ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
2578 Министерство юстиции Республики Узбекистан 28/02/2019 15/03/2019 36

Обсуждение завершено

Закон Республика Узбекистан
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида (янги таҳрири)
ID-2578

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида

(янги таҳрири)

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу қонунниг мақсади Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини (кейинги ўринларда – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар) тайёрлаш, қабул қилиш ва ижросини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Ушбу Қонуннинг амал қилиши норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни илгари суриш, режалаштириш, ишлаб чиқиш, қабул қилиш, эълон қилиш, шунингдек ижросини ташкил этишни таъминлаш билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилади.

3-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг турлари ва ўзаро нисбати, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш тартибига ҳамда уларнинг мазмунига қўйиладиган асосий талаблар ва уларнинг ижроси ташкил этилишини таъминлаш Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам белгиланади.

4-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат тушунчаси

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ушбу Қонунга мувофиқ қабул қилинган, умум мажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонун ҳужжатларидир ва улар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари мажмуини ташкил қилади.

5-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ёки мансабдор шахслар (бундан буён матнда органлар деб юритилади) ҳисобланади.

6-модда. Норма ижодкорлиги фаолиятининг асосий принциплари

Норма ижодкорлиги фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардир:

қонунийлик;

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва қоидалари устунлиги;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатлари ҳимоя қилиш принципи;

ошкоралик;

илмийлик;

ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва тўлиқлиги;

ҳуқуқий тартибга солишнинг адекватлиги принципи;

ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишда барқарорлик.

7-модда. Қонунийлик принципи

Норма ижодкорлиги фаолияти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қатъий иерархиясини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқукига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар ваколатини ҳисобга олиш орқали амалга оширилади.

Норма ижодкорлиги фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши керак.

8-модда. Халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва қоидалари устунлиги принципи

Норма ижодкорлиги фаолияти халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва қоидалари устунлигини тан олишга асосланади.

9-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш принципи

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқукига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқилишини илгари суриш, режалаштириш, тайёрлаш, қабул қилиш ва ижросини таъминлашда жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, фуқаролик жамияти институтларининг фикрларини инобатга олади, ижтимоий адолатни таъминлаш ва барқарор ривожланишга эришиш мақсадида уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга оширилишини ва ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

10-модда. Очиқлик принципи

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқукига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар тайёрланаётган ва улар томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойихалари тўғрисида жамоатчиликни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни чоп этиш, ушбу қонун ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган усулларда расмий эълон қилиш орқали хабардор қилишни таъминлайди.

11-модда. Илмийлик принципи

Норма ижодкорлиги фаолияти илмий тадқиқотлар натижаларини таҳлилига, илм-фан ютуқларига, шунингдек олимлар, экспертлар ва мутахассислар фикрига таянади.

12-модда. Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва тўлиқлиги принципи

Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тизимлилиги ва тўлиқлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни туркумлаштириш, бўшлиқлар, умумий тусдаги, ҳаракатсиз ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир этмайдиган нормаларга йўл қўймаслик, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коллизиялари йўқлиги билан таъминланади.

13-модда. Ҳуқуқий тартибга солишнинг адекватлиги принципи

Ҳуқуқий тартибга солишнинг адекватлиги конунчиликда турли соҳалардаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун ҳақиқатда зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлиги, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда жамият ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг объектив эҳтиёжларини акс эттириш орқали ифодаланади.

14-моддаИжтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлиги принципи.

Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколатига эга бўлган органлар ва мансабдор шахслар томонидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг зарур даражадаги сифатини таъминлаш, турли соҳалардаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг тўлиқлиги ва самарадорлигини таъминлаш бўйича чораларни кўриш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тез тузатишлар киритишга йўл қўймаслик орқали таъминланади.

2-боб. Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик тизими

15-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг турлари қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси;

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунлари;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.

16-модда. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, конституциявий қонунлари ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари қонунлардир.

17-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси устуворлиги сўзсиз тан олинади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилинади ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид келиши мумкин эмас.

18-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунлари.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган масалалар бўйича қабул қилинадиган қонунлар, конституциявий қонунлар шаклида қабул қилинади.

Конституциявий қонунлар қонунларга нисбатан юқори юридик кучга эга.

Конституциявий қонунларни Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасида қабул қилиш ва Сенатида маъқуллаш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ҳамда Сенатнинг умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.

19-модда. Ўзбекистон Республикасининг қонунлари.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг муҳим ва барқарор ижтимоий муносабатларни, шу жумладан давлат фаолиятининг сиёсий–ҳуқуқий ва ижтимоий–иқтисодий соҳалардаги асосий йўналишларини тартибга солади ва Ўзбекистон Республикасининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинади, Сенати томонидан маъқулланади, Президенти томонидан имзоланади ёки референдум ўтказиш йўли билан қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари ва мудофаа доктринаси тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар фақат конун шаклида қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари энг мухим ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг принцип ва нормаларини мустахкамловчи ва ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини тўлиқ ҳуқуқий тартибга солишни таъминловчи, тизимлаштирувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўлган кодекслар шаклида қабул қилиниши мумкин.

20-моддаЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари

Ўзбекистон Ресбупликасининг Олий Мажлиси палаталари қонун қабул қилишни талаб қилмайдиган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларга оид масалалар, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати соҳасига оид масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатисининг қарорлари Олий Мажлис Қонунчилик палатиси Спикери томонидан имзоланади.

Олий Мажлис Сенатининг қарорлари Олий Мажлис Сенати раиси томонидан имзоланади.

21-модда. Ўзбекистон Республикаси қонун ости ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг қонун ости ҳужжатлари қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари.

22-модда. Қонуности ҳужжатларни тартибга солиш доираси

Қонуности ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қабул қилинади.

Қонун билан тартибга солиниши лозим бўлган масалалар бўйича нормаларни қонуности ҳужжатларида акс эттирилишига йўл қўйилмайди.

23-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун фармон ва қарор тарзида норматив-ҳуқукий ҳужжатлар қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони жамият ҳаётининг алоҳида соҳаларини ислоҳ қилишга ёки давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга, давлат органларини ташкил этишга (тугатишга) қаратилган муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалалар бўйича қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қонун ҳужжатларида кўзда тутилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларини амалга ошириш учун қабул қилинади.

24-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари қабул қилинишининг йўналишлари ва масалалари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари қуйидаги энг муҳим йўналишлар ва масалалар бўйича қабул қилинади:

солиқ, пул-кредит, божхона ва валюта сиёсатининг асосий йўналиш ва параметрлари;

cолиқ ва божхона имтиёзлари ва преференциялари бериш, ташқи иқтисодий фаолиятни божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш масалалари;

йиллик, чораклик ва ойлик валюта баланслари, давлатнинг ташқи қарзига хизмат кўрсатиш масалалари;

қимматли металлар билан операциялар;

иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш ҳамда иқтисодиётни ва муҳим соҳа ва тармоқларни либераллаштиришнинг стратегик масалалари;

Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожланиш концепциялари;

ойлик иш ҳақларини ошириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ масалалар;

маъмурий ислоҳотларни чуқурлаштириш, бошқарув тузилмасини, таълимни такомиллаштириш, давлат ва хўжалик бошқарув органларини қайта ташкил этиш ва тугатиш масалалари;

миллий хавфсизлик ва мудофаа қобилиятини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини муҳофаза қилиш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек стратегик муҳим аҳамиятга эга бошқа масалалар ;

Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик хизматлар фаолияти масалалари;

судлар, адлия, прокуратура ва ички ишлар органлари фаолиятини ислоҳ қилиш масалалари;

фуқаролик жамияти институтларини, диний ташкилотларни ислоҳ қилиш, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари.

