ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
189 Министерство высшего и среднего специального образования Республики Узбекистан 10/08/2018 25/08/2018 10

Обсуждение завершено

Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДА НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА
ID-189

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДА НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА

Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифаларга мувофиқ кадрлар тайёрлашнинг мазмунини тубдан такомиллаштириш, халқаро стандартлар даражасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлашга зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда олий таълим муассасалари фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳужжатларни тайёрлаш жараёнларини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. “Олий таълим тўғрисида низом” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва тассарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар бир ой муддатда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдухакимов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири

 

А.Н. Арипов

 

 

Вазирлар Маҳкамасининг
2018 йил __________даги   ___-сон қарорига илова

 

Олий таълим тўғрисида низом

I. Умумий қоидалар

1. Олий таълим узлуксиз таълим тизимининг мустақил тури бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ олий таълим муассасаларида умумий ўрта (11 синф) ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳамда ушбу низом асосида амалга оширилади.

2. Олий таълим тўғрисида низом:

олий таълимнинг мақсад ва вазифалари, олий таълим тизимининг тузилиши;

олий таълим турлари, таълим жараёнини ташкил этиш;

олий таълим муассасалари талабалари ва ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

олий таълим тизимини бошқариш, мулки, маблағлари ҳамда халқаро ҳамкорлик тартибларини белгилайди.

Мазкур низом олий таълим муассасаси фаолиятини тартибга солувчи тегишли норматив ҳужжатлар (Олий таълим муассасаси устави, унинг турларини ташкил этиш, олий таълим муассасаси, шу жумладан факультет ва кафедралар фаолиятини бошқариш ва бошқа бўлинмалари вазифаларини) яратиш учун асос ҳисобланади.

Олий таълим тўғрисида низом олий маълумотли кадрлар тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган барча давлат олий таълим муассасаларига тааллуқлидир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида мазкур низомда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3. Олий таълим тўғрисидаги низомга Кадрлар тайёрлаш миллий дастури босқичларини амалга ошириш жараёнида, шунингдек мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг истиқболлари, жамият эҳтиёжи, фан, техника, технология ва маданият ютуқлари, кадрлар тайёрлаш борасида жаҳон тенденцияларидан келиб чиққан ҳолда тузатишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

4. Олий таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: 

олий таълимни иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳалари учун юқори малакали кадрларни тайёрлашга қаратилганлиги;

таълим ва тарбиянинг инсонпарвар, демократик характерда эканлиги;

олий таълимни умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув юртидан кейинги таълимлар билан узлуксизлиги ва узвийлиги;

таълим тизимининг дунёвий характерда эканлиги;

давлат таълим стандартлари доирасида таълим олишнинг ҳамма учун очиқлиги;

таълим дастурларини танлашга ягона ва табақалаштирилган ёндашув;

билимли бўлишни ва истеъдодни рағбатлантириш;

олий таълим тизимида давлат ва жамият бошқарувини уйғунлаштириш;

олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш.

5. Олий таълим муассасаси олий таълимнинг таълим дастурларини амалга оширувчи юридик шахс бўлиб, ўзининг Устави ҳамда мазкур Низом асосида фаолият юритади.

6. Олий таълим муассасасининг Устави олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади ва маҳаллий ҳокимият органларида рўйхатдан ўтказилади.

7. Ўзбекистон Республикаси ва хорижий фуқароларга ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга мавжуд таълим тилини ихтиёрий танлаш ҳуқуқи берилади.  

 Ўзбекистон Республикаси олий таълимни давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда олишни таъминлайди.

8. Олий таълим муассасаларига қабул кадрларга эҳтиёжини ўрганиш асосида давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Абитуриентлар билим даражасини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиб- қоидаларига мувофиқ тест, касбий (ижодий) имтиҳон ва бошқа турдаги синовлар натижалари асосида амалга оширилади.

9. Давлат грантлари асосида олий маълумот олган кадрлардан фойдаланиш давлат эҳтиёжлари ва битирувчиларни фуқаролик ҳуқуқларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

10. Фуқаролар иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни шартнома асосида олишга ҳақлидирлар.

II. Олий таълимнинг мақсад ва вазифалари

11. Олий таълимнинг асосий мақсади мамлакатнинг истиқболини ҳисобга олган ҳолда замон талабларига жавоб бера оладиган малакали, рақобатбардош, юксак билимли, республиканинг илм-фан, маданият, иқтисод, ижтимоий соҳаларини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшадиган, мустақил фикрлай оладиган, юксак маънавиятга эга бўлган юқори салоҳиятли мутахассисларни тайёрлашдан иборат.

