ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
2754 Национальная гвардия Республики Узбекистан 12/03/2019 27/03/2019 0

Обсуждение завершено

Приказ или постановление ведомств
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ўқув марказлари тўғрисида НИЗОМ
ID-2754

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 январдаги  ПҚ-4140-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ўқув марказларининг (кейинги ўринларда марказлар деб юритилади) мақоми ва фаолиятининг ташкилий асосларини белгилайди.
  2. Марказларда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси (кейинги ўринларда Миллий гвардия деб юритилади) ҳарбий хизматчи ва ходимларини, ички ишлар органларининг сафдорлар таркиби ҳамда вазирлик ва идораларнинг қўриқлаш (ҳарбийлаштирилган, қоровуллик) бўлинмалари ходимларини (кейинги ўринларда тингловчилар деб юритилади) бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш амалга оширилади.
  3. Марказлар махсус ўқув таълим муассасаси ҳисобланади ва ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси
    ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва фармойишлари, Миллий гвардия қўмондонининг буйруқлари ва фармойишлари, шунингдек бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда мазкур низом ва ўзининг устави асосида амалга оширади.
  4. Марказлар ўқув-тарбиявий, методик ва бошқа фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
  5. Марказлар муассиси: Миллий гвардия.
  6. Марказлар юридик шахс ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, тегишли банк муассасаларида шахсий ҳисоб варағига ва ҳисоб рақамларига ҳамда ўз фаолияти учун зарур бошқа белгилар ва реквизитларга эга бўлади.
  7.  Марказларнинг жойлашган ҳудудлари: Фарғона шаҳари ва Даштобод шаҳарчаси.
  8.  Марказларнинг тўлиқ номи:

давлат тилида − Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ўқув маркази;

давлат тилида (лотин тилида) – O‘zbekiston Respublikasi Milliy gvardiyasi o‘quv markazi;

инглиз тилида − Training center of the National guard of the Republic of Uzbekistan;

рус тилида − учебный центр Национальной гвардии Республики Узбекистан.

2-боб. Марказларнинг мақсади, вазифалари ва функциялари

 

  1. Марказларнинг мақсади ўқув режа ва ўқув дастурларга мувофиқ тингловчиларни сифатли бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш
    ва малакасини оширишни ташкил этишдан иборат.
  2. Қуйидагилар марказларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

марказларда таълим олаётган тингловчиларни миллий ғояга садоқат ва ватанпарварлик руҳида шаклланган, мустақил фикрлашга қодир маънавий бой ва ҳар томонлама касбий тайёргарлиги юқори бўлган етук кадр этиб тарбиялаш;

Миллий гвардия ва ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг қўриқлаш (ҳарбийлаштирилган, қоровуллик) бўлинмалари учун малакали мутахассисларни тайёрлаш;

тингловчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакл ва услубларини, педагогика ва ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш.

  1. Юклатилган вазифаларга мувофиқ марказлар қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) марказларда таълим олаётган тингловчиларни миллий ғояга садоқат ва ватанпарварлик руҳида шаклланган, мустақил фикрлашга қодир маънавий бой ва ҳар томонлама касбий тайёргарлиги юқори бўлган ходимлар этиб тарбиялаш соҳасида:

тингловчиларда ўз Ватанининг келажаги йўлида виждонан ва ҳалол меҳнат қилиш, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш, халқ олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда вазифаларини бажариш кўникмаларини шакллантириш;

мустақиллик ғоясига содиқ, фидойи, жамият ва давлат олдидаги бурчини чуқур ҳис қиладиган баркамол шахсни тарбиялаш;

таълим олаётган тингловчиларда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, республикада жамоат тартиби
ва хавфсизлигини таъминлаш вазифаларини бажара олиш кўникмалари ва маҳоратини шакллантириш;

тингловчиларнинг интеллектуал, маданий, маънавий ва маърифий камол топишига бўлган талаб-эҳтиёжларини рўёбга чиқариш ҳамда касбий юксалиши ва мукаммалликка эришиши учун шарт-шароитлар яратиш;

б) Миллий гвардия ва ички ишлар органлари соҳавий хизматлари ҳамда вазирлик ва идораларнинг қўриқлаш (ҳарбийлаштирилган, қоровуллик) бўлинмалари учун малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳасида:

