ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
2454 Министерство народного образования Республики Узбекистан 19/02/2019 06/03/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
2020-2022 йилларда халқ таълими муассасаларини моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-2454

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагиларни ўз ичига олган 2020-2022 йилларда халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари дастури (кейинги ўринларда Дастур деб юритилади):

2020-2022 йилларда халқ таълими муассасаларининг янгидан қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича асосий параметрлари
1-иловага мувофиқ;

2020-2022 йилларда халқ таълими муассасаларининг мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, спорт анжомлари ва ўқитишнинг техник воситалари билан таъминлаш асосий параметрлари 2-иловага мувофиқ;

халқ таълими муассасалари қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш)нинг ҳар йилги дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида Низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. 2020-2022 йилларда халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш доир чора-тадбирлар дастури бажарилишини мувофиқлаштирувчи комиссия (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Комиссия (А.Раматов):

дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан масъул бўлган вазирлик, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини тизимли асосда мувофиқлаштиришни, белгиланган тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилиши юзасидан мониторинг ва назоратни амалга оширсин;

зарурий ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган таклифларига асосан 2020 — 2022 йилларда халқ таълими муассасалари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлашнинг манзилли дастурига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. Дастур доирасида халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича:

Халқ таълими вазирлигига марказлашган ҳолда ажратилган маблағлар ҳисобидан товар, хизматларни шунингдек, халқ таълими таълим муассасаларини жиҳозлаш юзасидан харидларни амалга ошириш бўйича буюртмачи этиб — Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Ўқув таълим таъминот” давлат унитар корхонаси белгилансин;

Халқ таълими муассасаларини лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш, қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш хамда қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича буюртмачи этиб — Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги “Халқ таълими соҳасида лойиҳа ҳужжатларига техник топшириқларни ишлаб чиқиш ва қурилиш объектлари сифатини мониторинг қилиш бўйича инжиниринг компанияси” давлат унитар корхонаси ва унинг ҳудудий бўлимлари зиммаларига юклатилсин;

5. Қуйидагилар Дастурни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Давлат бюджети маблағлари;

имтиёзли хорижий кредитлар ва грантлар;

жисмоний ва юридик шахсларининг ҳомийлик хайриялари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Халқ таълими вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг асосланган ҳисоб-китобларига асосан Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил ва келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва Инвестиция дастурлари параметрларини шакллантиришда мазкур қарорда белгиланган халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун зарур маблағларни назарда тутсинлар.

7. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда Дастурни амалга ошириш учун имтиёзли хорижий кредитлар ва грантларни жалб этиш бўйича халқаро молиявий институтлар ва хорижий донорлар билан тизимли ишлар олиб борсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экспертизасидан ўтказилишини белгиланган тартибда таъминласин ҳамда бажарилаётган қурилиш-монтаж ишларининг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан назорат ўрнатсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳар чорак якуни бўйича Дастурдаги тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Комиссияга ахборот киритиб борсинлар.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — Транспорт вазири
А.Ж. Раматов ва Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов зиммаларига юклансин.

 

 

 

Илова 1

 

Илова 2

Илова 3

Халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш)нинг ҳар йилги дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ

1. Ушбу Низом Халқ таълим муассасаларини (кейнги ўринларда таълим муассасалари деб юритилади) қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш)нинг ҳар йилги дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш доирасида ташкилий тартиботларни ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар ўртасида ўзаро ҳамкорлик қилиш тартибини, шунингдек, функциялари ва вазифаларини белгилайди.

2. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари, туман (шаҳар) шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда:

таълим муассасалари бинолари, инфратузилма объектларининг техник ҳолати ва жиҳозланганлигини тизимли асосда доимий ўрганадилар;

келгуси йилда реконструкция қилиниши, мукаммал таъмирланиши ва жиҳозланиши (тўлиқ жиҳозланиши) керак бўлган таълим муассасалари рўйхатини ҳар йили 1 июлгача аниқлайдилар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри халқ таълими бошқармаларига киритадилар.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри халқ таълими бошқармалари туман (шаҳар) ҳокимликлари ва халқ таълими бўлимлари томонидан тақдим этилган рўйхат асосида ҳар йили
1 августгача келгуси йилда реконструкция қилиниши, мукаммал таъмирланиши ва жиҳозланиши (тўлиқ жиҳозланиши) керак бўлган таълим муассасаларининг дастлабки рўйхатини аниқлайдилар ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига киритадилар.

4. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан ҳар йили 5 августгача, таълим муассасаларининг тақдим этилган дастлабки рўйхатлари асосида таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш) дастурларини шакллантириш бўйича ишчи гуруҳлар тузадилар.

Ишчи гуруҳлар таркибига Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри халқ таълими бошқармалари, Қурилиш вазирлиги Давлат архитектура-қурилиш назорати инспекцияларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудий иқтисодиёт ва саноат  бошқармаларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқармаларининг, шунингдек, молия органларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари киритилади.

5. Ишчи гуруҳлар таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш)нинг ҳар йилги дастурларини шакллантиришда ҳар бир таълим муассасаси биноларининг амалдаги техник ҳолатини ва уларнинг моддий-техника жиҳатидан таъминланганлигини, шунингдек ўқув корпусларининг ўқув устахоналари ва лабораториялари ташкил этиш билан кенгайтиришга бўлган эҳтиёжини, спорт заллари ва майдончалари, бошқа инфратузилма объектлари ташкил этилишини ҳамда уларни мебель, лаборатория асбоб-ускуналари, спорт анжомлари ва ўқитишнинг техник воситалари билан жиҳозланишини ҳисобга оладилар.

6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари биргаликда ҳар йили 1 декабргача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш)нинг кейинги йил учун аниқлаштирилган дастурини тегишли вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритадилар.

7. Таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлашнинг манзилли дастурларини шакллантиришда бинолар томини таъмирлаш, иссиқлик тизими, электр ва сув таъминоти, шунингдек ҳудуднинг ташқи чегарасини ўраш ҳамда санитария хоналарининг техник ҳолатини техник талабларга мувофиқлаштириш бўйича иш турлари инобатга олинади.

8. Таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш)нинг ҳар йилги дастурларини шакллантиришда улардан ҳар бирининг техник ҳолати, моддий-техника жиҳатидан амалда таъминланганлиги, сменалилиги ва ўқувчилари сони ҳисобга олинади ҳамда мебель, лаборатория асбоб-ускуналари, спорт анжомлари ва ўқитишнинг техник воситаларини асоссиз равишда ҳисобдан чиқарилишига йўл қўйилмайди.

Илова 4

 

2020-2022 йилларда халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар дастури бажарилишини мувофиқлаштирувчи комиссия

ТАРКИБИ

 

1.

А. Раматов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — Транспорт вазири, Комиссия раиси

2.

Ш.Шерматов

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири, Комиссия раисининг ўринбосари

3.

А.Тўхтаев

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазири, комиссия раисининг ўринбосари

4.

С.Бекенов

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари

5.

Б.Ашрафхонов

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ўринбосари

6.

Б.Усмонов

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари

7.

И.Джураев

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари

8.

Лавозими бўйича

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари

13.

 

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълими жамғармасини ижро этувчи Дирекция директори, комиссия котиби

 

Изоҳ: Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёки тегишли вазифаларни бажариш зиммасига юкланлган шахслар киритилади.

Общие комментарии

1026