12. Олий таълимнинг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

давлат таълим стандарти, малака талаблари, ўқув режа ва ўқув фан дастуриларга мувофиқ ўқитиш сифатини таъминлаш;

ўқув жараёнини (амалиёт, стажировка) кадрлар истеъмолчиларининг таклифларини инобатга олган ҳолда ташкил этиш;

олий малакали мутахасислар, шунингдек  илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;

илм-фан, маданият, техника, технологиялар, иқтисоднинг замонавий ютуқлари, мамлакатнинг иқтисоди ва маданиятининг ижтимоий истиқболини ҳисобга олган ҳолда кадрлар тайёрлаш услубларини тизимли такомиллаштириш;

ёшларда инсонпарварлик руҳиятини шакллантириш, уларнинг тарбиясига миллий ватанпарварлик ғояси асосида умуминсоний қадриятларни ҳамда Ватанга, жамиятга, оилага ва атроф-муҳитга муҳаббатни сингдириш;

ўқитишнинг интерфаол усулларини, инновацион педагогик ҳамда ахборот коммуникацион технологияларини, мустақил таълим олиш, масофавий таълим тизимини амалиётга жорий қилиш;

олий таълимда фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги механизмларини ишлаб чиқиш ва амалиётда қўллаш;

илмий-педагогик кадрлар ва таълим олувчиларнинг илмий–ижодий фаолияти, илмий тадқиқотлари ёрдамида фан, техника, технологияларни ривожлантириш, олинган натижаларни мамлакат иқтисодиётида ва таълим жараёнида қўллаш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

давлат ва нодавлат олий таълим муассасаларини ривожлантириш асосида таълим хизматлари бозорида рақобатни юзага келтириш;

олий таълим муассасаларини бошқаришни такомиллаштириш ва мустақиллигини кенгайтириш, жамоат бошқарувини васийлик кенгашлар шаклида олиб бориш;

таълим ва кадрлар тайёрлаш сифатини таъминлаш борасида илмий, услубий тадқиқотларни олиб бориш, битирувчиларни касб йўллаш ҳамда меҳнат билан бандлиги мониторингини олиб бориш;

олий таълим соҳасида ўзаро фойдали халқаро ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш.

III. Олий таълим тизимининг тузилиши

13. Олий таълим тизими қуйидагилардан иборат:

давлат таълим стандарти ва малака талабларига мувофиқ таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таълим дастурларининг бажарилишини таъминлайдиган давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари;

олий таълимни норматив-ҳуқуқий ва илмий-услубий жиҳатдан таъминлаш учун илмий-тадқиқот ишларини бажарадиган илмий-тадқиқот муассасалари;

олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари, шунингдек, уларга тегишли корхона, муассаса ва ташкилотлари.

14.Олий таълим икки босқичдан иборат: бакалавриат ва магистратура.

15. Олий таълим муассасаларида бакалавр ва магистрларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2001 йил 16 августдаги 343-сон “Олий таълимнинг давлат таълим стандартлари. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари Классификатори” (кейинчалик матнда - Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари Классификатори)га мувофик олиб борилади. 

16. Олий таълим муассасаси Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари Классификаторига  мувофиқ мехнат бозори талабларидан келиб чиқиб, бакалавриатнинг янги таълим йўналиши ва магистратуранинг янги мутахассислигини очиш бўйича таклифлар бериш ҳуқуқига эга.

17. Ўзбекистон Республикасида олий таълим муассасаларининг қуйидаги турлари мавжуд: университет, академия, институт (қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ мавқе (статуси) уларга тенглаштирилган бошқа олий таълим муассасалари).

Университет:

таълимнинг бир неча йўналишларида олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим беради;

турли соҳалардаги мутахассисларни малакасини оширади ва қайта тайёрлайди;

фаннинг турли йўналишларида фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотларни амалга оширади;

тааллуқли илм соҳаси бўйича таянч илмий-методик маркази ҳисобланади.

Академия:

таълим соҳасида маълум белгиланган олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим беришга мўлжалланган таълим дастурларини бажаради;

муайян соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлашни амалга оширади;

илм-фан, маданият ёки санъатнинг аниқ соҳаларида фундаментал, илмий ва амалий тадқиқотларни амалга оширади;

фаолияти соҳасида етакчи илмий ва методик марказ ҳисобланади.

Институт:

таълим ва фаннинг маълум бир соҳасида олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг айрим дастурларини амалга оширади;

маълум бир соҳада ва ҳудуддаги мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш билан шуғулланади;

фундаментал ва амалий илмий тадқиқот ишларини олиб боради.

18. Олий таълим муассасасида кадрлар тайёрлаш йўналишлари ва таълим бериш шакллари бўйича факультетлар, кафедралар, ўқув, тарбия ва илмий бўлинмалар, ўқув ва илмий лабораториялар, технопарклар ва бошқа бўлинмалар шаклланади.

Олий таълим муассасаси факультет ва кафедралари фаолияти турлари олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан, бўлинмалар фаолияти турлари олий таълим муассасаси томонидан белгиланади.

19. Олий таълим муассасаларида таълим соҳалари бўйича давлат таълим стандартларини ва таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича малака талабларини бажарилиши ҳамда кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

20. Идоравий мансублиги ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, олий таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан  амалга оширилади.

21. Олий таълим муассасаларини аккредитация қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

22. Давлат олий таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида ташкил этилади ва фаолияти тугатилади.

Ўрнатилган тартибда ташкил этилган олий таълим муассасалари биринчи аттестациядан ўтгунга қадар аккредитацияланган деб ҳисобланади ҳамда уларнинг аттестацияси биринчи битирув якунларига кўра таълим олувчиларни тайёрлаш даври тўла тугагандан сўнг ўтказилади.

23. Нодавлат олий таълим муассасаси ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳамда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари асосида ўрнатилган тартибларда белгиланади.

24. Олий таълим соҳасидаги таълим хизматлари таълим муассасалари ўртасида рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда асосий таълим дастурларида назарда тутилмаган йўналишлар ва курслар бўйича тўлов-шартнома асосида, асосий таълим дастурларини бажарилишига тўсқинлик қилинмаган ҳолда олиб борилиши мумкин.

