ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
1400 Государственный таможенный комитет Республики Узбекистан 05/12/2018 20/12/2018 0
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Божхона институтининг ўқув жараёнига илмий-педагогик кадрлар ва тажрибали амалиётчи-мутахассисларининг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-1400

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси
Божхона институтининг ўқув жараёнига илмий-педагогик кадрлар
ва тажрибали амалиётчи-мутахассисларининг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш
тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги ПҚ-3995-сон “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 11 декабрдаги 312-сон “Ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтининг ўқув жараёнига илмий-педагогик кадрлар ва тажрибали амалиётчи-мутахассисларининг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Давлат божхона қўмитаси раиси                                                            М. Азимов

Тошкент ш.,‎2018 йил “___” ноябрь, ________ -сон

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Давлат божхона қўмитасининг
2018 йил “____” ___________
______-сон қарорига илова

 

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг

Божхона институти ўқув жараёнига жалб қилинадиган илмий-педагогик кадрлар ва тажрибали амалиётчи-мутахассисларининг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона органлари кадрларини тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3995-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 11 декабрдаги “Ўқув машғулотларини ўтказганлик учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорлари тўғрисида” 312-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти (бундан буён матнда Божхона институти деб юритилади) ўқув жараёнига жалб қилинган илмий унвон ва илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар, шунингдек магистратура босқичини тамомлаган илмий-педагогик кадрлар ва тажрибали амалиётчи-мутахассислар ҳамда нафақага чиққан собиқ ходимларнинг (бундан буён матнда ўқитувчилар деб юритилади) меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом Божхона институти ўқув жараёнига ўқитувчиларни жалб қилиш ва улар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш тартибини белгилайди.

2. Божхона институтининг йиллик ўқув ишлари ҳажмини ҳамда уларни бажариш учун лозим бўлган ўқитувчилар сонини ҳисоблаш Ўқув-услубий ва тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими (бундан буён матнда Ўқув-услубий бўлими деб юритилади) томонидан амалга оширилади ва янги ўқув йили бошланишидан 2 ой олдин Институт кенгашида муҳокама қилиниб, кафедралар бўйича тасдиқланади.

3. Божхона институти кафедраларидаги штат бирликларига нисбатан белгиланган ўқув соатлари миқдори меъёрдан ортиқ бўлганда ўқитувчиларни ўқув жараёнига четдан жалб қилиш Ўқув-услубий бўлимининг хулосаси асосида Божхона институти бошлиғининг рухсати билан амалга оширилади.

4. Зарур ҳолларда ўқув машғулотлари ҳажми белгиланган меъёрдан кўп бўлганда божхона органларида хизмат олиб бораётган тажрибали амалиётчи-мутахассислар Давлат божхона қўмитаси раисининг топшириғи асосида ҳақ тўланмаган ҳолда ўқув машғулотларига жалб қилинади.

5. Илмий унвон ва илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар, шунингдек магистратура босқичини тамомлаган илмий-педагогик кадрларга қуйиладиган талаблар қўйидагича:

хорижий тилларнинг бирини мукаммал билиши;

камида 5 йил педагогик фаолият билан шуғулланганлиги;

5 йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларида иштирок этганлиги;

илмий мақолаларнинг мавжудлиги;

илмий - тадқиқиот лойиҳаларда иштирок этганлиги;

халқаро илмий семинар ва конференцияларда фаол иштирок этган бўлиши.

6. Ўқув жараёнига жалб қилинаётган тажрибали амалиётчи-мутахассислардан қуйидагилар талаб этилади:

ихтисослаштирилган йўналишлар бўйича камида 3 йил узлуксиз хизмат фаолиятига эга бўлиши;

Ўқув-услубий бўлим томонидан ижобий суҳбатдан ўтганлиги;

хизмат олиб бораётган жойидан ижобий тавсифланганлиги;

тизимли равишда божхона амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган таклифлар ишлаб чиққанлиги;

божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тарғиботида фаол иштирок этаётган бўлиши талаб этилади.

