ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
2741 Министерство культуры Республики Узбекистан 11/03/2019 26/03/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-2741

ЛОЙИҲА

 

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги

Халқаро фестиваллар дирекцияси фаолиятини

ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбек миллий санъатини ривожлантириш, тарғиб қилиш ва уни янада оммалаштириш, хорижий халқаро мусиқа фестиваллари ташкилотлари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, иқтидорли ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш, ўзбек санъатини барча йўналишларида республика миқёсидаги халқаро ва республика фестивалларни, кўрик-танловларни ва барча давлат тадбирларини ўтказишнинг ягона бошқарув тизимини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси
ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали Бош дирекцияси негизида
Халқаро фестиваллар дирекциясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро
фестиваллар дирекцияси тўғрисидаги
Низом 1-иловага мувофиқ;

Халқаро фестиваллар дирекцияси аппаратининг бошқарув ходимлари чекланган сони 18 нафар, улардан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон давлат филармонияси ходимлари сонини мақбуллаштириш ҳисобига шакллантириладиган ходимлар сони 8 нафар бўлган тузилмаси 2-иловага мувофиқ;

Халқаро фестиваллар дирекциясининг штатлар жадвали ва ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазирига, зарур ҳолларда, Халқаро фестиваллар дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) тузилмасига ходимларнинг белгиланган умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

3. Дирекция фаолиятининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

ўзбек санъатининг барча йўналишларида республика миқёсидаги халқаро
ва республика фестиваллар, кўрик-танловлар ҳамда унинг доирасида  кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманларни ва бошқа барча давлат тадбирларини ўтказиш;

халқаро мусиқа фестивали ташкилотлари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш;

ўзбек миллий санъатини Ўзбекистонда ва хорижда кенг тарғиб қилиш ва унинг энг ноёб намуналарини сақлаб қолиш, уларни келажак ёш авлодга етказиш ҳамда уни янада оммалаштириш ишларини олиб бориш;

ўзбек миллий санъатини, халқаро ва республика фестивалларни, кўрик-танловларни оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан интернет тармоғида кенг ёритилишини ташкил этиш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Дирекция “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали
Бош дирекциясининг барча ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;

Дирекция ходимларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пенсиялар, нафақалар, стипендиялар ҳамда республиканинг бюджет муассасалари ва ташкилотларида иш ҳақи миқдорларини ошириш тўғрисида” 1995 йил 16 августдаги ПФ-1213-сон Фармонига мувофиқ бюджет муассасалари
ва ташкилотлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 15 фоизи миқдорида моддий рағбатлантириш махсус фонди татбиқ этилади;

Дирекцияни сақлашга доир харажатларни молиялаштириш, унинг
ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади
, сақлаш харажатлари учун ушбу манбалар маблағларининг етишмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Маданият вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобига қопланади.

5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият
ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берилганлиги учун ундириладиган давлат божидан тушган маблағдан ажратмалар ҳисобидан 2019-2020 йилларда Дирекцияни моддий-техника базасини мустаҳкамлашга ва тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ зарур замонавий жиҳозлар билан таъминлашга маблағ ажратилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Дирекция фаолиятини самарали ташкил этиш учун битта енгил автомобиль, битта катта сиғимдаги автобус ва битта юк автомобили харид қилиш учун маблағлар ажратиш чораларини кўрсин

7. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Дирекция Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, Тошбулоқ кўчаси, 8а, 8б уй манзилида жойлаштирилсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев, Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти зиммасига юклансин.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири

 

А.Арипов

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2019 йил____ _________ даги ____- сон қарорига
1-илова

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги

Халқаро фестиваллар дирекцияси тўғрисидаги
НИЗОМ

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Халқаро фестиваллар дирекциясининг (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Дирекция давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ғазначилигида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.

3. Дирекция ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси
ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари
ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда ушбу Низомга, бошқа қонун ҳужжатларига шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги буйруқлари амал қилади

 

2-боб. Дирекциянинг вазифалари ва функциялари

 

4. Дирекциянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўзбек санъатининг барча йўналишларида республика миқёсидаги халқаро
ва республика фестиваллар, кўрик-танловлар ҳамда унинг доирасида  кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманларни ва бошқа барча давлат тадбирларини ўтказиш;

халқаро мусиқа фестивали ташкилотлари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш;

ўзбек миллий санъатини Ўзбекистонда ва хорижда кенг тарғиб қилиш ва унинг энг ноёб намуналарини сақлаб қолиш, уларни келажак ёш авлодга етказиш ҳамда уни янада оммалаштириш ишларини олиб бориш;

ўзбек миллий санъатини, халқаро ва республика фестивалларни, кўрик-танловларни оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан интернет тармоғида кенг ёритилишини ташкил этиш.

