ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
1825 Министерство дошкольного образования Республики Узбекистан 10/01/2019 25/01/2019 4
Давлат мактабгача таълим муассасаларида қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида низом
ID-1825

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг 2018 йил 13 декабрдаги 3-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА

Давлат мактабгача таълим муассасаларида қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида низом

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги ПҚ–3955-сон “Мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ давлат мактабгача таълим муассасаларида қўшимча пуллик таълим-тарбия хизматлари (бундан буён матнда қўшимча хизмат деб юритилади) кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом талаблари давлат мактабгача таълим муассасалари (бундан буён матнда мактабгача таълим муассасаси деб юритилади) учун татбиқ этилади.

2. Қўшимча хизматлар зарур моддий-техник база ҳамда тегишли педагог ходимга эга бўлган ёки тегишли мутахассис жалб қилинган ҳолда мактабгача таълим муассасасида ташкил қилиниши мумкин. Бунда қўшимча хизматларни кўрсатиш боланинг мактабгача таълим муассасасининг ўқув дастури бўйича олиб бориладиган таълим-тарбия жараёнига халақит бермаслиги керак.

2-боб. Қўшимча хизматлар кўрсатишни ташкил этиш

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги ПҚ–3955-сон қарори билан тадсиқланган 2018-2019 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастурига асосан мактабгача таълим муассасалари томонидан қуйидагилар бўйича қўшимча пуллик хизматлар кўрсатилиши мумкин:

дам олиш кунлари ва мактабгача таълим муассасасида иш куни якунлангандан кейин болани парваришлаш, унга қараб туриш, уни ўқитиш;

мактабгача таълим муассасасининг ўқув дастурдан ташқари спорт-соғломлаштириш (каратэ, таэквондо, сузиш, шахмат, шашка, гимнастика, массаж ва бошқалар) тўгараклари, бадиий-эстетик (хор, рақс, тасвирий санъат ва ҳоказолар) тўгараклар, фанлар бўйича тўгараклар (чет тиллари, математика, ақлий арифметика, мантиқ, информатика ва бошқалар).

4. Мактабгача таълим муассасаси томонидан кўрсатилиши режалаштирилаётган қўшимча хизматлар турлари ҳамда улар учун белгиланадиган тўловлар миқдори мактабгача таълим муассасасининг кузатув кенгаши йиғилишида муҳокама қилиниши шарт.

5. Мактабгача таълим муассасалари томонидан кўрсатиладиган қўшимча хизматларнинг нархлар прейскуранти тегишли ҳудудий бўлинма билан келишилган ҳолда мактабгача таълим муассасасининг раҳбари томонидан тасдиқланади.

6. Қўшимча хизматлар тегишли мактабгача таълим туман (шаҳар) бўлинмаси (бундан буён матнда ҳудудий бўлинма деб юритилади) билан келишилган ҳолда мактабгача таълим муассасаси раҳбарининг буйруғига мувофиқ қуйидаги ҳужжатлар асосида ташкил этилади:

кўрсатиладиган қўшимча хизматнинг иш режаси (бундан буён матнда иш режа деб юритилади);

кўрсатиладиган қўшимча хизматларнинг прейскурант нархлари;

кўрсатиладиган қўшимча хизматлар бўйича машғулотлар жадвали.

7. Иш режа мактабгача таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланади.

8. Тасдиқланган қўшимча хизматларнинг прейскурант нархлари мактабгача таълим муассасасининг барча шахслар кириши ва кўриши мумкин бўлган жойда (жойларда) эълонлар тахтасига осиб қўйилади.

3-боб. Болаларни қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларга қабул қилиш

9. Мактабгача таълим муассасасида ташкил этилган қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларга 3-7 ёшгача бўлган мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари қабул қилиниши мумкин.

10. Фарзанди қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларда тарбияланишини истаган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар тегишли мактабгача таълим муассасасига ариза билан мурожаат қилади.

Қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларга тарбияланувчиларни қабул қилиш ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг ҳоҳишига кўра ихтиёрий равишда амалга оширилади.

11. Мактабгача таълим муассасасининг раҳбари ҳамда боланинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслардан бири билан шартнома тузилади.

12. Қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларга болани қабул қилиш учун тегишли мактабгача таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи қабул қилинади.

Буйруқда боланинг Ф.И.О., туғилган йили, қабул қилинаётган қўшимча хизмат тури ва гуруҳи кўрсатилиши лозим.

13. Қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларда болаларнинг сони 25 нафардан ортиқ бўлишига йўл қўйилмайди.

14. Мактабгача таълим муассасаси ходимларини уларнинг асосий иш вақтидан ташқари вақтларда келишув асосида қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳларга жалб қилиш мумкин.

15. Суд ҳукми билан ёки тиббий хулосага мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланиши тақиқланган шахсларнинг қўшимча хизмат кўрсатувчи гуруҳлар фаолият юритиши таъқиқланади.

4-боб. Якуний қоидалар

16. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

17. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган.

Ўзбекистон Республикаси

молия вазири Д. Кучкаров

2018 йил “___” ________.

Общие комментарии

185