7. Ўқув жараёни сифатини ошириш мақсадида жалб қилинаётган ўқитувчилар қуйидаги кўникма ва малакаларга эга бўлиши лозим:

ўқув машғулотларини (маъруза, амалий машғулот, лаборатория машғулотлари) замонавий педагогик технологиялар асосида олиб бориш;

ўқув машғулотларини тингловчиларга содда, аниқ ва равон баён қила олиши;

таълим жараёни қатнашчилари билан ўзаро муносабатларда педагогик этика нормаларига амал қилиш;

мулоқотга кириша олиши;

талабчанлик;

иқтидорли талабалар билан индивидуал тарзда ишлаш усулларини билиш ва қўллай олиш.

Ўқув жараёнига жалб қилинаётган ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини ўрганиш мақсадида, Ўқув-услубий бўлими томонидан синов дарслари ташкил этилади.

8. Хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари мутахассислари шартнома асосида Божхона институтида маъруза ўқиш учун жалб этилиши мумкин.

Хорижий мутахассисни ўқув жараёнига жалб қилиш Божхона институти бошлиғининг тақдимномаси асосида Давлат божхона қўмитаси Раисининг рухсати билан амалга оширилади.

9. Ўқитувчиларга ўқув юкламасининг ҳажми кафедра бошлиғининг таклифига мувофиқ Ўқув-услубий бўлим бошлиғи билан келишилган ҳолда Божхона институти бошлиғи ёки унинг вазифасини бажарувчи ўринбосари томонидан тузиладиган шартномада кўрсатилиши лозим.

10. Ўқув йили давомида ўқитувчилар томонидан ўтказилиши лозим бўлган ўқув соатларининг бажарилиши мунтазам равишда кафедра бошлиғи ва Ўқув-услубий бўлим томонидан, ҳар семестр якунида Божхона институти бошлиғининг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари томонидан назорат қилиб борилади.

2-боб. Ўқув жараёнига жалб қилинган ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини ҳисоблаш ва меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш

11. Божхона институти кафедраларига жалб қилинган ўқитувчилар ўқув юкламаси ҳажми Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти профессор-ўқитувчиларининг меҳнатини нормалаштириш тўғрисидаги Низом талаблари асосида ҳисобланади.

12. Божхона институтининг Ўқув-услубий бўлими томонидан ўқув йили учун тақсимланган юкламалар асосида ўқув жараёнига жалб қилинган ўқитувчилар билан шартнома тузиш бўйича қарор Божхона институти бошлиғи томонидан қабул қилинади.

Шартнома Божхона институти бошлиғи, бошлиқ бўлмаганда унинг вазифасини бажарувчи ўринбосари томонидан имзоланади.

13. Божхона институти ўқув жараёнига жалб қилинган ўқитувчиларга ҳар ойда бажарган ўқув юкламалари ҳажмидан келиб чиқиб ҳар ойнинг 25 санасига қадар кафедра бошлиғи томонидан тузилиб, Божхона институти бошлиғининг ўқув ишлари бўйича биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланган табеллар асосида меҳнатига соатбай ҳақ тўланади.

14. Ўқитувчиларнинг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлаган миқдорлар асосида амалга оширилади.

3-боб. Ўқув жараёнига жалб қилинган ўқитувчилар меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш ва ҳисобини юритиш

15. Божхона институти Молия-иқтисодиёт бўлими томонидан ўқув жараёнига жалб қилинган ўқитувчилар меҳнатига соатбай ҳақ тўлашга бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

16. Хорижий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари мутахассисларини шартнома асосида Божхона институтида маъруза ўқишга жалб этиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-2909-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади.

17. Ўқув жараёнига жалб қилинган ўқитувчилар учун сарфланган харажатлар ойлик ҳисоботи биринчи гуруҳининг алоҳида қаторида акс эттирилади.

18. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган.

 

 

Молия вазири                                                           Ж. Қўчқоров

Тошкент ш., ‎2018 йил “___”_______

Общие комментарии