ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
1511 Государственная инспекция по надзору за качеством образования при Кабинете Министров Республики Узбекистан 14/12/2018 29/12/2018 6

Обсуждение завершено

Нодавлат умумтаълим ташкилотларининг намунавий уставини тасдиқлаш тўғрисида
ID-1511

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Нодавлат умумтаълим ташкилотларининг намунавий уставини

тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ таълими

тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сон қарорига мувофиқ

Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Нодавлат умумтаълим ташкилотларининг намунавий устави иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

3. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири А. Арипов

Вазирлар Маҳкамасининг

2018 йил ___ ___________ даги

____-сон қарорига

ИЛОВА

Нодавлат умумтаълим ташкилотларининг

НАМУНАВИЙ УСТАВИ

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Намунавий устав нодавлат умумтаълим ташкилотининг мақоми, мақсад ва вазифалари, ходимларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, раҳбарларининг функционал вазифалари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Нодавлат умумтаълим ташкилоти юридик шахс мақомига эга тижоратчи (хўжалик ширкати ва жамияти, ишлаб чиқариш кооперативи, унитар корхона ва қонунларда назарда тутилган бошқача ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилган) ёки нотижорат (жамоат бирлашмаси, ижтимоий фонд, муассаса ва қонунларда назарда тутилган бошқача ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилган) ташкилот бўлиб, ўзининг алоҳида мулкига, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига, ўз номи ёзилган думалоқ муҳрга, штампларга ва ўз рамзига эга бўлади.

Нотижорат нодавлат умумтаълим ташкилоти мазкур Намунавий уставда белгиланган мақсадларига мос равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин.

3. Нодавлат умумтаълим ташкилоти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига

ва бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек ўз уставига амал қилади.

4. Нодавлат умумтаълим муассасасини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш унинг муассиси томонидан амалга оширилади. Нодавлат умумтаълим ташкилоти белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган вақтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади ва юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади.

5. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг устави унинг муассиси томонидан тасдиқланади ва маҳаллий давлат ҳокимияти органида рўйхатдан ўтказилади. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг устави мазкур Намунавий устав асосида ишлаб чиқилади ҳамда унинг фаолияти устав асосида ташкил этилади.

6. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг расмий номи:

1) давлат тилида:

тўлиқ – “______________” _______________;

қисқартирилган – “______________” _______;

2) рус тилида:

тўлиқ – “______________” _______________;

қисқартирилган – “______________” _______;

3) инглиз тилида:

тўлиқ – “______________” _______________;

қисқартирилган – “______________” _______.

7. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг жойлашган жойи (почта манзили): Ўзбекистон Республикаси, _________ вилояти (шаҳри), __________ тумани (шаҳри), _______________ кўчаси, ____-уй.

2-боб. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг

мақсади ва вазифалари

8. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг мақсади таълим олувчиларга умумий ўрта таълимнинг юқори сифатини таъминлайдиган қулай

шарт-шароитлар яратиш, анъанавий таълим хизматлари билан бир қаторда сифатли ва оммабоп таълим олишнинг муқобил имкониятларини яратадиган пуллик таълим хизматлари кўрсатиш, илғор халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда ўқитишнинг инновацион педагогик шакллари, услублари ҳамда замонавий технологияларидан фойдаланиш асосида умумий ўрта таълим соҳасидаги самарадорлик ва натижавийликни оширишдан иборат.

9. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

умумий ўрта таълимни ҳар бир шахс, жамият ва давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда амалга ошириш, таълим олувчиларнинг жинси, миллати, дини, ирқий мансублиги ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар уларнинг ҳар томонлама камол топиши учун қулай шарт-шароитлар, ўз устида мустақил ишлашлари ва қўшимча билим олишлари учун имкониятлар яратиш;

таълим олувчилар томонидан мунтазам билим олинишини таъминлаш, уларда билим олиш эҳтиёжини ривожлантириш, базавий ўқув, илмий

ва умуммаданий билимларни шакллантириш;

таълим олувчиларга миллий анъаналар ва умуминсоний қадриятлар асосида таълим бериш, миллий ҳамда умумбашарий қадриятларни уйғунлаштириш асосида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, ўз ватанига ва халқига содиқ фуқарони шакллантириш;

илғор халқаро тажрибаларни инобатга олиб, ўқитишнинг инновацион шакллари, замонавий педагогик услублари ва технологияларидан фойдаланиш асосида умумий ўрта таълим соҳасидаги самарадорлик