5. Дирекция ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

а) ўзбек санъатининг барча йўналишларида республика миқёсидаги халқаро ва республика фестивалларни кўрик-танловлар ҳамда унинг доирасида  кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманларни ва бошқа барча давлат тадбирларини ўтказиш бўйича;

тадбирларда юксак профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, балетмейстрлар, саҳна рассомлар ва дизайнерлар, ижодий жамоалар ва яккахон ижрочи санъаткорларни кенг жалб этиш;

тадбирлар иштирокчиларига янги саҳна либослари, пойафзаллар тиктириш, сунний улама сочлар, саҳна безаклари ҳамда ижодий гуруҳ буюртмасига кўра асбоб-ускуна, жиҳоз, гелий гази билан тўлдирилган ҳаво шарлар ва бошқа маҳсулотлар харид қилиш;

тадбирлар ўтказиладиган асосий майдонларни бадиий безаш декорациялари эскизларини ишлаб чиқиш ва уларнинг дизайнларини тайёрлаш, монтаж-демонтаж ишларини амалга ошириш;

белгиланган тартибда шартнома асосида тадбирларнинг дастурлари, таклифнома, баннер ва рухсатномаларини чоп этиш, фестиваллар логотипи
ва статуэткалари ҳамда эсдалик совғаларни (сувенир) тайёрлаш;

болалар лавҳалари иштирокчиларини саҳна либослари ва реквизитлар билан таъминлаш;

тадбирларнинг асосий байрам дастурларида иштирок этувчилар (раққосалар, ижодий жамоалар, техник гуруҳлар, ансамбллар, Ижодий гуруҳлар аъзолар)ни транспорт, иссиқ овқат ҳамда машғулотлар жойларида қўшимча озиқ-овқатлар ҳамда рағбатлантириш меҳнат ҳақи ва гонорарлар билан белгиланган тартибда таъминлаш;

тадбирларда шоирлар, бастакорлар ҳамда мусиқий сайқалчилар билан янги қўшиқлар тайёрлаш борасида тегишли шартномалар тузиш;

тадбирларда иштирок этадиган хорижий давлатларнинг давлат байроқларини харид қилиш, асосий саҳна ва саҳна олдини табиий гуллар билан безаш ҳамда овоз кучайтиргич мосламаларини шартнома асосида ўрнатиш;

тадбирлар доирасида рассомлар, ҳунармандлар ва бошқа тадбиркорларнинг кўргазмаларини ташкил этиш;

ўзбек миллий санъати бўйича конференция ва илмий-амалий анжуманлар, семинарлар, маданият, санъат, илм-фаннинг атоқли арбоблари билан учрашувлар ва мастер-класслар уюштириш;

бенефис, театр спектакллари, махсус тайёрланган дастурлар, дам олиш
ва ижодий кечалар, маросим кечалари ва бошқа томоша тадбирларни ташкил қилиш ва ўтказиш;

аҳолини турмуш маданиятини ошириш, миллий қадриятлар, урф-одатлар, миллий байрамлар ва анъаналарни тиклаш ва турли халқ сайиллари уюштириш;

Дирекция томонидан ташкил этилган тадбирларга тайёргарлик кўриш олди ва унинг якунлари юзасидан матбуот анжуманлари ташкил этиш.

б) халқаро мусиқа фестивали ташкилотлари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича:

санъат соҳасидаги хорижий ташкилотлар билан ўзаро тажриба алмашиш, ўзаро ҳамкорлик шартнома ва меморандумлар имзолаш;

республикада ташкил этиладиган тадбирларга хорижий ҳамкорларни таклиф этиш ва хорижий фестивалларда белгиланган тартибда қатнашиш;

халқаро мусиқа фестивали ташкилотларининг турли бирлашма
ва уюшмаларига аъзо бўлиш;

хорижий тажрибаларни ўрганиш орқали фаолиятни янада ривожлантириш.

