ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
2998 Министерство народного образования Республики Узбекистан 02/04/2019 17/04/2019 2

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги Лал Баҳодур Шастри номидаги ҳинд тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни ташкил этиш тўғрисида
ID-2998

Ўсиб келаётган ёш авлодни чет тилларга ўқитиш, шу тилларда эркин сўзлаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда бунинг негизида, уларнинг жаҳон цивилизацияси ютуқлари ҳамда дунё ахборот ресурсларидан кенг кўламда фойдаланишлари, халқаро ҳамкорлик ва мулоқотни ривожлантиришлари учун шарт-шароит ва имкониятлар яратиш ҳамда мамлакатимизда ҳинд тилини янада чуқурлаштириб ўргатилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Олмазор туманидаги 24-сонли умумий ўрта таълим мактаби негизида Лал Баҳодур Шастри номидаги ҳинд тилини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабни (кейинги ўринларда ихтисослаштирилган мактаб деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қуйидагилар ихтисослаштирилган мактабнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда чет тилларини, айниқса ҳинд тилини чуқур ўқитилишини ташкил этиш;

юқори касб маҳоратига эга бўлган педагогларни жалб этган ҳолда ўқувчиларнинг ёш (ҳинд ва ўзбек) адабиётшунослар, ёш таржимонлар жамоаларини ташкил қилиш, уларнинг республика ва халқаро фан олимпиадаларида мунтазам иштирок этишларини таъминлаш;

ўқувчиларни чет тилларини, айниқса ҳинд тилини билиш даражасини тасдиқловчи миллий ва халқаро эътироф этилган сертификатлар олишга тайёрлаш;

ўқув жараёнининг Ҳиндистон Республикаси таълим тизими билан ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва икки томонлама узвийликни таъминлаш мақсадида ўқувчиларга чет тилларини ўргатиш, ахборот коммуникация ҳамда илғор педагогик технологиялардан фойдаланиш йўналишида Ҳиндистон Республикасининг етакчи таълим муассасаларида амалиёт ўташлари, ўзаро тажриба алмашишлари бўйича яқин ҳамкорликни ташкил этиш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб, ихтисослаштирилган мактабнинг
5-6-7- синфларига ҳамда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб 5-синфига 30 нафардан ўқувчилар қабул қилинади;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига ихтисослаштирилган мактабнинг моддий-техника базаси, педагог кадрлар салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда:

икки ҳафта муддатда “Ustozoda xalq sanʼati ustalari korxonasi” унитар корхонасига тегишли Тошкент шаҳар Олмазор тумани, Сағбон кўчаси, 109-уй манзилида жойлашган 24-сонли умумтаълим мактабининг собиқ таъмирталаб биноси ва унинг тегишли ҳудуди ва иншоотлари Олмазор тумани халқ таълими бўлимига оператив ҳуқуқи билан бепул ўтказиш;

2019 йилнинг 1 августига қадар ихтисослаштирилган мактабнинг мавжуд биносини мукаммал таъмирлаш ва собиқ биносини реконструкция қилиш ҳамда жиҳозлаш ишларини якунлаш;

мазкур мактаб ҳудудидаги Лал Баҳодур Шастри ҳайкалини Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан реставрация қилиш ва уни сифатли ўрнатиш чораларини кўрсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда:

Ихтисослаштирилган мактабни чет тиллари, айниқса, ҳинд тили йўналишида юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, ўқув-тарбия жараёнини халқаро андозалар асосида ташкил этиш мақсадида унга Тошкент давлат шарқшунослик институти ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчиларини белгиланган тартибда жалб этсин;

ўн кун муддатда ихтисослаштирилган мактабнинг уставини тасдиқласин хамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.

6. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Олмазор тумани “Баркамол авлод” болалар марказига тегишли Олмазор тумани, Зиёвуддин Бобохонов кўчаси, 13-уй манзилидаги биноси ва унинг тегишли ҳудуди ва иншоотлари “Ustozoda xalq sanʼati ustalari korxonasi” унитар корхонасига оператив ҳуқуқи билан бепул бериш таклифи маъқуллансин.

Халқ таълими вазирлиги Олмазор тумани халқ таълими бўлимига тегишли Олмазор тумани, Ниёзова кўчаси, 19-уй манзилида жойлашган биноси ва унинг тегишли ҳудуди ва иншоотлари туман “Баркамол авлод” болалар марказига оператив ҳуқуқи билан бепул ўтказилсин.

7. 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда ихтисослаштирилган мактабнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, белгиланган тартибда мактабнинг кутубхона фондини зарур дарсликлар
ва ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджет параметрларида “Таълим” соҳасига ажратилган маблағлар доирасида 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактабнинг таъминоти учун зарур маблағларни назарда тутсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – Транспорт вазири А.Ж.Раматов, Халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов ва Тошкент шаҳар ҳокими Ж.А.Артикходжаев зиммасига юклансин.

Общие комментарии

682