мамлакатда ўтказилаётган ислоҳотлар ва замонавий халқаро стандартларнинг юксак талабларига жавоб берадиган тегишли соҳавий хизмат йўналишлари бўйича ҳарбий хизматчи ва ходимларни бошланғич тайёрлашни ташкил қилиш;

белгиланган хизматлар бўйича ўқув режалари асосида ўқув дастурларининг ишлаб чиқилишини ташкиллаштириш;

ўқув жараёнини таълим беришнинг замонавий педагогик технологияларини қўллаган ҳолда умумэътироф этилган халқаро таълим стандартлари ва талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда тингловчиларда касбий фаолиятнинг тегишли соҳалари бўйича тизимли таҳлил қилиш қобилияти ва бошқариш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган таълим дастурлари асосида олиб бориш;

марказлар ўқитувчилар таркиби ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш, ўқитувчиларда касбий малака даражасини ўстиришга бўлган эҳтиёжни доимий равишда шакллантириб бориш;

ўқитиладиган соҳавий хизматлар йўналишлари бўйича замон талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш;

тингловчиларнинг билимлари ва ўзлаштириши бўйича баҳолашнинг ҳолати, уларнинг билимларини баҳолашда қўлланиладиган назорат воситаларининг (тест, оғзаки, ёзма иш саволлари ва бошқалар) фан дастури мазмунини тўлиқ қамраб олишини таъминлаш;

тингловчиларнинг маънавий-маърифий, хизмат ва жанговар ҳамда касбий тайёргарлик бўйича билимларини ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш;

в) тингловчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида:

тингловчиларнинг самарали малакасини оширишни ва қайта тайёрлашни ташкиллаштириш;

тингловчиларнинг касбий билимлари, кўникма ва маҳоратларини узлуксиз янгилаб бориш механизмларини жорий этиш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларининг фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини таъминлаш;

қайта тайёрлаш ва малака ошириш бўйича хорижий тажрибани
ва таълим муассасаларининг эътироф этилган ютуқларини жорий қилиш;

ўқув йиғинлари якунида қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг тегишли йўналишлари бўйича якуний назорат ҳамда якуний имтиҳонлар ўтказилишини ташкиллаштириш;

г) ўқув жараёнига ўқитишнинг замонавий шакл ва услубларини, педагогика ва ахборот коммуникация технологияларини кенг жорий этиш соҳасида:

марказларда барча ўқув ва илмий-методик ресурсларни бирлаштирувчи ягона ахборот-таълим маконини яратиш, улардан ўқитувчилар ва тингловчиларнинг унумли фойдаланишлари учун имконият ва қулайликлар яратиш;

умумэътироф этилган ўқитишнинг замонавий шакл ва услублари, илғор педагогик, ахборот-коммуникация ва инновацион технологиялардан фойдаланиб тайёрланган ўқув режа ва дастурлар асосида ўқитишнинг илғор педагогик технологияларини қўллаган ҳолда ўқув жараёнини ташкил этиш;

тингловчиларни ўқитиш ва тарбиялаш учун ўқув дастурларининг зарурий ҳажмини тайёрлашда Миллий гвардия ва ички ишлар органларининг илғор амалиётини ҳисобга олиб, ўқитишнинг замонавий усулларини, янги педагогик технологияларни, амалиётдаги янгилик
ва тажрибаларни ўқув жараёнида қўлланилишини таъминлаш;

таълим муассасалари билан яқин алоқалар ўрнатиш, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологияларни кенг жорий қилиш;

замонавий ўқитиш тизимини ўқув жараёнига татбиқ қилиш мақсадида, марказлар фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича доимий равишда ўқув-методик базасини ривожлантириб бориш.

Марказлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

3-боб. Ўқув-тарбиявий ва методик ишлар

 

  1.  Марказлар Миллий гвардия томонидан белгиланадиган тақсимотларга асосан тингловчиларни бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширади.
  2. Марказлар ихтисослашган ўқув дастурларини қуйидаги муддатларда амалга оширилади:

бошланғич тайёрлаш – 1 ойгача;

қайта тайёрлаш – 3 ойгача;

малакасини ошириш − 1 ойгача.

