ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
10782 Государственный комитет ветеринарии Республики Узбекистан 03/12/2019 18/12/2019 0
Постановление Кабинета Министров Республика Узбекистан
Ветеринария ва чорвачилик фанлари йўналишида илмий-тадқиқотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида
ID-10782

Кейинги йилларда мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик илм-фанини янада ривожлантириш борасида муйян ишлар амалга оширилди, шу жумладан:

чорва ҳайвонлари ва паррандаларда учрайдиган ўта хавфли ва тез тарқаладиган юқумли, инвазион ва юқумсиз касалликларни диагностика қилиш, даволаш ва уларга қарши курашнинг илмий-асосланган тизим ва воситаларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш борасида 10 га яқин ветеринария препаратлари ва диагностикумлари яратилди ҳамда ишлаб чиқариш йўлга қўйилди;

швиц зотли қорамолларнинг 2 та янги линияси, сермаҳсул сигирларининг “Навбаҳор” оиласи ва зот ичидаги “Водий типи” яратилди, қизил чўл зотли сигирларнинг янги сермаҳсул оилаларини, жайдари зотли қўйларнинг сермаҳсул генотипларини, сут йўналишидаги наслли эчкиларни зот ичидаги янги тизим ва оилаларини яратишга асос солинди, республикада илк бор отларни сунъий уруғлантириш йўлга қўйилди;

илк бор ёпиқ айланма сув тизимида янги турдаги ва ҳаридоргирлиги юқори бўлган маҳаллий тур балиқларни етиштириш технологияси ишлаб чиқилди.

Шу билан бирга, ветеринария ва чорвачилик фанлари йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасаларида тадқиқотлар олиб бориш тизимини тубдан такомиллаштириш, илмий-тадқиқотлар кўламини кенгайтириш; юқори малакали кадрларни тайёрлаш, институтларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш учун қўшимча чораларни кўриш талаб этилмоқда.

Ветеринария ва чорвачилик фанлари йўналишида биотехнология, ген инженерияси, эмбрион трансплантацияси, ветеринария иммунологияси, ҳужайра культураси, ҳайвонлар селекцияси, озуқа экинлари уруғчилигини яратиш, янги қимматбаҳо балиқ зотларини урчитиш йўналишларида илмий-тадқиқотлар олиб бориш, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик тармоқларини илмий асосда ривожлантириш мақсадида:

1. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб:

Ветеринария ва чорвачилик фанлари йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш ҳаражатларини молиялаштириш, шунингдек жорий ҳаражатларини қоплаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилсин.

2. Қуйидагилар:

Ветеринария илмий-тадқиқот институти ва унинг филиалининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек жорий ҳаражатлари 1, 1а-иловаларга мувофиқ;

Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти ва унинг филиалининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек жорий ҳаражатлари 2, 2а, 2б, 2в-иловаларга мувофиқ;

Балиқчилик илмий-тадқиқот институтининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш ҳаражатларини молиялаштириш, шунингдек жорий ҳаражатлари 3, 3а-иловаларга мувофиқ;

Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтининг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш ҳаражатларини молиялаштириш, шунингдек жорий ҳаражатлари 4, 4а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар Ветеринария ва чорвачилик фанлари йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг танловлар натижаларига асосан Давлат илмий-техника дастурларини бажариш учун ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари доирасида тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолияти ҳисобидан тушадиган маблағлар;

қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар.

4. Қуйидагилар:

ветеринария биотехнологияси, ген инженерияси, ветеринария иммунологияси, хужайра культураси йўналишларида ҳамда касалликларга ташҳис қўйишнинг замонавий тезкор усулларини яратиш борасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш;

иммуно-фермент таҳлил, вирусологик, микробиологик, серологик, иммунологик, биокимёвий, бактериологик, молекуляр биологик таҳлиллар ва бошқа йўналишларда тадқиқотлар олиб бориш;

қишлоқ хўжалик ҳайвонлари, паррандалар, балиқлар, қуёнлар, асаларилар ва уй ҳайвонларининг юқумли, юқумсиз ва паразитар касалликларининг диагностикаси, профилактикаси ва даволашнинг замонавий услулларини ишлаб чиқиш;

хорижий ва мамлакатимиздаги илғор илм-фан ютуқларидан фойдаланиб, кенг тарқалган ва иқтисодий жиҳатдан муҳим ўрин тутадиган қишлоқ хўжалик ҳайвонлари, паррандалар, балиқлар ва асалари касалликларига қарши экологик хавфсиз даволаш-профилактика дори-дармонлар ва диагностик препаратларни яратиш;

янги биопрепаратлар ва диагностикумлар яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларида микроорганизмлар штаммлари коллекциясидан самарали фойдаланиш, уни сақлаш ва янги турдаги биологик маҳсулотлар билан доимий равишда бойитиб бориш ҳамда улар асосида янги юқори самарадор импорт ўрнини босувчи биологик препаратлар, бошқа фармацевтик маҳсулотлар, дори-дармонлар ва бошқа воситаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этиш Ветеринария илмий-тадқиқот институтининг;

