ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
2122 Служба дипломатического сервиса МИД 25/01/2019 09/02/2019 0

Обсуждение завершено

Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш тўғрисида
ID-2122

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 апрелдаги ПФ5400-сонли «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларнинг (бундан кейин матнда дипломатик ваколатхоналар деб аталади) Ўзбекистон Республикасида бўлиш ва фаолият олиб бориш учун шароитларни янада яхшилаш, уларнинг ходимлари ҳаётий фаолияти учун тегишли шарт-шароитларни яратиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш бошқармаси», «Кўчмас мулк билан ишлаш дирекцияси» ва «Амбассадор» давлат унитар корхоналарини қўшиш йўли билан уларнинг негизида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги «Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси» (бундан кейин матнда Бюро деб номланади) давлат унитар корхонаси тузилсин ва дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш бўйича ягона буюртмачи қилиб белгилансин.

Бюро таъсисчиси этиб Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги белгилансин.

2. Бюро Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги «Дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш бошқармаси», «Кўчмас мулк билан ишлаш дирекцияси» ва «Амбассадор» давлат унитар корхоналарининг барча ҳуқуқ, мажбурият ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси этиб тайинлансин.

3. Бюронинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикасида дипломатик ваколатхоналарнинг фаолият олиб боришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларга комплекс сервис хизматлар кўрсатиш, дипломатик ваколатхоналарнинг тегишли равишда ишлашини таъминлашга қаратилган масалаларни ҳал қилиш ва

чора-тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларда назарда тутилган дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатиш ва уларни жойлаштириш бўйича тадбирларни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги дипломатик ваколатхоналар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари учун мўлжалланган объект

ва уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш;

дипломатик ваколатхоналар ва уларнинг ходимларига бино, хоналарни ижарага бериш, кўчмас мулкнинг ижара ва олди-сотди шартномаларини расмийлаштиришда кўмак бериш (воситачилик қилиш), шунингдек, ушбу бино ва хоналарнинг эксплуатациясини таъминлаш;

ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича дипломатик ваколатхоналарнинг манфаатларини Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув органларида, корхона ва муассасаларида ифода этиш, шунингдек, дипломатик ваколатхоналарга хизмат кўрсатувчи ташкилот

ва корхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда дипломатик ваколатхоналарда ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига унга юклатилган вазифаларни бажаришда, шу жумладан мамлакатга туристлар оқимини кўпайтириш, протокол тадбирларини ўтказиш, хорижий делегацияларни кутиб олиш-кузатиш, чет элга хизмат сафарига чиқаётган ходимларга авиачипталар харид қилиш, автотранспорт хизматларини кўрсатиш бўйича кўмак бериш;

бўш вақт ва дам олишни ташкиллаштириш, туризм, жисмоний тарбия ва спорт сохасида хизматлар тақдим этиш.

4. Бюро орқали қуйидагилар амалга оширилиши белгилансин:

дипломатик ваколатхоналар (халқаро ҳукуматлараро

ва ноҳукумат ташкилотлар)нинг, хорижий давлатларнинг ҳукумат

ва ноҳукумат ташкилотлари, уларнинг ваколатхона ва филиалларининг; мухбирлар, мухбирлик пунктлари (бюро, офислари)нинг; савдо ваколатхоналарининг; хорижий банк ва тижорат ташкилотлари, шунингдек, доимий муассасаларнинг автотранспорт воситаларини рўйхатга (қайта рўйхатга) қуйиш, рўйхатдан чиқариш, техник кўрикдан ўтказиш, ҳайдовчилик гувохномаларининг эквивалентларини бериш (алмаштириш)

ва давлат рақами белгиларини бериш;

божхона ҳужжатларини расмийлаштириш, дипломатик ваколатхоналар номига келиб тушаётган юкларни декларациялаш, божхонада қайта ишлаш;

дипломатик ваколатхоналарнинг радиоэлектрон алоқа воситалари

ва радиоузатувчи қурилмаларни сотиб олиш, ўрнатиш, олиб кириш

ва эксплуатация қилиши учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш;

дипломатик ваколатхоналар мехмонларини рўйхатга қўйиш, кириш визалари ва виза талабномасини, дипломатик ваколатхоналарда ишловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элга чиқишлари учун ҳужжатларни расмийлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг дипломатик ваколатхоналарга ишга жойлашишларини расмийлаштиришда, уларнинг меҳнат стажини ҳисобини юритишда, ишга қабул қилиш ёки бўшатиш тўғрисида тегишли буйруқларни чиқаришда кўмаклашиш.

