарруфидаги ихтисослаштирилган умумтаълим ёки ўрта махсус муассасаларига (кейинги ўринларда – Ихтисослаштирилган муассасалар) жойлаштирилади;

в) 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб Республика ўқув-тарбия муассасаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг
100 фоизи миқдорида тўланади.

3. 2019 йил 1 майдан эътиборан алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож бўлган вояга етмаганларни Республика ўқув-тарбия муассасалари ёки Ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштиришнинг қуйидаги янги тартиби жорий этилсин:

Марказ вояга етмаганни энг кўпи билан қирқ беш кун муддатда ўз ота-онаси ва ота-онасининг ўрнини босувчи шахсларга қайтаради ёки вояга етмаганни яшаш учун зарур шароитлар йўқлиги ёки бошқа сабабларга кўра яшаш жойига қайтиш имкони бўлмаган тақдирда, унга васий ва ҳомий тайинлаш, жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш масаласини ҳал этган ҳолда Ихтисослаштирилган муассасаларга ёки истисно тариқасида Республика ўқув-тарбия муассасаларига юбориш ҳақида вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссияга хулоса тақдим этади;

вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиянинг қарори асосида вояга етмаганни Ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш тўғрисида ҳоким қарори, Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш тўғрисида суд қарори қабул қилинади.

4. Белгилансинки, тасарруфида ихтисослаштирилган муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар:

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар тавсияси бўйича қабул қилинган ҳоким қарорига асосан юборилаётган вояга етмаганларни Ихтисослаштирилган муассасаларга истисно тариқасида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилади;

ҳар бир вояга етмаганлар учун алоҳида мураббий бириктириш ва унинг таълим-тарбиясини доимий равишда назорат қилиш, Ихтисослаштирилган муассасаларни битиргандан кейин уни иш билан таъминлаш ҳамда ўз тасарруфидаги олий таълим муассасаларига киришига кўмаклашади.

5. Туман (шаҳар) ҳокимлари вояга етмаганларни Республика ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш тўғрисида судга юборилган илтимосномаларнинг асослилигига шахсан жавобгарлиги белгилаб қўйилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда вояга етмаганларни вазирлик ва идоралар тасарруфидаги умумтаълим ёки ўрта-махсус ихтисослаштирилган муассасаларига ҳамда Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган тартибни тасдиқласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

а) 2019 йилнинг 1 августига қадар:

Республика ўқув-тарбия муассасаларининг ўқув дастурларини қайта кўриб чиқсин, уларга жойлаштирилаётган болаларнинг эҳтиёжлари ва муаммолари туридан келиб чиққан ҳолда индивидуал реабилитацион дастурларни (ҳаётий кўникмаларга ўргатиш, гиёҳвандлик ва алкогол воситаларга қарамликдан даволаш, руҳий жароҳат асоратлари билан ишлаш ва бошқа дастурлар) ишлаб чиқсин ҳамда тўгараклар фаолиятини кенгайтириш чораларини кўрсин;

Республика ўқув-тарбия муассасалари штатлар жадвалларини тасдиқласин, бунда тугатилаётган ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари штатлари ҳисобига янги ташкил этилаётган Республика ўқув-тарбия муассасаларида
ҳар 20 нафар тарбияланувчига бир нафар психолог ва ижтимоий ходим, шунингдек бир нафар шифокор-гинеколог штат бирликларини ажратсин;

Республика ўқув-тарбия муассасаларини кенг дунёқараш ва юқори малакага эга ўқитувчилар, тарбиячилар ва психологлардан иборат таркибда қайта шакллантирсин;

Республика ўқув-тарбия муассасаларини замонавий ўқув, ўқув-методик
ва бадиий адабиётлар, даврий журналлар билан таъминлаш, ахборот-ресурс марказлари фондларини янгилаш чораларини кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда давлат органларининг
“Ишонч телефонлари” орқали тарбияланувчиларга ёрдам кўрсатиш тизимини яратсин, шунингдек, Республика ўқув-тарбия муассасалари
да зарур алоқа воситалари билан жиҳозланган алоҳида хоналарни ажратсин, “Ишонч телефонлари” узлуксиз ишлашини ҳамда улардан тарбияланувчиларнинг эркин фойдаланишини, Республика ўқув-тарбия муассасаларини “ZiyoNET” таълим тармоғига уланишини таъминласин;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда Республика ўқув-тарбия муассасаларининг ҳудудлари ва хоналарини Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан видеокузатув камералари билан жиҳозланишини, уларнинг техник созлиги ва узлуксиз ишлашини, шунингдек видеоёзувлар махсус архивда камида бир йил давомида сақланишини таъминласин;

