ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
1424 Министерство юстиции Республики Узбекистан 07/12/2018 22/12/2018 1
Фарғона вилоятининг Фурқат туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-1424

Лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Фарғона вилоятининг Фурқат туманини ижтимоий-иқтисодий

ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

 

Фарғона вилояти Фурқат туманида қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизматлар кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш орқали аҳолининг бандлигини таъминлаш ҳамда даромадларини ошириш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини модернизация қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

2018-2019 йилларда Фурқат туманида кафолатли иш ўринлари ташкил этиш ҳамда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар кўрсатиш соҳасини ривожлантириш лойиҳаларининг манзилли рўйхати 1-иловага мувофиқ;

2019-2020 йилларда таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган туман ҳокимлиги балансидаги собиқ Навбаҳор улгуржи савдо базаси негизида совутиш камералари, консигнация омборлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ўраб-жойлаштириш, уларни саралаш, сақлаш ва бошқа зарур инфратузилмани ўз ичига оладиган, умумий майдони 1,7 гектар бўлган темир йўл транспорти ҳамда автомобилларда юк ташиш учун логистика марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда салоҳиятли инвесторларни жалб этган ҳолда логистика марказини ташкил этиш бўйича лойиҳани 2019 йилнинг якунига қадар амалга оширилишини таъминласин.

3. Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “Hidoyatxon Sardorbek Sanjarbek Bog`i” боғдорчилик йўналишидаги фермер хўжалигининг Фурқат туманида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий маданият ва истироҳат боғини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги лойиҳада давлат шериги сифатида иштирок этиши белгилансин.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда жойлашган ҳудуд ва ҳажми нуқтаи-назаридан замонавий маданият ва истироҳат боғини барпо этиш учун мақбул бўлган, шу жумладан аҳоли ташрифи учун қулай жойдан 5 гектар ер майдонини маданият ва истироҳат боғи барпо этиш лойиҳасига  камида 1,0 млн. АҚШ долларига тенг миқдорда инвестиция киритиш, уни 2019 йил охиригача ишга тушириш, камида 80 та иш ўрни яратиш шарти билан ажратилишини таъминласин.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлигининг Фурқат тумани “Қўқонбой” маҳалла фуқаролари йиғини Қўқонбой қишлоғи 601-603 контурлар ҳудудида туман ҳокимлиги заҳирасидаги 1,45 гектар ер майдонида кичик саноат зонасини (кейинги ўринларда — КСЗ деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

5. Белгилаб қўйилсинки:

КСЗ ҳудудида, биринчи навбатда, импорт ўрнини босадиган, экспортга йўналтирилган юқори технологияли ишлаб чиқаришларни барпо этиш бўйича лойиҳалар жойлаштирилади;

КСЗ ҳудудидаги давлат кўчмас мулки тадбиркорлик субъектларига бизнес режаларни бажариш, иш ўринларини яратиш ва сақлаб қолиш, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш шарти билан кейинчалик мулк ҳуқуқи берилган ҳолда 10 йилга узоқ муддатли ижарага берилади;

КСЗ ҳудудидаги кўчмас давлат мулкидан ижара даврида фойдаланиш учун ижарага олинган майдонда амалга оширилаётган фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, ортиб борадиган коэффициентни қўлламасдан ижара тўловининг энг кам ставкаси белгиланади;

КСЗ иштирокчиларига инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш учун ер участкаларини бериш тўғрисидаги қарорлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 25 октябрдаги ПҚ–3356-сон қарори билан ташкил этилган Фарғона вилояти эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши томонидан қабул қилинади.

6. Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, Фарғона вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда КСЗни муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш учун тармоқ жадвалини тасдиқласин ва унинг сўзсиз бажарилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Фарғона вилояти эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича КСЗни муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш ишларини бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар ажратсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон Республикаси билан давлат чегарасига туташ ҳудуди Фурқат, Бешариқ ва Данғара туманига қарашли қисмидаги чегара зонаси энини Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 июлдаги 504-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чегара режими тўғрисида низом талабларига мувофиқлаштириш, шу жумладан, чегара зонаси ҳудудига кириб қолган фермер хўжаликларига қарашли суғориладиган ва Қўқон ўрмон хўжалигига қарашли қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонларини чегара зонаси ҳудудидан чиқариш масаласини ўрганиб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Марказий банки билан биргаликда икки ой муддатда:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жисмоний шахслар томонидан олиб чиқиш миқдор меъёрларини келаётган мавсумда ҳар бир маҳсулот тури бўйича кутилаётган ҳосил даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили мавсум бошланишидан бир ой олдин белгилаш, бунда яхши ҳосил кутилаётган маҳсулотлар учун амалдаги 40 кг меъёрни оширишни назарда тутадиган тартибни жорий қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги ПҚ–3512-сон қарори билан жисмоний шахслар учун белгиланган товарларни божхона декларациясиз олиб чиқиш меъёрини юридик шахслар томонидан олиб чиқишга нисбатан тадбиқ этиш (савдодан тушган валюта маблағлари статистикасини юритиш механизмини ишлаб чиққан ҳолда);

қўшни мамлакатлардан туризм, тижорат мақсадида Ўзбекистонга келаётган фуқароларга, экспорт қилувчиларга чегара ҳудудларида қўшимча қулайликлар бериш, шу жумладан валюта алмаштириш шахобчаларида тегишинча Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия Федерацияси, Қозоғистон миллий валюталарининг Ўзбекистон Республикаси миллий валютасига айирбошлаш имкониятини яратиш ҳақида таклифлар ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги икки ой муддатда республиканинг ҳар бир тумани кесимида қишлоқ хўжалик соҳалари учун олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжни ўрганиб чиқсин ҳамда 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб ўз ҳисобидан мутахассислар тайёрлаш истагини билдирган фермер хўжаликлари учун олий таълим муассасаларининг умумий қабул квотасидан ташқари фермер хўжаликларининг буюртмасига асосан ёшларни суҳбат асосида ўқишга қабул қилишга қўшимча квота ажратиш ҳақида таклиф киритсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Республика «Ҳунарманд» уюшмаси билан биргаликда 2018-2019 йиллар мобайнида Фурқат туманида доимий яшовчи 150 нафар ёшларни Қўқонлик ҳунармандлар томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 августдаги 619-сон қарорида белгиланган тартибда «Усто-шогирд, Қўқон тажрибаси» лойиҳаси шартлари асосида касб-ҳунарга ўргатилишини ташкил этсин.

12. Белгилансинки, «Устоз-шогирд, Қўқон тажрибаси» лойиҳасининг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги ПФ–5242-сон Фармони билан тасдиқланган Ҳунармандчилик фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқариладиган буюмлар ва товарлар (иш, хизмат кўрсатиш) турларининг рўйхатида назарда тутилган ҳунар ва касблар билан бир қаторда ушбу қарорга 3-иловага мувофиқ касбларга нисбатан ҳам тадбиқ этилади.

13. Фарғона вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тижорат банклари, лойиҳаларнинг ташаббускорлари билан биргаликда мазкур қарор билан тасдиқланган лойиҳалар ҳамда чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, лойиҳаларга салоҳиятли инвесторлар жалб этилишини, ишлаб чиқаришнинг мўлжалланган ҳажмлари ўзлаштирилишини ва янги иш ўринлари ташкил этилишини таъминласин;

муаммоли масалаларни мунтазам равишда кўриб чиқиб, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий зарур чора-тадбирларни амалга оширган ҳолда лойиҳалар бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб борсин.

14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқаруви раиси А.Ж.Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Р.Холмуродов ва Фарғона вилояти ҳокими Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

 

                              Ўзбекистон Республикасининг
                                        Бош вазири
                                                                                    А. Арипов