  1. Бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака оширишдан ўтган тингловчиларга белгиланган намуналардаги сертификатлар топширилади.
  2. Марказларда ўқув жараёни марказлар томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган ўқув режалари ҳамда ўқув дастурларига мувофиқ ташкил этилади.
  3. Тингловчиларни тарбиялаш ва ўқитиш жараёнида аудитория
    ва аудиториядан ташқари машғулотлар ўтказишнинг турли замонавий шакллари ва усулларидан фойдаланилади
    .
  4. Марказларда ўқув машғулотлари маъруза, семинар ва амалий машғулотлар шаклида ўтказилади.
  5. Аудиторияларда ўтказиладиган барча машғулотларнинг давомийлиги 80 дақиқа (икки академик соат)ни ташкил этади. Ўқув машғулотлари орасида танаффус эълон қилинади.
  6. Марказларда тингловчилар ўртасида маънавий-маърифий
    ва спорт тадбирлари ташкиллаштирилиб борилади.

4-боб. Марказлар тингловчиларининг ҳуқуқ

ва мажбуриятлари

 

  1. Марказлар бошлиғининг буйруғи билан белгиланган тартибда ўқишга қабул қилинган ҳарбий хизматчилар ва ходимлар марказ тингловчилари ҳисобланади.
  2. Тингловчиларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ марказларда таълим олаётган даври тегишли вазирлик ва идоралардаги хизматни ўташ даврига киради.
  3. Марказлар тингловчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

фан-техника, замонавий технологиялар ютуқларига мос келувчи билимлар олиш;

марказларнинг ахборот-ресурслари марказларида мавжуд бўлган китоблар, даврий нашрлар, электрон таълим воситаларидан белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;

аудиториялар, таълим жараёнига оид воситалар, спорт заллари
ва анжомларидан
ўрнатилган тартибда бепул фойдаланиш;

марказларнинг жамоат ҳаётида, оммавий-маданий ва спорт тадбирларида иштирок этиш;

таълим жараёни самарадорлиги ва таълим сифатини ошириш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини белгиланган тартибда марказлар, ўқув бўлими ва цикл раҳбариятига билдириш;

марказлар миқёсида ўтказиладиган оммавий тадбирларда иштирок этиш. Миллий гвардия қўмондонлигининг алоҳида кўрсатмасидан ташқари, тингловчиларни ўқиш даври ҳисобидан таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш ман этилади;

марказларда қонуний равишда фаолият юритаётган кенгашларга аъзо бўлиш ва улар ишида қатнашиш;

ўқиш даврида санитария меъёрлари ва қоидаларига жавоб берадиган бепул ётоқхона билан таъминланиш;

узрли сабабларга кўра ўқишдан четлаштирилган тингловчилар кейинги ўқув йиғинларида қайта ўқиш ҳуқуқига эга;

ўрнатилган тартибда раҳбариятнинг буйруқлари ва фармойишлари бўйича шикоят бериш.

Тингловчилар қонун ҳужжатларга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Марказлар тингловчиларининг мажбуриятлари:

марказларнинг ўқув режа ва ўқув дастурларида назарда тутилган билимларни эгаллаш;

ички тартиб қоидаларига ва мазкур низом талабларига риоя этиш;

хизмат фаолиятида зарур ҳисобланган назарий билим ва амалий кўникмаларни шакллантириш, ўз қобилиятларини ривожлантириш, мустақил равишда билимларини ошириш ва барча турдаги ўқув топшириқларини белгиланган муддатларда бажариш;

маданий савиясини ошириш, соғлиғини мустаҳкамлаш, ўзини
ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш, фавқулодда ҳолатларда жамоат хавфсизлигини ва тинчлик-осойишталикни таъминлаш;

давлат ва хизмат сирларини сақлаш;

марказларнинг мол-мулкларини эҳтиёт қилиш, тозалик ва тартибни сақлаш, кунлик наряддаги хизмат вазифаларини виждонан бажариш;

марказларда ўрнатилган кун тартибига риоя этиш;

Марказлар тингловчилари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

  1. Тингловчилар қуйидаги ҳолатларда марказлар бошлиқларининг буйруғи билан ўқишдан четлаштирилиши мумкин:

шахсий илтимосига кўра;

фанларни мунтазам равишда ўзлаштирмаганлиги учун;

тартиб-интизом қоидаларини қўпол равишда бузганлиги учун;

ўқув машғулотларига узрли сабабларсиз қатнашмаганлиги учун;

ҳарбий-тиббий комиссиянинг соғлиғи ҳолати бўйича чиқарилган хулосаси асосида.