IV. Бакалавриат

25. Бакалавриат – олий таълим йўналишларидан бири бўйича фундаментал назарий ва амалий билимлар берадиган таянч олий таълим ҳисобланади.

Бакалавриат таълим йўналишида ўқитиш кундузги, сиртқи, махсус сиртқи ҳамда иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш таълим шаклида амалга оширилади.

Бакалавриат таълим йўналишининг кундузги таълим шаклида ўқиш камида тўрт йил давом этади. Бакалавриатда ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда, сиртқи ва кечки  таълим жараёнининг давом этиш муддати камида бир йил муддатга узаяди (қонунчилик ҳужжатлари асосида ушбу муддатларга ўзгартиришлар киритилиши мумкин).

Фақат тегишли ёки турдош таълим йўналиши бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ва таълим йўналишига мувофиқ соҳа, касб, лавозимларда камида уч йиллик амалий иш стажига (педагогика йўналишлари учун педагогик стажга) эга ҳамда тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан берилган тавсияномага эга бўлганлар учун бакалавриат таълим йўналишининг махсус сиртқи таълим шаклида ўқиш камида уч йил давом этади.

Бакалавриат таълим дастурининг якунида битирувчиларга давлат аттестацияси натижаларига кўра тайёрлов йўналишига кўра “бакалавр” академик даражаси, давлат намунасидаги диплом ва унинг иловаси берилади.

26. Бакалаврлар тайёрлашга қўйиладиган умумий талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида» 2001 йил 16 августдаги 343-сон қарори билан белгиланади. Аниқ таълим йўналиши бўйича магистрлар тайёрлашга қўйиладиган талаблар олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган таълим йўналишлари малака талаблари билан белгиланади.

27. Бакалаврнинг касбий фаолият соҳаси ва тури, билим, малака ва кўникмасига қўйиладиган талаблар, шунингдек ўқув фанлари дастурининг тузилиши ва таркиби, уни амалга ошириш механизмлари ва таълим сифатини назорат қилиш муайян таълим йўналишининг малака талаблари орқали белгиланади.

28. Бакалавриат таълим йўналиши малака талаблари асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган  ўқув режа ва ўқув фан дастурлари ишлаб чиқилади.

29. Бакалавр:

олий маълумотли шахс эгаллаши лозим бўлган лавозимларда ишлашга;

бакалавриатнинг мос ва турдош таълим йўналиши негизидаги танлаган мутахассислиги бўйича магистратурада олий таълимни давом эттиришга;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида қўшимча касбий билимларни олишга тайёрланади.

30. Олий таълим муассасасига таълим йўналишлари бўйича бакалаврларни тайёрлаш ҳуқуқи кадрлар истеъмолчилари талаб-эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда  олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилади.

V. Магистратура

31. Магистратура –аниқ мутахассислик бўйича бакалавриат негизида ўқитиш камида икки йил давом этадиган олий таълимдир.

Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда магистратурада ўқишнинг давомийлиги олти ойдан кам бўлмаган муддатга узаяди (қонунчилик ҳужжатлари асосида ушбу муддатларга ўзгартиришлар киритилиши мумкин).

Магистратурада мутахасисликларида ўқитиш кундузги, сиртқи ҳамда иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш таълим шаклида амалга оширилади.

Магистратура таълим дастурининг охирида битирувчиларга давлат аттестацияси натижаларига кўра магистратуранинг аниқ мутахассислиги бўйича “магистр” академик даражаси, давлат намунасидаги диплом ва унинг иловаси  берилади.

32. Магистрлар тайёрлашга қўйиладиган умумий талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида» 2001 йил 16 августдаги 343-сон қарори билан белгиланади. Аниқ мутахассислик бўйича магистрлар тайёрлашга қўйиладиган талаблар олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган магистратура мутахассисликлари малака талаблари билан белгиланади.

33. Магистрнинг касбий фаолият соҳаси ва тури, билим, малака ва кўникмасига қўйиладиган талаблар, шунингдек ўқув фанлари дастурининг тузилиши ва таркиби, уни амалга ошириш механизмлари ва таълим сифатини назорат қилиш муайян магистратура мутахассислигининг малака талаблари орқали белгиланади.

34. Магистратура мутахассислиги малака талаблари асосида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган  ўқув режа ва ўқув фан дастурлари ишлаб чиқилади.

35. Магистр:

танланган мутахассислиги бўйича илмий-тадқиқот, илмий-педагогик ва касбий фаолиятни мустақил юритишга;

касбий фаолиятда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга;

олий таълим муассасасидан кейинги таълимни магистрлик тайёргарлигига мувофиқ мутахассислик бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимни таянч докторантурада давом эттиришга;

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида қўшимча касб таълими олишга тайёрланади.

36. Магистр ўз мутахассислиги, илмий ва илмий-педагогик тайёргарлигига мувофиқ касбий фаолиятининг қуйидаги турлари:

илмий-педагогик;

илмий-ижодий;

илмий-тадқиқот ва тажриба;

лойиҳа-конструкторлик;

лойиҳа-технологик;

ишлаб чиқаришда бошқарув, шунингдек бакалавриат таълим йўналишига мувофиқ бошқа фаолият турлари бўйича ҳам шуғулланиши мумкин.