ва натижадорликни ошириш;

таълим олувчиларнинг индивидуал ижобий хусусиятлари

ва қобилиятларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг юксак даражада таълим олишлари, ижодий имкониятларини ривожлантиришлари ва рўёбга чиқаришлари учун шарт-шароит яратиб бериш;

таълим олувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва ҳуқуқлари муҳофаза қилинишини таъминлаш, уларнинг қадр-қимматини эъзозлаш;

таълим олувчиларда меҳнат қилиш ва мустақил ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш, уларни касбий йўналтиришга ва касб танлашига кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикасининг таълим соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш, таълим жараёнини давлат таълим стандартларига мувофиқ ташкил этиш;

таълим жараёнига юқори малакали педагог ва бошқа кадрларни, шу жумладан хорижий мутахассисларни билан жалб этиш, таълим жараёнини самарали ташкил этиш учун уларга зарур шарт-шароитларни яратиш;

ўқиш муддати ва шартлари, тўлов миқдори, томонларнинг ҳуқуқ

ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар белгиланган шартномага мувофиқ таълим олувчиларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан ўзаро яқин муносабат ўрнатиш;

таълим дастурларининг белгиланган даражасини амалга ошириш учун ўқув биноларини зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа кутубхона-ахборот ресурслари ҳамда воситалари билан таъминлаш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандларини танлов асосида бепул ўқишга қабул қилиш орқали уларнинг сифатли билим олишларига ва жамиятга уйғунлашувига кўмаклашиш;

таълим дастурлари ва ўқув режалари бўйича барча фанларни ўзлаштирган битирувчиларга давлат намунасидаги умумий ўрта таълим тўғрисидаги ҳужжат бериш.

3-боб. Таълим жараёнини ташкил этиш

10. Нодавлат умумтаълим ташкилотида таълим жараёни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.

Таълим олувчилар ва уларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб юритилади)

хоҳиш-истакларини инобатга олган ҳолда педагогик кенгашнинг қарорига асосан қўшимча ўқув режалари ва ўқув дастурларидан фойдаланилиши мумкин.

11. Ўқув йили нодавлат умумтаълим ташкилотида 2 сентябрдан келгуси йилнинг 31 майига қадар давом этади ва тўртта чоракка бўлинади.

12. Таълим жараёнини ташкил этишда қуйидаги муддатларга амал қилинади:

ўқув йилининг давомийлиги – 34 ҳафта;

ўқув ҳафтасининг давомийлиги – 6 кун;

дарс машғулотининг давомийлиги – 45 дақиқа;

дарс машғулотлари оралиғидаги танаффуснинг давомийлиги – 

5 дақиқа.

Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида байрам (ишланмайдиган) куни деб белгиланган кунларда дарс машғулотлари ўтказилмайди.

13. Ўқув йили давомидаги таътилларнинг муддатлари қуйидагича белгиланади:

кузги таътил – 4 ноябрдан бошлаб 6 календарь кун;

қишки таътил – 28 декабрдан бошлаб 14 календарь кун;

баҳорги таътил – 21 мартдан бошлаб 7 календарь кун;

ёзги таътил – 1 июндан бошлаб 2 сентябргача.

Чораклар оралиғидаги таътиллар даврида нодавлат умумтаълим ташкилотининг педагог ходимлари томонидан машғулотларнинг инновацион технологияларга асосланган дастурларини ишлаб чиқиш, ўзлаштириши паст бўлган таълим олувчиларнинг билим савиясини таҳлил қилиш ва улар билан қўшимча ишлаш, уларга маслаҳатлар бериш, ота-оналар ва таълим олувчилар ўртасида умумий ўрта таълимнинг аҳамиятини тарғиб-ташвиқ қилиш мақсадида тадбирлар ташкил этиш, ўқувчилар учун шахсий ва тақвимий иш режалари тузиш каби ишлар амалга оширилади.

14. Нодавлат умумтаълим ташкилотида таълим жараёнини ташкил этиш қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

таълим олувчилар билан гуруҳ бўйича ва якка тартибда машғулотлар олиб бориш;

таълим олувчиларнинг мустақил иши;

назорат дарслари;

синфдан синфга ўтказиш ва битирув имтиҳонлари.

15. Таълим олувчиларнинг билими қуйидаги тартибда баҳоланади:

5 (аъло), 4 (яхши), 3 (қониқарли), 2 (қониқарсиз).