Тингловчилар бошқа норматив-ҳуқуқий ва меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ ҳам ўқишдан четлаштирилиши мумкин.

Тингловчиларни ўқишдан четлаштириш учун асос бўлган ҳужжатлар, уларни ўқишга юборган вазирлик ва идораларга юборилади.

Бундан ташқари, ўқиш даврида тингловчиларга нисбатан қўлланилган интизомий жазо юзасидан Миллий гвардияга ахборот берилади ҳамда тўпланган ҳужжатлар унинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдида сақланиши учун хизмат жойларига юборилади.

5-боб. Марказлар фаолиятини ташкил этиш

 

  1. Марказларга Миллий гвардия қўмондони томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган
    ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.
  2. Марказ бошлиғи ўринбосарлари Миллий гвардия қўмондони томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ёки лавозимдан озод этилади.
  3. Марказ бошлиғи:

марказ фаолиятига раҳбарлик қилади ва юклатилган вазифалар, функциялар ва мажбуриятларни лозим даражада бажарилиши учун шахсан жавобгар бўлади;

ўзининг ўринбосарлари ўртасида мажбуриятларни тақсимлайди, уларга юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилади;

ўзининг ваколати доирасида марказнинг барча шахсий таркиби томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқ, фармойиш
ва кўрсатмалар чиқаради;

муассасанинг ташкилий-ҳуқуқий, ўқув-тарбия, маънавий-маърифий
ва молиявий-хўжалик фаолиятининг ташкил этилишига масъул ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ, марказ номидан иш кўради, унинг манфаатларини ифодалайди, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муассасанинг мол-мулкини тасарруф этади
ва шартномалар тузади;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва ушбу низомга мувофиқ, марказнинг ўқув жараёнига, методик, тарбиявий, молиявий-хўжалик
ва бошқа фаолиятига раҳбарлик қилади;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда марказга ишчи ва хизматчи лавозимларга фуқароларни ишга
ва хизматга қабул қилади ҳамда бўшатади;

марказ таркибига кирувчи таркибий бўлинмаларнинг вазифаларини белгилайди ва улар ҳақидаги низомларни тасдиқлайди;

ўрнатилган тартибда сафдорлар ва бошлиқлар таркибини рағбатлантиради, шу жумладан ўз ваколати доирасида уларга нисбатан интизомий жазолар қўллайди;

Миллий гвардия қўмондонлигига ўрнатилган тартибда марказ ходимларига унвонлар бериш, уларни рағбатлантириш, шу жумладан тақдирлаш, уларга нисбатан интизомий жазолар қўллаш ҳақида таклифлар киритади;

марказ ходимларини ўрнатилган тартибда хизмат сафарларига юборади;

ўз ваколатлари доирасида марказ ходимларига таътил беради;

марказга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, бошқа лавозимга ўтказиш ва касбий тайёрлаш, тарбиялаш, хизмат интизомига риоя этишни ҳамда махфийлик тартиби талабларига риоя қилиниши
ва ахборот хавфсизлигини таъминлайди;

марказ ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишини ташкил этади;

ўрнатилган тартибда марказда сафарбарлик тайёргарлигини, шунингдек фуқаро муҳофазаси тадбирлари бажарилишини таъминлайди;

марказ фаолиятини бевосита ёки ўзининг ўринбосарлари орқали назорат қилади;

марказнинг штатлар сонини қайта тақсимлаш тўғрисида таклифлар киритади;

марказ ваколатига кирувчи бошқа ваколатларни амалга оширади.