37. Магистратурада таълим жараёнини ташкил этишга қуйидаги талаблар қўйилади:

олий таълим муассасасининг магистратура мутахассисликлари бўйича илмий-педагогик кадрлар билан, шу жумладан кадрлар тайёрлаш ихтисослиги ва йўналишига мос келувчи профессорлар, доцентлар билан таъминланганлиги;

назарий, лаборатория машғулотларини ўтказиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, шу жумладан магистрлик диссертацияларига қўйиладиган талабларга мос ҳолда уларни тайёрлаш учун зарур ўқув-методик ва моддий-техника базанинг мавжудлиги;

ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ташкилотларда магистратура талабаларининг амалиётлари, стажировкаси ва магистрлик диссертацияларининг тажриба-синов қисмларини бажариши учун бу ташкилотлар билан олий таълим муассасаси (факультет, кафедралар) ўртасида тузилган шартномалар ва келишувларнинг мавжудлиги;

магистратура талабаларини тайёрлаш жараёнига Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси илмий муассасалари, тармоқ илмий-изланувчилик ва лойиҳа муассасаларининг етакчи олимлари, шунингдек хорижий олимлар, юқори малакали, тажрибали мутахассисларнинг соатбай асосида жалб этилганлиги.

38. Олий таълим муассасасига магистратура мутахассисликлари бўйича магистрларни тайёрлаш ҳуқуқи кадрлар истеъмолчилари талаб-эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда  олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилади.

39. Олий таълим муассасаларида магистрларни тайёрлашни мувофиқлаштиришни магистратура бўлимлари амалга оширади, улар кафедралар ва деканатлар билан биргаликда қуйидагиларни:

магистрлар тайёрлаш бўйича ўқув жараёнини ташкил этиш ва амалга оширишга, уларга тақдим этилаётган таълим ва ўқитиш сифатини назорат қилишга кўмаклашишни;

ўқув-изланиш ва илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилишини;

олий таълим муассасалари барча бўлинмаларининг магистрлар тайёрлаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишни;

магистрларни ўқитиш ва уларнинг келгусида ишга жойлашиши устидан мунтазам мониторингни амалга оширишни, магистрлар тайёрлаш масалаларини таҳлил қилиш ва улар юзасидан мунтазам равишда ҳисоботлар тайёрлашни таъминлайди.

VI. Таълим жараённи ташкил этиш

40. Олий таълим муассасаларида таълим жараёни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида” 2001 йил 16 августдаги 343-сон қарорига, шунингдек олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколат берилган олий таълим муассасалари томонидан тасдиқланадиган аниқ малака талаблари, ўқув режа ва ўқув фан дастурларига мувофиқ ташкил этилади.

41. Олий таълим муассасаларида ўқув машғулотларнинг қуйидаги турлари жорий қилинади: маъруза, семинар, амалий машғулот, лаборатория иши,  коллоквиум, курс иши (лойиҳа), маслаҳат, мустақил таълим, мустақил иш, малакавий амалиёт, стажировка, бакалаврлар учун битирув малакавий иши, магистлар учун магистрлик диссертациялари ва бошқалар. Ўқув жараёни самарадорлигини таъминлайдиган модулли ёки бошқа муқобил шакллари қўлланилиши мумкин.

Аудитория машғулотларининг барча турларига бир жуфтлик 80 минут (ҳар бири
40 минутдан) давом этадиган академик соат жорий қилинади. 

42. Олий таълим муассасаларида ўқув йили, одатда, талабалар ўзлаштиришини назорат қилиш учун ўтказиладиган якуний баҳолаш билан тугайдиган икки семестрга бўлинади.

Талабаларнинг ўзлаштиришини баҳолаш ва рейтинг тизими ҳақидаги низом олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

Талабаларни курсдан курсга ўтказиш олий таълим муассасаси факультет декани
ёки магистратура бўлими тавсиясига биноан олий таълим муассасаси ректори буйруғи билан амалга оширилади.

Олий таълимнинг таълим дастурларини ўзлаштириш битирувчиларнинг якуний давлат аттестацияси билан тугалланади.

43. Малакавий амалиётларни барча турлари икки томонлама шартномага асосан, ўқув режаларга ва олий таълим муассасалари талабаларининг малакавий амалиёти ҳақида Низомга мувофиқ давлат ва нодавлат ташкилотларда ўтказилади.

44. Олий таълимнинг таълим дастурлари қуйидаги шаклларда ўзлаштирилиши мумкин: кундузги, сиртқи, махсус сиртқи ҳамда иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот олиш таълим шаклида.

45. Таълим дастурларини ўзлаштириш шакли бўйича  бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан кадрларга бўлган талаб-эхтиёжни инобатга олган ҳолда белгиланади.

46. Олий таълимни фан ва ишлаб чиқариш билан интеграцияси ўқув-илмий, ўқув-илмий-ишлаб чиқариш комплексларини яратиш йўли билан, шунингдек етакчи олим ва  ишлаб чиқариш мутахассисларини ўқув жараёни ва илмий тадқиқотларга жалб этиш, амалдаги қонунчиликка мувофиқ илмий-тадқиқот муассасаларида, корхона ва ташкилотларда олий таълим муассасалари марказлари, лабораториялари ва кафедралари филиалларини яратиш йўли билан амалга оширилади.

VII. Олий таълим муассасаси талабалари

47. Талаба бу олий таълим муассасасига ўрнатилган тартибда қабул қилинган шахсдир.