5. Бинолар (бино қисми), хоналар ва ер участкаларини Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга бериш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

6. Бюрога қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

Бюро оператив бошқарувида бўлган бўш бинолар (биноларнинг қисмлари) ва хоналарни хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига, юридик ва жисмоний, шу жумладан, чет эллик шахсларга хам ижарага бериш ҳамда уларнинг ижарага берилишидан келиб тушаётган ижара тўловларини мустақил тасарруф этиш;

ўз хизмат (ишлар)ини хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхона ва филиалларига, юридик ва жисмоний, шу жумладан,

чет эллик шахсларга ҳам кўрсатиш;

Бюро фаолиятидан олинган ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган мажбурий тўловлар, шунингдек солиқлар тўланганидан сўнг қолган даромадларни унга юклатилган вазифаларни амалга оширишга сарфлаш.

7. Дипломатик ваколатхоналарни Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларига мувофиқ паритет (бепул) асосда жойлаштириш учун тақдим этилган кўчмас мулк объектлари мол-мулк ва ер солиғини тўлашдан озод қилинсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг, вазирлик қошидаги «Ўздиптрансхизмат» давлат унитар корхонасини «Ўздиптрансхизмат» масъулияти чекланган жамият шаклида қайта тузиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки:

Бюро «Ўздиптрансхизмат» масъулияти чекланган жамиятининг таъсисчиси ҳисобланади;

«Ўздиптрансхизмат» масъулияти чекланган жамияти «Ўздиптрансхизмат» давлат унитар корхонасининг шартнома

ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш

ва рақобатни ривожлантириш бўйича Давлат қўмитаси билан биргаликда «Ўздиптрансхизмат» давлат унитар корхонасини белгиланган тартибда «Ўздиптрансхизмат» масъулияти чекланган жамияти шаклида қайта тузишни таъминласин.

9. Тошкент шаҳар ҳокимияти, Бюронинг буюртмалари асосида, янги очиладиган дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш учун қўшимча зарур бино ва хизмат хоналари ажратилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Тошкент вилояти ҳокимлигининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган собиқ «Космос» болалар дам олиш масканини Тошкент вилояти ҳокимлигига бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

11. «Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти» ДУК зиммасига дипломатик ваколатхоналар номига келиб тушаётган дипломатик почта (юклар)ни олиш/жўнатиш вазифаси юклатилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ўн кунлик муддат ичида Бюронинг Устави ва ташкилий тузилмасини тасдиқласин.

13. Бюро Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Лабзак кўчаси,

1а-уй манзилда жойлаштирилсин.

14. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил

25 майдаги 247-сонли «Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик

ва уларга тенглаштирилган бошқа чет эл ваколатхоналарнинг фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил

7 февралдаги 56-сонли «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 25 майдаги 247-сонли Қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қарори.

15. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда:

икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

бир ой муддатда ўзлари илгари қабул қилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

16. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири А.Х.Камилов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон

Республикаси Президенти                                                                                                      Ш.Мирзиёев

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

20___ йил «___» _________ даги _______- сонли қарорига илова

Бинолар (бино қиcми), хоналар ва ер участкаларини
Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотларга бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом бинолар (бино қисми) ва хоналарни (бундан кейин бинолар деб номланади), шунингдек ер участкаларини дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ва уларга тенглаштирилган ташкилотлар (бундан кейин матнда дипломатик ваколатхоналар деб аталади)га ижарага ва мулк сифатида бериш тартибини белгилайди.

2. Дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш, уларнинг бошлиқлари ва чет эллик ходимлари истиқомат қилишлари учун ажратиладиган бинолар

ва уларга бириктирилган ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги «Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бюроси» (бундан кейин матнда Бюро деб номланади) давлат унитар корхонаси томонидан ҳисобга олинади.

Бюрога дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш учун ажратилган биноларни ижарага бериш ҳуқуқи берилади.

3. Бинолар ва ер участкаларини ижарага бериш ва тассаруф этиш бўйича битимларни расмийлаштириш, шунингдек, уларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш қонунчиликда, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларида ва ушбу Низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

II. Биноларни ижарага бериш тартиби

4. Дипломатик ваколатхоналар дипломатик ваколатхоналарни жойлаштириш, уларнинг бошлиқлари ва ходимлари истиқомат қилишлари учун биноларни мустақил равишда танлашга ёки зарур биноларни танлашда кўмакалашиш учун Бюрога улардан фойдаланиш мақсади, майдони, хоналар сони, жойлашган ўрни ва бошқа шартларни кўрсатган ҳолда мурожаат қилишга ҳақлидирлар.

5. Дипломатик ваколатхонадан ижарага бинолар бериш тўғрисида мурожаат келиб тушганда Бюро ўз оператив бошқарувида бўлган бўш биноларни кўриб чиқишни таклиф этади.

