ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
2208 Государственный комитет Республики Узбекистан по автомобильным дорогам 01/02/2019 16/02/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти хузурида автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида
ID-2208

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти хузурида автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Автомобиль йўлларини қуриш ва улардан фойдаланиш соҳасида ишларни ташкил этишнинг илғор хорижий услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил

27 ноябрдаги ПҚ-4035-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти ҳузурида автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) ташкил этилсин.

2. Белгилаб қўйилсинки, Марказ Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институтининг таркибий тузилмасига кириб, автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрловчи ва уларнинг малакасини оширувчи ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси ҳисобланади.

3. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

ўқув жараёнининг методик ва ахборот базасини янгилаш ҳамда такомиллаштириш, шунингдек, ўқув-методик материалларни ишлаб чиқиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, олий таълим муассасаларидан, шунингдек, хорижий давлатлардан юқори малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда ўқув жараёнини такомиллаштириш;

етакчи хорижий таълим муассасалари, компаниялари ва ҳамкорлар билан биргаликда ўқитувчилар, талабалар ва мутахассислар алмашиш ва стажировкадан ўтказишни йўлга қўйиш;

автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш йўналишидаги мутахассисларнинг замонавий техника ва технологиялар билан ишлаш борасидаги касбий кўникмаларини ривожлантириш.

4. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти билан биргаликда икки ой муддатда қуйидагиларни таъминласин:

Марказнинг ташкилий тузилмаси ва низомини тасдиқлаш;

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, замонавий талаблар ва илғор хориж тажрибасидан келиб чиқиб ўқув режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

Марказни малакали кадрлар билан таъминлаш ва унинг моддий-техника базасини шакллантириш чораларини кўриш;

тингловчиларнинг ўқиш даврида яшаши учун турар жойи ўринларини ажратиш чораларини кўриш.

5. Марказ Автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибидаги “Йўл лойиҳа экспертиза” унитар корхонасининг Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Катта Дархон 2-берк кўча, 5-уй манзилидаги биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

6. Қуйидагилар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

тўлов-шартнома асосида автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш йўналишидаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишдан тушган тушумлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

халқаро молия институтлари, хорижий ва донор ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Белгилаб қўйилсинки:

Марказнинг ходимларига олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорлари ва шартлари татбиқ этилади;

Марказда ўқиш автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлаш соҳасида фаолият юритувчи ташкилотларнинг реал ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, уларнинг буюртмаларига мувофиқ тўлов-шартнома асосида амалга оширилади.

8. Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари - "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси А.А. Абдувалиев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А. Арипов

Общие комментарии

305