Талабага олий таълим муассасаси томонидан тасдиқланган намунадан талабалик гувоҳномаси ва рейтинг дафтарчаси берилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган холда айрим олий таълим муассасаларида талабалар рейтинг дафтарчаси ўрнига ундаги ёзувларни  қайд этиб борадиган электрон тизим жорий этилиши мумкин.

48. Олий таълим муассасалари талабаларининг ҳуқуқлари:

фан, техника ва замонавий технологиялар, иқтисодиёт ва маданият ривожланишининг ҳозирги замон даражасига мувофиқ таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари  ўқув режа ва ўқув фан дастурларини янада такомиллаштириш юзасидан олий таълим муассасаси раҳбариятига таклиф бериш;

олий таълим муассасалари фаолияти бўйича муҳим масалалар муҳокамасида қатнашиш;

кутубхона, ахборот ресурслари, ўқув, илмий, даволаш ва бошқа бўлинмалар хизматидан олий таълим муассасаси Низомида белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;

илмий-тадқиқот ишларда, анжуманларда, симпозиумларда иштирок этиш;

илмий-тадқиқот йўналишлари бўйича тайёрлаган ишларни нашрга тақдим этиш;

олий таълим муассасаси раҳбарияти қарорларидан норози бўлган тақдирда, шикоят аризаси билан мурожаат қилиш;

белгиланган тартибда ҳарбий таълим мутахассислиги бўйича кўшимча таълим олиш.

Кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақирув резерв хизматига чақиришдан кечиктириш бўйича тақдимнома олий таълим муассасаси тоионидан тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларида белгиланган ҳолатлардан ташқари ўқув жараёни билан боғлик бўлмаган ишларга ўқиш вақти ҳисобига талабаларни жалб этиш ман этилади.

49. Талабалар таълим дастурларида белгиланган билимларни олишлари, ўқув режада тавсия этилган асосий ва кўшимча ўқув фанлари ҳамда танлов фанларини ўзлаштириши, ўқув режасида назарда тутилган барча турдаги машғулотларда берилган топшириқларни белгиланган муддатда бажаришлари, олий таълим муассасаси Низомига, ички тартиб ва талабалар турар жойлари қоидаларига риоя қилишлари шарт.

50. Кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаган миқдордаги стипендиялар билан таъминланадилар. Талабалар тегишли низомлар асосида давлат стипендияларини олишга ҳақлидир.

51. Ҳарбий хизматни ўташ, соғлигини тиклаш даврида, ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлик таътил ёки бола парвариши учун талабаларга белгиланган тартибда академик таътил берилади.

52. Таълим дастурларини узрли сабаб бўйича ўзлаштирмаган  талабаларга ўрнатилган тартибда  академик қарздорликларни бартараф этиш учун индивидуал жадвал тақдим этилади.

Академик қарздорликни белгиланган муддатда бартараф этмаган талабаларга талабалар ўзлаштиришини баҳолаш ва рейтинг назорати тизими тўғрисидаги Низомга мувофиқ курсда қолдирилади (биринчи курснинг биринчи семестри бўйича академик қарздорликни бартараф этмаган талаба талабалар сафидан четлаштирилади ва ўқишини тиклашга йўл қўйилмайди).

53. Талабаларни ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низом”га асосан амалга оширилади.

54. Бошқа шаҳарлардан келган ва турар жойга муҳтож талабаларга талабалар турар жойидан ўрнатилган тартибда белгиланган муддатга жой берилади.

Турар жойга мухтож талабалар бор вақтда талабалар турар жойларидан қонунчиликда белгиланмаган мақсадда (ижарага бериш ва ҳоказо) фойдаланиш ман этилади.

55. Кундузги таълим  шаклида таҳсил олаётган талабаларга ўқишдан бўш вақтларида (куннинг иккинчи ярмида) меҳнат шартномаси бўйича олий таълим муассасасида ёки бошқа ташкилотларда ишлашга рухсат берилади.

Талабаларнинг бошқа ҳуқуқлари ва мажбуриятлари амалдаги қонунчилик ҳужжатларида ҳамда олий таълим муассасаси Уставида белгиланиши мумкин.

56. Олий таълим муассасаси ички тартиб-қоидаларини ва Устави талабларини бузган талабаларга қуйидаги интизомий жазолар қўлланиши мумкин: хайфсан, олий таълим муассасаси талабалари сафидан четлаштириш.

Интизомий жазолар ножўя ҳатти-ҳаракат аниқлангандан кейин бир ойдан кўп вақт ўтмасдан ва у содир этилганидан кейин олти ойдан кўп вақт ўтмасдан қўлланиши керак. Бу муддатга талабани касал ёки таътилда бўлган вақти кирмайди. Талабани соғлиғини тиклаётган даврида (касаллиги тўғрисида тиббиёт маълумотномасини тақдим этса), ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ таътили даврида талабалар сафидан четлаштириш мумкин эмас.

57. Ишлаб чиқаришдан ажралмаган  ҳолда (сиртқи, махсус сиртқи ёки кечки таълим шаклида) таълим олаётган талабаларга уларнинг асосий иш жойидан амалдаги қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мехнат кодексида белгиланган имтиёзлар берилади.

VIII. Олий таълим муассасаси ходимлари

58. Олий таълим муассасаларида илмий-педагог ходимлар (профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар), техник-мухандислик, маъмурий-хўжалик, ишлаб чиқариш, ўқув-ёрдамчи ва бошқа лавозимдаги ходимлар фаолият олиб боради.