6. Келишувга эришилган тақдирда, Бюро дипломатик ваколатхона билан биноларни ижарага бериш бўйича икки томонлама шартномани расмийлаштиради.

7. Бюро билан дипломатик ваколатхона ўртасидаги ижара муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳужжат ижара шартномаси ҳисобланади ва унда қуйидагилар назарда тутилиши керак:

ижарага топширилаётган бинонинг таркиби, майдони ва техник хусусиятлари;

ижара тўлови, шунингдек коммунал тўловларнинг миқдори;

бинони таъмирлаш ва жорий сақлаш бўйича тарафлар мажбуриятлари тақсимланиши;

ижара муддати, ижара ва коммунал тўловларни тўлаш муддатлари;

дипломатик ваколатхона тарафидан коммунал хизматлар учун, бино

ва унга бириктирилган ер участкаларини жорий сақлаш бўйича тўловларни тўлаш шартлари;

ижарага олинган бинога етказилган зарар учун ижарачининг жавобгарлиги;

тарафлар томонидан шартнома шартлари бажарилмаганлиги учун санкциялар.

8. Бюро ижара тўлов ставкалари миқдорини мустақил равишда белгилайди, бироқ улар давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун белгиланган ижара тўловининг минимал ставкаларидан келиб чиққан холда амалга оширилган суммадан кам бўлмаслиги керак.

9. Ҳукуматлараро келишувларга биноан ижара тўлови бўйича харажатларни қоплаш:

ўзаро тўловларни ҳисоблаш;

ҳар иккала тарафдан бепул (паритет асосида) амалга оширилиши мумкин.

10. Тузилган ижара шартномаси бўйича хоналарни топшириш

ва қабул қилиш тарафларнинг ваколатли вакиллари ҳузурида қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган икки тарафлама далолатнома асосида амалга оширилади:

далолатнома тузилган жой ва сана;

иштирокчиларга тарафларнинг манфаатларини ифодалаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг номи ва реквизитлари;

биноларни топшириш-қабул қилиш амалга ошириладиган ижара шартномасининг рақами ва имзоланган санаси;

тақдим этилаётган биноларнинг техник холати;

аниқланган носозликларни баратараф қилиш муддатлари ва тартиби;

тарафларнинг мухрлари билан тасдиқланган вакиллар имзолари.

Топшириш-қабул қилиш далолатномаси икки нусхада ҳар иккала тараф учун бир нусхадан мўлжаллаб тузилади.

11. Дипломатик ваколатхона бинони мустақил танлаганда уни ижарага олиш нияти тўғрисида Бюрони олдиндан хабардор қилади ва бино бўйича батафсил ахборот (фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган ўрни, мулкдор тўғрисида маълумотлар, тузилаётган битимнинг шартлари

ва бошқалар)ни тақдим этади.

Қўшимча бинони ижарага олиш зарурати туғилганда дипломатик ваколатхона бунинг учун тегишли асос тақдим этади.

12. Бюро дипломатик ваколатхона тарафидан бино бўйича тақдим этилган ахборотни хавфсизлик (шу жумладан ёнғин хавфсизлиги) талабларига жавоб бериши, техник ва санитария шартларига мувофиқлиги, объектнинг дипломатик ваколатхона вазифаларини тегишлича бажарилишини таъминлаш учун холати ва яроқлилиги нуқтаи назаридан ўрганади. Ўрганиш якунлари бўйича Бюро дипломатик ваколатхонага тегишли тавсияларини юборади.

Бюро, дипломатик ваколатхона жойлашиши кўрсатилган бинони ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига кўриб чиқиш ва келишиш учун тақдим этади.

13. Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ёки юридик шахслари мулкчилигида бўлган бинолар ва уларга бириктирилган ер участкаларига дипломатик ваколатхонани жойлаштириш, уларнинг бошлиқлари

ва ходимлари истиқомат қилишлари учун ижарага бериш Бюро орқали,

уч томонлама ижара шартномаларини расмийлаштириш йўли билан амалга оширилади.

14. Дипломатик ваколатхоналар, уларнинг бошлиқлари ва ходимлари ижарага берилган бинолар ва уларга бириктирилган ер участкаларидан тузилган ижара шартномалар шартларига мувофиқ фойдаланадилар ҳамда улардан фақат мўлжалланган мақсад бўйича ва яхши ҳолатда сақланишини таъминлаган холда фойдаланадилар.

15. Дипломатик ваколатхоналар ва биноларнинг мулкдорлари ижара шартномасига киритиладиган ҳар қандай ўзгаришлар, унинг муддатини узайтириш ёки амал қилишини тўхтатиш тўғрисида Бюрони аввалдан хабардор қилишлари шарт.

