ID Разработчик Дата размещения Дата завершения Кол-во коммент.
10719 Государственный налоговый комитет Республики Узбекистан 02/12/2019 17/12/2019 0
Приказ или постановление ведомств
Давлат солиқ хизмати органларида солиқ хавфини баҳолаш ва солиқ тўловчиларни инсофлилик мезонлари асосида сегментлаш тизимини жорий қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
ID-10719

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ҚЎМИТАСИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ
ҚАРОРИ

 

Давлат солиқ хизмати органларида солиқ хавфини баҳолаш ва солиқ тўловчиларни инсофлилик мезонлари асосида
сегментлаш тизимини жорий қилиш тартиби тўғрисидаги
низомни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги “Cолиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги    ПҚ-4389-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия Вазирлиги қарор қилади:

1. Давлат солиқ хизмати органларида солиқ хавфини баҳолаш ва солиқ тўловчиларни инсофлилик мезонлари асосида сегментлаш тизимини жорий қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор 2020 йил 1 январдан кучга киради.

Давлат солиқ қўмитаси раиси

 

Б.Мусаев

        Тошкент ш.,

2019 йил ___________,

        ________-сон

 

 

Молия вазири

 

Ж.Кучкаров

          Тошкент ш.,

2019 йил ____________,

          _______-сон

 

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси

ва Молия вазирлигининг

2019 йил _____ ________даги

_______-сон қарорига

ИЛОВА

 

Солиқ хавфини баҳолаш ва солиқ тўловчиларни инсофлилик мезонлари
асосида сегментлаш тизимини жорий қилиш тўғрисида

НИЗОМ

 

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июлдаги «Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада       такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5490-сон Фармони ҳамда 2019 йил 10 июлдаги “Cолиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4389-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, давлат солиқ хизмати органларида солиқ хавфини баҳолаш ва инсофлилик мезонлари асосида сегментлаш тизимини       жорий қилиш тартибини белгилайди.

 

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

солиқ хавфи – солиқ тўловчиларнинг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаслиги эҳтимоли;

солиқ хавфи мезонлари – олдиндан белгиланган муайян параметрларга эга бўлган мезонлар бўлиб, улардан оғиш ёки уларга мос келиш солиқ назорати объектини танлаш имконини беради;

солиқ хавфи сегментлари – солиқ хавфи таҳлилининг айрим гуруҳларга бўлинган объектлари бўлиб, уларга нисбатан солиқ назоратининг тегишли шакллари қўлланилиши назарда тутилади;

солиқ хавфи даражаси – хавфнинг юзага келишининг эҳтимолига ва унинг олиб келиши мумкин бўлган оқибатларига боғлиқ тарзда аниқланадиган хавфнинг ҳолати;

солиқ хавфи таҳлили – солиқ органларида мавжуд маълумотлардан хавфнинг юзага келиши ҳолатлари ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни идентификациялаш ва солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилмаслик натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларни баҳолаш учун тизимли фойдаланиш;

солиқ хавфини бошқариш – хавфларни олдини олиш ва минималлаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, уларни қўллаш самарадорлигини баҳолаш, солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни доимий равишда янгилаш, таҳлил қилиш ва кўриб чиқишни, шунингдек солиқ тўловчиларни сегментлашни  таъминлайдиган тизимли ишлар;

2. Қуйидагилар солиқ хавфини бошқаришнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

инсофли солиқ тўловчиларни қўллаб қувватлаш ва уларнинг фаолиятига асоссиз аралашишни чеклаш;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиш тегишли тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ соҳасида қонунбузарлик содир этиш хавфи даражасидан келиб чиқиб, текширувни ташаббус қилишни назарда тутувчи “солиқ хавфини таҳлил қилиш” тизими натижалари асосида амалга ошириш;

солиқ органларининг мавжуд кадрлар ресурсларидан келиб чиқиб солиқ назоратини солиқ хавфи юқори бўлган солиқ тўловчилар ва иқтисодий фаолият соҳаларига қаратиш;

солиқ хавфини баҳолашнинг замонавий усулларини жорий қилиш ва иқтисодий фаолият соҳасида хуфиёна айланма ҳамда назорат қилинмайдиган даромадлар кўламини қисқартириш;

солиққа оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш.

