ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
236 Министерство культуры Республики Узбекистан 14/08/2018 29/08/2018 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
“Дийдор” режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси” давлат муассасаси негизида “ Дийдор ёшлар экспериментал театр-студияси” давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисида
ID-236

Лойиҳа

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

 

“Дийдор” режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси” давлат муассасаси негизида “ Дийдор ёшлар экспериментал театр-студияси” давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3022-сон қарори ҳамда Ўзбекистонда театр санъатини янада ривожлантириш, театрлаштирилган оммавий тадбирлар ўтказишнинг ғоявий-бадиий савияси, таъсирчанлигини кучайтириш, ижодий фаолиятда иштиёқ ва истеъдодга эга бўлган ёшларни рўёбга чиқариш, уларнинг ижодий салоҳиятини ошириш, юқори истеъдодли театр режиссёрлари ва актёрларини амалий тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг “Дийдор” режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси” давлат муассасаси негизида “Дийдор ёшлар экспериментал театр-студияси” давлат муассасасини (кейинги ўринларда “Театр-студия” деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

Театр-студияси “Дийдор” режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси” давлат муассасасининг барча ҳуқуқ, мажбурият ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

3. Қуйидагилар театр-студиясининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий, бадиий-эстетик руҳиятини юксалтириш, тафаккурини бойитиш, мустаҳкамлаш, уларнинг санъатга бўлган муҳаббатини кучайтириш, ўзбек миллий театр санъати тарихий асослари ва ютуқларини ёшлар қалбига чуқур сингдириш, жаҳон андозалари асосида замонавий, хорижий давлатлардан малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда таълим бериш, республикамизда маданий-маърифий, ижодий-бадиий соҳаларда эришилаётган ютуқларни театр санъати орқали тарғиб этиш;

театр, кино, театрлаштирилган оммавий тадбир режиссёрлари ва актёрларни кашф этиш, маҳоратини ошириш ҳамда маънавий қўллаб-қувватлаш;

ёшларнинг ижодий фаоллигини ривожлантириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, соҳадаги илғор услубларни миллий руҳ билан уйғунлаштирилган ҳолда театр санъатига татбиқ этиш;

турли маданий-маърифий тадбирлар, гастроллар, кўрик-танловлар, фестиваллар, таниқли санъаткорлар билан учрашув ва анжуманлар, режиссёр ва актёрлар учун маҳорат дарслари ва театр санъатидан сабоқ берувчи ўқув машғулотлар ўтказиш, жаҳон маданияти ва санъатининг ёрқин намуналари билан таништириш орқали уларни баркамол инсонлар бўлиб камол топишларига кўмаклашиш.

4. Қуйидагилар театр-студияси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик ҳайриялари;

халқаро молия институтлари ҳамда донор ташкилотлар грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.    

5. Тошкент шаҳар ҳокимлиги:

театр-студиянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида бир ой муддатда Мирзо Улуғбек тумани,  Буюк Ипак Йўли кўчаси Марказ-1 мавзеси 9-уйда жойлашган бинонинг 248 квм. майдонини театр-студияга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул берилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда театр-студиянинг ижодий фаолиятини янада ривожлантириш ва ўзига хос хусусиятини инобатга олган ҳолда, Тошкент шаҳрида фойдаланилмаётган бинони ажратиш ҳамда театр-студиянинг самарали фаолият олиб бориши учун замонавий янги бино қуриш бўйича икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифларни киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

бир ой муддатда театр-студиясининг уставини тасдиқласин ҳамда унинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда театр-студияси намунавий штатларини тасдиқласин.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабаларининг тажриба-амалиёт дарсларини театр-студияда ташкил этиш ҳамда театр-студияда таҳсил олаётган иқтидорли ёш режиссёр ва актёрларнинг Тошкент шаҳрида яшашлари учун вазирлик тасарруфидаги ётоқхоналарида зарур шарт-шароитлар яратишни таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида” 1995 йил 28 октябрдаги 415-сон қарорининг 1-иловасидаги “Дийдор” режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси” давлат муассасаси” сўзлари “Дийдор ёшлар экспериментал театр-студияси” сўзларига алмаштирилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Дийдор” режиссёрлик ва актёрлик маҳорати театр-студияси” давлат муассасасини ташкил этиш тўғрисида” 2012 йил 20 февралдаги 43-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.С. Сайфуллаев зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири

 


 А. Арипов

Общие комментарии

542