16. Якка тартибда дарс машғулотларини олиб борадиган педагог ходимлар ҳар бир таълим олувчига ўқув йили учун шахсий иш режаси, гуруҳли тартибда дарс машғулотларини олиб борадиган педагог ходимлар тақвимий иш режаси тузадилар.

17. Нодавлат умумтаълим ташкилотида синфдан синфга ўтказиш

ва битирув имтиҳонлари ҳар йили 10 май – 31 май саналари оралиғида ўтказилади.

18. Нодавлат умумтаълим ташкилоти битирувчиларига июнь ойида ўқишни тугатганлиги тўғрисида давлат намунасидаги ҳужжат (ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатнома) берилади.

19. Нодавлат умумтаълим ташкилоти педагогик кенгашининг қарори асосида дарс машғулотлари, ўқув ҳафтаси ва таътиллар давомийлиги, назорат шакллари ва баҳолаш тизими ўзгартирилиши мумкин.

4-боб. Таълим жараёнининг иштирокчилари

20. Таълим олувчилар, ота-оналар ва педагог ходимлар нодавлат умумтаълим ташкилоти таълим жараёнининг иштирокчилари ҳисобланади.

21. Таълим олувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат таълим стандартлари асосида ихтиёрий равишда таълим олиш;

ўз ихтиёрига кўра таълим шаклини танлаш;

инсоний қадр-қимматининг ҳурмат қилинишини талаб қилиш, виждон эркинлиги, ахборот эркинлиги, ўз қарашлари ва эътиқодини ифодалаш;

нодавлат умумтаълим ташкилотининг таълим жараёни ва иш фаолиятини такомиллаштиришга оид таклифлар бериш;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқлар.

22. Таълим олувчиларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

нодавлат умумтаълим ташкилотининг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиш;

нодавлат умумтаълим ташкилотининг моддий-техника базасидан самарали фойдаланиш ва уни асраб-авайлаш;

жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиш;

ўз иқтидори ва қобилиятини ривожлантириш, билимларни мустақил эгаллаш кўникмасини ҳосил қилиш ва уни амалда қўллаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятлар.

23. Ота-оналар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

нодавлат умумтаълим ташкилоти раҳбариятидан фарзанди учун мазкур ташкилотнинг уставига мувофиқ зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш;

фарзандининг шахсига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;

жамоатчилик асосида нодавлат умумтаълим ташкилотининг иш фаолиятида иштирок этиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқлар.

24. Ота-оналарнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

фарзандининг жисмоний ва руҳий соғлом бўлиши учун ғамхўрлик қилиш;

боланинг қадр-қимматига ҳурмат билан қараш, уни меҳнатсеварлик, эзгулик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш;

фарзандида қонунларга итоаткорлик, инсон ҳуқуқлари

ва эркинликларига ҳурмат туйғусини тарбиялаш;

фарзандига ўқув машғулотларида иштирок этиши учун зарур

шарт-шароитлар яратиш;

фарзандининг таълим олишига кўмаклашиш ва узрли сабабларсиз ўқув машғулотларига мунтазам қатнашишини таъминлаш;

шартнома асосида ўқиш учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятлар.

25. Педагог ходимлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

нодавлат умумтаълим ташкилотининг муҳим масалалари муҳокамасида ва қарорлар қабул қилинишида қатнашиш;

ўз касбий шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

нодавлат умумтаълим ташкилотини бошқаришда иштирок этиш;

нодавлат умумтаълим ташкилоти раҳбариятига ўқув жараёнини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш;

машғулотларнинг инновацион технологияларга асосланган дастурларини ишлаб чиқиш;

касб фаолияти учун шароитлар билан таъминланиш, малакасини ошириш, қайта тайёргарликдан ўтиш;

дарс машғулотининг шакли, услуби ва воситаларини мустақил танлаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқлар.

26. Педагог ходимларнинг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

давлат таълим стандартлари ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари асосида таълим жараёнини ташкил этиш;

педагог ахлоқ-одобига қатъий риоя қилиш;

дарс машғулотларини юқори савияда олиб бориш, таълим мазмунини такомиллаштириш, ўқитиш воситаларини яратишда фаол қатнашиш;

таълим олувчиларнинг қадр-қимматига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларда меҳнатсеварлик, эзгулик, меҳр-шафқат каби фазилатларни шакллантириш, ўқувчиларни она ватанга садоқат, давлат тилига, миллий

ва умуминсоний, тарихий ва маданий қадриятларга, ота-онага ва ўзидан катта ёшдагиларга ҳурмат, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш;

ўзининг назарий билим даражасини, педагогик маҳорати ва касб малакасини узлуксиз равишда ошириб бориш ва ўз устида мунтазам ишлаш;

таълим жараёни ва ўқув-услубий ишларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

таълим олувчиларнинг ота-оналари билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятлар.