25-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари қабул қилинишнинг йўналишлари ва масалалари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари қуйидаги энг муҳим йўналишлар ва масалаларни ҳал этиш учун қабул қилинади:

тегишли йилга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва параметрлари прогнози;

солиқ ва божхона имтиёзлари ва преференцияларни бериш, ташқи иқтисодий фаолиятни божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш масалалари;

қимматли металларни қазиб олишга давлат буюртмаси;

ёқилғи-энергетика комплексини, иқтисодиётнинг базавий ва қайта ишлаш тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилишнинг узоқ муддатли истиқболлари ва дастурлари;

маъмурий ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлат бошқарув органлари ва бошқа давлат органлари бошқарув тузилмасини такомиллаштириш;

халқаро молиявий институтлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилиш дастурлари;

давлат сафарбарлик ва стратегик захираларини шакллантириш ва фойдаланиш масалалари;

экспорт потенциалини ривожлантириш дастурлари параметрлари ва товарлар (ишлар, хизматларни) экспорти истиқболлари;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бошқарув ходимларининг чекланган сони;

алоҳида маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг моддий баланслари;

Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик хизматлар фаолияти масалалари;

судлар, адлия, прокуратура ва ички ишлар органлари фаолиятини ислоҳ қилиш масалалари.

26-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қарорлар тарзида қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорларининг лойиҳалари қонунларини ижро этиш учун, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош вазир, Бош вазир ўринбосарлари топшириғига кўра, шунингдек давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ташаббуси билан уларга юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилади.

27-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилинишининг асосий масалалари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қуйидаги масалалар бўйича қабул қилинади:

ҳудудлар, коммуникациялар ва мудофаа саноатини ривожлантириш;

макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгаришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик;

инвестиция ва халқаро иқтисодий алоқалар;

ижтимоий ривожланиш;

ФҲДЁ органлари фаолияти, аёллар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш;

ёқилғи-энергитика ва саноатнинг асосий тармоқларини ривожлантириш;

аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш;

телекоммуникация, ИТ-технологиялар ва инновацияларни ривожлантириш, ахборот хавфсизлигини таминлаш;

ёшлар сиёсати, маданият, маьнавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари.

28-модда. Вазирлик, давлат қўмита ва идораларнинг буйруқ ва қарорлари

Вазирлик ва идоралар қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида тегишли ҳужжатни қабул қилишга ваколат берган бўлса, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиши мумкин.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ўз ваколати доирасида буйруқлар ҳамда қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан давлат хизматларини кўрсатиш тартиби, шунингдек юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилмаган тўловлар ва йиғимлар, жисмоний ва юридик шахсларга маъмурий ва бошқа чекловларни ўрнатишга йўл қўйилмайди.

Буйруқлар вазирлар томонидан ёки идора номидан қарорлар қабул қилиш якка тартибда амалга ошириладиган идоралар раҳбарлари томонидан қабул қилинади.

Қарорлар давлат қўмиталари томонидан ёки идора номидан қарорлар қабул қилишни мазкур идоранинг коллегиал органи амалга оширадиган идоралар томонидан қабул қилинади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ёки идоралар билан келишилган ҳолда қабул қилиниши мумкин.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар томонидан қўшма қарорлар тарзида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши мумкин.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг таркибий бўлинмалари ҳамда ҳудудий органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли эмас.

29-модда. Вазирлик, давлат қўмиталари ёки идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворислик

Вазирлик, давлат қўмитаси ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи берилган идора қайта ташкил этилган тақдирда, ҳуқуқий ворисга ўз ваколати доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи билан бирга илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш, қўшимчалар киритиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш ваколатлари ҳам ўтади, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Вазирлик, давлат қўмитаси ёки идора тугатилган ёхуд у тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқини ҳуқуқий ворисига бермасдан қайта ташкил этилган тақдирда, илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш, қўшимчалар киритиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш ваколатлари юқори турувчи ёки бошқа ваколатли органга ўтади.

Вазирликнинг, давлат қўмитасининг ёки идоранинг номи ўзгартирилган тақдирда, унинг илгариги номи кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзгартирилган номга оид қисмига ўзгартириш ёки қўшимча киритилиши лозим. Бундай ўзгартиришлар ёхуд қўшимчалар киритилгунига қадар илгариги ном кўрсатилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амал қилиши номи ўзгартирилган вазирликка, давлат қўмитасига ёки идорага тўлиқ ҳажмда татбиқ этилади.

Вазирлик, давлат қўмитаси ёки идора мақомининг ўзгартирилиши улар томонидан илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амал қилишининг тугатилишига олиб келмайди.

30-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари ўз ваколатлари доирасида қарорлар шаклидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ўз ваколатлари доирасида қарор шаклидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари Ўзбекистон Республикасининг  Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти юқори турувчи органларининг қарорлари асосида ва уларни ижро этиш учун қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатига кирувчи масалар бўйича қарорлар қабул қилиш ваколатини вилоят ҳокимларига бериш ҳуқуқига эга бўлиб, ушбу қарорлар вилоят ҳудудида бажарилиши мажбурийдир.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари қарорлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ва фармойишларига зид бўлган тақдирда, Ўзбекистон Рсепубликаси Олий Мажлиси ёки юқори турувчи халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари томонидан белгиланган тартибда бекор қилинади.

Ҳоким қарорлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларига, шунингдек юқори турувчи вилоят, туман, шаҳар кенгашлари ва юқори турувчи ҳокимларнинг қарорларига зид бўлган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, юқори турувчи халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари ва ҳокимлари томонидан бекор қилинади.

31-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тасдиқланадиган ҳужжатлар

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан уларнинг таркибий қисми ҳисобланадиган низомлар, регламентлар, қоидалар, йўриқномалар, концепциялар,  доктриналар, дастурлар ва бошқа ҳужжатлар тасдиқланиши мумкин.

Низомлар давлат органлари ва бошқа ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, мақомини, асосий вазифаларини, функцияларини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, жавобгарлигини, шунингдек турли соҳалардаги ижтимоий муносабатларни тартибга солинишини белгилайди.

Регламент давлат органлари ва ташкилотларининг иш тартибини, шунингдек улар томонидан маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширилишини белгилайди.

Қоидалар муайян фаолиятни амалга оширишга бўлган талабларни белгилайди.

Йўриқнома норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллашнинг аниқлаштирилган жиҳатларини белгилайди.

Концепция турли соҳаларда давлат сиёсатининг устувор ва асосий йўналишлари, мақсадлари, вазифа ва амалга ошириш механизмларини белгилайди.

Доктрина турли соҳалардаги Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини таъминлашнинг мақсадлари, вазифалари, тамойиллари ва асосий йўналишларини белгилайди.

Дастур турли соҳаларда давлат сиёсатининг мақсадларига эришилишини таъминлайдиган тадбирлар тизимини (вазифалар, амалга ошириш муддатлари, ресурслар ва масъул ижрочилар бўйича ўзаро боғлиқ бўлган) ва механизмларини белгилайди.