чорвачилик ва паррандачиликда селекция ютуқларини такомиллаштириш, сунъий уруғлантириш техникаси ва усулларини такомиллаштириш, чорва молларининг янги зот ва дурагайларини, озуқабоп экинларнинг бирламчи уруғчилигини яратиш, чорва молларини турлари бўйича янги рационлар ишлаб чиқиш ва интенсив агротехнологиялар яратиш борасида фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш;

замонавий технологиялар талабларига жавоб берадиган сутдор ва гўштдор қорамоллар, қўй-эчкилар, паррандалар, отлар, қуёнлар ва асалариларнинг янги зотлари, типлари, тизимлари ва оилаларини яратишдаги селекция ва наслчилик ишларининг самарали усулларини ишлаб чиқиш, озуқабоп экинларнинг янги нав ва дурагайларини яратиш;

янги ресурстежамкор технология ва илмий ечимлар бўйича қорамолчилик, қўйчилик, эчкичилик, отчилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик селекцияси, уларни асраш, парваришлаш, тўла қийматли озиқлантиришнинг илмий асосланган меъёрларини ишлаб чиқиш;

чорвачилик  махсулотларини ишлаб чиқаришни янада жадаллаштириш, озуқа экинлар ҳосилдорлигини ошириш, уларни тайёрлаш, сақлаш ва молларга беришга тайёрлаш, озуқа экинлари селекцияси ва уруғчилиги бўйича таклифлар ишлаб чиқиш – Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институтининг;

қоракўл қўйларини урчитиш генетикаси, селекцияси, рационал озиқлантириш,  чўл озуқабоп ўсимликлари интродукцияси, селекцияси, уруғчилиги, уруғшунослиги, яйловларни гео-ботаник мониторинг қилиш ҳамда чўл яйловлари ҳосилдорлигини ошириш, улардан рационал фойдаланишнинг илмий-амалий асосларини яратиш борасида фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқотлар олиб бориш;

қоракўл қўйларини селекциялаш, урчитиш, озиқлантириш ва асраш, уларнинг маҳсулдорлигини оширишни таъминловчи усул, модел ва технологияларни ишлаб чиқиш, чўл яйловларидан рационал фойдаланиш, юқори маҳсулдор ўсимлик навларини яратиш, чўл озуқабоп ўсимликлар уруғчилигини йўлга қўйиш ва чўлда озуқа етиштириш технологияларини яратиш; 

селекция ва наслчилик ишларини яхшилаш, зотни ва унинг таркибидаги маҳсулдор завод типлари ва линияларни такомиллаштириш, юқори сифатли қора ва рангли териларини ишлаб чиқариш имконини берувчи янги завод типларини ва линияларини яратиш;

чўл экологиясини ўрганиш ва сақлаш, яйловларни гео-ботаник мониторинг қилиш, яйловлар ҳосилдорлигини ошириш ва улардан оқилона фойдаланиш технологияларини яратиш, қурғоқчиликка бардошли, серҳосил чўл озуқабоп ўсимликлари навларини яратиш, чўл шароитида ем-хашак ишлаб чиқариш ва уларни қайта ишлаш, қоракўл қўйларини рационал озиқлантириш  ва сув манбаларидан унумли фойдаланиш технологияларини янада такомиллаштириш Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтининг асосий фаолият йўналишлари этиб белгилансин.

5. Қўмита ветеринария ва чорвачилик фанлар комплекси таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасаларининг 2020-2024 йиллардаги илмий-тадқиқот ишлари дастурини ҳамда мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлар)ни бир ой муддатда Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашига киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ва институтларнинг бюджетдан ташқари маблағлари институтлар илмий ходимларининг хорижда малака оширишини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда:

Қўмита тизимдаги Илмий-тадқиқот муассасалари моддий-техник базасини кучайтириш, илмий-тадқиқот ишларини тўлақонли олиб бориш учун 2020-2021 йиллар давомида босқичма-босқич уларнинг талабномаларига асосан замонавий русумдаги лаборатория жиҳозлари ва асбоб-ускуналари билан таъминлаш;

ветеринария ва чорвачилик фанлари йўналиши таркибига кирувчи илмий-тадқиқот муассасаларига эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда, 2020 йилги ўқув йилидан бошлаб докторантура ва таянч докторантурага қўшимча ўрин (квота) ажратиш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Қўмита тизимдаги илмий-тадқиқот институтларини республика ва халқаро илмий ташкилотлар билан телекўприк алоқасини йўлга қўйиш мақсадида, ҳар бир муассасада биттадан хонани замонавий русумдаги алоқа тизими ва ускуна-жиҳозлари билан таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

10. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А. Қўчқоров, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Ю. Абдурахмонов ва Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Норқобилов зиммасига юклансин.

 

 

Ўзбекистон Республикаси
Бош вазири                                                                              А. Арипов

Общие комментарии

73