в) ўзбек миллий санъатини Ўзбекистонда ва хорижда кенг тарғиб қилиш, энг ноёб намуналарини сақлаб қолиш, уларни келажак ёш авлодга етказиш ва уни янада оммалаштириш ишларини олиб бориш бўйича:

тадбирларда хорижий давлатлар иштирокчилари, жамоалари, олим
ва мутахассисларини жалб этиш ҳамда халқаро тадбирларда ўзбек миллий санъати вакиллари ва жамоалари иштирокини таъминлашда кўмаклашиш;

хорижий давлатларда Ўзбекистон маданияти кунларини ташкил этиш
ва ўтказишда кўмаклашиш;

миллий истиқлол ғояларига ҳамоҳанг, бадиий жиҳатдан юксак оммавий тадбирларни саҳналаштириш, томоша ва концерт дастурларини ташкил этиш;

халқимиз, айниқса ёшлар қалбида миллий ғурур, миллий ифтихор туйғуларини шакллантириш, уларни она Ватанга муҳаббат, умумбашарий қадриятларга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган тадбирларни уюштириш;

ўзбек миллий санъати ривожлантириш ва кенг тарғиб этишда ходимларнинг малакасини ошириш бўйича чораларни кўриш, уларни маънавий
ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ташаббускорликни рағбатлантиришнинг самарали усулларини жорий этиш.

г) ўзбек миллий санъатини, халқаро ва республика фестивалларни, кўрик-танловларни оммавий ахборот воситалари орқали, шу жумладан интернет тармоғида кенг ёритилишини ташкил этиш бўйича:

тадбирлар веб-сайтлари ва реклама видео роликларини яратиш, улар мунтазам янгилаб бориш;

тадбирни республика ва хорижий оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этишда газета, журнал ва телевидениялар билан ҳамкорлик қилиш;

ижодий жамоалар, малакали мутахассислар ва олимларни жалб этган ҳолда ҳамкорликда турли телекўрсатув, мулоқот ва концерт дастурларини телеканалларда уюштириш;

интернет ижтимоий тармоқларида тадбирлар жараёнлари ва тафсилотлари тўғрисида маълумотлар бериб бориш;

Дирекция томонидан ташкил этилган тадбирларга тайёргарлик кўриш олди ва унинг якунлари юзасидан матбуот анжуманлари ташкил этиш.

Дирекция қонун ҳужжатлари тақиқланмаган бошқа вазифаларни амалга оширади.


 

3-боб. Дирекциянинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

 

8. Дирекция қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан келишилган ҳолда соҳанинг етакчи мутахассисларидан иборат кенгашлар тузиш;

ижодий жамоалар, студиялар ташкил этиш;

нуфузли халқаро фестиваллар ташкилотларига аъзо бўлиш;

хорижий давлатларда ташкил этиладиган фестиваллар ва кўрик-танловларда қатнашиш учун ижодий жамоалар ва иштирокчиларни тавсия этиш;

белгиланган тартибда аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

белгиланган тартибда фестиваллар, кўрик-танловлар, илмий-амалий анжуманлар, конференциялар спектакллар, маданий тадбирлар, театрлаштирилган томоша ва концерт дастурларини ташкил этиш ва ўтказиш;

аҳолига маиший, ижара ва давлат-хусусий шерикчилик асосида бошқа пуллик хизматлар кўрсатиш;

белгиланган тартибда фаолияти бўйича реклама ишларини амалга ошириш.

Дирекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

9. Дирекция қуйидаги мажбуриятларга эга:

ўзига юклатилган вазифа ва функцияларни сифатли бажариш;

ўзбек миллий санъатини ривожлантириш йўлида ижодий, инновацион илмий-техник ишланмаларидан ва маҳсулотларидан устувор даражада фойдаланиш;

Дирекциянинг ташкилий, молиявий, моддий-техник масалаларини ҳал этиш, ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш;

фестиваллар, кўрик-танловлар, илмий-амалий анжуманлар, конференциялар спектакллар, маданий тадбирлар, театрлаштирилган томошаларни мунтазам ривожлантириб бориш, ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар режалари, дастурлар ишлаб чиқиш
ва уларни амалга ошириш;