16. Бюро ўз оператив бошқарувида бўлган бўш бинолар (бино қисми)ни ва хоналарни хорижий тижорат ташкилотларининг ваколатхоналарига, юридик ва жисмоний, жумладан хорижий шахсларга икки тарафлама шартнома тузиш йўли билан ижарага беришга, шунингдек, уларни ижарага беришдан тушаётган ижара тўловларини Бюрога юклатилган вазифаларга мувофиқ тарзда мустақил равишда тасарруф қилишга ҳақли.

III. Бинолар ва ер участкаларини дипломатик ваколатхоналарга

мулк сифатида бериш тартиби

17. Дипломатик ваколатхоналар қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатхона, жумладан, унинг бошлиғи қароргохи сифатида фойдаланадиган бинолар ёки уларнинг қисмини улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда, шунингдек, дипломатик ваколатхоналар биноларини қуриш учун ер участкаларини мулк сифатида сотиб олишга ҳақлидирлар.

18. Дипломатик ваколатхоналар давлат мулкчилигида бўлган бино

ва ер участкаларини мулк сифатида сотиб олиш учун Бюрога улардан фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган ўрни ва бошқа шартларини кўрсатган ҳолда мурожаат қиладилар.

Дипломатик ваколатхоналар қўшимча ва (ёки) мавжудларининг ўрнига бино ва ер участкаларини тақдим этиш тўғрисида Бюрога мурожаатни ушбу бино ва ер участкаларининг батафсил тавсифи (фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган ўрни ва ш.к.) билан бирга зарурлигини асослаган холда тақдим этадилар.

19. Бюро давлат мулкчилигида бўлган бино ва ер участкаларини мулк сифатида бериш тўғрисидаги масалани жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва Ўзбекистон Республикасининг манфаатдор вазирлик

ва идоралари билан биргаликда қуйидаги мезонлардан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқади:

Ўзбекистон Республикасининг уларни сотиб олишга эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда бинолар ва ер участкаларни мулк сифатида берилишида Ўзбекистон Республикаси ва мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати билан алоқаларда ўзаро тенгликка риоя қилиниши;

мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлатида Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг ишлаши ва ҳаётий фаолияти учун яратилган

шарт-шароитлар.

20. Дипломатик ваколатхоналар тақдим этишни сўраган давлат мулкчилигида бўлган бино ва ер участкаларини мулк сифатида берилишига тўсқинлик қилувчи асослар мавжуд бўлганда Бюро Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда бошқа муқобил бино ва ер участкаларини тавсия қилиши мумкин.

21. Дипломатик ваколатхоналарга давлат мулкчилигида бўлган бино

ва ер участкаларини мулк сифатида бериш мақсадга мувофиқ

деб топилганда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Бюронинг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига дипломатик ваколатхонага бино ва ер участкаларини мулк сифатида бериш тўғрисида таклиф киритади.

22. Агар дипломатик ваколатхонанинг таклифи ушбу Низомнинг

19-бандида кўрсатилган мезонларга мувофиқ бўлмаса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати билан эришилган икки тарафлама алоқаларни ҳисобга олган ҳолда дипломатик ваколатхона илгари эгаллаган бино ва ер участкаларини бўшатиб бериш шарти билан давлат мулкчилигида бўлган бино ва ер участкаларини дипломатик ваколатхонага мулк сифатида бериш тўғрисидаги мурожаатини қондириш тўғрисидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритишга ҳақли.

23. Жойлардаги давлат ҳокимияти органлари дипломатик ваколатхоналарга бино ва ер участкаларини мулк сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида тақдим этадилар.

24. Дипломатик ваколатхоналарга бино ва ер участкалари мулк сифатида ўзаро тенглик (паритет) асосида берилиши мурожаат қилган дипломатик ваколатхона давлати билан халқаро шартнома тузиш йўли орқали амалга оширилади.

25. Бинолар ва уларга бириктирилган ер участкалари Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахсларидан сотиб олинганда дипломатик ваколатхоналар бу ҳақда олдиндан Бюрога мазкур бино ва ер участкаларининг мулкдори, улардан фойдаланиш мақсади, майдони, жойлашган ўрни ва бошқа шартларни ўз ичига олган маълумотни хабарнома тарзида юборадилар.

26. Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахсларига тегишли бинолар ва ер участкаларини дипломатик ваколатхоналарга мулк сифатида берилиши тўғрисидаги битимлар Ўзбекистон Республикасининг нотариал идоралари тарафидан Бюро билан келишилгандан сўнг расмийлаштирилади.

IV. Якуний қоидалар

27. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Общие комментарии

166