б) вояга етмаганлар дуч келадиган муаммоларни муҳокама қилиш, уларнинг ечимини топиш ва тарбияланувчиларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган “case-study” (вазиятни таҳлил қилиш усули), гуруҳларда ишлаш, баҳс-мунозаралар, ситуацион ўйинлар, ақлий ҳужум каби илғор интерактив ўқитиш усулларини ўқув-тарбия жараёнига кенг жорий этилишини таъминласин;

тарбияланувчиларда меҳнат кўникмалари ва мустақил ижодий фикрлаш қобилиятларини шакллантириш, уларни касбга йўналтириш ва бўш вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида вояга етмаганнинг Республика ўқув-тарбия муассасасида бўлган давр мобайнида ҳар ҳафтада 1 кун 6 соатдан касбга ўргатиш бўйича амалий меҳнат машғулотлари ўтказилишини таъминласин;

таниқли фан, маданият, санъат ва адабиёт, дин арбоблари, турли соҳаларнинг илғор мутахассислари иштирокида ҳар уч ойда камида бир маротаба тарбияланувчиларда юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш ва мустаҳкамлаш, уларни ҳалоллик ва ахлоқ-одоб руҳида тарбиялашга қаратилган учрашув ва давра суҳбатлар ташкил этсин.

8. Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси:

а) 2019 йил 1 сентябрга қадар:

янги ташкил этилаётган Республика ўқув-тарбия муассасаларини малакали педагоглар, психологлар ва бошқа ишчилар билан таъминлаш, заруратга қараб янги штатлар жорий этиш;

ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидаги тарбияланувчилар билан инвидуал равишда суҳбатлар ўтказиш асосида уларни тоифаларга ажратган ҳолда ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ва ҳомий тайинлаш, жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш, шунингдек Ихтисослаштирилган муассасаларга ёки Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш чораларини кўрсин;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчилари ва уларнинг оиласидаги аҳволни ҳар томонлама ўрганилишини ва баҳоланишини, тарбияланувчилар ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтгандан сўнг уларни ўқишга жойлаштириш, ижтимоий мослашуви ҳамда оиласидаги муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, ота-оналари ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг салоҳиятини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, моддий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш чораларини кўрсин;

б) вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан вояга етмаганни Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш масаласи кўриб чиқилганда таълим муассасаси, маҳалла, Ёшлар иттифоқи, профилактика инспектори, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг масъул ходимлари иштирокида вояга етмаган, унинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар билан олиб борилган профилактика ишлари чуқур ўрганилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Сенатнинг тегишли қўмитаси ҳамда халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши ва халқ депутатлари Сирдарё туман Кенгашининг қўшма мажлисларида ҳар йили камида икки маротаба тегишли Республика ўқув-тарбия муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнларини муҳокама қилиш, ушбу муассаса раҳбарларининг ҳисоботлари эшитиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки, ҳисоботлар эшитилаётганда тарбияланувчилар билан олиб борилаётган таълим-тарбия жараёнлари, уларнинг хулқ-атворини ўзгартириш борасида амалга оширилаётган ишлар, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат, ушбу муассасалардаги ижтимоий-маънавий муҳит танқидий муҳокама қилинади, ушбу муассасалар раҳбарлари ва бошқа ходимлари фаолиятининг самарадорлигига алоҳида баҳо берилади, шунингдек, уларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқ ёки нолойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилинади.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳар йили камида бир маротаба Республика ўқув-тарбия муассасаларида ўқув-тарбия жараёнлари, ўқитувчилар таркиби сифатини ўргансин ҳамда тарбияланувчилар билимларининг Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари ва малака талабларига мувофиқлигини таҳлил қилиб борсин.