Педагог ходимлар (профессор-ўқитувчилар) таркибига кафедра мудири, профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи, ассистент ва стажер-ўқитувчи лавозимида ишлаётган шахслар киради.

59. Педагогик фаолият олиб бориш ҳуқуқи тегишли йўналиши (мутахасислик) бўйича магистрлик (ёки дипломли мутахассис) дипломига эга бўлган, дарс бераётган фани бўйича  мутахасислиги (таълим олган умумкасбий ва ихтисослик фанлари мазмунан) мос бўлган, касбий тайёргарликка ва юқори маънавий-ахлоқий фазилатларга эга шахсларга берилади.

Суд қарорига мувофиқ бундай ҳуқуқдан маҳрум қилинганларга олий таълим муассасасида педагогик фаолият олиб боришга рухсат берилмайди.

Педагог ходимларни олий таълим муассасаларига ишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибларга мувофиқ амалга оширилади. Олий таълим муассасалари педагогик фаолиятга тегишли фан ва ишлаб чиқариш, иқтисодиёт, маданият ва бошқа соҳаларнинг етакчи мутахассисларини жалб этиш ҳуқуқига эга.

60. Давлат олий таълим муассасаси педагог ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан битта ўқитувчига тўғри келадиган  талабалар сони нисбатидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

61. Олий таълим муассасаси педагог ходимларининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий ва маънавий-маърифий ишларини белгилаш қоидалари олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи тасдиқлаган нормативларга мувофиқ белгиланади.

62. Олий таълим муассасаларида барча педагог ходимлар лавозимларини эгаллаш танлов асосида меҳнат шартномаси тузиш йўли билан амалга оширилади. Магистратура битирувчиси йўлланма бўйича олий таълим муассасасини битирган йили педагог лавозимига танловсиз уч йил муддатга тайинланади.

63. Олий таълим муассасалари педагог ходимларининг лавозимларига қўйиладиган малака талаблари олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.

64. Олий таълим муассасалари педагог ходимларининг ҳуқуқлари:

лавозимига мувофиқ иш ҳақи ва фаолиятига мувофиқ белгиланган тартибда моддий рағбатлантиришлар олиш;

олий таълим муассасаси (факультет) кенгашларига сайлаш ва сайланиш;

олий таълим муассасаси фаолиятига тегишли масалаларни муҳокамасида ва ҳал этишда иштирок этиш;

ахборот ресурс марказлари, ахборот технологиялари, ўқув, илмий, ижтимоий-маиший, даволаш ва бошқа бўлинмалар хизматидан олий таълим муассасаси Низомига ҳамда жамоа шартномасига мувофиқ бепул фойдаланиш;

олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари малака талабларига мувофиқ ўқув фанлари ва курслари мазмунини аниқлашда иштирок этиш;

индивидуаллик хусусиятларга жавоб берадиган ўқитишнинг услуб ва воситаларини танлаш, ўқув ва илмий жараённинг юқори сифатини таъминловчи илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш;

олий таълим муассасаси раҳбарияти буйруқлари ва қарорларидан норози бўлиб қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят аризасини бериш;

ўз касбий фаолиятини ташкилий ва моддий-техник таъминланишини талаб этиш.

65. Олий таълим муассасалари педагог ходимларининг мажбуриятлари:

дарс бераётган фанлари орқали талабаларда танлаган йўналиш (мутахассислиги) бўйича тайёргарликнинг профессионал сифатларини шакллантириш;

талабаларда юқори маънавият ва маданиятни, Ватанга, табиатга ва ўз касбига мухаббатни, ватанпарварликни ва фуқаролик нуқтаи-назарини шакллантириш;

ўқув ва илмий-тадқиқот жараёнларнинг юқори самарадорлигини таъминлаш;

олий таълим муассасаси Уставига риоя қилиш;

талабаларда эркинликни, ташаббускорликни ва ижодий қобилиятларни ривожлантириш.

66. Олий таълим муассасаси педагог ходимлари касбий билимлари, педагогик маҳорати ва кўникмаларини ошириш мақсадида республика ёки хориж таълим муассасаларида белгиланган тартибда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтади.

Педагог ходимларнинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

67. Олий таълим муассасаси илмий ходимлари илмий-тадқиқот ўтказишнинг хавфсизлик чораларига жавоб берадиган, уларнинг индивидуал қобилиятларига мос ва илмий-тадқиқот жараёнини юқори сифатини таъминлайдиган усуллари ва воситаларини танлашга ҳақлидир.

68. Юқори малакали илмий-педагог ходимларни тайёрлаш олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида таянч докторантура ва докторантура шаклида амалга оширилади.

69. Олий таълим муассасасининг маъмурий-хўжалик, техник-мухандислик, ишлаб чиқариш, ўқув-ёрдамчи ва бошқа ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, лавозимларга қўйилган талаблар, олий таълим муассасасининг Устави ва ички тартиб-қоидаларида белгиланади.

70. Олий таълим муассасаси ходимлари амалдаги қонунчилик ва олий таълим муассасасининг Уставида қайд этилган ҳуқуқ ва имтиёзларга эга бўлади.

IX.Олий таълим тизимини бошқариш

71. Ўзбекистон Республикасида олий таълим тизимининг бошқаруви Вазирлар Маҳкамаси ва олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги томонидан уларга берилган ваколатлар доирасида амалга оширилади.

