ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
2771 Министерство экономики и промышленности Республики Узбекистан 13/03/2019 28/03/2019 27

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида
ID-2771

Республика иқтисодиёти тармоқлари ва соҳаларида эҳтиёж юқори бўлган мутахассисликлар бўйича юқори малакали мутахассислар тайёрлашни таъминлаш, бакалавр ва магистрларни тайёрлашда иш берувчиларнинг жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда сон ва таълим йўналишлари уйғунлигига эришиш, олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнатидан тармоқ, ҳудудий ва мақсадли инвестицион лойиҳалар портфелларини инобатга олган ҳолда фойдаланишни таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ:

1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар иштирокида:

олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва иш берувчиларнинг олий таълим муассасалари битирувчиларига бўлган давлат эҳтиёжининг параметрлари ишлаб чиқилганлиги;

аниқ йўналиш ва мутахассисликлар бўйича тайёргарликка эга бўлган олий таълим муассасалари битирувчиларига нисбатан истиқболга мўлжалланган давлат буюртмаси, ҳамда битирувчиларнинг мутахассисликлари бўйича ишга жойлашуви юзасидан олиб борилган мониторинг натижалари асосида, давлат эҳтиёжлари учун 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш парамертлари шакллантирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

олий таълим муассасаларига қабул иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг мақсадли инвестицион лойиҳаларни инобатга олган ҳолда Давлат аҳамиятига эга бўлган соҳалар учун олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжнинг Давлат буюртмаси асосида;

қўшимча қабул параметрлари олий таълим муассасалари томонидан мавжуд қувватлари ва профессор-ўқитувчилари таркиби ҳамда реал бозор эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, мустақил равишда амалга оширилади.

3. 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари:

бакалавр йўналишларига 1-иловага мувофиқ;

магистратура мутахассисликларига 2-иловага мувофиқ;

махсус сиртқи бўлимларда бакалаврлар йўналишларига 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари буюртмаларига биноан 2019/2020 ўқув йилида юқори малакали тиббиёт, халқ таълими, маданият ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун олий таълим муассасаларига давлат грантлари асосида бакалавриат йўналиши бўйича мақсадли қабул параметрлари 4-иловага мувофиқ маъқуллансин.

5. Имтиҳон фанлари блоки ва кетма-кетлигининг мослигини ҳисобга олган ҳолда, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб абитуриентларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасаси (таълим йўналиши)га ҳужжат топшириш ҳуқуқи берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда абитуриентларни бир вақтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш имкониятини берувчи механизмни ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда Давлат комиссияси деб аталади) таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Давлат комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
бакалавриат таълим йуналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича олий таълим муассасаларига ўқишга кириш чоғида абитуриентлар тўплаган балларнинг рейтинг баҳосини ҳисобга олган ҳолда олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига қабул қилиш параметрларига ўзгартиришлар киритиш;

бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ олий таълим муассасаси (таълим йўналиши)га ҳужжат топширган абитуриентларни кириш тест синовлари натижасига кўра тўплаган баллари тавсия этишга етарли бўлган олий таълим муассасаларига тақсимлаш;

янги йўналишлар ва мутахассисликларни киритиш учун бакалавриат ҳамда магистратуранинг давлат буюртмаси параметрларига ўзгартиришлар киритиш;

иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг, шу жумладан, республиканинг олис ва бориш қийин бўлган туманларининг мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратурасига тегишли тармоқлар ва ҳудудлар бўйича мақсадли қабул кўрсаткичларини белгилаш.

7. Тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда бир ой муддатда тасарруфидаги олий таълим муассасаларининг бакалавриат ва магистратура бўйича ўринлар квотасини таълим тилларига қараб тақсимлашга оид таклифларни Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда икки ҳафта муддатда ушбу қарорда белгиланган давлат эҳтиёжи параметрларидан келиб чиқиб, олий таълим муассасалари томонидан қўшимча мустақил белгилашлари мумкин бўлган қабул кўрсаткичларини аниқлаб, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда Давлат комисиясига киритилишини таъминласин;

тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда олий таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки бўлимларига қабул квоталари юзасидан, салоҳиятли талабгорларнинг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича эҳтиёжларини ҳисобга олиб асосланган таклифларни, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилган ҳолда Давлат комиссиясига киритсин;

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб табақалаштирилган тўлов-контракт тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали олий таълим муассасаларини ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш, уларга молиявий масалаларда мустақиллик бериш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиб, ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Белгилансинки, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

абитуриентлар олий таълим муассасасига ҳужжатларни яшаш манзилидан қатъий назар давлат хизматлари марказлари орқали торшириш ҳуқуқига эга;

тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинган барча босқич талабалари стипендиялардан воз кечиш ҳисобига йиллик олинадиган стипендия миқдорига мос равишда камайтирилган тўлов-котракт пулини тўлаш ҳуқуқига эга;

олий таълим муассасаларининг сиртқи ва кечки таълим бўлимларида ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда ўқитишнинг қиймати кундузги таълим шаклидан паст бўлганлигини инобатга олиб, тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича кундузги ўқитиш шакли қийматидан кўп бўлмаган миқдорида белгиланади.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

Ўзстандарт агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда бир ой муддатда янги киритилаётган бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари юзасидан олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига белгиланган тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритсин;

икки ой муддатда янги киритилаётган бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича малакавий талаблар, ўқув режалари ҳамда дастурлар ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019/2020 ўқув йилида давлат грантлари асосида бакалавриат ва магистратурага ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган квоталарни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кадрлар буюртмачилари бўлган йирик хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда ҳар йили янги ўқув йили бошлангунига қадар бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ўқув режалари ва дастурларини меҳнат бозори конъюнктурасининг тез ўзгарувчан шароитида юқори малакали кадрларнинг амалий тайёргарлигини таъминлайдиган замонавий фанлар киритиш, ишлаб чиқариш ва реал иқтисодиёт тармоқларида инновацион ҳамда илм-фанга асосланган технологияларни татбиқ қилишни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, таркибида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар, “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан биргаликда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркибини хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олган кадрлар билан тўлдириш мақсадида, келгусида олий таълим муассасасида фаолият юритишлари учун салоҳиятли битирувчи босқич талабалари рўйхатини шакллантирган ҳолда чет элда магистратура ва доктарантура босқичларида таълим олишларини ташкил этсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда республика олий таълим муассасалари таълим жараёнига хорижий етакчи олимлар, мутахассис-амалиётчилар ва юқори малакали ўқитувчиларни тегишли бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича дарс машғулотларини ўтказишга жалб этиш чораларини кўрсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 январгача:

кадрлар буюртмачилари рўйхати ҳамда 2019/2020 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга қабул қилинган ва ўзи томонидан тақсимланган талабалар сонини;

2019/2020 ўқув йилида бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга қабул қилинган талабаларнинг амалиёт ўташ объектлари рўйхатини Давлат комиссиясига тасдиқлаш учун киритсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

17. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммаларига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                      Ш.Мирзиёев

Общие комментарии

48534