5-боб. Нодавлат умумтаълим муассасасига ўқишга қабул қилиш, ўқишни кўчириш ва ўқишдан четлаштириш

27. Нодавлат умумтаълим ташкилоти раҳбарияти ҳар йили

июнь – август ойларида ўқишга қабул қилиш ишларини ташкил этади.

Ўқишга кириш учун талабгорлар ўқув йили давомида ҳам нодавлат умумтаълим ташкилотига ўқишга қабул қилиниши мумкин.

Таълим олувчилар нодавлат умумтаълим ташкилотига муассис томонидан белгиланадиган қабул квоталари доирасида тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинади.

Қабул квоталари нодавлат умумтаълим ташкилотининг қуввати, моддий-техника базаси, кадрлар билан таъминланганлик даражаси инобатга олган ҳолда шакллантирилади.

28. Ўқишга кириш учун талабгорлар сони қабул квоталари сонидан ошиб кетган тақдирда, нодавлат умумтаълим ташкилотида қабул синовлари ўтказиш учун директорнинг буйруғи билан 5 кишидан иборат таркибда қабул комиссияси тузилади.

29. Қабул комиссияси таркибига ташкилот директори, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ва педагог ходимлар киритилади. Ташкилот директори қабул комиссияси раиси ҳисобланади.

30. Нодавлат умумтаълим ташкилотига ўқишга кириш учун талабгор ёки унинг ота-онаси ҳар йили 1 август – 25 август мобайнида қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

директор номига ариза;

ўқувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси;

ўқувчига белгиланган шаклда берилган тиббий маълумотнома;

3 х 4 ўлчамли 4 дона фотосурат.

31. Қабул синовлари ҳар йили 31 августгача ўқувчининг билимини аниқлаш мақсадида ташкилот педагогик кенгаши томонидан тасдиқланган шаклда (тест синови, оғзаки ёки ёзма имтиҳон) ўтказилади ва баҳоланади. Қабул синовлари бир марта топширилади, қайта топширишга йўл қўйилмайди.

32. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг иккинчи ва ундан юқори синфларига қабул қилишда синов материаллари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув дастурлари бўйича тегишли синфда ўтиладиган фанлар доирасида тайёрланади.

33. Талабгорнинг синовдан ўтган ёки ўтмаганлиги қабул комиссияси томонидан аниқланади ва талабгорни ўқишга қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Қабул комиссиясининг ижобий қарорига асосан нодавлат умумтаълим ташкилоти муассиси билан ўқишга қабул қилинган таълим олувчининг

ота-онаси ўртасида ўқиш муддатига тузилган шартнома асосида тўлов амалга оширилганидан кейин ташкилот директори талабгорни ўқишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.

Нодавлат умумтаълим ташкилотининг қувватидан келиб чиқиб, талабгорларни ўқув йили давомида ўқишга қабул қилишга ва бошқа таълим муассасасидан ўқишини кўчиришга йўл қўйилади.

34. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган талабгорлар ташкилотдаги жами таълим олувчилар умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда қабул комиссияси томонидан ўтказиладиган синовлар асосида ўқишга бепул қабул қилинади.

Кейинги йилларда таълим олувчиларни бепул ўқитишни давом эттириш бўйича қарор нодавлат умумтаълим ташкилоти педагогик кенгаши томонидан таълим олувчининг оилавий шароити ва унинг академик натижаларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган талабгорлар томонидан нодавлат умумтаълим ташкилотидаги жами таълим олувчилар умумий сонининг 10 фоизи миқдоридан кам мурожаатлар келиб тушган тақдирда, қабул квотасининг бўш қолган ўринларига бошқа талабгорлар ўқишга қабул қилиниши мумкин.

35. Таълим олувчи ўз хоҳишига кўра ўқув йили давомида

ёки у тугагандан сўнг нодавлат умумтаълим ташкилотидан бошқасига ёки давлат умумтаълим муассасасига ўқишини кўчириш ҳуқуқига эга.

