ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
2828 Хокимият Сырдарьинской области 16/03/2019 31/03/2019 1

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
2019 ЙИЛДА СИРДАРЁ ВИЛОЯТИНИНГ ХОВОС ТУМАНИ МАРКАЗИНИ КОМПЛЕКС РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА
ID-2828

Лойиҳа

 

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

 

2019 йилда СИРДАРЁ вилоятининг Ховос тумани марказини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида

Сирдарё вилояти Ховос туманининг марказини комплекс ривожлантиришни таъминлаш, бунда туманда ишлаб чиқариш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини янада ривожлантириш орқали бюджет даромадлари базасини кенгайтириш, муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолининг бандлиги, даромадлари ва турмуш даражасини изчил ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қурилиш вазирлиги (Тўхтаев), Сирдарё вилоят ҳокимлиги (Мирзаев) бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташриф баёнининг
2019 йил 26 февралдаги  4488- хҳ-сонли йиғилиш баёнига асосан Ховос тумани марказининг истиқболли бош режасига киритиладиган ўзгартиришлар асосида қўшимча равишда қуриладиган объектларнинг жойлашувини белгиласин ва бош режасини тасдиқласин.

2. Сирдарё вилоятининг Ховос тумани Бош режасини инобатга олган ҳолда қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2019 йилда Ховос туманининг марказини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) тасдиқлансин;

2019 йилда Ховос тумани марказини муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал қуриш дастурининг асосий кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;

ижтимоий соҳа инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Дастур параметрларининг бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тижорат банклари фаолиятини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш вазифаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар ва мудофаа саноати масалалари котибияти зиммасига юклатилсин.

Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар ва мудофаа саноати масалалари котибияти:

давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, тижорат банклари томонидан Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таҳлил қилиб борсин ва мувофиқлаштирсин;

дастур бажарилишининг мониторинги олиб борилишини ташкил этсин ва ҳар ойда тизимли равишда муаммоли масалаларни кўриб чиқсин, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий чора-тадбирлар кўрсин;

зарурат бўлганда, тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари асосида Дастурга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин.

4. Сирдарё вилояти ҳокимлиги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш, замонавий технологик асбоб-ускуналар билан бутлаш ва лойиҳаларни фойдаланишга топширишнинг аниқ муддатлари кўрсатилган тармоқ жадвалларини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

5. “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Ховос тумани марказида 20 та беш қаватли арзон уй-жойлар қурилиш ишларини 2019 йилда тўлиқ якунлаш ва фойдаланишга топширсин.

Бунда, Ховос тумани марказида қуриладиган 20 та беш қаватли арзон
уй-жойлар ўрнида аҳолининг бузиладиган турар-жойларни компенсация тўловларини “Қишлоқ Қурилиш Инвест” МЧЖ ИКнинг захира жамғармасидан ажратилсин.

6. Тижорат банклари томонидан қуриладиган 10 та кўп қаватли уй-жойлар учун фуқароларга ажратиладиган ипотека кредитларини 20 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган миқдорда кредит маблағлари ажратилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

пудратчи ташкилотларга Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан ошмаган миқдорда ўн саккиз ой имтиёзли давр билан 2 йилга кредит маблағини бериш;

мазкур уй-жой қурилишларида қатнашаётган пудратчи корхоналарга истисно тариқасида “Ўзметаллкомбинат” АЖ ва “Бекободцемент” АЖ томонидан цемент ва металл маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотилишига рухсат берилсин.

7. Йўл-транспорт инфратузилмасини реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги Ховос туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси “Бош пудратчи этиб белгилансин.

8. Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан Ховос-Даштобод йўналишидаги А376 “Қўқон-Жиззах” автомобиль йўлининг 219-242 км. йўл ёқасини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва суғориш тизимини ташкил қилиш учун жорий йилда зарурий миқдоридаги маблағларни ажратсин.

9. “Бек кластер” МЧЖ ҚКнинг Ховос тумани марказини бош режасига асосан қурилиши режалаштирилган “Истироҳат боғи”ни ўз маблағлари ҳисобидан қуриш бўйича таклифи маъқуллансин;

 Ховос туман ҳокимлиги (Бобоев) “Бек кластер” МЧЖ ҚКга “Истироҳат боғи”ни қуриш учун белгиланган тартибда зарур ер майдони ажратиб берсин.

10. Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат Солиқ қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастр бўйича давлат қўмитаси,  «Ўзбекэнерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ га дастурнинг 1-иловасида кўрсатиб ўтилган Ховос туман марказида қуриладиган янги бино қуриш ишларини
2019 йилда якунлаш топширилсин.

11. «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ Сирдарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиққан ҳолда, Дастур доирасидаги қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда ғишт, товарбетон ва асфальтобетон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз етказиб берилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда Дастурда назарда тутилган инвестиция лойиҳаларини жорий ва келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини шакллантиришда инобатга олсин.

13. Дастур параметрларини ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилиши учун Сирдарё вилоятининг Ховос тумани секторлари раҳбарлари бириктирилган ҳудуд кесимида лойиҳа ташаббускорларига кўмаклашиб, юзага келган муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўрсин ҳамда уларнинг фаолияти натижадорлиги юзасидан асосланган хулоса ва таклифларни Сирдарё вилояти ҳокимлигига киритиб борсин.

14. Сирдарё вилояти ҳокимлиги ҳар чорак якунида Дастурдаги тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича лойиҳа ташаббускорлари фаолиятининг натижадорлигини вилоят ва туман фаоллари йиғилишларида муҳокама қилиш ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боришни таъминласин.

15. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири вазифасини бажарувчи
Т.А. Худайбергенов ва Сирдарё вилояти ҳокими Ғ.Ғ. Мирзаевлар зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг

                          Бош вазири                                                                                                                                                                     А. Арипов

                                                                 

Общие комментарии

660