3. Солиқ хавфини бошқариш тизимининг асосий элементлари:

тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим этилган ҳисоботлар;

давлат органлари, ташкилот ва муассасалар томонидан тақдим этиладиган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар;

солиқ хавфи мезонлари;

солиқ хавфи сегментлари.

 

2-боб. Солиқ хавфини бошқариш

4. Солиқ хавфини бошқариш, унинг қўлланилиш стратегияси ва тактикаси, маълумот йиғиш ва уни қайта ишлаш, хавфни таҳлил қилиш ва баҳолаш, хавфни бошқаришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилади.

5. Солиқ хавфини таҳлил қилиш ва баҳолаш Давлат солиқ қўмитасининг ахборот-коммуникация технологиялари ва таҳлилнинг автоматлаштирилган тизими (кейинчалик автоматлаштирилган дастур деб аталади) орқали юритилади.

6. Автоматлаштирилган дастур ёрдамида олдиндан ишлаб чиқилган алгоритмлар орқали қуйидаги манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланиб, тадбиркорлик субъектларининг молиявий – хўжалик фаолияти таҳлил қилинади:

солиқ тўловчиларнинг давлат солиқ хизмати органларига тақдим этган солиқ ва молиявий ҳисоботлари ва бошқа маълумотлар;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 30 октябрдаги ПҚ-1843-сон қарорига асосан давлат солиқ хизмати идораларига солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари пайдо бўлиши (тугатилиши) тўғрисида маълумот тақдим этадиган идора ва ташкилотларнинг маълумотлари;

веб саҳифаларидан, ижтимоий тармоқлар ва қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалардан олинган маълумотлар;

ўтказилган солиқ назорати натижалари;

суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг солиқ ҳуқуқбузарликлари бўйича киритган таҳлилий маълумотлари (хусусий ажрим ва тақдимномалар);

жисмоний ва юридик шахсларнинг содир этилган солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисидаги мурожаатлари.

3-боб. Солиқ хавфи даражасига кўра тадбиркорлик субъектлари
сегментларга ажратиш

 

7. Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган ҳамда “Хизмат доирасида фойдаланиладиган” солиқ хавфи мезонларига ҳамда солиқ тўловчиларнинг тегишли бўлган сегменти (кичик,ўрта ва йирик солиқ тўловчилар) асосида солиқ хавфи даражаси баллик тизимда баҳоланади.

8. Дастурий маҳсулот орқали аниқланган солиқ хавфлари баллик тизим орқали баҳолаш натижасида тадбиркорлик субъекти томонидан жами тўпланган балл солиқ хавфи даражаси бўйича қуйидаги учта сегментга ажратилади:

а) солиқ хавфи юқори бўлган тадбиркорлик субъектлари (қизил йўлак);

в) солиқ хавфи ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари (сариқ йўлак);

г) солиқ хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектлари (яшил йўлак).

9. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ хавфи юқори ва ўртача бўлган тадбиркорлик субъектлари рўйхати дастурий маҳсулотдан шакллантирилади.

Дастурий маҳсулотдан шакллантирилган рўйхат тадбиркорлик субъектларининг шахсий кабинети орқали давлат солиқ хизмати органи томонидан солиқ хавфи юқорилиги ёки ўртачалиги тўғрисида тадбиркорлик субъекти хабардор қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ назоратига номзод этиб белгиланади.

10. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ хавфи паст бўлган тадбиркорлик субъектларига соддалаштирилган “яшил йўлак” тартибида хизмат кўрсатилади ва солиқ текширувлари тайинланмайди.

 

4-боб. Якуний қоидалар

 

11. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 

 

Общие комментарии

197