36. Нодавлат умумтаълим ташкилоти томонидан ўқишини бошқа нодавлат умумтаълим ташкилотига ёки давлат умумтаълим муассасасига кўчирган таълим олувчиларга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

ўқиганлиги тўғрисида маълумотнома;

таълим олувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели.

37. Нодавлат умумтаълим ташкилотига бошқа нодавлат умумтаълим ташкилоти ёки давлат умумтаълим муассасасидан ўқишини кўчираётган таълим олувчи муассиснинг қарорига кўра қабул комиссияси томонидан синовдан ўтказилиши мумкин.

38. Ўқиши кўчирилган таълим олувчини нодавлат умумтаълим ташкилотига қабул қилиш тўғрисида директор буйруқ чиқаради.

39. Нодавлат умумтаълим ташкилоти муассисининг рухсати билан ўқишга қабул қилинган ёки ўқиши кўчирилган таълим олувчи шартнома асосидаги тўловни кечиктириб амалга ошириши мумкин.

40. Таълим олувчилар нодавлат умумтаълим ташкилотидан қуйидаги ҳолатларда четлаштирилиши мумкин:

ўз хоҳишига биноан;

ўқишнинг давлат умумтаълим муассасасига ёки бошқа нодавлат умумтаълим ташкилотига кўчирилиши муносабати билан;

саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);

академик ўзлаштира олмаганлиги (қарздорлиги) учун;

ўқув интизомини ва ташкилотнинг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;

ўқиш учун белгиланган тўловнинг ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўловдан озод этилган таълим олувчилар бундан мустасно);

таълим олувчининг суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;

вафот этганлиги сабабли.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти раҳбарининг таълим олувчини нодавлат умумтаълим ташкилотидан четлаштириш тўғрисидаги буйруғига қуйидагилардан бири асос бўлади:

ота-онанинг аризаси;

педагогик кенгаш қарори;

педагог ходимнинг билдиришномаси.

41. Ота-оналарнинг аризаси асосида таълим олувчига нодавлат умумтаълим ташкилоти раҳбарининг буйруғига мувофиқ бир йил муддатга академик таътил берилиши мумкин.

42. Битирув имтиҳонларини топшира олмаган таълим олувчиларга ташкилотда ўқиганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.

6-боб. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг тузилиши ва уни бошқариш

43. Муомалага лаёқатли жисмоний ва юридик шахслар нодавлат умумтаълим ташкилотининг муассислари бўлиши мумкин.

44. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг ўқув-тарбия жараёнига услубий раҳбарлик Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.

45. Нодавлат умумтаълим ташкилотига бевосита раҳбарликни муассис томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор амалга оширади.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти директори ташкилотнинг ташкилий-ҳуқуқий, ўқув-тарбиявий, маънавий-маърифий ва молиявий-хўжалик фаолиятининг ташкил этилиши учун бевосита масъул ҳисобланади.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти директори лавозимига қўйиладиган малака талаблари муассис томонидан белгиланади.

46. Директорнинг ўқув ва хўжалик ишлари бўйича ўринбосарлари бўлиши мумкин.

47. Директорнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

нодавлат умумтаълим ташкилотига умумий раҳбарликни амалга ошириш;

кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш ва уларнинг захирасини шакллантириш;

педагоглар ва бошқа ходимларга ўз фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароит яратиш;

таълим олувчиларнинг интизоми, билим савияси ҳамда синфдан ташқари олиб бориладиган ишларнинг ташкил этилиши ва мазмуни юзасидан назоратни амалга ошириш;

ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш учун зарур ишларни ташкил қилиш;

нодавлат умумтаълим ташкилотининг харажатлар сметасига риоя этилишини назорат қилиш;

меҳнат интизоми, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаш;

таълим олувчиларни таълимнинг кейинги босқичидаги кириш имтиҳонларига тайёрлашни назорат қилиш;

давлат умумий ўрта, мактабдан ташқари таълим муассасалари, маданият уйлари, клублар ўртасида ўзаро алоқалар ўрнатиш;

ота-оналар ва жамоатчилик билан иш олиб боришни ташкил қилиш;

ташкилот фаолияти юзасидан муассисга ҳисобот бериш;

ўз ваколати доирасида меҳнат вазифаларини бузган ходимларга нисбатан меҳнат қонунчилиги доирасида интизомий жазо чоралари қўллаш;

ташкилотнинг педагог ва бошқа ходимларини рағбатлантириш

ҳамда мукофотлашга тақдим этиш;

педагог ҳамда бошқа ходимлар билан меҳнат шартномасини тузиш

ва бекор қилиш.

48. Директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқув-тарбиявий ишлар ва иш ҳужжатларининг мазмунини назорат қилиш;

педагог ходимларга методик ёрдам кўрсатиш;

ўқув-услубий ва маънавий-маърифий ишларни ташкил қилиш;

педагогларнинг ўқитиш услубини таҳлил қилиш мақсадида ўқув машғулотларига кириш;

педагог ходимлар ва таълим олувчилар томонидан ташкилот ички тартиб-қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

ўқув-тарбиявий, услубий иш режалари, дарс жадвали, очиқ дарслар режаси, синов имтиҳонлари, педагоглар ҳақида маълумотлар, ўқув машғулотлари тарификациясини тузиш ва тасдиқлаш учун директорга тақдим этиш;

директор бўлмаган вақтда унинг вазифасини бажариб туриш;

педагог ходимлар томонидан дарс жадвали, ўқув-услубий, тарбиявий ҳамда синфдан ташқари ишларнинг бажарилишини назорат қилиш.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти директори ва унинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ўз ихтисосликлари бўйича меҳнат қонунчилигига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланишлари мумкин.

49. Директорнинг хўжалик ишлари бўйича ўринбосарининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

хўжалик фаолиятини бошқариш, нодавлат умумтаълим ташкилотининг дарс машғулотлари ўтказилиши учун зарур шарт-шароит яратиш;

нодавлат умумтаълим ташкилоти маблағларидан мақсадли фойдаланиш тадбирларини ўз ваколати доирасида ишлаб чиқиш ҳамда улардан тўғри фойдаланилишини таъминлаш;

молиявий фаолият натижаларини таҳлил қилиш, шартнома мажбуриятларининг белгиланган муддатида тўлиқ бажарилишини таъминлаш, молиялаштиришнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган турли манбалари ҳисобига маблағларни шакллантириш ва улардан самарали фойдаланилишини назорат қилиш;

товар-моддий бойликлар ва асосий воситалар тушумини тўлиқ ҳисобга олиш, қўшимча молиявий манбалар ва моддий маблағларни жалб этиш;

ўқув жиҳозлари, асбоб-ускуналари ва бошқа таълим воситаларининг сақланишини ва улардан самарали фойдаланилишини таъминлаш;

моддий-техника базасини ривожлантириш ишларини ташкиллаштириш, бино ва қўшимча объектларнинг техник ҳолати

ва жиҳозланганлигини мунтазам равишда ўрганиб бориш;

нодавлат умумтаълим ташкилотига етказиб берилган жиҳозларни қабул қилиш, жиҳозларнинг синф хоналари ва бошқа хоналар бўйича тақсимотини амалга ошириш;

куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида тегишли равишда кўмир, суюқ ёқилғи, табиий газ ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжларни аниқлаш ва маълумотларни нодавлат умумтаълим ташкилоти директорига тақдим этиш ҳамда қабул қилинган ёқилғиларнинг сифати ва сақланишини таъминлаш;

нодавлат умумтаълим ташкилотига бириктирилган ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва тозалаш ишларига раҳбарлик қилиш, техник хизмат кўрсатувчи ходимлар ишларини мувофиқлаштириш;

санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари, меҳнатни муҳофаза қилиш, техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя этиш.

50. Нодавлат умумтаълим ташкилоти фаолияти билан боғлиқ энг муҳим масалаларни муҳокама қилиш, муаммоларни бартараф этиш

ва истиқболдаги режаларни шакллантириш мақсадида педагогик кенгаш ташкил қилинади.

Педагогик кенгаш таркибига нодавлат умумтаълим ташкилотининг директори ва педагог ходимлари киритилади.

51. Педагогик кенгашнинг йиғилишлари бир ўқув йили мобайнида камида тўрт марта ўтказилади. Унга нодавлат умумтаълим ташкилоти директори раислик қилади. Директор бўлмаган вақтда раисликни директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари амалга оширади.

