ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
1905 Министерство культуры Республики Узбекистан 15/01/2019 30/01/2019 0

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги “Энг яхши саҳна асарлари” республика танловини ўтказиш тўғрисида
ID-1905

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

 ҚАРОРИ

Миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги “Энг яхши саҳна асарлари” республика танловини ўтказиш тўғрисида

        

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3391-сон қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, мақом санъатини янада ривожлантириш ва замонавий композиторлик ижодиёти анъаналарига сингдириш, мақом намуналари асосида замонавий саҳна асарлари (симфония, концерт, камер-чолғу, йирик йўналишдаги саҳна асарлари)ни яратиш, мақом йўлларидаги намуналардан фойдаланиб ижод қилиб келаётган композиторларни кашф этиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Композиторлар ўртасида миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги “Энг яхши саҳна асарлари” республика танлови (кейинги ўринларда танлов деб юритилади) 2019 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир марта ўтказилсин.

2. Танловнинг Низоми иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (Сайфуллаев), Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси (Абдуллаев)га:

танловни ўтказиш бўйича барча ташкилий ва ижодий ишларни мувофиқлаштириш;

танлов ғолибларини аниқлаш мақсадида мақом санъати усталари ва билимдонлари (композитор, бастакор, мусиқашунос, шоир ва ижрочилар)дан иборат Республика коммиссиясини тузиш ва тасдиқлаш;

Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда танлов совриндорларига бериладиган диплом, сертификат ва статуэтка намуналарини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

танловни юқори савияда ўтказиш учун таниқли санъаткорлар, мақом усталари, композиторлар, бастакорлар, малакали мутахасассисларни жалб этиш вазифалари юклатилсин.

4. Белгилаб қуйилсинки:

танловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар, шунингдек, ғолибларни пул мукофотлари билан тақдирлаш Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирларни ўтказиш учун ҳар йили назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.

5. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (Хаджаев), Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (Кучимов) республика танловини оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритиш, реклама ролигини эфирга узатиш, босма нашрларда мақолалар чоп этиш, кўрсатув ва эшиттиришлар тайёрлаш ҳамда оммавий ахборот воситаларида жойлаштириш тавсия этилсин.

6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Б.Сайфуллаев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклатилсин.

 

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири

 

 

 

 

 

                           А. Арипов

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг  
2019 йил “ __” ____________даги 

 ____ - сон қарорига

ИЛОВА

 

Миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги
“Энг яхши саҳна асарлари” республика танловининг

НИЗОМИ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3391-сон қарорига мувофиқ, мақом йўлларидаги намуналардан фойдаланиб ижод  қилиб келаётган композиторларнинг миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги “Энг яхши саҳна асарлари” республика танловини (кейинги ўринларда танлов деб юритилади) ўтказиш тартибини белгилайди.

Умумий қоидалар

1. Танлов мақом йўлларидаги намуналардан фойдаланиб ижод  қилиб келаётган композиторлар, улар томонидан яратилган янги асарларни излаб топиш, мусиқа ижодкорлари ва ижрочилар учун кенг имконият яратиш, мақом санъатини янада оммалаштириш ва тарғиб этиш мақсадида Республика миқёсида ўтказилади.

2. Танловда мақом йўлларидаги намуналардан фойдаланиб замонавий услубда яратилган энг яхши композиторлик асари (симфония, концерт, камер-чолғу, поэма, оратория, сюита ва бошқа) йирик йўналишдаги саҳна асарлари муаллифлари иштирок этади.   

3. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий ва ижодий ишлар Маданият вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

 

Танловнинг асосий мақсад ва вазифалари

 

4. Замонавий композиторлик ижодиётининг мақом санъати миллий анъаналари асосида янада ривожлантириш, ижро ва ижод анъаналари асосида қайта шакллантириш, замонавий композиторлик ижодиёти анъаналарига сингдириш ва ўзбек композиторлари ижодида йирик жанрлардаги миллий мақомлар асосида замонавий саҳна асарлари намуналарини яратиш, ушбу йўналишида ижод қилиб келаётган композиторларни кашф этиш.

Шунингдек:

миллий мақомлар асосида ижод қилиб келаётган композиторлар учун ижодий муҳит яратиш;

миллий мақомлар асосида йирик мусиқий жанрларда янги асарлар яратиш жараёнларига санъаткорларва соҳанинг етук мутахассисларини жалб этиш;

композиторлар ижодида мақомлар асосида яратилган асарлар кўламини янада кенгайтириш;

миллий йўналишда ижод этадиган мақом санъатини тафаккурида қўллай оладиган композиторларни излаб топиш ва рағбатлантириш.

 

Танловни ўтказиш тартиби

 

5. Танлов Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси билан ҳамкорликда мақомлар асосида мусиқа ижодиётининг йирик жанрларида замонавий асарлар яратиб келаётган композиторлар ўртасида ҳар икки йилда бир марта Республика миқёсида ўтказилади.

6. Танловда мақомлар асосида мусиқа ижодиётининг йирик жанрларида замонавий асарлар яратиб келаётган композиторлар мақомлар асосида яратган асарлари  билан иштирок этиш ҳуқуқига эга.

