ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
2266 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 06/02/2019 21/02/2019 4

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиалини ташкил этиш тўғрисида
ID-2266

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг
Шаҳрисабз филиалини ташкил этиш тўғрисида

 

Қашқадарё вилоятида мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаларининг малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни мактабга тайёрлаш даражасини ошириш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, ёшларнинг интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний қобилиятларини ривожлантириш борасида ҳал этилиши лозим бўлган қатор долзарб масалалар мавжуд.

Хусусан, Қашқадарё вилоятининг 350 та давлат мактабгача таълим муассасаларида 3066 нафардан зиёд тарбиячи, 404 та умумий ўрта таълим мактабларида 13248 нафар ўрта махсус маълумотли ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда мактабгача таълим муассасалари учун 546 нафар, умумий ўрта таълим мактаблари учун ўрта махсус маълумотли ўқитувчиларни олий маълумотли кадр этиб тайёрлаш билан бирга, қўшимча 579 нафар олий маълумотли мутахассисга эҳтиёж сезилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 9 сентябрдаги ПҚ-3261-сон қарорига мувофиқ 2018 йилдан бошлаб, ҳудудда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, бу қўшимча равишда олий маълумотли мутахассислар тайёрлашни тақозо этади.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига 2018/2019 ўқув йилида ҳужжат топширган абитуриентлар таркибида Қашқадарё вилоятидан ҳужжат топширган абитуриентлар 1987 нафарни университет таркибида Қашқадарё вилоятидан таҳсил олаётган талабалар 677 нафарни  ташкил қилиб, бу вилоятлар кесимида Тошкент вилоятидан кейинги энг юқори кўрсаткични ташкил қилади.

Ҳудуддаги таълим муассасаларининг малакали педагогларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, туманлар ва қишлоқ жойлардаги таълим муассасаларини юқори малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ҳамда халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли педагог кадрлар тайёрлаш тизимини жойларда ташкил этишни янада такомиллаштириш, таълим сифатини яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сонли қарорларида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Шаҳрисабз шаҳрида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиалини (кейинги ўринларда Филиал деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, Филиал Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг юридик шахс мақомига эга бўлган таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида зарур шахсий ҳисобварақларига эга бўлади.

2. Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

таълим муассасалари учун юқори малакали педагог кадрларни умумэътироф этилган ҳалқаро талаблар даражасида сифатли тайёрлашни таъминлаш;

педагогик таълим соҳасини ривожлантиришнинг илмий-методик вазифаларини ҳал этиш, илғор хорижий педагогик технологияларни жорий қилишга йўналтирилган илмий тадқиқотларни олиб бориш ва иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш;

юртимизнинг педагогика фани бўйича қадимдан ривожланиб келган ютуқлари, хорижий мамлакатлар таълим муассасаларининг тажрибаси ва Қашқадарё вилоятидаги таълим муассасаларининг талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда тегишли таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича ўқув-услубий адабиётларни яратиш;

ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, таълим ва илмий изланишлар жараёнига мутахассисларни кенг жалб этиш мақсадида педагогика соҳасидаги республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ва илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

республика ва хорижий олий таълим муассасалари ва илмий марказларига истиқболли ёш битирувчиларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Филиалнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш.

3. Филиалда ўқув жараёни 2019/2020 ўқув йилидан бошланади.

Филиалга талабаларни қабул қилиш сони белгиланган тартибда ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

4. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда Филиал тўғрисидаги маълумотларни Қашқадарё вилояти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

 5. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Шаҳрисабз филиалининг тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирига зарур ҳолларда, Филиалнинг тузилмасига олий таълим муассасаси учун ўрнатилган нормативларга мувофиқ ходимларнинг умумий чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

6. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Шаҳрисабз филиалининг Васийлик Кенгаши таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, Васийлик Кенгаши қуйидаги устувор йўналишларда Филиални ривожлантиришга кўмаклашади:

ҳамкорлик шартномаларини тузиш амалиётини ривожлантириш, таълим ва илм соҳасида халқаро келишувларни тузиш ва амалга ошириш;

талабаларнинг амалиётини самарали ташкил этиш;

иқтидорли талабаларнинг ривожланган хорижий давлатларнинг таълим муассасаларида амалиётларини ташкил этиш;

филиал профессор-ўқитувчилари ва ёш олимларнинг “Scopus” ва “Web of science” тизимига кирган халқаро илмий журналларда илмий мақолалари чоп этишидаги сарф-харажатларни қоплаш, шунингдек, ўқув-услубий, илмий тадқиқот ва “устоз-шогирд” ишларининг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда моддий рағбатлантириб боришни ташкиллаштириш;

