ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
226 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 13/08/2018 28/08/2018 0

Обсуждение завершено

Постановление Президента Республика Узбекистан
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таркибида Ўзбек-Исроил қўшма “Юқори технологиялар ва муҳандислик математикаси” факультетини ташкил этиш тўғрисида
ID-226

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таркибида
Ўзбек-Исроил қўшма “Юқори технологиялар ва муҳандислик
математикаси” факультетини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш ва реал сектори тармоқлари учун юқори малакали, халқаро миқёсда рақобатбардош кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, шунингдек, олий таълим тизимида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таркибида Исроил давлатининг Холон технологиялар институти билан ҳамкорликдаги Ўзбек-Исроил қўшма “Юқори технологиялар ва муҳандислик математикаси” факультетини (кейинги ўринларда факультет деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар факультет фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республика иқтисодиётининг реал сектори тармоғи учун муҳим илмий-техник вазифаларни ҳал қилишга қодир муҳандислик математикаси, компьютер илмлари, технологиялар менежменти, биотехнология ва нанотехнология соҳалари бўйича малакали мутахассисларни, илмий,илмий-педагогик кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида  тайёрлаш;

муҳандислик математикаси, компьютер илмлари, технологиялар менежменти, биотехнология ва нанотехнология соҳалари ҳамда иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш;

мутахассислар ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек, жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашиш асосида ривожлантириш;

таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, ишлаб чиқариш тармоқлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

факультет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликлари бўйича бакалавр ва магистрлар,илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг (кейинги ўринларда Университет деб юритилади) таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида ўзбек, рус ва инглиз тилларида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда Холон технологиялар институтида (Исроил) қабул қилинган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади;

факультетга абитуриентларни талабаликка қабул қилиш ва факультет битирувчиларининг аттестацияси Холон технологиялар институтида (Исроил) белгиланган тартиб, талаблар ва муддатларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

факультетда бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квотаси мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, Университет ва Холон Технологиялар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан келишган ҳолда белгиланади;

факультетда ўқиш учун тўлов-контракт суммаси базавий тўлов-контракт суммасидан кам бўлмаган миқдорда Университет ва Холон Технологиялар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади;

факультет талабалари ўқув жараёнида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тасарруфидаги Илғор технологиялар маркази лабораторияларидан бепул фойдаланади;

факультет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда Исроилда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган, ўзаро келишув асосида белгиланган намунадаги икки томонлама тан олинадиган Университет ва Холон Технологиялар институти дипломи берилади.

Факультет фаолиятини молиялаштириш:

университетга талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

4. Университет Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳамда Холон технологиялар институти билан келишган ҳолда 2018 йилнинг 1 сентябрига қадар:

факультетга Университет ҳудудидаги бинолардан мос жой ажратиш;

факультетга юкланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда унинг фаолиятини ташкил этишга йўналтирилган йўл харитасини тасдиқлаш;

факультетда фаолият олиб борадиган профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар таркибини юқори малакали маҳаллий ҳамда хорижий профессорлар ва илмий ходимлар ҳисобидан тўлдириш;

таълим йўналишлари ва мутахассисликлари учун ўқув режалари ва фан дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда янги курсларни жорий этиш асосида танлов фанларини шакллантириш;

факультетнинг таълим жараёнига тегишли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ишларини амалга оширсин.

5. Факультетнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унга ажратилган бино ва иншоотларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари харид қилиш) ишлари учун Университетнинг бюджетдан ташқари маблағларидан фойдаланилсин.

6. Холон технологиялар институтидан қўшма факультетнинг ўқув жараёнига жалб қилинган профессорлар ва илмий ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва хизмат сафари харажатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сонли қарорининг 4-бандига мувофиқ амалга оширилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университет буюртмаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессорлар, илмий ва раҳбар ходимлар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университет буюртмаларига биноан мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессорлар, илмий ва раҳбар ходимларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига давлат божлари тўлашдан озод этган ҳолда кўп марталик визалар берилиши ва узайтирилишини, шунингдек, уларнинг яшаш жойида вақтинчалик рўйхатдан ўтказилиши ҳамда вақтинчалик рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилишини белгиланган тартибда таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Университет буюртмаларига биноан факультетни ташкил қилишда ва унинг фаолиятида иштирок этадиган профессорлар, илмий ва раҳбар ходимларни республикага жалб этиш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилишини (муддати узайтирилишини), шунингдек, уларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномалар берилишини (муддати узайтирилишини) таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети таркибида «Таэквондо ва спорт фаолияти» факультетини ташкил этиш тўғрисида" 2017 йил 16 ноябрдаги ПҚ-3390-сон қарори 1-иловасининг матни иловага мувофиқ таҳрирда баён этилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.А. Абдухакимов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири И.У. Маджидов зиммасига юклансин.

 

 

                                                                                       Ўзбекистон Республикаси
                                                                                                   Президенти                                                                   Ш. Мирзиёев

Общие комментарии

654