32-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ўзаро нисбати

Турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик кучи бўйича ўзаро нисбати Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилган органларнинг ваколатига ва мақомига, ушбу ҳужжатларнинг турларига, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган санага мувофиқ белгиланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши шарт.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади.

Тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовут бўлган тақдирда кейинроқ қабул қилинган ҳужжат қоидалари амал қилади, ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

Агар норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган вазирликнинг, давлат қўмитасининг ёки идоранинг ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун махсус ваколати бўлса, ушбу орган қабул қилган ҳужжат бир хил даражадаги бошқа вазирлик, давлат қўмитаси ёки идора томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлади.

3-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини режалаштириш, илгари суриш ва тайёрлаш

33-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни режалаштириш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича таклифларни тайёрлаш ёки қонунчилик ташаббуси субъектлари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш қарорини қабул қилиш учун асослантириш тайёрлаш вазиятни таҳлил қилиш ва ҳуқуқий тартибга солишни талаб қиладиган муаммони аниқлаш натижасига кўра амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ушбу лойиҳани тайёрлаш фақат тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар томонидан тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш режалари (дастурлари) доирасидагина амалга оширилади.

Ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ёки қонунчилик нормаларини такомиллаштириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи органлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлашга оид жорий (ярим йиллик ва йиллик) ва истиқболли (бир йилдан ортиқ муддатга) режалар (дастурлар)ни ишлаб чиқади ва тасдиқлайдилар.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир режалар (дастурлар) норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишни илгари сурувчи органлардан, шунингдек, фуқароларнинг жамоавий мурожаатларидан келиб тушган таклифлар асосида шакллантирилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун режалар (дастурлар)да қуйидагилар ифодаланади (кўрсатиб ўтилади):

1) лойиҳанинг номи;

2) лойиҳани қабул қилиш заруриятининг асослантирилиши;

3) фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун фойда ва харажатларни таҳлили;

4) молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар;

5) тайёлаш муддати;

6) лойиҳани тайёрлаш учун масьул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари;

7) норматив-ҳуқуқий ҳужжат тури;

8) амалга ошириш механизми;

9) ҳужжат қабул қилинишидан кутилаётган натижалар.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш режалар (дастурлар)ига киритилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиш учун қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни режалаштириш тартиби норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилувчи (ишлаб чиқувчи) органлар томонидан белгиланади.

34-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқишни илгари суриш

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаларини ишлаб чиқишни илгари суриш амалдаги қонун нормалари ва маьмурий тартиб-таомиллар орқали ҳал этиш имконияти мавжуд бўлмаган тақдирда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорларини ишлаб чиқишни илгари суриш давлат бошқарув органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ишлаб чиқишни илгари суриш давлат бошқарув органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.

Бошқа ташкилотлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифларни ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида кўрсатилган тегишли органларга киритиш ҳуқуқига эга.

35-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш қуйидаги босқичлардан иборат:

лойиҳани тайёрлаш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш ва уни тайёрлаш ҳақида қарор қабул қилиш;

лойиҳа тайёрлашни ташкилий-техникавий ва молиявий жиҳатдан таъминлаш;

зарур материаллар ва ахборот тўплаш;

фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун фойда ва харажатларни таҳлил этиш;

имтиёзлар бериш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети хамда давлат мақсадли жамғармаларидан маблағлар ажратилишининг мақсадга мувофиқлигини асослаш;

лойиҳанинг концепцияси баён қилинган тушунтириш хатини ишлаб чиқиш;

лойиҳа матнини тузиш;

ҳуқуқий ва бошқа зарур экспертиза ўтказишни ўз ичига олади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси давлат тилида тайёрланади. Зарур бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси бошқа тилда ҳам тайёрланиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқувчи томонидан тайёрлаш ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, Президент Админстрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тегишли равишда киритиш муддати, агар Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, икки ойдан кам ва олти ойдан кўп қилиб белгиланиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритишнинг хусусиятлари «Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашга жавобгар бўлган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари уларнинг ўз вақтида ва сифатли тайёрланишини таъминлайди ва ушбу масалалар учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш тегишли давлат органи (ташкилоти) юридик хизматининг бевосита иштирокида амалга оширилади.

36-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашни ташкил этиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун лойиҳани ишлаб чиқаётган ташкилот (бундан буён матнда ишлаб чиқувчи деб юритилади) томонидан ишчи гуруҳ (комиссия) тузилиши мумкин.

Ишчи гуруҳ (комиссия) таркибига ишлаб чиқувчининг тегишли бўлинмаларининг, тегишли тармоқлар ҳолати ва ривожланиши учун масъул бўлган вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг ёки идораларнинг, бошқа манфаатдор давлат органларининг, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролар киритилиши мумкин. Бунда нодавлат ташкилотлар вакиллари, шунингдек фуқаролар ўз розилиги билан ишчи гуруҳ (комиссия) таркибига киритилади.

Ишчи гуруҳ (комиссия) аъзолари норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган тегишли билим ва тажрибага эга бўлиши керак.

Ишлаб чиқувчи ишчи гуруҳнинг (комиссиянинг) фаолиятини таъминлаш учун давлат органларидан ва ўзга ташкилотлардан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган материалларни, статистика маълумотларини ва бошқа маълумотларни олишга, лойиҳа юзасидан илмий ва бошқа ташкилотларнинг, олимлар ва мутахассисларнинг маслаҳатлари ҳамда тавсияларини, шунингдек экспертлар хулосаларини олишга ҳақлидир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи орган, зарур ҳолларда, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашни давлат органларига, илмий ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга белгиланган тартибда ўз ваколатлари доирасида топширишга ёки уларга шартнома асосида буюртма беришга ҳақлидир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи орган, зарур ҳолларда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муқобил лойиҳаларини тайёрлашни бир нечта давлат органига, илмий ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга ўз ваколатлари доирасида топширишга ёки улар билан шартномалар тузишга, шунингдек энг яхши норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси учун танловлар ўтказишга ҳақлидир.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг  норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишларини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

37-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда қонун ҳужжатларининг ҳолатини, қўлланилиш амалиётини, жамоатчилик фикрини ва халқаро тажрибани ўрганиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда ишлаб чиқувчи:

қонун ҳужжатларининг ҳолатини, лойиҳани тартибга солиш предмети бўйича қўлланилиш амалиётини ўрганади;

ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган нуқсонлар ва зиддиятларни, шунингдек ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга бўлган ижтимоий эҳтиёжни, қонун ҳужжатларининг самарадорлигига таъсир этувчи сабаблар ҳамда шароитларни аниқлайди;

муаммони, уни ҳал этиш усулларини, рақобатга таъсирини таҳлил қилиш, тартибга солишнинг янги воситалари ва тартибини жорий этишда юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни прогноз қилиш ва баҳолаш, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун фойда ва харажатларни таҳлил этишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини мажбурий баҳолашдан ўтказади;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шунингдек айрим фуқароларнинг таклифларини, оммавий ахборот воситаларининг материалларини, илмий ва бошқа ташкилотларнинг, олимлар ва мутахассисларнинг маслаҳатлари ва тавсияларини, жамоатчилик фикрини аниқлашнинг бошқа воситалари маълумотларини умумлаштиради ҳамда улардан фойдаланади;

халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормаларини ҳисобга олади, шунингдек ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасида бошқа давлатлар тажрибасини ўрганади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг ҳуқуқий тартибга солиш предметига таалуқли бўлган ҳуқуқ соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини, оммавий ахборот воситаларидаги ва Интернет глобал компьютер тармоғидаги нашрларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни амалга ошириш учун зарур бўлган молиявий-иқтисодий харажатларга бўлган эҳтиёжни, уларни қоплаш миқдорлари ва манбаларини аниқлайди, кутилаётган харажатларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилинишидан (чоп этилишидан) кутилаётган натижаларга мутаносиблигини баҳолайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига дахлдор ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар рўйхатини аниқлайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатда назарда тутилган маълумотларни хизмат доирасида фойдаланиладиган ахборот ёки давлат сири тоифасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилиш заруратини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг лойиҳалари қонунда белгиланган тартибда умумхалқ муҳокамасига қўйилиши мумкин. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик ёки мутахассислар муҳокамасига қўйилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси манфаатдор давлат органлари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, ўзга ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар иштирокида ўтказилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мутахассислар муҳокамаси тегишли илмий-тадқиқот муассасаларининг, тармоқларнинг вакиллари иштирокида ўтказилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг жамоатчилик ёки мутахассислар муҳокамаси иштирокчилари ишлаб чиқувчи томонидан унинг матни билан олдиндан таништирилиши лозим.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг муҳокамаси жараёнида баён этилган таклифлар ва мулоҳазалар тавсия хусусиятига эга ҳамда ишлаб чиқувчи томонидан кўриб чиқилиши керак. Инобатга олинмаган таклифлар ва мулоҳазалар юзасидан тегишли тушунтиришлар берган ҳолда маълумотнома тайёрланади. Муҳокама материаллари норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга кўриб чиқиш учун норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш билан бир вақтда киритилади.

38-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари муҳокамаси

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқувчиси томонидан мажбурий равишда Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида (кейинги ўринларда – Ягона портал деб аталади) муҳокама қилиш учун:

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига бевосита дахл этувчи ҳамда ижтимоий муносабатларнинг маълум соҳасини тартибга солишнинг янги ёндашувларини белгилайдиган ёҳуд мавжуд ёндашувларни принципиал ўзгартирадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари;

тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсир этадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари;

атроф-муҳитга таъсир этадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жойлаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари билан бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаси ва унинг ўтказиш тартибининг хусусиятлари белгилаб берилиши мумкин.

Ушбу модданинг талаблари қуйидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларига нисбатан татбиқ этилмайди:

халқаро шартномаларини тузиш, бажариш, тўхтатиб туриш ёки тўхтатиш муносабати билан тайёрланган, шунингдек ташқи алоқаларни ташкил этишга таалуқли бўлган;

мудофаа ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга соладиган;

давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларини ўз ичига олган;

фавқулотда ҳолатларни олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадларида қабул қилинадиган;

амалдаги қонунчиликнинг қоидаларини янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлаштириш буйича қабул қилинадиган ҳужжатларга.

Ишлаб чиқувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари билан келишиш жараёнида Ягона порталга жойлаштиради.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаси Ягона порталдаги жамоатчилик муҳокамасининг муддати ишлаб чиқувчи томонидан тартибга солинаётган ижтимоий муносабатларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгиланади, аммо Ягона порталда хабар жойлаштирилган кундан бошлаб 15 календарь кундан кам бўлмаслиги лозим.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси ва келиб тушган таклифлар ва (ёки) эътирозларни қўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумот норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг тушунтириш хатига киритилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича иштирокчиларининг таклифларини инобатга олиш ишлаб чиқувчи томонидан қабул қилинган эътирозлар ва (ёки) таклифларга мувофиқ лойиҳани қайта ишлаш орқали амалга оширилади

Келиб тушган эътирозлар ва (ёки) таклифларни қабул қилиш рад этилган тақдирда ишлаб чиқувчи тушунтириш хатида рад этишнинг сабабини асослашга мажбур.

4-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг экспертизаси ва келишиниши

39-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг экспертизаси

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг қарорига кўра иқтисодий, молиявий, илмий, давлат экологик, коррупцияга қарши экспертизадан, шунингдек бошқа турдаги экспертизалардан ўтказилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг иқтисодий экспертизаси қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий хужжатлар билан белгиланган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларига мувофиқлиги баҳолашни амалга оширишга йўналтирилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг молиявий экспертизаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қоидаларини бюджет тизими бюджетларининг даромадлар ва харажатларнинг баланслилигига таъсирини аниқлаш мақсадиида амалга оширилади.

Лойиҳаларнинг илмий экспертизаси энг мураккаб норматив-ҳуқуқий хужжатлар бўйича асосланганлигини, ўз вақтидалигини, лойиҳанинг қабул қилиниши муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган ижобий ва салбий оқибатларни аниқлаш мақсадида амалга оширилади.

Лойиҳаларнинг лингвистик экспертизаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг матнларини стилистик сифатини, юридик матнларнинг функционал-стилистик хусусиятларини, типологик хусусиятларини ҳисобга олган холда замонавий адабий тил нормаларига мувофиқлигини, шунингдек икки ва ундан ортиқ тилларда тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг матнларини ўзаро мувофиқлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш орқали амалга оширилади.

Экспертлар сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва (ёки) шахслар жалб қилинади. Экспертиза ўтказиш учун олимлар ва мутахассислар, шу жумладан бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан олимлар ва мутахассислар жалб этилиши мумкин. Экспертлар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига баҳо беришда мустақилдирлар ва улар экспертиза ўтказишни топширган органнинг нуқтаи назари билан боғлиқ бўлмайди.

Экспертларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича хулосалари тавсия хусусиятига эга ва ишлаб чиқувчи ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи орган томонидан кўриб чиқилиши керак. Хулосанинг инобатга олинмаган бандлари юзасидан тегишли тушунтиришлар берган ҳолда маълумотнома тайёрланади.

40-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси

Ҳуқуқий экспертиза давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, унга нисбатан юқори юридик кучга эга бўлган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ҳамда мақсадга мувофиқлиги текширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси ишлаб чиқувчининг ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органнинг юридик хизмати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказилади.

41-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Адлия вазирлиги ва унинг худудий бўлинмаларидаги ҳуқуқий экспертизаси

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳуқуқий экспертизасини улар мафаатдор ташкилотлар билан келишилганидан ва бошқа экспертиза турлари ўтказилганидан сўнг, шунингдек такроран – Вазирлар Маҳкамаси аппарати ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси таркибий тузилмаларида уларнинг концептуал қоидалари ўзгартирилганида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Президенти, Президент Администрацияси ёки Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ва қарори, Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳалари ушбу топшириқ ижроси муддати тугашига камида 10 кун қолганида ҳуқуқий экспертиза ўтказиш учун Адлия вазирлигига киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка, халқаро шартномалар нормалари, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсад ва вазифалари, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини, уларни коррупцияга, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга шарт-шароит яратувчи, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар учун ортиқча маъмурий ва бошқа чекловларни жорий этувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш, шунингдек зарур бўлган нормаларни ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжатда акс эттирган холда тегишли муносабатларни тартибга солувчи бошқа нормаларни бекор қилиш, кодификация қилиш имконияти нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертиза амалга оширилиши давомида уларнинг тўғридан-тўғри амал қилиниши ва зарур амалга ошириш механизмларини аниқлаш, шунингдек лойиҳани такрорловчи ёки унга зид бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аниқлаш ва кейинчалик бекор қилиш мақсадида мажбурий равишда баҳолашини амалга оширади.