Олий таълим тизимини ўқув-методик жиҳатдан бошқарув органи – Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (кейинги ўринларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги деб аталади) ҳисобланади.

72. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд бўлган вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, республиканинг олий таълим муассасаларига ўқув-педагогик ва илмий-методик раҳбарликни амалга ошириш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларда давлат таълим стандартлари талаблари ва таълим даражасига ва мазмунига, мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги сифатига қўйиладиган бошқа талаблар бажарилишини таъминлаш;

таълим соҳалари бўйича давлат таълим стандартлари, таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари малака талаблари, ўқув режа ва ўқув фанлари дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва босқичма-босқич амалиётга киритиб бориш ҳамда республика олий таълим муассасаларини улар билан таъминлаш;

олий таълим йўналиш ва мутахассислик классификаторига зарур бўлганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш;

малака талабларини ва ўқув фан дастурларига мувофиқ ўқув адабиётларининг янги авлодини ишлаб чиқиш;

олий таълим муассасаси фаолияти ва ўқув-тарбиявий жараённи ташкил қилишнинг норматив-ҳуқуқий таъминотини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

олий ва ўрта махсус, касб хунар таълими кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалаларини мувофиқлаштириш;

таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг интеграциясини меъёрий ва услубий таъминлаш.

73. Олий таълим сифатини бошқаришнинг ижтимоий шаклларини ривожлантириш мақсадида фаолияти тегишли Низом билан тартибга солинадиган олий таълим муассасаларининг ректорлар кенгаши ташкил қилинади.

 74. Олий таълим муассасаларининг бошқаруви Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва мазкур Низомга мувофиқ амалга оширилади.

75. Олий таълим муассасининг бевосита бошқаруви ректор томонидан амалга оширилади. Давлат олий таълим муассасаси ректори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан, нодавлат олий таълим муассасаси ректори таъсисчи(лар) томонидан тайинланади.

Олий таълим муассасасининг иш натижалари учун тўлиқ жавобгарлик ректор зиммасида туради. У Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ва олий таълим муассасаси Уставига биноан тегишли орган ва ташкилотларда олий таълим муассасаси номидан фаолият юритади, мол-мулкка белгиланган тартибда эгалик қилади, шартномалар тузади, ишончномаларни тақдим этади, банкда олий таълим муассасасининг ҳисоб рақамини очади ва кредитлар бошқарувчиси ҳисобланади.

Ректор олий таълимнинг давлат таълим стандартларини амалга оширилиши учун шахсан жавобгардир.

Олий таълим муассасаси ваколатлари доирасида ректор:

проректорлар, деканлар ва бошқа бўлинмаларнинг аниқ вазифалари, мажбуриятларини ва масъулиятларини белгилаб беради;

олий таълим муассасаси ходим, профессор-ўқитувчилар ва талабалар бажариши  мажбурий бўлган буйруқ ва топшириқлар чиқаради;

ишчи ва хизматчилар ҳамда илмий педагогик ходимларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгилаган тартибда ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

олий таълим муассасаси таркибига кирувчи илмий-тадқиқот, тажрибавий-экспериментал ва бошқа ташкилотлар ҳамда бўлимларнинг ваколатларини аниқлаб беради ва улар тўғрисидаги низом(йўриқнома)ларни тасдиқлайди;

олий таълим муассасаси ходимлари лавозим маошларига устама ҳақ ва қўшимча тўловларни ўрнатилган тартибларда белгилаб беради;

касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа давлат ваколатли органи билан келишилган ҳолда ички тартиб-қоидаларини тасдиқлайди;

қонунчиликга мувофиқ бошқа ваколатларни бажаради.

Ректор бюджетдан ажратилган ва ойлик маош фонди маблағлари чегарасида, олий таълим муассасаси хизматчиларининг лавозим маошлари тариф сеткаси ва ойликларга ўрнатилган лимитлардан келиб чиққан ҳолда:

олий таълимни бошқариш бўйича давлатнинг ваколатли органи билан келишилган ҳолда олий таълим муассасаси Кенгашининг маслаҳатига кўра факультетлари, кафедраларини очиш ва ёпиш ҳуқуқига;

Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ажратилган штатларга мувофиқ  декан ва декан ўринбосарлари лавозимларини киритиш ҳуқуқига эга.

76. Олий таълим муассасаси фаолиятининг асосий масалаларини кўриб чиқиш учун Кенгаш ташкил қилинади.

Кенгашнинг таркиби, ваколатлари, шакллантириш тартиби ва фаолияти олий таълимни бошқариш бўйича давлатнинг ваколатли органи томонидан тасдиқланган тегишли Низом билан белгиланади.

77. Факультетлар деканлари олий таълим муассасаси ректори томонидан тайинланади.

Факультетга белгиланган вазифалар ва функциялардан келиб чиқиб, ушбу факультет декани олий таълим муассасаси бўйсунувчи вазирлик (идора) томонидан тайинланиши мумкин.

78. Давлат олий таълим муассасаларининг проректорлари олий таълим муассасаси бўйсунуви бўйича тегишли вазирлик ва идора томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда олий таълим муассасаси ректори тавсияси асосида тайинланади.

79. Нодавлат олий таълим муассасалари проректорлари ва деканлари ректор томонидан таъсис этувчи(лар) билан келишилган холда тайинланадилар.

