ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
2657 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 04/03/2019 19/03/2019 2

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Республикада психология соҳасида кадрларни тайёрлаш ва психологик хизмат тизимини такомиллаштириш тўғрисида
ID-2657

Лойиҳа

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

 қарори

Республикада психология соҳасида кадрларни тайёрлаш

ва психологик хизмат тизимини такомиллаштириш тўғрисида

 

Сўнгги йилларда жамиятда олиб борилаётган ўзгаришлар қаторида психология соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш, амалиётчи психологлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳозирги кунда мактабгача таълим тизимида 2 503 нафар, халқ таълими тизимида 14 272 нафар педагог-психолог кадрлар фаолият олиб бормоқда.

Республиканинг 10 та олий таълим муассасасида “Психология”, 19 та олий таълим муассасасида “Педагогика ва психология” таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича 5 717 нафар талаба таҳсил олмоқда. Ушбу соҳада қабул квоталари кескин оширилди, хусусан 2018/2019 ўқув йилининг ўзида 2 665 нафар талаба ўқишга қабул қилинди.

2017 йилдан бошлаб профилактика инспекторлари ва жамоатчилик вакилларининг таълим муассасаларида ёшлар билан ишлаш тизими йўлга қўйилиб, 5 696 та умумий ўрта таълим муассасасида профилактика инспекторлари, 5 328 та умумий ўрта таълим муассасасида эса маҳалла вакилларининг хоналари ташкил этилди.

Олиб борилаётган ишлар кўламига қарамасдан соҳада зудлик билан бартараф этилиши талаб этиладиган қатор муаммолар сақланиб қолмоқда, хусусан:

биринчидан, таълим тизимининг барча босқичларида ёшларнинг психологик ҳолати диагностикасига ихтисослашган психолог кадрлар ҳамда ташкилотлар мавжуд бўлсада, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқаришни амалга оширадиган ягона тузилманинг мавжуд эмаслиги психологик хизматлар фаолияти самарадорлигининг паст даражада қолишига таъсир кўрсатмоқда;

иккинчидан, таълим муассасаларида профилактика инспекторлари ва маҳалла вакилларининг хизмат хоналари ташкил этилган бўлсада, уларнинг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлиги йўналишлари ҳамда фаолияти самарадорлигини баҳолаш механизмлари белгилаб берилмаган;

учинчидан, аҳолига психологик хизмат кўрсатиш етарлича йўлга қўйилмаганлиги оқибатида жамиятда ижтимоий-психологик, жумладан, оилавий муаммолар (ажримлар, оиладаги низолар, ота-она ва фарзанд муносабатлари, қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта туғруқ), “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларига тобелик, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари давом этмоқда;

тўртинчидан, олий таълим тизимида психология соҳасида тайёрланаётган амалиётчи психолог кадрларнинг билимлари умумий бўлиб қолиб, тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилмаган;

бешинчидан, психология соҳасида магистратура ва докторантурага қабул сони паст даражада бўлганлиги оқибатида, миллий психология мактабини шакллантиришда оқсоқлик сезилмоқда;

олтинчидан, психолог кадрларнинг молиявий рағбатлантирилиши, аҳолига психологик хизмат кўрсатувчи марказлар фаолиятининг қониқарсиз аҳволда эканлиги уларга тажрибали психолог кадрларни жалб қилиш имкониятини бермаяпти.

Аҳолига, айниқса ёшларга сифатли психологик хизмат кўрсатиш, психологик хизмат фаолиятини бошқаришни мувофиқлаштириш, таълим муассасалари билан профилактика инспекторлари ва жамоат вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни янги сифат даражасига кўтариш, психологик мактабни ривожлантириш ҳамда олий таълимда тор ихтисосликлар бўйича кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, давлат-хусусий шериклик асосида психологик марказлар ташкил этишни йўлга қўйиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таьлим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қошидаги Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази негизида таълимнинг барча босқичларида психологик хизмат кўрсатувчи тузилмалар учун мулоқот майдонига айланадиган, тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда иш олиб борувчи “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази қошида Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш республика маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) этиб қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда икки ой муддатда Марказ фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

2. Қуйидагилар Марказ фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

бола руҳиятида салбий ўзгаришларга сабаб бўладиган омилларни аниқлаш учун ишонч телефони ва “call-center” ташкил этиш;

манфаатдор вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларида психология соҳасидаги илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш;

профилактика инспекторлари ва жамоатчилик вакиллари учун ёшлар психологиясига оид қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этиш ва ёшлар психологиясига оид кўргазмали материалларни тайёрлаш.