7. Танловда иштирок этиш истагини билдирган номзодлар томонидан танлов ўтадиган йилнинг 15 ноябрига қадар Ўзбек миллий мақом санъати марказига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

яратган асари (асар матни ва нота материали) икки нусхада;

асарнинг ижро этилган (магнит тасмаси ёки мини,  CD дискка ёзилган) намунаси;

номзоднинг 10 х 15 ўлчовдаги учта рангли фотосурати;

номзоднинг танловда иштирок этиши бўйича аризаси;

номзоднинг паспорт нусхаси;

номзоднинг маълумотномаси.

8. Белгиланган муддатдан кечиккан ҳолларда ҳужжатлар қабул қилинмайди;

9. Ҳужжатлар электрон шаклда ҳам қабул қилинади.

10. Ҳудудлардан келган танлов иштирокчиларининг Тошкент шаҳрига келиб-кетиши билан боғлиқ барча харажатлар (йўл, меҳмонхона, овқатланиш, транспорт) ўз ҳисобидан қопланади.

11. Танловда иштирок этиш учун таклиф этилган асарларни боҳолаш мақсадида таниқли санъаткорлар, мақом усталари, композиторлар, бастакорлар, малакали мутахасассислардан ташкил топган Рспублика комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб аталади) томонидан ўрганилади ва ғолиб асарлар аниқланади.

12. Танлов ғолибларини тақдирлаш Маданият вазирлиги томонидан танлов бўлиб ўтган йил декабрь ойининг иккинчи ярмида ўтказилади.

Танлов шартлари

13. Танловда иштирок этиш учун мақом йўлларидаги намуналардан фойдаланиб замонавий услубда яратилган энг яхши композиторлик асари (симфония, концерт, камер-чолғу, поэма, сюита ва бошқа) йирик йўналишдаги саҳна асарлари қабул қилинади.

14. Танловга тақдим этиладиган асарлар мақом йўлларига хос бўлиши, шу билан бирга миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз, халқимизнинг маънавий дунёсини акс эттиришга қаратилиши лозим.

15. Танловда иштирок этиш учун тақдим этилган асар, ҳужжат ва бошқа материаллар муаллифга қайтариб берилмайди.

16. Танловга тақдим этилган асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи кафолатланади.

17. Танловда ғолиб деб топилган асарларнинг кейинги танловларда иштирок этишига йўл қўйилмайди.

18. Танловдағолиб деб топилган асарлар учун белгиланган мукофотлар асар муаллифига топширилади.

 

Республика комиссиясининг ваколатлари

 

19. Асарнинг асллиги, мақомларга асосланганлиги, шаклан ва мантиқан мукаммаллиги, миллийлиги матн ва мусиқанинг мутаносиблиги баҳолашнинг асосий мезони ҳисобланади.

20.Танлов шартларига тўлиқ жавоб берадиган асарлар тақдим этилмаган ҳолларда Комиссия томонидан танловда белгиланган ўринлар берилмаслигиёки баллар тенг келиб қолганда ўринлар ғолиб асарлар ўртасида бўлиниши мумкин.

21. Иштирокчиларни баҳолашда Комиссия мустақилдир.

22. Танловнинг якуний натижалари Комиссиянинг қарори билан расмийлаштирилади.

23. Комиссия қарори қатъий ҳисобланиб, қайта кўриб чиқилмайди.

 

Танловни молиялаштириш ва ғолибларни тақдирлаш

 

24. Қуйидаги харажатлар:

ғолиб асарлар учун пул мукофотлари;

диплом, статуэтка, логотип, сертификат, фахрий ёрлиқ ва гулдасталар;

нашриёт ва реклама маҳсулотларини тайёрлаш, танловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар Маданият вазирлигининг харажатлар сметасида маданий тадбирларни ўтказиш учун ҳар йили назарда тутиладиган бюджет маблағлари доирасида амалга оширилади.

25. Танловда миллий мақомлардан фойдаланиб замонавий услубда яратилган йирик шаклдаги (симфония, концерт, камер-чолғу, поэма, оратория, сюита ва бошқа) энг яхши композиторлик асарлари номинацияси бўйича баҳоланади ва ғолиблар аниқланади:

26. Танлов ғолиблари қуйидагича рағбатлантирилади:

I ўрин – энг кам иш ҳақининг 50 баробари миқдорида пул маблағлари,  танловнинг I  даражали дипломи ҳамда статуэтка;

II ўрин – энг кам иш ҳақининг 40 баробари миқдорида пул маблағлари ҳамда II даражали дипломи;

III ўрин – энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида пул маблағлари ҳамда III даражали дипломи билан тақдирланади.

27. Танлов иштирокчиларига Комиссия тавсиясига кўра композиторлар ўртасида миллий мақомлар асосида яратилган замонавий йўналишдаги “Энг яхши саҳна асарлари” республика танлови ғолиби сертификати ёки фахрий ёрлиқлар берилади. 

28. Танлов ғолибларига мукофотлар тақдирлаш маросимида топширилади:

29. Танловни молиялаштириш учун қонун билан тақиқланмаган ҳолда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳам жалб этилиши мумкин.

 Якуний қоида

30. Танловни ўтказиш жараёнлари бўйича келиб чиқадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

 

Общие комментарии

582