11. 2019 йил 1 сентябрдан эътиборан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга биноан:

а) Республика ўқув-тарбия муассасаларига ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди;

б) Республика ўқув-тарбия муассасаларидаги гуруҳлар ва синфларда ўқувчилар билан тўлдирилиши 15-20 нафар этиб белгиланади;

в) Ўзбекистон ёшлар иттифоқи:

Республика ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчиларининг замонавий касб-ҳунарларни пухта эгаллаши учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш, ишбилармонлик қобилиятини ривожлантириш, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, ташаббусларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришига кўмаклашиб боради;

Республика ўқув-тарбия муассасаларида ҳар ойнинг биринчи шанба куни “Маънавият куни” деб белгиланади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Маданият вазирлиги билан биргаликда ушбу муассасалардаги болалар учун маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб боради ва тарбияланувчиларнинг тарихий-меъморий мажмуалар, ҳайвонот боғлари, театрлар, музейлар ва бошқа маданий-кўнгилочар жойларга ташрифларини уюштириб боради;

Республика ўқув-тарбия муассасаларидан қайтган вояга етмаганларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакилларини бириктиради ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўради;

г) Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси доимий равишда Республика ўқув-тарбия муассасаларини битираётган қизлар рўйхатини юритиб боради ҳамда улар билан якка тартибда аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни ташкил этади ҳамда уларни манзилли қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш чораларини кўриб боради;

д) Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Республика ўқув-тарбия муассасалари битирувчиларини иқтисодиёт тармоқлари ва меҳнат бозорининг реал эҳтиёжларидан келиб чиқиб, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини олиб боради;

е) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Марказга мунтазам равишда ҳамда Республика ўқув-тарбия муассасаларига келтирилган вояга етмаганларни қатъий тарзда ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтказиб боради ҳамда бемор тарбияланувчиларни ўзининг тасарруфидаги тиббиёт муассасаларида бепул даволайди.

12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаганларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг тарбияланиш шароитларини яхшилаш мақсадида 2020-2023 йилларда Инвестиция дастури доирасида Республика ўқув-тарбия муассасаларини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича ҳар йили
1 сентябрга
қадар аниқ таклифларни киритсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Олий судига вояга етмаганни Республика ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш масаласи судлар томонидан синчковлик билан ўрганиб чиқилиши, бунда вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар томонидан қабул қилинган қарорлар етарли асослантирилганлиги, вояга етмаганнинг ота-онаси ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, маҳалла, Ёшлар иттифоқи, халқ таълими, ички ишлар, соғлиқни сақлаш органлари ва Марказнинг фикр-мулоҳазалари эшитилиши, шунингдек вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасаларнинг амалга оширган профилактика ишлари самарадорлигига баҳо берилишига эътибор қаратиш тавсия этилсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

Бош прокуратура билан биргаликда икки ой муддатда Марказлар фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш асосида уларнинг мавжуд ташкилий тузилмаси ҳамда иш жараёнини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ички ишлар органларининг мавжуд штатлари доирасида Ихтисослаштирилган муассасаларга бир нафар психолог ва бир нафар ижтимоий ходим лавозимларини ажратиш чораларини кўрсин;

вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси соҳасида ишлайдиган ходимларни касбий тайёрлаш
ва малакасини ошириш дастурларига хавф гуруҳидаги вояга етмаганлар
ва уларнинг оилалари билан ишлашга оид модуллар киритсин.

15. Фарғона вилояти, Қўқон шахар, Маварауннахр кўчаси, 92-уйда жойлашган Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудудлари билан бирга Халқ таълими вазирлигига оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул берилсин.

16. Касб-ҳунар таълими тизимини янада такомиллаштиришни мувофиқлаштириш Республика комиссияси (А.Абдухакимов) ва Халқ таълими вазирлиги фаолияти тугатилаётган Қўқон шаҳридаги махсус енгил саноат коллежи ва Чиноз туманидаги 5-сонли қиз болалар мактаб-интернатининг бинолари, иншоотлари, лаборатория ва жиҳозлари, бошқа объектлар ва моддий бойликларидан халқ таълими тизимида самарали фойдаланиш чораларини кўрсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан маблағлар ажратсин, шунингдек, ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида кўрсатилган мақсадлар учун зарур маблағларни назарда тутсин.

18. Республика қиз болалар ўқув-тарбия муассасаси Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Бахт шаҳри, “Тадбиркор” маҳалласи манзилида;

Республика ўғил болалар ўқув-тарбия муассасаси Самарқанд шаҳар, Ўзбектракт кўчаси, 11-уй манзилида жойлаштирилсин.

19. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси вояга етмаганлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан назоратни кучайтирсин.

20. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда Республика ўқув-тарбия муассасалари тўғрисидаги низом ишлаб чиқилишини таъминласин.

21. Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

22. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Қ.Қ.Қуранбаев зиммасига юклансин.

Общие комментарии

1176