ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
1398 АК «Узэлтехсаноат» 05/12/2018 20/12/2018 1
Тошкент шаҳри Олмазор туманида замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисида
ID-1398

ЛОЙИҲА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

Тошкент шаҳри Олмазор туманида замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2021 йилларда электротехника саноатини бошқаришни янада такомиллаштириш, уни жадал ривожлантириш ва диверсификациялаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2017 йил 13 февралдаги ПҚ-2772-сонли қарорида белгиланган вазифаларни жорий этишни таъминлаш, шунингдек, давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш, Тошкент шаҳри Олмазор туманида тайёр электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари ташкил этиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. «Ўзэлтехсаноат» АК ва Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан, «NURA ENERGOJIHOZ SANOATI» МЧЖ ҚК билан биргаликда, умумий лойиҳавий қиймати 4,8 млн. долларга тенг инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинсин, шу жумладан:

- «Энергия тежовчи LED-лампалар, ёритқичлар, розеткалар ва ўчиргичлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш», лойиҳавий қиймати 1,0 млн.доллар;

- «Аккумулятор (стартерлар учун қўрғошин-кислотали) батареялари ишлаб чиқаришни ташкил этиш», лойиҳавий қиймати 3,8 млн.доллар, шундан 1.7 млн.доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар.

2. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Ўзэлтехсаноат» АК нинг Тошкент шаҳри, Янги Олмазор кўчаси, 51-уй манзилида жойлашган, бўш турган икки қаватли ошхона биноси (бундан буён – объект) ни «NURA ENERGOJIHOZ SANOATI» МЧЖ ҚК томонидан инвестицион ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан “ноль” қийматида сотиб олиши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

3. Белгилаб қўйилсинки, «NURA ENERGOJIHOZ SANOATI» МЧЖ ҚК ўз зиммасига қуйидаги мажбуриятларни олади:

2018-2020 йиллар мобайнида камида 24,92 млрд.сўмлик инвестициялар киритиш ва камида 200 та янги иш ўринлари ташкил этиш;

замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шу жумладан, 2019 йил декабридан ишга тушириладиган энергия тежовчи LED-лампалар, ёритқичлар, розеткалар ва ўчиргичлар, ҳамда 2020 йил декабрида ишга тушириладиган аккумулятор (стартерлар учун қўрғошин-кислотали) батареялари ишлаб чиқаришни ташкил этиш.

4. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва «Ўзэлтехсаноат» АК билан биргаликда:

лойиҳа ташаббускори билан объектни ушбу қарорнинг 3-бандида кўрсатилган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан “ноль” қийматида сотиб олиши бўйича олди-сотди шартномасини тузиш;

«NURA ENERGOJIHOZ SANOATI» МЧЖ ҚК томонидан унинг ўз зиммасига олган инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни лозим даражада бажариши устидан назоратни таъминлаш;

«NURA ENERGOJIHOZ SANOATI» МЧЖ ҚК га объектни ўз муддатида ўрнатилган тартибда топширишни таъминлаш топширилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Микропроцессорли ва контактсиз карталар ҳамда уларга хизмат кўрсатадиган ускуналар ишлаб чиқишни ташкил этиш тўғрисида”ги 2017 йил 13 февралдаги 72-сонли қарори ўз кучини йўқотган, деб ҳисоблансин.

6. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Отажонов Н.С. ва «Ўзэлтехсаноат» АК Бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Абдуллаев А.А. зиммаларига юклатилсин.

Ўзбекистон Республикаси

Бош вазири



А. Арипов

Общие комментарии