ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
1423 Министерство здравоохранения Республики Узбекистан 07/12/2018 22/12/2018 0
Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари билан ҳамкорликда халқаро факультетни ташкил этиш тўғрисида
ID-1423

лойиҳа

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари билан ҳамкорликда халқаро факультетни ташкил этиш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида 2018 йил 9 ноябр куни ўтказилган йиғилиш баёнида кўрсатилган топшириқлари ижросини таъминлаш ҳамда, республика иқтисодиётининг ишлаб чиқариш ва реал сектори тармоқлари учун юқори малакали, халқаро миқёсда рақобатбардош кадрлар тайёрлашни янада такомиллаштириш, шунингдек, тиббиёт олий таълим тизимида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019/2020 ўқув йилидан Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари билан ҳамкорликда магистратура ва клиник  ординатура таълим йўналишларида “ҳалқаро факультети”ни   (кейинги ўринларда - факультет деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар факультет фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

республика иқтисодиётининг реал сектори тармоғи учун муҳим илмий-техник вазифаларни ҳал қилишга қодир юқори малакали тор доирадаги мутахассисларни, илмий, илмий-педагогик кадрларни магистратура, таянч докторантура (PhD) ва клиник ординатура йўналишида халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш;

Оролбўйи минтақасидаги касалликларни эрта профилактикаси, юқори технологияли даволаш усулларини қўллаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва атроф муҳитни инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш соҳасидаги юқори технологияларга асосланган фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш;

мутахассислар ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш тизимини илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвийлиги ҳамда узлуксизлиги, шунингдек жаҳон таълим ва илмий ҳамжамиятига интеграциялашиш асосида ривожлантириш;

таълим ва илмий-техник соҳаларда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, ишлаб чиқариш тармоқлари ҳамда бизнес-ҳамжамиятлари билан узоқ муддатли алоқаларни ўрнатиш, ривожлантириш ва мустаҳкамлаш.

3. Белгилаб қўйилсинки:

факультет кадрларга бўлган эҳтиёжни инобатга олган ҳолда таълимнинг асосий мутахассисликлари бўйича магистр, таянч докторант (PhD) ва клиник ординаторлар, илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширадиган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалининг (кейинги ўринларда Филиал  деб юритилади) таркибий бўлинмаси ҳисобланади;

факультетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида рус ва инглиз тилларида, кундузги таълим шаклида Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талаблари инобатга олинган ҳолда Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетларида қабул қилинган таълим стандартлари, ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади;

факультетга магистратура, таянч докторантура (PhD) ва клиник ординатура  мутахассисликларига қабул квотаси мавжуд талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан келишув асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мустақил белгиланади;

факультетга талабаликка қабул қилиш тартиби, тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати ҳамда маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишув асосида белгиланади;

факультет битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси ҳамда Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетларида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган, ўзаро келишув асосида белгиланган намунадаги диплом берилади.

Факультет фаолиятини молиялаштириш Филиалга талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, тегишли шартномалар асосида манфаатдор ташкилотлар томонидан тақдим этиладиган грантлар, шунингдек қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

4. Филиал Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги,  Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳамда Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари билан келишган ҳолда 2019 йилнинг 1 сентябрига қадар:

факультетга Филиал ҳудудидаги бинолардан мос жой ажратиш;

Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт ва Корё университетлари билан ҳамкорликда магистратура ва клиник  ординатура таълим йўналишларида ўқув дастурларини тасдиқлаш;

факультетда фаолият олиб борадиган профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар таркибини юқори малакали маҳаллий ва хорижий илмий-педагог кадрлар ҳисобидан тўлдириш;

5. Факультетнинг бошланғич фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида унга ажратилган бино ва иншоотларини жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш (мебель, компьютер техникаси, ўқув адабиётлари ва бошқа моддий-техника воситалари харид қилиш) ишлари учун Филиал бюджетдан ташқари маблағларидан фойдаланилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Филиал буюртмаларига биноан, мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб қилинадиган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимлар, шунингдек уларнинг оила аъзолари учун кириш визалари консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан, белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдухакимов ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

              Бош вазири                                                                           А. Арипов

Общие комментарии