52. Педагогик кенгашнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

нодавлат умумтаълим ташкилоти педагогик жамоасининг фаолиятини таълим олувчиларнинг эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма

ва малакаларини таъминлашга, уларга таълим-тарбия бериш сифатини оширишга йўналтириш;

дарс ва дарсдан ташқари машғулотлар дастурларини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш;

педагог ходимларнинг йўналишлар бўйича ахборотлари

ва ҳисоботларини эшитиш, нодавлат умумтаълим ташкилотининг

санитария-гигиеник ҳолати, ёнғинга қарши амалга ошириладиган ишлар, меҳнатни муҳофаза қилиш, ўқувчиларнинг соғлиғи ва ҳаётига оид ҳамда бошқа масалаларни муҳокама қилиш ва якуний хулоса бериш;

босқичли назоратлар ва якуний давлат аттестациясини ўтказиш, таълим олувчиларни юқори синфга ўтказиш, якуний давлат аттестациясига рухсат бериш, битирувчиларга ўқишни битирганлик тўғрисида ҳужжатларни, шу жумладан уларнинг дубликатини бериш, аъло кўрсаткичларга ва намунали хулққа эга бўлган таълим олувчиларни рағбатлантириш юзасидан қарорлар қабул қилиш;

таълим беришда ўқитишнинг илғор педагогик ва инновацион технологияларидан фойдаланишни татбиқ этиш чораларини кўриш;

ўқувчиларни юксак маънавий-ахлоқий, умуминсоний ва миллий руҳда, ўз Ватани, халқини ардоқловчи, тинчлик ва барқарорликка қаратилган миллий қадриятлар асосида тарбиялаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш

ва жорий этиш;

нодавлат умумтаълим ташкилотида таълим жараёнини ташкил этиш

ва таълим самарадорлигини ошириш бўйича мақбул шарт-шароитлар яратишга қаратилган қарорлар қабул қилиш;

ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бўлган талабгорларни нодавлат умумтаълим ташкилотидаги жами таълим олувчилар умумий сонининг

10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ўқишга қабул қилинишини ҳамда уларни дарсликлар тўплами билан бепул таъминланишини назорат қилиш;

илғор педагог ходимларнинг иш тажрибаларини ўрганиш, оммалаштириш, уларни давлат мукофотларига тавсия этиш, ёш педагогларга методик ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш;

таълим жараёнини ташкил этиш ва таълим самарадорлигини оширишда мақбул шарт-шароитлар яратишга оид педагогик жамоанинг маълум йўналишлардаги фаолиятини таҳлил қилиш ва якуний хулоса чиқариш;

педагогик жамоа учун ўз ваколати доирасида меъёрий талабларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва бажарилишини назорат қилиш.

Педагогик кенгашга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юклатилиши мумкин.

53. Педагогик кенгашнинг раиси кенгаш қабул қилган қарорларнинг бажарилишини доимий равишда назорат қилиб боради.

54. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг таълим, методик

ва инновацион фаолиятини таъминлаш юзасидан методик хизматни амалга ошириш, педагог ходимларнинг малакасини ошириш, уларнинг касбий компетенцияларини ривожлантириш, касбий маҳоратини ўстириш ҳамда методик ишларга тез мослашувчанлигини таъминлаш мақсадида методик кенгаш ташкил қилинади.

Методик кенгаш таркибига нодавлат умумтаълим ташкилотининг директори ўринбосарлари ва педагог ходимлари киритилади. Методик кенгаш раиси умумтаълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳисобланади.

Методик кенгаш нодавлат умумтаълим ташкилотининг педагогик кенгашига бўйсунади ва ўз фаолиятини педагогик кенгаш қарорларини бажаришга йўналтиради.

55. Методик кенгашнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

нодавлат умумтаълим ташкилотида таълим сифатини ошириш учун зарур бўлган методик фаолиятни мувофиқлаштириш, педагог ходимларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш;

нодавлат умумтаълим ташкилотининг ўқув дастури, ўқув режаси

ва унинг ривожлантириш дастурларини бирламчи экспертизадан ўтказиш ҳамда тасдиқлаш учун педагогик кенгашга тавсия этиш;

таълим олувчиларга замонавий педагогик технологияларни, таълим методлари, шакли ва воситаларини излаб топишга кўмаклашиш, дарс жараёнида қўллашга шароит яратиш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш ва таълим жараёнида ютуқларга эришаётган педагогик ходимлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича тавсиялар бериш;

таълим олувчилар билими, кўникма ва малакаларининг давлат таълим стандартига мослигини ўрганиш, таҳлил қилиш, мониторинг қилиш

ва натижаларига кўра аниқланган бўшлиқларни тўлдириш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқиш;

педагог ходимларнинг иш натижаларини таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар бериш, педагог ходимларга методик ишларни самарали ташкил этиш бўйича асосий вазифаларни белгилаб бериш;

