ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
1401 Министерство культуры Республики Узбекистан 05/12/2018 20/12/2018 0
Маданият марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-1401

ЛОЙИҲА

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

 

Маданият марказлари фаолиятини ташкил этиш

чора-тадбирлари тўғрисида

 

Маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фаолиятини янада ривожлантириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг ёш авлодни тарбиялашдаги ролини ошириш, номоддий маданий мерос дурдоналарини сақлаш ва тарғиб этиш, халқ оғзаки ижодиёти ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантиришга зарур шароитлар яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2018 йил 28 ноябрдаги ПҚ-4038-сон қарори билан маданият марказлари фаолиятини, жумладан, маданият марказларини янги қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини ташкил этиш, шунингдек, самарасиз фаолият юритаётган маданият марказларини мақбуллаштириш белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Фаолияти тугатиладиган маданият марказларининг рўйхати иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига:

Дастурни амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш;

Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг бажарилишига масъул бўлган манфаатдор вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тизимли асосда мувофиқлаштириб, белгиланган тадбирларнинг тўлиқ ва сифатли бажарилишини;

2019 – 2022 йилларда тасдиқланадиган манзилли рўйхатларга мувофиқ маданият марказларини янги қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш параметрларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан мониторинг гуруҳи фаолиятини шакллантирсин.

4. Белгилаб қўйилсинки;

а) қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича:

2019 – 2022 йилларда туман (шаҳар) марказларида маданият марказларини янги қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари маданият ва аҳоли дам олиш марказлари учун ишлаб чиқилган намунавий лойиҳага асосан амалга оширилади;

маданият марказлари уларда ташкил этилган тўгараклар, ижодий жамоалар ва тегишли мутахассислар билан таъминланганлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг талабномасига асосан пудратчи ташкилотлар томонидан жиҳозланади.

б) манзилли рўйхатга киритилмаган маданият марказларида амалга ошириладиган янги қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари:

маданият марказларининг фаолиятини, шу жумладан, қамраб олинган аҳоли сони, тегишли мутахассислар билан таъминланганлиги, ташкил этилган тўгараклар самарадорлиги, ижодий жамоаларнинг иш фаолиятини баҳолаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда олиб бориладиган ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган ва жиҳозланадиган маданият марказлари лойиҳаларини белгиланган тартибда 2019 йил ва ундан кейинги йилларга Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш дастурига киритилишини таъминласин.

6. Дастурни амалга оширишнинг молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

а) маданият марказлари биноларини:

янги қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишлари бўйича – Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратиладиган марказлаштирилган капитал қўйилма маблағлари;

капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бўйича – Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағларидан мақсадли равишда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг марказлашган харажатлар сметаларида назарда тутиладиган маблағлар;

б) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

в) халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва грантлари;

г) жисмоний ва юридик шахсларининг ҳомийлик хайриялари;

д) қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Маданият вазирлигининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра, 2019 йил ва кейинги йиллар учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларини шакллантиришда маданият марказлари биноларини капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳалари учун зарур маблағларни ажратиш чораларини кўрсин.

8. Маданият марказларини янги қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бўйича буюртмачи этиб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Марказлашган инвестициялар хисобидан молиялаштирувчи объектларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича буюртмачи хизмати” белгилансин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

зарур ҳолларда, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда маданият марказларига янги бино қуриш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли ер майдонларини ажратсин;

бир ой муддатда маданият марказларини янги қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг ҳудудий манзилли дастурларини тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги маданият марказларини янги қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича бажарилаётган ишларининг сифати, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши юзасидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.

11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А. Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири

 

                                                А.Арипов

Общие комментарии