80. Олий таълим муассасасида жамоатчилик бошқарув органи бўлган васийлар кенгаши ташкил қилинади. Унинг таркибига таъсисчи(лар), маҳаллий ҳокимият органлари, соҳа вазирлик ва идоралари, муассаса ва ташкилотлар, бошқа таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари, фондлар ва ҳомийларнинг вакиллари киради.

81. Олий таълим муассасаси шу олий таълим муассасаси академик лицей (лар)и ва тегишли ихтисослашган касб-ҳунар коллежларнинг бошқарувини ўрнатилган тартибда амалга оширади.

82. Амалдаги қонунчилик ва олий таълим муассасаси Уставига мувофиқ унда жамоат ташкилотлари, илмий ва кўнгилли жамиятлар, илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар, илмий-услубий ва илмий-техник кенгашлар  ҳамда ёш олимлар кенгаши ва шунга ўхшаш бошқалар ташкил қилиниши мумкин.

83. Олий таълим муассасасида тахсил олаётганлар сони, тасдиқланган ишчилар миқдори ва бюджет (давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар) чегарасига боғлиқ ҳолда белгиланган тартибда ўз тузилишини шакллантиради.

X. Олий таълим муассасаси мулки

84. Олий таълим муассасаси мулки давлат мулкига ёки нодавлат олий таълим муассасаси мулкига киради.

Давлат олий таълим муассасаси асосий фондлар ва айланма  маблағлари, шунингдек унинг Уставида белгиланган фаолиятни таъминлаш учун зарур бўлган бошқа бойликларни ўз ичига олади.

85. Давлат олий таълим муассасаси унга ҳадя, хайр-эҳсон ёки васиятнома шаклида жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўтказилган пул маблағлари ва мулкни олиш ва мустақил сарф қилиш хуқуқига эга. Шунингдек қонунчиликка мувофиқ у тадбиркорлик фаолиятидан тушган даромадни ва уни хўжалик тасарруфида бўлган мулкдан фойдаланганлиги ҳисобига тушган даромадни олишга ва мустақил сарф қилишга ҳуқуқига эга.

86. Мулкни олиш ва ундан фойдаланиш тартиби, шунингдек нодавлат олий таълим муассасаси даромадларини олиш ва ундан фойдаланиш тартиби унинг Уставида белгиланади.

87. Олий таълим муассасаси унинг фаолияти натижаси бўлмиш интеллектуал ва ижодий мехнат маҳсулига эгалик қилиш ҳуқуқига эга.

88. Олий таълим муассасасига доимий бепул фойдаланиш учун унга белгиланган тартибда ажратилган ер майдонлари сақланиб колинади.

XI. Маблағ ажратиш, ҳисоб-китоб ва ҳисобот бериш

89. Давлат олий таълим муассасаларига маблағ ажратиш мутахассислар тайёрлашга ажратиладиган давлат грантларига мувофиқ республика бюджети маблағлари,  шунингдек амалдаги қонунчилик ва мазкур Низомга мувофиқ жалб қилинган бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Корхона, ташкилот ва фуқаролардан шартнома асосида олинган маблағлар олий таълим муассасалари томонидан мустақил фойдаланилади.

90.  Нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти таъсисчи(лар) маблағлари, олинган даромадлар, шунингдек кадрлар тайёрлаш учун ажратилган давлат грантлари ҳисобига амалга оширилади.

91. Давлат олий таълим муассасалари томонидан ўтказилаётган илмий тадқиқотлар республика бюджети маблағлари, буюртмачилар маблағи ва қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

92. Олий таълим муассасаси белгиланган тартибда молиявий-хўжалик фаолиятнинг оператив ва бухгалтерлик ҳисобини амалга оширади, статистик ва бухгалтерлик ҳисоботни олиб боради.

Давлат ҳисоботини бузиб кўрсатилиши учун мансабдор шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

Олий таълим муассасасида бюджет ва молиявий интизом устидан назорат белгиланган тартибда амалга оширилади.

XII. Халқаро ҳамкорлик

93. Олий таълим муассасаси олий таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорликни Ўзбекистон Республикаси хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан тузган икки ва кўп томонлама шартномалар доирасида қуйидаги йўллар орқали амалга оширади:

талабалар, таянч докторантлар, докторантлар, педагогик ва илмий ходимларни икки ва кўп томонлама алмашуви дастурларида иштирок этиш;

қўшма фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар, тажрибавий-конструкторлик ишлар олиб бориш, конгресслар, анжуманлар, симпозиумлар ва бошқа тадбирлар ўтказиш;

олий таълимни такомиллаштириш бўйича халқаро дастурларда иштирок этиш;

қонунчиликка мувофиқ кўшма олий таълим муассасаларини яратиш.

94. Чет эллик фуқароларни Ўзбекистон Республикасида ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижий мамлакатларда педагогик ва илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш давлатлараро, идоралараро, шунингдек хорижий юридик шахслар билан олий таълим муассасаси томонидан тузилган шартномалар асосида амалга оширилади.

95. Хорижий олий таълим муассасаларида қисқа муддатли (1-6 ойлик) ўқишга, стажировкага бориб келган талабаларнинг ўқишини давом эттириши (фарқларни топшириши) тартиби олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларида белгиланади ва ректор буйруғи асосида амалга оширилади.

ХIII. Якуний қоидалар

96. Олий таълим муассасаси фаолиятидан норози бўлганлар белгиланган тартибда, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

97. Мазкур Низом бўйича низолар амалдаги қонунчилик асосида ҳал этилади.

Общие комментарии

4450