Ҳуқуқий экспертиза натижасига кўра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги ёки мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса тақдим қилади.

Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарор лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ва давлат рўйхатидан ўтказилиши Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларининг ҳуқуқий экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тегишли таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

42-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг таркибий бўлинмалари томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиш муддатлари

Қонун ҳужжатлари лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарор лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси келиб тушган санасидан бошлаб ўн иш куни ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг ҳуқуқий экспертизаси ва давлат рўйхатидан ўтказилиши ҳужжат келиб тушган санасидан бошлаб ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади. Агар кўрсатилган муддатнинг тугаши иш куни бўлмаган кунга тўғри келса, у ҳолда давлат рўйхатидан ўтказиш муддати кейинги иш кунига қадар узайтирилади.

Агар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган лойиҳалар қўшимча ўрганишни, шу жумладан юқори малакали мутахассисларни жалб қилишни талаб этса, қонун ҳужжатларининг лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарор лойиҳалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаларини кўриб чиқиш муддати беш кунгача, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг кўриб чиқиш муддати йигирма кунгача узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан:

вилоят, туман, шаҳар Халқ депутатлари кенгашлари қарор лойиҳалари – икки иш куни ичида;

вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг қарор лойиҳалари – беш иш куни ичида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

43-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси.

Коррупцияга қарши экспертиза ижтимоий муносабатларни келишилган ҳолда тартибга солишни шакллантириш ва коррупцион холатларни вужудга келишини олдини олиш мақсадида ўтказилади.

Коррупцияга қарши экспертиза коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этишга имконият яратувчи коррупциявий омилларни аниқлаш, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этиш имкониятини яратувчи лойиҳани қабул қилиш оқибатларини умумий баҳолаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш жараёнида коррупцион тусдаги хавфларнинг вужудга келиши имкониятларини прогнозлаштириш, лойиҳаларда аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этишга қаратилган тавсияларни ишлаб чиқиш ва чораларни кўришга қаратилган жараёндир.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси ҳуқуқий экспертиза доирасида ўтказилади.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг коррупцияга қарши экспертизаси ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, таҳлил қилиш ва мониторинг қилиш жараёнида ёки натижаси бўйича ўтказилади.

44-модда. Коррупцияга қарши экспертизани ўтказиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тарзда коррупцияга қарши экспертизадан:

Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи орган ёки ишлаб чиқувчининг юридик хизмати томонидан ўтказилиши лозим.

Коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш жараёнида мустақил экспертлар ва ихтисослаштирилган соҳа мутахассислари ҳам жалб қилиниши мумкин.

Коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш жараёнида ҳар бир норма ёки қоидани таҳлил қилиш, шунингдек, маьлум бир соҳада норматив-ҳуқуқий ҳужжат қоидаси, меъёрларини бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқлик даражаси таҳлил қилинган ҳолда амалга оширилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати томонидан амалга оширилган коррупцияга қарши экспертиза натижалари, ўтказилган ҳуқуқий экспертиза ҳулосасида ўз аксини топади.

Коррупцияга қарши экспертиза натижалари Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий экспертиза натижаларига асосан тайерланган хулосада ўз аксини топади.

Ҳуқуқий экспертиза натижалари бўйича тайерланган хулосада:

коррупциявий омиллар аниқланган нормалар рўйхати;

аниқланган коррупциявий омиллар тавсифи ва улар қайси белгилар асосида ўрнатилганлиги;

коррупциявий омилларни бартараф этиш ва коррупция билан боғлиқ нормаларни бартараф этиш (тузатиш) бўйича тавсиялар;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда (лойиҳаларда) коррупцияни олдини олиш бўйича нормалар ва уларни киритиш бўйича таклифлар акс эттирилиши лозим.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни коррупцияга қарши экспертизаси натижаларига кўра, Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тегишли хулоса тайёрланади ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи давлат органига юборилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи давлат органи тегишли хулосани олгандан сўнг бир ой муддат ичида коррупциявий омилларни бартараф этиши ҳамда Адлия вазирлигини бу ҳақда хабардор қилиши лозим.

45-модда. Коррупцияга қарши экспертиза натижаларини умумлаштириш ва эълон қилиш

Адлия вазирлигига киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг норма ижодкорлиги жараёнида энг кўп учрайдиган коррупциявий омилларни аниқлаш нуқтаи назаридан ўтказиладиган коррупцияга қарши экспертиза натижалари ҳар чоракда Адлия вазирлиги томонидан умумлаштирилади.

Чоракдан кейинги ҳар ойнинг 10 санасига қадар тегишли маълумот Адлия вазирлигининг расмий сайтида жойлаштирилади.

46-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари мажбурий тартибда манфатдор давлат органи ва ташкилотлари билан келишилади.

Келишиш учун юборилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг (алоҳида ҳолларда – уларнинг нусхаси) лойиҳалари манфаатдор давлат органи ва ташкилотларининг биринчи раҳбарлари (алоҳида ҳолларда – уларнинг биринчи ўринбосари) томонидан:

қонун ҳужжатлари лойиҳалари – 7 иш куни давомида;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари – 5 иш куни давомида;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари – 3 иш куни давомида;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари – 3 иш куни давомида келишилади.

Қонун ҳужжатларида айрим масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларининг лойиҳалари аниқ давлат органлари ва ташкилотлар билан мажбурий равишда келишилиши белгиланиши мумкин.

Ушбу қонунда белгиланмаган келишишнинг бошқа муддат ва босқичларини ўрнатишга йўл қўйилмайди.

Норматив–ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш электрон тарзда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишиш Ягона электрон тизими орқали амалга оширилиши мумкин.

Норматив–ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

47-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат келишилмаганлиги учун жавобгарлик

Манфаатдор давлат органлари ва ташкилотлари томонидан келишиш учун киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига нисбатан 10 кун ичида муносабат билдирилмаган тақдирда, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини келишмаган давлат органи ва ташкилотига унинг оқибатлари бўйича тўлиқ жавобгарлик юклатилган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси эътирозларсиз келишилган деб ҳисобланади.

5-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга киритиш

48-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга киритиш

Тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга давлат тилида, зарур ҳолларда – унинг бошқа тиллардаги таржимаси билан киритилади.

Тайёрланган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертиза якунлари бўйича хулосаси ва тушунтириш хати билан киритилиб, унда:

ҳужжатни қабул қилиш зарурияти асосланади, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек юқори турувчи органнинг топшириқлари тўғрисидаги маълумотлар (топшириқ мавжуд бўлганда);

ишлаб чиқувчи кўрсатилади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат мазмунининг қисқача тавсифи берилади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси предметига тегишли бўлган халқаро ҳужжатлар ва хорижий мамлакатлар қонунчилигининг принциплари, қоидалари ва таърифлари тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасида фойдаланилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳар бир ҳаволанинг асослантирилиши акс эттирилади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишдан кутилаётган натижалар кўрсатилади;

лойиҳа жамоатчилик ва (ёки) мутахассислар муҳокамасидан ўтказилганлиги ва унинг натижалари тўғрисидаги, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона порталида лойиҳани муҳокама қилиш натижалари тўғрисидаги ахборот акс эттирилади;

лойиҳа келишилган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг рўйхати келтирилади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси бўйича келишмовчиликларнинг мазмуни ҳамда улар ҳақидаги асослантирилган фикр қисқача баён этилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган шаклда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл этувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси таъсирини баҳолаш тўғрисида ҳисобот, молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар, статистика маълумотлари мажбурий тартибда илова қилинади. Зарурат бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига уни асослаш учун бошқа маълумотлар илова қилиниши мумкин.

