ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
1249 Министерство культуры Республики Узбекистан 20/11/2018 05/12/2018 0
Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисида
ID-1249

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ
ҚАРОРИ

 

Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисида

 

Халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология мероси объектини чуқур илмий ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, ишончли муҳофаза қилиш, консервациялаш ва асраб-авайлаш, бу ерга ташриф буюрувчилар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Андижон вилояти ҳокимлигининг:

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Андижон вилояти бўйича минтақавий давлат инспекцияси ҳузуридаги юридик шахс бўлмаган Андижон вилояти Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология мероси объектини муҳофаза қилиш ва тадқиқ этиш ёдгорлик мажмуасини (кейинги ўринларда мажмуа деб аталади) барпо этиш;

мажмуа таркибида кўргазма-экспозиция ва ахборот-ресурс марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қуйидагилар мажмуанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

"Мингтепа" археология мероси объектини (кейинги ўринларда объект деб аталади) тегишли даражада муҳофаза қилиш, консервациялаш ва асраб-авайлаш, объектда очиқ варақ ва рухсатнома олган археологлар томонидан объектда археологик қидирув ишлари, археология қазишмалари ва археология назоратини ташкил этиш, чуқур илмий-археологик тадқиқот натижалари асосида мажмуанинг илмий-тарихий концепциясини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

республикамиз ва хорижда объектга оид сақланаётган манбаларни малакали мутахассис ва экспертлар, олимларни жалб этган ҳолда тадқиқ этиш, улар ҳақида батафсил маълумотлар базасини яратиш ва мунтазам янгилаб бориш, халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш, матбаа маҳсулотларини тайёрлаш, оммавий ахборот воситалари, бутунжаҳон Интернет тармоғи орқали кенг тарғиб этиш;

тарихий-илмий асослар бўйича объект макетларини тайёрлаш, археология ашёлари, қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, осори-атиқалар, замонавий илмий-тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан кўргазма-экспозиция ташкил этиш, юқори технологияларга асосланган ахборот-ресурс маркази фаолиятини самарали йўлга қўйиш;

туристлар, илмий тадқиқотчилар ва ташриф буюрувчилар учун қулайшарт-шароитлар яратиш, тарихий кўринишни сақлаган ҳолда объектнинг муҳофаза этиладиган ҳудудидан ташқарида замонавий дам олиш масканларини ташкил этиш ва объектнинг туристик салоҳиятини ошириш юзасидан бошқа зарур чора-тадбирларни кўриш.

3. Андижон вилояти ҳокимлиги:

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Қурилиш вазирлиги билан биргаликда маданий-маърифий тадбирлар, анжуманлар, кўргазмалар ташкил этишга мослаштирилган ҳамда ахборот-ресурс маркази ва объектнинг макетларини жойлаштиришни инобатга олган ҳолда, объектнинг муҳофаза ҳудудидан ташқарида мажмуа учун ер участкасини ажратиш чораларини кўрсин;

мажмуа қурилиши учун ажратилган ҳудудда бино ва иншоотлар мавжуд бўлган тақдирда, уларнинг эгалари бўлган фуқаролар ва юридик шахсларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ пул компенсациялари тўланишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда объектни чуқур илмий ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, мажмуанинг самарали фаолият юритиши бўйича тизимли ишларни ташкил этсин;

мажмуани қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилишини таъминласин.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Андижон вилояти ҳокимлигининг "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси мажмуани қуриш ва жиҳозлаш бўйича буюртмачи ҳисобланади, бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади;

мажмуани қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва мажмуада қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар – 2019-2020 йилларда Андижон вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

объектда археологик тадқиқотлар ва консервация ишлари 2020 йилдан бошлаб Маданият вазирлигига маданий мерос объектларида асрашда доир ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари доирасида, шунингдек давлат буюртмаси асосида илмий тадқиқотларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ажратиладиган мақсадли грант маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар;

мажмуада қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилгандан сўнг уни умумий ходимлари чекланган сони 5 штат бирликда ва бошқа сақлаш билан боғлиқ харажатлар – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги мажмуани қуриш ва жиҳозлаш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин ҳамда мажмуада қурилиш-монтаж ишларининг сифатли амалга оширилиши юзасидан назорат ўрнатсин.

6. Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ҳамда Марҳамат туманининг сайёҳлик салоҳиятини ошириш бўйича “йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б. Сайфуллаев, Андижон вилояти ҳокими Ш. Абдурахмонов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                         А. Арипов

Общие комментарии