филиалда ўқув жараёнини ташкил этиш учун малакали профессор-ўқитувчилар, жумладан хориждан ўқитувчилар, олимлар ва мутахассислар жалб этиш ҳамда ёш олимлар, таянч докторантларнинг хорижий таълим муассасалари ва илмий марказларига стажировкаларга юбориш;

филиал педагог ва бошқа ходимларининг меҳнат шароитларини ҳамда уларнинг ижтимоий таъминотини яхшилаш ва қўллаб-қувватлашни ташкил этиш.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда:

Филиалнинг уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

Филиални танлов асосида юқори малакали профессор-ўқитувчилар билан таъминлаш чораларини кўрсин;

Филиалда ўқув-методик жараёнларнинг ташкил этилишини таъминлаш, штатлар жадвали ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, уни ўқув-лаборатория жиҳозлари ва компьютер техникаси билан таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин;

Филиал ахборот-ресурс марказини таянч олий таълим муассасаси томонидан қўшимча ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш чораларини кўрсин.

8. Қўйидагилар Филиал фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ва мақсадли бадаллари;

халқаро молия ташкилотларининг грантлари;

қонун ҳўжжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

9. Белгилаб қўйилсинки:

Филиални сақлаш харажатлари 2019 йилда “Маориф” соҳаси бўйича тасдиқланган бюджет параметрлари доирасида, 2020 йилдан бошлаб эса мазкур соҳага ҳар йили ажратиладиган маблағлар доирасида амалга оширилади;

Филиалнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унга ажратилган бино ва иншоотларидан жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари харид қилиш) ишлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Олий таълим муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

10. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳри, Шаҳрисабз кўчаси 10-уйда жойлашган Қарши давлат университети қошидаги Шаҳрисабз академик лицейининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуди билан бирга Филиалга оператив бошқариш ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилаб қўйилсинки, Қарши давлат университети қошидаги Шаҳрисабз академик лицейининг ўқувчилари ўқишни битиргунларига қадар Филиал биноларида ўқув жараёнини давом эттирадилар.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мазкур бандда кўрсатилган бино ва иншоотларнинг белгиланган тартибда қабул қилиниши ва топширилишини таъминласин.

11. Филиалга 2 та, шу жумладан, 1 та шахсий ва 1 та навбатчи автотранспорт воситаларини сақлашга лимит ажратилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурининг 2020 йил ва кейинги йиллар учун параметрларини шакллантиришда Филиалнинг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш лойиҳаларини белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.

13. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг мурожаатига асосан Филиални онлайн маъруза ва масофавий таълим билан таъминлаш  мақсадида юқори тезликдаги Интернет ҳамда электрон таълим миллий тармоғига ўрнатилган тартибда улаш чораларини кўрсин.

14. “Ўзтрансгаз” АЖ (Эшмуротов), Қашқадарё вилояти хокимлиги (Рузиев) бир ой муддатда Филиални табиий газ таъминотига уланиш учун техник шарт берилсин.

15. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги республика олий таълим муассасаларидан Филиалга фаолият юритиш учун таклиф этилган профессор-ўқитувчиларни уй-жой билан таъминлаш чораларини кўрсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдухакимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири И. Маджидов ва Қашқадарё вилояти ҳокими З.Рўзиев зиммасига юклансин.

 

 

                                                                   Ўзбекистон Республикасининг

                                                                                    Бош вазири                                                            А. Арипов

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

 2019 йил______________ даги

___-сон қарорига 1-ИЛОВА

 

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Шаҳрисабз филиалининг

ТУЗИЛМАСИ

                                                                                                                              Ўзбекистон Республикаси 

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил  “___” ___________ даги   ____-сон

қарорига 2-ИЛОВА

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Шахрисабз филиалининг Васийлик кенгаши

ТАРКИБИ

 

1.

Д.Х. Аллаев

Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари, кенгаш раиси

2.

М.А. Панжиев

Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи, кенгаш раиси ўринбосари

3.

А.А. Алимардонов

Қашқадарё вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи, кенгаш раиси ўринбосари

4.

С.М. Бузрукхонов

Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари

5.

Т.Т. Каримов

Шаҳрисабз шаҳар ҳокими

6.

Б.М Бекбўтаев

Шаҳрисабз шаҳар прокурори

7.

Ш.А. Чориев

Шаҳрисабз шаҳар ИИБ бошлиғи

8.

Б.А. Шойимқулов

Қарши давлат университети ректори

9.

Ш.С. Шарипов

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори

 

Изоҳ. Васийлик кенгаши аъзолари бошқа ишга ўтганида, унинг таркибига, ушбу лавозимларга янги тайинланган шахслар ёки тегишли функцияларни бажариш юклатилган шахслар киритилади.

Общие комментарии

1645