Ишлаб чиқувчи қонун лойиҳасини киритаётганда, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида қонун лойиҳаси бундан мустасно, халқаро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидаларини, тегишли халқаро тажрибани Ўзбекистон Республикаси шароитида қўллаш мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифларни кетма-кетлик тартибида кўрсатган ҳолда таҳлилий қиёсий жадвалларни тайёрлаши шарт.

Халқаро ҳужжатлар ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларининг принциплари, қоидалари ҳамда таърифларининг тайёрланган батафсил таҳлилини ўз ичига олган қиёсий жадвалсиз киритилган қонун лойиҳаси, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида қонун лойиҳаси бундан мустасно, кўриб чиқилмайди.

Ишлаб чиқувчи томонидан тўғридан-тўғри амал қилувчи механизмга эга бўлмаган қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга киритишга йўл қўйилмайди.

49-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат кўриб чиқилганидан сўнг норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартибга риоя этилган ҳолда қабул қилинади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган томонидан давлат тилида, зарурат бўлганда бошқа тилларга расмий таржимаси билан, қабул қилинади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган имзоланган ҳужжат матни таржимасининг мувофиқлиги ва бир хиллигига масъул.

Давлат тилидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан матни унинг бошқа тилдаги матни билан тафовут юзага келган тақдирда, давлат тилидаги матн устувор ҳисобланади.

50-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ваколатини бериш

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси айрим масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколатини Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси хамда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларга бериш ҳуқуқига эга (қонунчилик ваколатини бериш).

Ўзбекистон Республикаси Президенти норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бўйича ўз ваколатлари ижросини давлат органлари ва мансабдор шахсларга бериш ҳуқуқига эга эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўзининг ваколатига кирувчи масалалар бўйича норматив-хуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколатини  давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ҳокимият органларига бериш ҳуқуқига эга.

Норматив-хуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ваколатини бериш тегишли равишда қонун ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилиниши орқали амалга оширилади.

51-модда. Ҳуқуқий эксперимент

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг самарадорлигини ўрганиш мақсадида унинг вақт ёки соҳа бўйича, ёхуд маълум ҳудуд ва (ёки) шахслар доираси бўйича амал қилишини чеклаб, ҳуқуқий эксперимент тартибда қабул қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳуқуқий эксперимент якунида:

ҳуқуқий эксперимент тартибида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қўллаш амалиёти, ҳуқуқий экспериментнинг ижобий ва салбий оқибатлари, ушбу ҳужжатни қабул қилинишига таъсир ўтказган ижтимоий ва бошқа мезонлар, ҳуқуқий эксперимент билан боғлиқ бўлган харажатлар ва олинган даромадлар таҳлил қилинади;

ҳуқуқий эксперимент жараёнида эришилган ижтимоий-иқтисодий натижалар тўғрисидаги маълумотлар асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжат вақт ёки соҳа, маълум ҳудуд ва (ёки) шахслар доираси бўйича амал қилишини чеклашсиз қабул қилинишидан сўнг келиб чиқадиган ижобий ва салбий оқибатлар, харажатлар ва даромадлар прогноз қилинади.

Ҳуқуқий эксперимент натижасида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органи томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатни вақт ёки соҳа, маълум ҳудуд ва (ёки) шахслар доираси бўйича амал қилишини чекламасдан қабул қилишни мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилинади ёхуд ижтимоий муносабатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг тегишли соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича бошқа чоралар кўрилади.

6-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қўйиладиган асосий талаблар

52-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат мазмунига қўйиладиган умумий талаблар

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонун ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади. Давлат тилида тенг маъноли сўзлар ва тушунчалар бўлган тақдирда оғзаки нутқ шакллари, хорижий тилларнинг атамалари, эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар
ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар, шунингдек аббревиатура ва қисқартмалар (умумий қабул қилинган аббревиатура ва қисқартмалар, шунингдек ташкилотларнинг қисқартирилган номлари бундан мустасно) қўлланилишига йўл қўйилмайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда уни амалга оширишнинг ҳуқуқий воситалари, шу жумладан молиялаштириш манбалари, рағбатлантириш, мукофотлаш ва назорат қилиш чора-тадбирлари кўрсатилиши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шунингдек мансабдор шахслар ҳамда фуқароларнинг мажбуриятларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ушбу мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарлик чоралари, агар бундай чоралар қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган бўлса ёки алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатда белгиланмаслиги керак бўлса, назарда тутилади.

Фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва жамият томонидан мавжуд нормани ижро этиш учун сарфланаётган харажатлар таклиф этилаётган лойиҳа нормасида назарда тутилаётган харажатларга тенг ёки улардан ортиқ бўлганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари матнлари мавжуд нормани бекор қилишни назарда тутиши лозим.

Тартиб-таомилларни мураккаблаштиришни назарда тутувчи, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл этувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда мураккаблаштирувчи тартиб-таомилларнинг амал қилиш муддатини чеклаш, бунда муддат ўтгач улар мавжуд тартибга солишни яхшилаш, унинг бундан буёнги заруриятини асослаш ёки автоматик равишда кучини йўқотган деб топиш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқилиши лозимлиги тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган булиши шарт.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат унинг қабул қилиниши сабаблари ва мақсадларига оид тушунтиришни қамраб олган муқаддимага эга бўлиши мумкин. Ҳуқуқий нормалар муқаддимага киритилмайди.

Зарур ҳолларда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатда юридик, техник ва бошқа махсус атамалар ҳамда тушунчаларнинг қисқача таърифи берилади, умум қабул қилинган қисқартмалар қўлланилади ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар берилади.

Зарур ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатда юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг айрим қоидалари мазкур ҳужжатга ҳавола қилинган ҳолда айнан такрорланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатда, қоида тариқасида, худди шундай юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқий нормалари қайта айнан такрорланмайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳаволалар ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш ёки такрорлашларга йўл қўймаслик зарурати бўлган ҳолларда қўлланилади. Ҳаволалар аниқ бўлиши ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ёхуд унинг алоҳида қоидаларини кўрсатиши керак.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унинг (ёки унинг қисмларининг) кучга кириш муддати кўрсатилиши керак.

53-модда. Қонун мазмунига қўйиладиган талаблар

Қонун унинг номи, муқаддимаси (зарур ҳолларда), таркибий бирликлари, шу жумладан тегишли қонунлар қабул қилинганидан кейин уларнинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини ташкил этиш учун масъул бўлган аниқ давлат органлари тўғрисида ва қонун ҳужжатининг ёки унинг алоҳида қоидаларининг кучга кириши, ўз кучини йўқотган деб топиш тартиби ҳақидаги қоидалардан иборат.

Қонун лойиҳаси яхлит қонун ёки ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, ўз кучини йўқотган деб ҳисоблашни назарда тутувчи қонун шаклида бўлиши мумкин.

