ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
1233 Министерство внутренних дел Республики Узбекистан 19/11/2018 04/12/2018 0
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолиятини ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида
ID-1233

ЛОЙИҲА

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ ҚАРОРИ

 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолиятини ташкил
этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 19 июндаги 459-сон қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Касб-ҳунар таълими марказининг:

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги собиқ Ҳарбийлаштирилган махсус мактаб-интернатининг 6  9-синфларида ўқиган ўқувчиларнинг 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ихтисослаштирилган мактаб-интернати (кейинги ўринларда  ихтисослаштирилган мактаб-интернат)да ўқишни давом эттиришларига рухсат бериш;

озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш ва етказиб бериш харажатларини мақбуллаштириш, табиий камайиш нормалари доирасида нобудгарчиликларни энг кам даражага келтириш, таом турларини хилма-хиллаштириш ва овқат тайёрлаш сифатини яхшилаш мақсадида ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиларининг овқатланишини аутсорсинг шартларида ташкил этиш соҳасида давлат-хусусий шериклик механизмларини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

2. Белгилансинки:

аутсорсинг бўйича умумий овқатланиш корхоналари (кейинги ўринларда-аутсорсер) хизматларига ҳақ тўлаш аутсорсернинг барча харажатларни (солиқлар, ходимларнинг иш ҳақи, транспорт хизматлари ҳамда асбоб ускуналарни таъмирлаш ва улардан фойдаланиш ва бошқаларни) ўз ичига оладиган 20 фоизгача устама ҳақ ҳисобга олинган ҳолда, шартнома тузилиши санасида озиқ-овқат маҳсулотларининг амалдаги ўртача бозор нархлари бўйича бир овқатланувчига тегишли контингент учун овқатланишнинг тасдиқланган нормасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади;

ўқувчиларнинг овқатланишини ташкил этиш учун ижара шартномаси доирасида аутсорсерга вақтинча фойдаланишга бериладиган ошхонанинг ишлаб чиқариш хоналари, асбоб-ускуналари, идиш-товоқлари ва мебелидан фойдаланганлик учун тўлов ноль ставка бўйича белгиланади;

ўқувчиларга овқат тайёрлаш учун аутсорсер томонидан истеъмол қилинадиган коммунал хизматлар қиймати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ажратилган бюджет маблағлари доирасида қопланади;

аутсорсернинг кўрсатилган хизматлари учун нархлар (шартномалар бўйича), қоидага кўра, кўпи билан бир ойда бир марта қайта кўриб чиқилади;

аутсорсинг бўйича шартномалар тузиш, қоида тариқасида, умумий овқатланиш соҳасида катта иш тажрибасига, тегишли молиявий ва логистик базага эга бўлган талабгорларга устунлик берилган ҳолда энг яхши таклифларни танлаб олиш йўли билан амалга оширилади;

санитария ва гигиена қоида ҳамда нормаларига, шунингдек техник тартибга солиш соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларга тўлиқ мувофиқ бўлиши керак бўлган овқат тайёрлаш ва маҳсулотлар сифатини назорат қилиш зарурат бўлганда вазирликлар ва идораларнинг мутахассислари жалб этилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчилари контингенти, уларнинг ёши ва жисмоний ривожланиш даражасини инобатга олган ҳолда ўқувчиларнинг кунлик овқатланиш меъёрларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

4. Ушбу қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатни сақлаш учун ажратиладиган бюджет маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш ________________ ва Ички ишлар вазири П.Р. Бобожонов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                   А. Арипов

Общие комментарии