ўзбек миллий санъатини ривожлантириш, тарғиб қилиш ва уни янада оммалаштириш, ўзбек санъатини барча йўналишларида республика ва халқаро фестиваллар ва кўрик-танловларни ташкил этиш, хорижий халқаро мусиқа фестиваллари ташкилотлари билан ижодий ҳамкорликни йўлга қўйиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мажбуриятларини амалга ошириш;

Дирекциянинг молиявий ресурслари ва моддий-техник базасидан самарали фойдаланиш ва уларни асраш;

Дирекция қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

 

4-боб. Дирекциянинг мол-мулки ва уларни молиялаштириш тартиби

10. Дирекция ўзларига берилган мол-мулкдан қонун ҳужжатларига,
ўз фаолиятининг мақсад ва вазифаларига мувофиқ фойдаланади ҳамда тасарруф этади.

11. Дирекция томонидан белгиланган тартибда ташкил этиладиган
ва ўтказиладиган фестиваллар, кўрик-танловлар, кўргазмалар, конференциялар, илмий-амалий анжуманлар, концерт-томошалар ҳамда бошқа тадбирлар, унинг
ўз даромадлари, ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

12. Давлат тадбирлари – халқаро ва республика фестиваллари, кўрик-танловлар, байрамлар ва маросимлар белгиланган тартибда ушбу тадбирларни ўтказиш юзасидан қабул қилинган Ҳукумат қарорлари ва фаромойишларида назарда тутилган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

13. Дирекцияни сақлашга доир харажатларни молиялаштириш, унинг
ўз маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади, сақлаш харажатлари учун ушбу манбалар маблағларининг етишмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан Маданият вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобига қопланади.

Бунда, бюджет ташкилотлари учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибга асосан бюджет сўровномаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этилади. Бюджетдан маблағ ажратилган тақдирда белгиланган тартибда бюджет харажатлари сметаси тузилади, тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади ҳамда унинг ижроси бўйича ҳисоботлар тайёрланади.

14. Дирекция ҳар йили қонунчиликда белгиланган муддатларда харажатлар сметасини тузиш ва рўйхатга олиш жараёнида даромадлар
ва харажатлар прогнозини шакллантиради.

15. Дирекция ўз даромадларига қуйидагилар киради:

тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишдан тушадиган тушумлар (мазкур низомнинг 12-бандида назарда тутилган давлат тадбирларидан ташқари);

ижара ва хўжалик фаолиятидан тушадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари ҳамда донор ташкилотлар грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

16. Дирекция балансида бўлган саҳна либослари, пойафзаллар, сунъий улама сочлар, саҳна безаклари, асбоб-ускуналари ва бошқа тадбирлар ўтказиш учун зарур бўлган жиҳозларни бепул ижарага бериш тақиқланади.

 

 

6-боб. Дирекцияни бошқариш

 

17. Дирекцияга Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор раҳбарлик қилади.

18. Директор:

Дирекция фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

белгиланган тартибда Дирекция мол-мулки ва маблағларини тасарруф этади;

Дирекция номидан юридик ва жисмоний шахслар билан тегишли хизматлар кўрсатиш учун шартномалар (контрактлар) ва битимлар тузади;

барча муассасалар, ташкилотлар ва жисмоний шахслар билан муносабатларда Дирекция манфаатларини ҳимоя қилади;

ходимларнинг мансаб йўриқномаларини ва ички меҳнат тартиби қоидаларини ўрнатилган тартибда тасдиқлайди, ходимларни меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилади ва белгиланган тартибда меҳнат шартномасини бекор қилади;

Дирекция фаолиятига оид буйруқларни, йўриқномаларни ва бошқа ҳужжатларни чиқаради;

ишда алоҳида намуна кўрсатган ходимларни қонунчиликка асосан рағбатлантиради;

ходимларга нисбатан интизомий жазо чораларини кўради;

ўз ваколатлари доирасида бошқа масалаларни кўриб чиқади ва ҳал қилади.

Директор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва вазифаларини бажаришда Дирекция манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиши шарт.

Директор Дирекция фаолияти натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ҳисобот беради.

19. Дирекция директори ўринбосари - Бадиий раҳбари директор тавсиясига кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

 

7-боб. Якуний қоидалар

 

20. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

21. Дирекцияни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ёки тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Общие комментарии

671