Яхлит қонун лойихаси матни тўғридан-тўғри амал қилиш ва уни амалга ошириш механизмига эга бўлиши шарт.

Ўзбекистон Республикасининг қонунларида ҳуқуқий нормалар тартиб рақамига эга бўлган моддалар кўринишида баён этилади. Моддалар қисмларга ажратилиши мумкин. Моддаларнинг қисмлари бандлар, кичик бандлар ва хатбошиларни иборат бўлиши мумкин.

Моддаларнинг қисмлари рим рақамлари билан рақамланади, ушбу рақамлардан сўнг нуқта қўйилади. Бандлар доирасимон қавс билан беркитиладиган араб рақамлари билан белгиланади. Бандлар кичик бандларга бўлиниб, кичик бандлар қавслар ичидаги кичик ҳарфлар билан белгиланади. Кичик бандлар қавслар ичидаги араб рақамлари билан белгиланадиган хатбошиларга бўлиниши мумкин.

54-модда. Қонуности ҳужжатлари мазмунига қўйиладиган талаблар

Қонуности ҳужжати унинг тури, номи, муқаддимаси, таркибий бирликларидан иборат.

Қонун ҳужжати асосида, унинг ижроси юзасидан ёки ривожланиши бўйича тайёрланган қонуности ҳужжатининг муқаддимасида тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат (зарурат бўлганда, унинг таркибий бирлиги) қўрсатилади.

Қонуности ҳужжатларида ҳуқуқий нормалар тартиб рақамига эга бўлган бандлар тарзида баён этилади. Бандлар кичик бандлар ва хатбошиларга ажратилиши мумкин.

Қонуности ҳужжатларида:

бир марталик характерга эга топшириқлар;

ушбу қонуности ҳужжатидан келиб чиқадиган қонунчиликга ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритиш тўғрисида топшириқлар акс эттирилиши мумкин. Қонуности ҳужжатларида назарда тутилган масалалар бўйича ваколатига кирмайдиган давлат органи ёки ташкилотни ижрочи сифатида белгилашга йўл қўйилмайди.

Қонуности ҳужжатларида мажбурий тарзда ушбу қонуности ҳужжати ижросини назорат қилишга масъул бўлган мансабдор шахс кўрсатилади.

55-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг реквизитлари

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қуйидаги реквизитларга эга бўлади:

ҳужжатнинг тури ва номи;

ҳужжат қабул қилинган жой, сана (Ўзбекистон Республикасининг қонунлари учун маъқулланган ва имзоланган сана ҳам), рақами (вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари учун улар давлат рўйхатидан ўтказилган сана ва рўйхатга олиш рақами ҳам);

тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат матнини тасдиқлашга расман ваколати бўлган шахснинг лавозими, имзоси, исмининг бош ҳарфи ва фамилияси.

56-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий матнини тасдиқлаш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг расмий матни унга имзо қўйиш йўли билан, яъни:

Ўзбекистон Республикасининг қонуни — Ўзбекистон Республикасининг Президенти;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қарори — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Раиси;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони ва қарори — Ўзбекистон Республикасининг Президенти;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори — Ўзбекистон Республикаси Бош вазири;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари — норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган раҳбари;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари — тегишли ҳоким томонидан тасдиқланади.

57-модда. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

7-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилиш, уларнинг кучга кириши ва амал қилиши

58-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилишга доир талаблар

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий нашрларда эълон қилиниши керак. Расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳеч ким ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат баён тарзида расмий эълон қилинишига йўл қўйилмайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий эълон қилинганда унинг барча реквизитлари кўрсатилади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари матнларининг электрон шакллари уларни қабул қилган органларнинг расмий веб-сайтларига норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий эълон қилинганидан кейин бир кун ичида жойлаштирилиши шарт. Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари матнларининг электрон шаклларини эълон қилиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни норасмий нашрларда эълон қилишга, шунингдек уларни қонун ҳужжатларининг электрон маълумот тизимлари орқали тарқатишга норматив-ҳуқуқий ҳужжат расмий манбаларда эълон қилинганидан сўнг, уларнинг барча реквизитларини, улар эълон қилинган расмий нашрларни ва уларнинг кучга кириш санасини кўрсатиш шарти билан йўл қўйилади. Бунда расмий нашрларда эълон қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжат матнининг аниқ такрорланиши таъминланиши лозим.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир.

59-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манбалар

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси», «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

«Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами», «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

«Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами», Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, шунингдек вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг расмий нашрлари вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари мазкур органларнинг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.

60-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кучга кириши

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги юридик мажбуриятлар юклатишни назарда тутадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектларига юридик жавобгарликнинг янги чораларини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар улар расман чоп этилган фурсатдан бошлаб, уч ойдан олдин бўлмаган муддатда кучга киритилади.

61-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг орқага қайтиш кучи

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикасининг қонуни у амалга киритилишига қадар юзага келган ижтимоий муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилади. Агар Ўзбекистон Республикасининг қонуни содир этилган пайтда жавобгарликка сабаб бўлмаган ёки енгилроқ жавобгарликка сабаб бўлган хатти-ҳаракатлар учун юридик ва жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини жорий этишни ёхуд кучайтиришни назарда тутса ёхуд юридик ва жисмоний шахсларга моддий зарар етказса, қонунга орқага қайтиш кучини бериш мумкин эмас.

62-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳудуд бўйича амал қилиши

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳудуд бўйича амал қилиши норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органнинг юрисдикцияси билан белгиланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган унинг ҳудуд бўйича амал қилиши доирасини чеклаб қўйиши мумкин.

63-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг вақт бўйича амал қилиши

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат, агар унинг матнида бошқача изоҳ берилмаган бўлса, муддатсиз амал қилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиш муддати бутун ҳужжат учун ёки унинг қисмлари учун белгиланиши мумкин. Бундай ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёхуд унинг қисми қайси муддатга ёки қандай ҳодиса юз бергунига қадар ўз кучини сақлаб қолиши кўрсатилиши керак.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган белгиланган муддат тугагунига қадар ёки ҳодиса юз бергунига қадар ҳужжатнинг ёки унинг қисмининг амал қилишини янги муддатга, бошқа ҳодиса юз бергунига қадар узайтириш тўғрисида ёхуд норматив-ҳуқуқий ҳужжат қонун ҳужжатларига, ўтказилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларига, жамиятдаги барқарор ҳуқуқий муносабатларга мувофиқ бўлган тақдирда ҳужжатга (унинг қисмига) муддатсиз тус бериш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.

64-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ҳақиқий таъсирини баҳолаш

Инсон ҳуқуқлари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини химоялаш соҳасидаги ваколатли органлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл этувчи ва қўшимча чекловлар, талаблар ва мажбуриятларни амалга киритишни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳақиқий таъсирини баҳолаш ҳар йили тасдиқланадиган режалар асосида амалга оширилади.

Ҳақиқий таъсирни баҳолаш якунида норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилган органга қуйидагиларни назарда тутган хулоса каритилади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқиш жараёнидаги кутилаётган натижалар ва қабул қилинганидан сўнг ҳақиқий эришилган натижалар сони ва сифатинининг таҳлили;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амалий қўлланилишидаги мавжуд бўлган муаммолар ҳақидаги маълумот;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниши муносабати билан қилинган харажатлар ва олинган даромадларнинг фактик таҳлили;

қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш зарурияти тўғрисида асослантирилган таклиф.