педагог ходимнинг инновацион фаолиятини ташкил қилиш, уларнинг ижодий изланишлари учун семинарлар, тренинг машғулотлари, педагогик технологиялар бўйича тақдимотлар ҳамда очиқ дарслар ташкил этиш;

нодавлат умумтаълим ташкилоти педагог ходимларининг малака оширишларини ташкил этиш;

педагог ходимларнинг малака ошириш курсидан кейинги фаолиятларини таҳлил қилиш, уларнинг малака ошириш курси давомида олган билимлари асосида ўқув семинарлар ташкил этиш, уларнинг иш режаси асосида ижодий ҳисоботларини эшитиш;

фанлар бўйича синфдан ташқари ишларни мувофиқлаштириш;

педагогик жамоанинг таълим жараёнини ривожлантиришга

ва амалиётда қўллашга йўналтирилган тажриба-синов, илмий-тадқиқот, инновацион, ижодий фаолиятига оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш

ва уларни рағбатлантириш чораларини кўриш;

педагогик ходимларни илмий, методик, дидактик материаллар, ўқув дастурлари билан таъминлаш;

илғор педагогик ва инновацион технологиялар асосида дарс ўтишнинг янги методларини синовдан ўтказиш;

таълим соҳасида тажриба алмашиш мақсадида бошқа нодавлат таълим ташкилотлари ва давлат умумтаълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;

таълим мазмунини ривожлантиришга оид масалаларни ҳал қилиш, инновацион дастурлар тузиш, диагностик таҳлил ўтказиш, янги педагогик технологияларни ишлаб чиқиш учун вақтинчалик ижодий гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш;

педагог ходимлар томонидан ишлаб чиқилган ўқув-методик қўлланмалар ва дидактик материалларни муҳокамадан ўтказиш.

7-боб. Нодавлат умумтаълим ташкилотини молиялаштириш

ва моддий-техник таъминоти

56. Нодавлат умумтаълим ташкилоти фаолиятини молиялаштириш муассис томонидан тасдиқланган харажатлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.

Нодавлат умумтаълим ташкилоти ўзига бириктирилган мол-мулкни

ва харажатлар сметаси бўйича ажратилган маблағларни ўз хоҳишига кўра тасарруф этади.

57. Нодавлат умумтаълим ташкилоти фаолиятини молиялаштириш қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

муассис томонидан ажратилган маблағлар;

шартнома асосида ўқиш учун таълим олувчилар ва уларнинг

ота-оналари томонидан тўланган маблағлар;

дарс машғулотларидан ташқари пайтда бўш бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналарни ижарага беришдан тушган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган шартнома асосида пулли хизмат кўрсатишдан олинган даромадлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳомийлик хайриялари, маҳаллий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

58. Қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятдан олинган даромад ҳисобига сотиб олинган мол-мулк ташкилотнинг мол-мулки таркибига киритилади.

59. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг мол-мулки ва пул маблағлари сарфланиши учун бевосита унинг директори жавобгар ҳисобланади.

60. Нодавлат умумтаълим ташкилоти ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақлар, устамалардан ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тўловлардан иборат.

Муассис томонидан нодавлат умумтаълим ташкилоти ходимлари лавозим маошларига ҳар ойда қўшиладиган рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган қўшимча ҳақлар ва устамаларни бериш тартиби тасдиқлаб қўйилиши мумкин.

61. Нодавлат умумтаълим ташкилоти штатидаги ходимлар сони муассис томонидан тасдиқланган штатлар жадвалига мувофиқ белгиланади.

8-боб. Якуний қоидалар

62. Нодавлат умумтаълим ташкилоти умумий ўрта таълим бўйича халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиши мумкин.

Унинг халқаро ҳамкорлиги шартномалар асосида хорижий ташкилотлар билан педагогик ахборот ва тажриба алмашиш, педагог ходимларнинг малака ошириши ҳамда стажировка ўташи шаклида амалга оширилиши мумкин.

63. Нодавлат умумтаълим ташкилоти таълим олувчиларнинг

ота-оналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа таълим муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади.

64. Нодавлат умумтаълим ташкилотини қайта ташкил этиш

ёки тугатиш ўқув йили якунида муассис томонидан амалга оширилади.

65. Нодавлат умумтаълим ташкилотининг уставига ўзгартириш

ва қўшимчалар киритиш уни тасдиқлаш тартибига мувофиқ амалга оширилади.

Общие комментарии

103