  1. Марказлар ўқитувчилар таркиби ва ўқув бўлими ходимлари:

ўқув юкламалари ҳажмини, ўқув-тарбия ва услубий ишларни тасдиқланган шахсий иш режаси асосида бажаради;

белгиланган тартибда марказлар педагогик кенгаши таркибини сайлайди ва унга сайланади;

марказнинг фаолиятига тааллуқли масалаларни муҳокама қилишда иштирок этади;

марказнинг ахборот-ресурс марказлари, ўқув ва бошқа бўлинмаларнинг хизматларидан, шунингдек ижтимоий-маиший, тиббий
ва бошқа бўлимлар хизматидан хизмат даври мобайнида фойдаланади;

ўқитишнинг услуб ва воситаларини танлаш, ўқув жараёнининг юқори сифатини таъминловчи тадқиқот ишларини амалга оширади;

марказлар раҳбариятининг буйруқ ва фармойишлари юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилади;

белгиланган тартибда хорижий ҳамкасбларнинг соҳага доир илмий
ва ўқув-услубий адабиётлари билан танишади ва улар билан фикр алмашади;

назарий билимларини ва амалий тажрибасини, тадқиқот олиб бориш услубини, педагогик маҳоратини такомиллаштириб боради;

тингловчиларнинг фан бўйича тўгарак ишларига раҳбарлик қилади;

қонун ҳужжатлари талабларига ҳамда мазкур низом талабларига қатъий риоя қилади;

ўзининг хизмат вазифаларини виждонан бажариш ва ўқитувчилик шаънига доғ туширмасликка интилади;

иш жараёнида мулоқот қиладиган ходимлар, тингловчилар
ва бошқа шахслар билан хушфеъл муносабатда бўлади;

марказ раҳбариятининг кўрсатмаларини, тасдиқланган режа асосида ўқув-услубий, маънавий-маърифий ишларни ўз вақтида бажаради;

Педагогик кенгашда тасдиқланган мавзуларда иштирок этади;

ўз малакасини мунтазам равишда оширади;

меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникасига доир қоидаларга риоя қилади;

марказнинг мол-мулкини авайлайди, ундан оқилона фойдаланади;

марказнинг жамоатчилик ишларида қатнашади;

педагогик жараённинг самарадорлигини таъминлайди;

таълим олувчиларда юксак касбий тайёргарликни ва меҳнатга бўлган қобилиятни шакллантиради;

чет тили ва ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириб боради;

тингловчиларда мустақил фикрлаш, ташаббускорлик, ижодий қобилиятни шакллантиради;

«Устоз-шогирд» анъаналарига риоя этиб, ўзига бириктирилган мураббийлик взводларида, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни амалга оширади;

ўзининг одоби, маданияти, маънавий савияси билан ўрнак бўлади;

хизмат кийимини кийиб юриш қоидаларига ва кийиниш маданиятига риоя этади;

республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва жаҳонда рўй бераётган янгиликлардан хабардор бўлади;

марказда ташкил этиладиган маданий, маънавий ва маърифий тадбирларда фаол иштирок этади;

ўзи ўқитадиган фан дастурини мунтазам фан ва техника ютуқлари асосида бойитиб боради;

ўқув йиғини бошлангунга қадар ўзи ўқитадиган фанларнинг ўқув машғулотларини ўтказиш режаси, ўқитувчининг шахсий иш режаси
ва ўқув жараёнига тааллуқли бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқади
ва муҳокамасида қатнашади;

тингловчиларни билимини холисона ва ўз вақтида баҳоланишини таъминлайди;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа вазифаларни амалга оширади.

  1. Марказлар ўқитувчилар таркибини қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар ва касбий мажбуриятларидан ташқари бошқа ишга жалб қилиш тақиқланади.
  2. Марказларнинг маъмурий-хўжалик, муҳандислик, техник, ўқув-ёрдамчи ва бошқа хизмат ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари марказларнинг ички тартиб-қоидалари ва лавозими бўйича хизмат вазифаларидан келиб чиқиб белгиланади.

6-боб. Марказларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари

ва жавобгарлиги

 

Марказлар зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Миллий гвардия бўлинмаларидан, бошқа давлат органлари

ва ташкилотларидан марказлар фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиш;

фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг сабабларини аниқлаш мақсадида яратилган зарурий маълумотлар базаларига эга бўлган ахборот тизимларидан техник ва махсус воситалари орқали фойдаланиш;

давлат органлари томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан марказлар фаолияти билан боғлиқ бўлган тадбирларни ўтказишда фойдаланиш;

марказ фаолиятини такомиллаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқиш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир ишларда иштирок этиш;

Миллий гвардия бўлинмалари ва бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда илмий тадқиқотларни амалга ошириш;

марказларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш, ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича Миллий гвардияга таклифлар киритиш.

Марказлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Марказлар қуйидаги мажбуриятларга эга:

Марказларнинг таълим-тарбия жараёнини Миллий гвардия билан келишилган ҳолда ишлаб чиқиладиган ва ўрнатилган тартибда тасдиқланадиган ўқув режа ва дастурлар ҳамда бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида ташкил этиш;

ўқув йиғини давомийлигини Миллий гвардия томонидан ишлаб чиқилган Марказларда ўқув йиғинларини ташкил этиш бўйича тақсимотга асосан белгилаш ва ҳар бир фан бўйича тингловчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичларини тегишли қонун ҳужжатларида белгиланган баҳолаш тизими асосида аниқлаш;

Миллий гвардия ва ички ишлар органлари учун юқори малакали мутахассисларни бошланғич тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

юқори турувчи давлат органлари ва Миллий гвардиянинг топшириқларини сифатли ва ўз вақтида бажариш;

ўзларида жамоатчилик асосда ташкил этиладиган кенгаш

ва комиссияларга фаолият кўрсатишлари учун зарур бўлган

шарт-шароитлар яратиш.

Марказлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Марказлар зиммасига юклатилган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавобгардир.

 

7-боб. Марказларнинг молиялаштириш

ва моддий-техник таъминлаш

 

  1. Марказларга мазкур низомда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида, тезкор бошқариш ҳуқуқи билан қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда бинолар, иншоотлар, мулкий мажмуалар, тегишли асбоб-ускуналар, шунингдек истеъмол, ижтимоий, маданий ва бошқа мақсадлар учун зарур бўлган мулклар бириктирилади.
  2. Марказ фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидаги манбалар ҳисобидан амалга оширилади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;

шартнома асосида пуллик ўқитишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

  1. Таълим соҳасида, агар у марказларнинг асосий фаолиятига зарар етказмаса, пуллик хизмат кўрсатиши мумкин. Марказлар олиб бораётган фаолияти, унинг мазкур низомда ҳамда ўз уставида белгиланган вазифаларига мос келиши керак.

Марказлар пуллик таълим ва бошқа хизматлар баҳосини белгилаш, олинган фойданинг солиқлардан ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа мажбурий тўловлардан қолган қисмига мустақил эгалик қилиш ҳуқуқига эга.

Марказларнинг пуллик таълим хизмати бюджет ҳисобига молиялаштирилувчи таълим фаолияти ўрнига ёки унинг доирасида амалга оширилиши мумкин эмас.

  1. Марказлар ўзига бириктирилган бино ва иншоотларни Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда ижарага бериши ва ижара ҳақи сифатида олинган маблағларни ўрнатилган тартибда сарфлаши мумкин.
  2. Тингловчиларнинг пул ва кийим-кечак таъминоти ўзлари хизмат қилаётган вазирлик ва давлат идоралари томонидан, пул таъминоти ўрнатилган тартибда марказлар жорий ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
  3. Тингловчиларнинг овқатланиш харажатлари ойлик пул таъминоти таркибидаги озиқ-овқат паёги ўрнига тўланадиган пул компенсация ҳамда хизмат сафари даврида озиқ-овқат харажатлари учун тўланадиган маблағ ҳисобидан амалга оширилади.
  4. Марказ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли молия органларида рўйхатдан ўтказилган тасдиқланган харажатлар сметаси асосида молиялаштирилади.
  5. Марказ ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.
  6. Марказ муассис билан келишган ҳолда ўз молия-хўжалик фаолиятини режалаштиради, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларга кўрсатиладиган хизматлар учун ҳақ миқдорини мустақил белгилайди.
  7. Марказ белгиланган тартибда молия ва статистика ҳисоботи юритади, тезкор ва бухгалтерия ҳисобини амалга оширади.
  8. Марказнинг молиявий назорати Миллий гвардия Назорат тафтиш бошқармаси томонидан амалга оширилади.

 

8-боб. Якуний қоидалар

 

  1. Марказларни қайта ташкил этилиш ва тугатиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
  2. Мазкур низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

 

Общие комментарии

709