3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази негизида болаларнинг психологик-педагогик жиҳатдан ривожланиши, ўқувчилар билан коррекцион-ривожлантирувчи ишларни амалга оширишда мактаб психологлари ва ўқитувчиларига илмий-методик хизмат кўрсатиш ҳамда психологларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида Республика мактаб психологик хизмати илмий-ўқув-услубий маркази ташкил этиш тўғрисидаги таклифи мақуллансин.

Халқ таълими вазирлиги бир ой муддатда Республика мактаб психологик хизмати илмий-ўқув-услубий маркази тузилмаси ва Низомини ўрнатилган тартибда тасдиқласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказида (кейинги ўринларда Оила маркази деб аталади) қўшимча 2 та бошқарув ходими штат бирликларини ажратиш йўли билан аҳолига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида психология хизматлари марказлари орқали маслаҳатлар бериб боришни таъминлайдиган аҳолига психологик хизматлар кўрсатиш бўлими, Оила марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) бўлимларида эса қўшимча 1 тадан штат бирликларини ажратиш йўли билан тегишли шўъбалар ташкил этилсин.

5. Оила маркази икки ой муддатда бўлим ва шўъбаларни жамиятдаги ижтимоий-психологик ва оилавий муаммолар билан ишлаш тажрибасига эга ҳамда ўзларига юклатилган вазифалар ижросини юқори касбий даражада таъминлай оладиган малакали кадрлар билан тўлдирсин, шунингдек уларни зарур моддий-техника воситалари билан жиҳозланишини ташкиллаштирсин.

6. Ўзбекистон Республикасида психологик хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” (кейинги ўринларда Йўл харитаси деб аталади) иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, вазирлик ва идоралар раҳбарлари Йўл харитасида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгар бўлади.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда хусусий амалиёт олиб бораётган психологлар фаолиятини тартибга солиш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилашга қаратилган ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ҳаётда ўз олдига мақсад қўйиб яшаш,  муваффақиятга эришган ижобий шахслар ва образлар тўғрисида кўпроқ маълумот беришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш учун медиа-режа ишлаб чиқсин ва медиа-режа доирасида тегишли телекўрсатувлар, медиа маҳсулотларни яратишни йўлга қўйсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

хорижий тажрибадан келиб чиқиб, олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторига ижтимоий психология, ёшлар психологияси, психологик хизмат фаолиятини бошқариш, оилавий консультация ва коучинг каби бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини киритиш;

республиканинг чекка ҳудудларида амалиётчи психологларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олган ҳолда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб психология таълим йўналиши бўйича талабаларни давлат гранти асосида мақсадли қабул қилиш;

олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида психология бўйича мутахассисликлар квоталарини кескин ошириш;

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида психология таълим йўналишларининг ўқув режаларида малакавий амалиёт давомийлигини 8 ҳафтадан 15 ҳафтага ошириш;

психология соҳасида кадрларни тайёрлаш режасини тасдиқласин ва ижросини таъминлаш чорасини кўрсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳисобидан психология соҳаси кадрларини хориждаги етакчи университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказилишини таъминласин.

11. Ўзбекистон Рсспубликаси Халқ таълими вазирилиги 1 ой муддатда умумий ўрта таълим муассасалари юқори синф ўқувчилари учун оила психологияси ва этикаси бўйича махсус курс ташкил этиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ҳамда унинг ижроси таъминлансин.

12. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги республикада психологлар илмий мактабини кенгайтириш мақсадида келгуси йилларда таянч докторантура ва докторантурага ажратиладиган квоталар сонини 30 фоизга ошириш чораларини кўрсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда таълим муассасаларига бириктирилган профилактика инспекторларининг вазифалари ва улар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини ўрнатилган тартибда тасдиқласин.

15. Барча манфаатдор вазирлик ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой мудаатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х. Шерматов, Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Мажидов зиммасига юклансин.

 

                                                                                         Ўзбекистон Республикасининг

                                                                                                        Бош вазири                                                         А. Арипов

Общие комментарии

1479