65-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг шахслар доираси бўйича амал қилиши

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва юридик шахсларига, шунингдек ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширганда чет эл юридик шахсларига, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.

66-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат амал қилишининг тўхтатиб турилиши ва тугатилиши

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг қисмининг амал қилиши уни қабул қилган орган ёхуд унинг юқори турувчи органи томонидан муайян муддатга ёки муайян ҳодиса юз бергунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисми қуйидаги ҳолларда ўзининг амал қилишини тугатади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисми мўлжалланган муддат тугаганда ёки ҳодиса юз берганда;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисми қонунда белгиланган тартибда Конституцияга хилоф ёхуд ҳақиқий эмас деб топилганда;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисми ўз кучини йўқотган деб топилганда;

норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисми бекор қилинганда.

67-модда. Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш

Янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зарур ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ва илгари қабул қилинган барча ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар янги ҳуқуқий нормаларга зид бўлса ёхуд янги ҳужжат билан тўлалигича қамраб олинган ёки амалда ўз аҳамиятини йўқотган, лекин расман ўз кучини йўқотган деб топилмаган бўлса, ўз кучини йўқотган деб топилиши керак.

Тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартиришлар ва (ёки) қўшимчалар, ўз кучини йўқотган деб топилаётган тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки улар қисмлари рўйхати норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ўзида кўрсатилиши лозим.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан ўзгартиришлар, қўшимчалар киритилиши ёки ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган тенг юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари сони анча кўп бўлган тақдирда, мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар, шунингдек ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхати алоҳида ҳужжат сифатида расмийлаштирилади. Бундай ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқувчи томонидан тайёрланади ва норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси билан бир вақтда тақдим этилади.

68-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини тарқатиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини тарқатиш норматив-ҳуқуқий ҳужжат матни билан монеликсиз танишиш имкониятини таъминлайдиган ҳар қандай шаклда амалга оширилиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларини тарқатиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

8-боб. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш ва таъминлаш

69-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этувчи ва таъминловчи органлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижросини ташкил этади ҳамда таъминлайди.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, уларнинг мансабдор шахслари ўз ваколатларига киритилган масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этади ҳамда таъминлайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини тегишли ҳудудда ташкил этади ва таъминлайди.

70-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш ва таъминлаш борасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз вақтида ижро этилишига қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқади ва (ёки) қарорлар қабул қилади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг ишини мувофиқлаштиради ҳамда йўналтиради, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш борасидаги ваколатларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш учун зиммасига жавобгарлик юклатиладиган вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда мансабдор шахсларни белгилайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз вақтида ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

71-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ижросини ташкил қилиш ва таъминлаш бўйича Адлия вазирлигининг ваколатлари.

Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкиллаштириш масалалари бўйича давлат органлари ва ташкилотларига тушунтиришлар беради ва зарур кўмакни амалга оширади;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкиллаштирилиши масалалари бўйича услубий кўрсатмаларни ишлаб чиқади;

давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси ташкиллаштирилишининг мониторинги ва таҳлилини олиб боради, ушбу соҳадаги муаммоларни бартараф қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини таъминлаш бўйича давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат органлари ва ташкилотларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини ташкил этиш бўйича ижро интизомига риоя этилишини ўрганади, шу асосда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун ахборот-таҳлилий ҳужжатларни тайёрлайди;

Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

72-модда. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш ҳамда таъминлаш борасидаги ваколатлари

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ўз ваколатлари доирасида:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз вақтида ижро этилишига қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқади ва (ёки) қарорлар қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ижро этилишига қаратилган зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилишини амалга оширади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг тарқатилишини таъминлайди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича бошқа ташкилотлар билан биргаликда зарур тушунтириш ишларини ташкил этади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш учун ўз ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади, тегишли тармоқда қонун ҳужжатларининг қўлланилиши амалиётини ўрганади ва, зарурат бўлганда, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисобини юритади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

73-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш ва таъминлаш борасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тегишли ҳудудда:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз вақтида ижро этилишига қаратилган зарур тадбирларни ишлаб чиқади ва (ёки) қарорлар қабул қилади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларининг тарқатилишини таъминлайди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича бошқа ташкилотлар билан биргаликда зарур тушунтириш ишларини ташкил этади;

тегишли давлат органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижро этиш бўйича ишларини мувофиқлаштиради ва йўналтиради;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади, қонун ҳужжатларининг қўлланилиши амалиётини ўрганади ва, зарурат бўлганда, қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

белгиланган тартибда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг туркумлаштирилган ҳисобини юритади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

74-модда. Давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларини ижро этиш бўйича фаолияти устидан парламент назорати

Давлат органларининг ва ташкилотларининг ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларини ижро этиш бўйича фаолияти парламент назорати объектидир.

Парламент назоратини амалга ошириш тартиби Қонун билан белгиланади.

75-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг мониторинги ва назорати

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг мониторинги ва назорати давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органлар ва бошқа ташкилотлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан назорат ва текширув натижалари, шунингдек ҳуқуқни қўллаш амалиётининг мониторинги ва жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларининг таҳлили асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифати, қонунийлиги ва самарадорлигини белгилайди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бўшлиқлар, юқорироқ юридик кучга эга бўлган ҳужжат билан зиддиятлар, шунингдек ички зиддиятлар ёхуд ўзга ҳатолар аниқланганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган орган уларни бартараф этиши, муайян соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи органлар ва ўзга ташкилотлар норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган органга тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш ёки уларни бекор қилиш бўйича таклифлар киритиши лозим.

76-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўлланилишининг ҳуқуқий мониторинги

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш мақсадида уларни тартибга солиш предмети ваколат доирасига кирувчи давлат органлари ва ташкилотлари томонидан норматив-ҳужжатларни ҳуқуқий мониторинги амалга оширилади.

Ҳуқуқни қўллаш амалиётини норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг мақсадига мувофиқлигини ўрганиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир хил ва тўғри қўллашга тўсқинлик қилувчи камчиликларни аниқлаш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш тизими ҳуқуқий мониторинг деб ҳисобланади.

Ҳуқуқий мониторингни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

9-боб. Якунловчи қоидалар

77-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ноаниқликлар топилган, у амалиётда нотўғри ёки зиддиятли тарзда қўлланилган тақдирда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига расмий шарҳни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди беради.

Қонун ости ҳужжатлари нормаларига расмий шарҳни уларни қабул қилган органлар беради.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий шарҳлаш жараёнида уларга нормаларни аниқлаштиришга қаратилган тузатишлар, ўзгартиришлар, қўшимчалар киритилишига йўл қўйилмайди.

78-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олиш ушбу ҳужжатларни марказлаштирилган тарзда йиғиш, қайд этишни, уларнинг фондларини яратиш ва назорат ҳолатида сақлаб туришни ҳамда бундай ҳужжатлар ҳақидаги марказлаштирилган ахборотларни ўз ичига олади. Қонун ҳужжатларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олишга доир қўшимча талаблар белгиланиши мумкин.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат ҳисобига олишни амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

 

 

                             Ўзбекистон Республикасининг

                                          Президенти                                                                                         Ш. Мирзиёев

Общие комментарии

1534